+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЕҲР-МУРУВВАТ - ОЛАМНИНГ УСТУНИ

Инсон қадри азиз. Кексаларни эъзозлаш, ногиронларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш халқимизнинг азалий одатларидан. Шу боис Халқаро ногиронлар куни юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам кўплаб тадбирлар, хайрия акциялари ўтказилди.

Андижон вилояти кўзи ожизлар кутубхонасида ана шу санага бағишланиб, "Меҳр-мурувват - оламнинг устуни" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, кутубхонанинг кўзи ожиз аъзолари иштирок этган тадбирни вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси раҳбари Х. Умарова очиб, барчани байрам билан табриклади,  мамлакатимизда ногиронлиги бор   шахсларга, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари, меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, бу борада давлатимиз олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати барчани бирдек хушнуд этаётганлигини таъкидлади.

Андижон шаҳар махсус кўзи ожизлар маданият маркази ходимлари ўзларининг дилрабо куй-қўшиқлари билан тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият улашди. Шунингдек, Андижон санъат коллежи ўқувчиларининг чиқишлари ҳам барчага манзур бўлди.  

Тадбирда "Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон" кўрик-танлови республика босқичи ғолиби Fуломжон Ўтанов, "Энг яхши китобхон оила" кўрик-танлови ғолиби Санжарбек ва Гулмирахон Эрқўзиевлар оиласи, "Энг фаол китобхон" кўрик- танлови  ғолиби Баҳодиржон Аъзамжоновлар иштирок этди.

Тадбирга Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раҳбарлари ташриф буюриб, иштирокчиларни байрам билан қутлади, бир гуруҳ ногиронларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширди. 

Якунда кечани ташкил этишда саховат кўрсатган инсонларга тадбир иштирокчилари ўз миннатдорчиликларини билдирди.

 

Ойдиной РИЗАЕВА,

 Андижон вилояти кўзи

 

ожизлар кутубхонаси етакчи кутубхоначиси.

БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС ИЖРОСИ БЎЙИЧА ҲАФТАЛИК

амалга оширилган ишлар, натижа ва самаралар сарҲисоб қилинди

Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернат ёпиқ манежида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида ҳафталик ўтказилди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган ҳафталикда барча туман ва шаҳарлар томонидан беш кун давомида ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар намойиш этилди. Бу борадаги ишлар тақдимотлари,  кўргазма ва чиқишлар вилоят ишчи комиссияси томонидан баҳолаб борилди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, яъни ташаббуснинг бешинчи йўналиши бўйича ўтказилган тадбирда опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг намунаси сифатида шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан хотин-қизлар учун яратилган иш ўринлари, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма - савдоси ташкил этилди.

Кўргазма-савдода 150 нафардан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд аёллар иштирок этиб, ишлаб чиқараётган ва тайёрлаётган маҳсулотларини намойиш этди.

 - Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда хотин-қизларни иқтисодий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, чекка, ишлаб чиқариш у қадар ривожланмаган маҳаллаларида янги иш ўринлари яратиш, "Ҳар бир оила тадбиркор" лойиҳаси асосида оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, "Уста-шогирд" анъанасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Тижорат банклари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан ажратилган кредит маблағлари, қолаверса, амалга оширилган кўплаб     лойиҳалар доирасида хотин-қизлар учун  30 минг 343 та янги иш ўрни яратилди. Бундан  ташқари, пиллачилик соҳасида, яъни ипак қурти боқишни ташкил этиш орқали 43 минг 606 нафар хотин-қизнинг  бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 майдаги "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти тизимидаги "Андижон минтақавий пахта терминали" масъулияти чекланган жамияти ҳамда хотин-қизлар қўмиталари томонидан Бўз, Улуғнор, Марҳамат, Шаҳрихон, Андижон туманларида енгил конструкцияли тикув-трикотаж йўналишида янги иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар Улуғнор, Бўз, Марҳамат туманларида ана шундай енгил конструкцияли тикувчилик мажмуалари фойдаланишга топширилди. Натижада 1 минг нафарга яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Биргина Хонобод шаҳрининг ўзида 20 га яқин трикотаж корхонасининг ишга туширилиши ва   бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида хотин-қизлар учун 514 та янги иш ўрни яратилди.

