+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Янв 2018

ЖАСУР ЎFЛОНЛАР НОМИ УНУТИЛМАЙДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Она Ватанимиз сарҳадлари хавфсизлигини таъминлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни барпо этиш, истиқлолимизни мустаҳкамлаш, озод ва обод диёримиз тинчлигини сақлаш йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасини ҳар қанча эъзозласак камлик қилади. Чунки улар ўзларининг мардлиги, фидойилиги билан Ватанимиз тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшган.

 Булоқбоши туманининг Сарвонтепа қишлоғида туғилиб ўсган, мархум капитан Режаббой Рўзибоев ҳам халқимизнинг мард ўғлонларидан бири эди. Ватани ва халқи тинчлиги йўлида жон фидо қилган Режаббой қисқа, лекин мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.

- Режаббой ниҳоятда камтар, лекин қатъиятли, мард ва бир сўзли йигит эди, - дейди унинг акаси Тўланбой Рўзибоев.  -  Зиммасидаги ҳар бир ишга масъулият билан қарарди. Шу боис ҳам нафақат оилада, балки дўстлари, маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат қозонган. Айниқса, унинг ҳарбий сифатида эришган ютуқларидан барчамиз фахрланар эдик.

Ҳа, Режаббой болалигидан тиришқоқ, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил борадиган бўлиб ўсди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди, спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланди. Спортнинг ушбу тури техникасини пухта ўрганди, ўз маҳоратини доимий ошириб борди. Бунинг самараси ўлароқ, у туман, вилот, республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

Булоқбоши туманидаги 22- ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлагач, Тошкент политехника институтида таҳсил олди. 1994 йилдан ҳарбий хизматга кирди. Турли йилларда Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Андижон вилоятларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди. У қаерда бўлмасин, ҳарбий бурчни намунали адо этди. Қўл остидаги аскарларга ҳам талабчан бўлди. Ҳарбий хизмати давомида топширилган ҳар қандай вазифани аъло даражада адо этиши, бурчига садоқати ва фидойилиги  билан ўзининг юксак салоҳиятини намоён эта олди. Ўз ишининг етук мутахассиси бўлган моҳир, билимдон ва тажрибали офицер сифатида хизматдошлари орасида ҳурмат-эътибор топди.

 2005 йил, 13 май. Баҳорнинг сокин тунларидан бири. Ўша куни капитан Режаббой Рўзибоев ўзи хизмат қилаётган Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда навбатчи эди. Тонгга яқин бир гуруҳ диний ақидапарастлар ҳарбий қисмга қуролли хужум бошлади. Тинч-осойишта кунларда тўсатдан қилинган хужум кўпчиликни саросимага солган эди. Бироқ қисм офицерларининг тезкор саъйи ҳаракатлари билан ҳарбийлар дарҳол мудофаага сафарбар этилди. Ўртада шиддатли жанг бошланди. Минг афсуски, бу жангда капитан Рўзибоевнинг кўксига душман ўқларидан бири қадалди. У жангда мардларча ҳалок бўлди.

Кўп ўтмай ёвуз душман тўла тор-мор этилди. Ўшанда эндигина қирқ ёшини нишонлаган Режаббойнинг вафоти ҳақидаги мудҳиш хабар унинг оиласи, азиз фарзандлари, ака-укаларини қонқақшатди.

- Турмуш ўртоғимнинг мард ва жасурлиги, Ватанга, ҳарбий бурчга садоқати фарзандларим учун ҳамиша ибрат, - дейди турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева. - У инсон ҳақиқатдан ҳам  бошқача, ота-онасига, оиласига, ака-укаларига меҳрибон, ширинсўз ва сахий эди. Афсуски, ҳаётдан эрта кетди, юртимиз, мен каби оналарнинг тинчлиги учун жон фидо қилди.

Капитан Режаббой Рўзибоев кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг соҳиби эди. Унинг ортидан уч фарзанди - қизлари Шахноза ва Сабина, ўғли Шоҳруҳбек қолди. Турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева фарзандларини ҳам она, ҳам ота бўлиб, вояга етказди. Мард ва жасур оталари каби фарзадлари ҳам юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб камол топдилар. Тўнғич фарзанд Шахноза ҳарбий қисмда алоқачи бўлиб ишлайди, Сабина Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси, кичиги Шоҳруҳбек эса Тошкент ахборот технологиялари институтининг махсус факультетида таҳсил олмоқда. У ҳам келажакда отасидек офицер, Ватан ҳимоячиси бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бугун юртимизда Ватанимизнинг мард ва жасур ўғлонлари ёрқин хотираси ёд этилиб, оилаларига ҳурмат-эҳтиром, маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Ватан ҳимоячилари куни олдидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари вакиллари иштирокида марҳум капитан Р. Рўзибоевнинг оиласига Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул ва совға-саломлар топширилди.

Режаббой Рўзибоев сингари жасур Ватан ҳимоячилари номи, уларнинг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди. 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Суратда: Р. Рўзибоевнинг турмуш ўртоғи ва қизи Сабина.

Прочитано 2188 раз Последнее изменение 19 Фев 2018