+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТАРИХИЙ ОБИДА ВА ЁДГОРЛИКЛАР - ХАЛҚИМИЗНИНГ БЕБАҲО МУЛКИ

(16 - сон) 18 апрель - Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни

Қадим тарихга эга мамлакатимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

Юртимиздаги кўхна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Қолаверса, улар инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис ҳам уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Андижонда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига эга 371 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси Андижон вилоят бўлими етакчи мутахассиси Дилшодбек Юсупов. - Улардан 114 таси археологик, 66 таси меъморий ёдгорликлар, 117 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари-ҳайкаллар бўлиб, қолган 74 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир.

Уларнинг ҳар бири муайян бир давр, маскан, улуғ шахслар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради ёки юртимизнинг бетакрор табиатини кўрсатувчи гўша сифатида ҳар қандай кишида катта таассурот қолдиради.

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, махсус дастур асосида вилоятимиздаги ана шу тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари деб эътироф этилган ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Шунингдек, археологлар, тарихчи олимлар томонидан Марҳаматдаги Мингтепа, Избоскандаги Элатан, Жалақудуқдаги Далварзинтепа ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Айни кунда Мингтепада Ўзбекистон-Хитой қўшма илмий экспедицияси томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги "Мирпўс-тин ота", Жалақудуқ туманидаги "Қутайба Ибн Муслим", Балиқчи туманидаги "Тузлуқ момо", "Учбулоқ", Андижон туманидаги "Меҳмони Валий", Пахтаобод туманидаги "Ховускон ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота", Булоқбоши туманидаги "Ширмонбулоқ" сингари қатор  зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зиёратчи ва дам олувчилар учун қулайликлар яратилди.

Кейинги йилларда 50 дан зиёд тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларнинг кадастр ҳужжатлари, 50 дан ортиқ объектнинг паспорти тайёрланди. 

Тарихий манбалар, олимлар, мутахассисларнинг хулосалари, илмий-тадқиқот ишлари натижаларига асосланган ҳолда  Мингтепа қалъаси ҳамда Жалақудуқ туманидаги Далварзинтепа ёдгорликларини ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.                 .

Мингтепа қалъаси қадимий Даван давлатининг пойтахти - Эрши шаҳрининг харобалари эканлиги тарихдан маълум. Олимларнинг аниқлашича, ўз даврида қалъанинг шаҳар ичи қисми 38 гектар, шаҳар ташқариси эса 230 гектар майдонни эгаллаган. Эрши ҳукумдорининг махсус саройлари жойлашган Алитепа, Жунғортепа, Қоровултепа сингари ўндан ортиқ тепаликлар харобалари ҳозирда ҳам сақланган.

Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бу каби археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.

Тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминга муҳаббат, ўтмишга даҳлдорлик ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириши, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