 - Шаҳримизда туризм соҳаси тобора ривожланиб бормоқда, - дейди хонободлик тадбиркор Эркиной Абдужамилова. - Ана шундан келиб чиқиб, шаҳарнинг хушхаво, адирлик ҳудудида "Қирғиз-ўзбек ўтови" дам олиш масканини ташкил этдим. Дам олиш масканида дам олувчилар учун зарур барча шароитлар яратилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш билан Хонободнинг туризм имкониятларини янада оширишга, қолаверса, 10 дан ортиқ янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшдим.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркор хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни зарур кредит маблағлари билан таъминланиши устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилган.  Жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 2 минг 646 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ва ривожлантирмоқчи бўлган аёлларга 179 миллиард 765 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 11 минг 175 нафар аёлга 129 миллиард 857 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

- Жорий йилда Халқ банкидан 25 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонимда тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман, - дейди Олтинкўл тумани "Гулбоғ Иттифоқ" маҳалласида яшовчи, ёш тадбиркор Мавлудахон Аъзамова.  - Беш нафар чевар қиз билан буюртма асосида аёллар ва болалар либосларини тикяпмиз. Тайёрлаётган маҳсулотларимиз мижозларга манзур бўлмоқда.

Избосканлик Шоҳидахон Қурбонова Халқ банкидан 40 миллион сўм кредит олиб, ўз хонадонида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Оилавий корхонада ишлаётган 5 нафар ногирон ва кам таъминланган оила вакили томонидан аёллар учун соч тақинчоқлари тайёрланмоқда. Ўзига хос, бежирим ушбу маҳсулотлар нафақат вилоятимиз, балки қўшни Наманган, Фарғона вилояти бозорларида ҳам сотилмоқда.

Тадбиркор Одинахон Қаҳҳорова раҳбарлигида Жалақудуқ тумани "Дўнгқишлоқ" маҳалласида иш олиб бораётган "Тех-Мирзиё" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги трикотаж корхонасида ишловчилар сони100 нафарга етди.

- Бундан 10 йил аввал 4 нафар ишчи билан ўз хонадонимизда иш бошлаганмиз, - дейди тадбиркор О. Қаҳҳорова. - Ўша пайтда асосан уч хил турдаги кийимини тайёрлар эдик. Кейинчалик қишлоғимизда алоҳида корхона ташкил этдик. "Ҳамкорбанк"дан 90 миллион сўм кредит олиб, ишлаб чиқаришни кенгайтирдик. Натижада корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури  30 тага етди. Маҳсулотларимиз Россия давлатига экспорт қилинади.

Келгусида қўшни маҳаллаларда корхонамиз филиалларини ташкил этиб, опа-сингилларимиз учун янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз.

Ҳафталик давомида ўтказилган тадбирларда турли кўнгилочар, бадиий дастурлар, спортчилар, ёш санъаткорлар, эстрада юлдузларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди. Айниқса, бешинчи ташаббус доирасида "Либос - маънавият кўзгуси" мавзусида вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ёш дизайнерлари томонидан қизлар ва аёлларга мўлжалланган замонавий либослар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.

Якунда беш муҳим ташаббуснинг барча йўналишлари бўйича туман ва шаҳарларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, вилоят ишчи гуруҳи хулосасига кўра, Избоскан тумани ғолиб деб топилди.   Марҳамат тумани иккинчи ўринга, Хонобод шаҳри эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ҳафталикнинг ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов  диплом ҳамда эсдалик совғалар  топширди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ўзинг туғилган шу тупроқларни ўп

Таъбга тараф йўқдир,талабга гап йўқ,

Истар - гул, иста сен япроқларни ўп.

Ва лекин энг аввал йиғлаб, бош уриб,

Ўзинг туғилган шу тупроқларни ўп.

 

Широқми, Навоий, Қодирий, Чўлпон

Эл учун, юрт учун, жонлари ўлпон.

Ҳар оқшом бошингда турган каҳкашон -

Мангу очиқ кетган қароқларни ўп.

 

Қуёш замонидан билгани меҳнат,

Мингдир шукронаси унса бир неъмат,

Ялангтўшлигига муҳру шаҳодат -

Қадоқ қўллардаги қадоқларни ўп.

 

Балки бандасидан, балки худодан...

Музтарсан илк севгинг айтган видодан,

Бўлмай туриб ундан буткул жудо сан,

Сўнг бор селу себор ёноқларни ўп.

 

Заминда ва ёки самода бўлган,

Барҳақдан аввал сўз омода бўлган,

Фитнадан, ғараздан озода бўлган,

Ҳақ сўз иншо бўлган варақларни ўп.

 

Муҳаммад РАҲМОН

ЭҲТИЁЖМАНД ВА ЖИСМОНИЙ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ЯНГИ УЙЛАР БЕРИЛДИ

Халқаро ногиронлар куни ҳамда Конституция байрами арафасида Андижон шаҳри, Хўжаобод, Андижон, Балиқчи, Жалақудуқ ва Булоқбоши туманларида истиқомат қилаётган уй-жойга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятда яшаётган ва ногиронлиги бўлган 97 нафар хотин-қизга янги уй-жойлар топширилди.

Уйларни топширишга бағишланган тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

- Жисмоний имконияти чекланган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Биргина 2019 йилнинг ўзида 400 нафардан ортиқ хотин-қизга берилган янги уй-жойлар учун бошланғич бадал сифатида турли манбалар ҳисобидан 5 миллиард 389 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Арзонлаштирилган лойиҳа асосида уй-жойлар билан таъминланган, лекин доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитини қоплаш имконияти йўқ, бироқ касаначилик билан шуғулланиш истагидаги 89 нафар хотин-қизга Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан замонавий тикув машиналари  берилиб, касаначилик фаолиятини йўлга қўйиш орқали уларнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, Халқаро ногиронлар куни муносабти билан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 105 нафарига ногиронлик аравачаси, 39 нафарига эшитиш воситаси, 63 нафарига турли реабилитация воситалари - хасса, қўлтиқтаёқ,  юриш мосламалари тақдим этилди.

 

Иродахон МАҲАТОВА,

вилоят ҳокимлиги бош

 

мутахассиси.

Суд идоралари тадбиркорларни қўллаб-қувватламоқда

Тарғибот тадбирлари

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди ташаббуси билан “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?” акцияси доирасида “Тадбиркорлик соҳасида амалда бўлган қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари қоидалари” тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари, жиноят ишлари бўйича туман суди вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорликни  қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?” акциясининг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ушбу соҳадаги қонун хужжатлари ижросини таъминлаш бўйича давлат идоралари томонидан олиб борилиши лозим бўлган ишлар ҳусусида атрофлича  сўз юритилди.

Тадбиркорлар ўз фаолиятлари, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга мутахассислардан жавоблар олди. Тадбиркорларнинг қийнаётган айрим масалалар шу ернинг ўзида ечимини топди.

Тадбирда хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари тадбиркорлар томонидан солиқ қонунчилиги бўйича жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, унга олиб келадиган омилларни бартараф этиш масалалари ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш бўйича ўқув семинари ташкил этишга келишиб олди. Шунингдек, тадбир доирасида тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича туман жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судлар раислари, судьялари иштирокида тадбиркорлар ва фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабул давомида қилинган мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди, мурожаатлар юзасидан фуқароларга ҳуқукий тушунтиримшлар берилди.

 

Шуҳратбек МИРЗАКИРОВ,

 

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди раиси.

"ОБУНА - 2020"

Қадрли юртдошлар, муҳтарама опа-сингиллар!

"Иқбол" газетасига обуна бўлишни унутманг!

Газета саҳифаларида:

- вилоятимиз хотин қизлари ҳаёти ва фаолиятига оид;

- жаҳонга машҳур аёллар ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақидаги;

- маърифий, тарбиявий мавзулардаги мақолалар, шунингдек, опа-сингилларимизнинг бадиий ижод намуналари,  пазандалик, орасталикка оид тавсия ва маслаҳатлар билан танишиб борасиз.

Саҳифаларидаги ранг-баранг ва қизиқарли мақолалари билан газета Сизнинг яқин суҳбатдошингизга айланади.

Газетага почта, "Матбуот тарқатувчи" бўлимлари ва таҳририят орқали обуна бўлишингиз мумкин.

 

Батафсил маълумот олиш учун телефон: 74 223-05-14.

УЙ БЕКАЛАРИГА МАСЛАҲАТЛАР

ГАЗ ПЛИТАСИ ҚАНДАЙ ТОЗАЛАНАДИ?

Газ плитаси аёллар энг кўп ишлатадиган жиҳозларидан бири ҳисобланади. Афсуски, иссиқлик, овқатнинг тўкилиши ёки тозалаётгандаги эътиборсизлик сабаб газ плитасида турли доғлар юзага келиши мумкин. Уни бартараф этиш учун уй бекаларига бир қатор тавсиялар берамиз.

Газ плитасини ювиш муаммо эмас. Лекин турли кукунлар ёки темир қирғичлар унинг сирини кўчириши мумкин. Сири кўчгач, ундан кўнглингиз тўлмаслиги аниқ. Уни ювишдан ярим соат аввал озгина сув пуркаб, кукун сепамиз. Бу вақт мобайнида кукунлар юмшаб, газ плитасига ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Газни турли ишқаловчи мосламалар билан ювманг, акс ҳолда турли чизиқлар ҳосил қилиши мумкин.

Агар газ плитангиз узоқ вақт хизмат қилишини истасангиз, қуйидаги усулни ҳам қўллаб кўринг. Газ горелкаларини олиб, уни яхшилаб артасиз. Сўнг зарқоғоз (фальга)ни газ плитасининг кенглиги бўйича кесиб, уни плита устига жойлаштирасиз ва горелкалар ўрнини тешиб, уларни ҳам жойлаштирасиз. Бу усулни амалда қўлласангиз, газ плитаси сизга янада  узоқ йил хизмат қилииши аниқ

 

ЧАРМ ПОЙАБЗАЛИНГИЗ ЁРИЛМАСЛИГИ УЧУН

Чармдан тикилган пойабзалларни тозалаш анча мушкул масала. Ачинарлиси шундаки, уларда турли ёриқлар пайдо бўлиб, кайфиятингизни бузиши мумкин. Хўш, уларни қандай сақлаш керак? Аввало, ҳар куни вазелин билан артишни канда қилманг. Тўғри, турли пойабзал кремларидан ҳам фойдалансангиз бўлади, лекин чармнинг таъби анча нозик. Ҳамма кремлар ҳам унга яхши таъсир этмаслиги мумкин. Вазелин эса чармни ялтиратибгина қолмай, уни қуруқликдан ҳам ҳимоя қилади.

 

ТУЗ "ТОШ"ГА АЙЛАНМАСИН!

Баъзан бекаларни тузнинг намиқиб, қотиб қолиши ташвишга солади. Чунки намиққан тузнинг таъми ҳам ўзгаради-да. Шунинг учун туз идишини зинҳор қоп-қоқсиз қолдирманг. Ёки идишга бир бўлак нон солиб қўйинг. Нон бўлаги 3-4 соатда туздаги намликни тортиб олади. Туз аввалгидек қуруқ ва сочилувчан бўлади. Ёки тузни 10-15 дақиқага микротўлқинли печга қўйинг. Намиққан тузни қуритишни ўргандик, лекин    "тош"га айланмаслиги учун нима қилиш лозим? Унинг "тош"га айланмаслиги учун идишга бир неча гуруч доначаларини солиб қўйсангиз кифоя.

 

Сожида САИДОВА тайёрлади.

СВЕТНИ ЎЧИРМАНГЛАР

муштарий ижодидан

 

Ёздаку ой асқотар,

Шом кеч, эрта тонг отар.

Қишда хўп оғир ботар,

Светни ўчирманглар!

 

Зулматда жиноят жам,

Ҳузур ҳам ҳаловат кам.

Нархи осмон бўлса ҳам,

Светни ўчирманглар!

 

Кексалар, гўдаклар бор,

Лампочкага боқар зор.

Кенг дунёни қилиб тор,

Светни ўчирманглар!

 

Ҳадик турар битса кун,

Ёшми-қари бағри хун.

Кундуз майли қурса тун,

Светни ўчирманглар!

 

Меҳрлик мўминга мос,

Хуш хулқи ҳуснига хос.

Бўлса имкон илтимос,

Светни ўчирманглар!

 

Иссиқ сув йўқ, ёр хафа,

Тўй ярмида тор хафа.

Бир мен эмас бор хафа,

Светни ўчирманглар!

 

Ўтмиш мерос шамми ё?

Кеч саккиздан дамми ё?

Газ пастлиги камми ё?

Светни ўчирманглар!

 

Сериалда сўнг гумон,

Дасти хотин бағриқон.

Бўлиб сахий, меҳрибон,

Светни ўчирманглар!

 

Кимдадир йўқ қасд, ўчим,

Дунё не келмоқ, кўчим.

Электросетдан ўтинчим,

Светни ўчирманглар!

 

Юртим обод, қўлда эрк,

Баҳоналар бўлди берк.

Эл дер Султон айтгандек,

Светни ўчирманглар!

 

 

Fуломжон Нормат

"МАНГУ ҲИЛПИРАЙВЕР, ЖОНАЖОН БАЙРОFИМ!"

Андижон шаҳридаги 5-мактабгача таълим ташкилотида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган "Мангу ҳилпирайвер, жонажон байроғим!" деб номланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда давлатимиз байроғи миллий ғуруримиз, ифтихоримиз рамзи эканлиги айтилиб, тарбияланувчиларга байроқ, унда акс эттирилган ранглар, белгиларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Болажонлар томонидан ижро этилган  миллий байроғимиз, истиқлол, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи шеър, қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз киритди. Унутилмас таассуротларга бой ушбу тадбир болажонлар қалбида миллий байроғимиз, ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

 

Шоирахон ЖАББОРОВА,

 

мазкур таълим ташкилоти тарбиячиси.

ИС ГАЗИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

"101" огоҳлантиради

Маълумки, қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши фуқароларнинг турли иситиш воситаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини оширади. Бу эса ўз   навбатида, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши, ёнғин билан боғлиқ ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиш эҳтимолини оширади. Афсуски, бу борада жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирлари етарлича самара бермаётир. Аҳоли орасида табиий ва ис газидан заҳарланиш, турли хил тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ кўнгилсиз воқеалар учраб турибди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:

Печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларнинг тозалигини текширинг;

Носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланманг;

Болалар ва имконияти чекланган кишилар назоратсиз қолмасин;

Табиий газдан фойдаланишда резина шланг, газ сўрғичлардан фойдаланманг;

Хонада газ ҳидини сезиб қолсангиз, газ плиталари ва иситиш печларини зудлик билан ўчиринг, эшик ва деразаларни очиб хонани шамоллатинг. Электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу чақнашга сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур қоидаларга риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни турли фавқулодда вазиятлардан ва нохуш ҳодисалардан асраб қоласиз.

С. БОЛТАБОЕВ,

Избоскан тумани ЁХБ инспектори.