+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИЗН СЎРАШ ОДОБИ

(14-сон)

Ҳаёт ҳикматлари

Инсонни тўғри йўлдан юриши, бу дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда нажот топиши кўп жиҳатдан унинг одоб-аҳлоқига боғлиқдир. Ота-боболаримиз ўгитлари, тарихий, диний китобларимизда кишини ҳидоятга бошловчи жуда кўп панд-насиҳатлар баён этилган.

Ислом таълимоти, хусусан,  муқаддас Қуръони каримга эътибор қаратсак,  ҳатто, кўчада юришлик, ўзга инсонлар хонадонига киришлик одоби ҳам кўрсатиб берилганлигига гувоҳ бўламиз. Ўзгалар хонадонига кириш, қараш масалалари муҳим бўлганлигидан муқаддас каломда ва ҳадиси шарифларда такрор-такрор айтиб ўтилади.

Ҳар бир инсон учун ўз хонадони ўзини эркин ва ҳотиржам тутадиган, тинч, ўзгалар даҳл қилмайдиган, қадрли маскандир. Шунинг учун ҳам ўзга хонадонга изн олмасдан қарашлик, киришлик гуноҳ саналади. Уламоларимиз ўзга уйга назар солишга оид хукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қиладилар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик гуноҳ бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

Хонадон эгалари ҳар-хил ҳолатда бўлиб, меҳмон кута оладиган шароитда бўлмасликлари ҳам мумкин. Шундай ҳолатларда уч маротаба изн сўраса-ю жавоб бўлмаса, чақираётган инсон эшик олдида туриб олмасдан, ортига қайтишлиги, кўнглига олиб хафа бўлмаслиги, уй эгалари менга хурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак.

Техника ривожланган бугунги кунда уйларда қўнғироқ ва сўзлашувчи ускуналар бор. Ана ўшалар орқали уйда бор кишилар эшитадиган қилиб, уч марта чақириш керак. Агар жавоб берилмаса, ортига қайтиш лозим. Мабода, уй ичида одам борлиги билиниб турган чоғида ҳам жавоб бермаса, уларнинг бирор узри борлигини англатади. Ўзи хоҳламаётган кишини мажбур қилиб чақириш одобдан эмас, албатта.

Хонадон эгалари ҳам уйларини очиқ-сочиқ ҳолда қолдирмасликлари, ўзгаларнинг назаридан хонадонларини асрашликлари лозим. Акс ҳолда бегона инсонларнинг назари тушиши сабабли қаттиқ гуноҳга ботар эканлар. Ўзга инсонлар мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, бировнинг мактубига рухсатсиз назар солиш ҳам оғир гуноҳдир.

Бундан кўринадики, ўзга хонадонларга кириш олдидан албатта, юқорида зикр этилган одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қилишликни унутмаслигимиз лозим.

 

Абдулло АБДУВОҲИДОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси.

 

 

ИЗТИРОБ

(14-сон) ДИЛ ТУFЁНИ 

 Ота-онамни рози қиламан, орзуларини рўёбга чиқараман деб уларнинг раъйига қарши бора олмадим. Ўз орзуларимни бир четга сурдим... Бугун эса минг афсус, надоматдаман. Ўтган ишни  ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмайди. Қани эди мен ҳам тенгдошларим сингари олий ўқув юртларида таҳсил олсам. Улар каби билим олиб, бирор касбнинг мутахассиси бўлсам эди.

Афсус бундай бўлмади. Бувим бетоблиги боис ота-онам тезроқ мени турмушга узатиб тўйимни кўриш орзуйида эдилар. Қиз болага ўқишнинг кераги йўқ дея, ҳали коллежни тамомламасимдан бой хонадондан келган совчиларга розилик беришди. Бадавлат хонадонда бекам-у кўст яшайди, деб ўйладилар.

Отам мени 17 ёшимда турмушга узатди. Турмуш ўртоғим ҳам эндигина 18 ёшни қаршилаган эди. У ҳам ёш бўлгани учунми кўп нарсалардан айб излаб, мен билан жанжаллашаверарди. Мени тушунишни,  тинглашни истамас эди. Қайнонам аввалига ўзимиз ўқитиб оламиз, дея ота-онамга ваъда берганди. Аммо ундай бўлмади. Ўқишга ҳам бир кун борсам, икки кун боролмас эдим. Бир куни хўжайиним ишдан эрта қайтиб, онасини уйда иш қилаётганини кўриб қолибди. Ўша куни коллежга бориб, кечроқ қайтган эдим. Сўнг менга: уй ишларига улгурмасанг нима қиласан ўқиб, дея роса уришди. Шундан кейин ўқишга бошқа бормадим. Уй ишларига кўмилиб кетдим. Баъзан тез чарчаб қолар, дармоним қурирди. Шифокорга учрасам, буларнинг барчаси эрта турмушнинг натижаси эканлигини айтди. Шу-шу тез-тез касал бўладиган бўлдим, бу ҳеч кимга ёқмасди. На эрим, на қайнонам мени тушунишни истамас эди. Турли баҳоналар туфайли ёш оиламга дарз кетди, бир йил ҳам ўтмасдан ажрашишимга тўғри келди.

Баъзан ўйланиб қоламан. Бундай ҳолга тушишимга ким айбдор?  Хали ёш бўлишимга қарамай, мени турмушга узатган ота-онамми, ёки мени тушунишни истамаган қайнонам билан эримми? Хали 18 ёшга тўлмасдан ажраган қиз, деган ном олганимга балки ўзим айбдордирман. Эрта турмушга чиққаним мени бахтсиз қилди. Ё оилада, ё жамиятда ўз ўрнимга эга бўлолмадим.

Мен барча ота-оналардан илтимос қилар эдим. Ҳеч қачон қизингизни эрта турмушга берманг, мен каби бахтсиз бўлиб қолишига йўл қўйманг. 

Ёш аёлнинг дил изтиробларини Гулзода САИДАЗИМОВА оққа кўчирди.

МАҲАЛЛАДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАСИ

(14-сон)

Андижон шаҳридаги Саноат маҳалла фуқаролар йиғинида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бир дастурхон атрофига йиғилган маҳалладошлар олдига баҳорий таомлар, пишириқлар тортилди. Бу йилги Наврўз шодиёналари ҳар йилгидан ҳам ўзгача тарзда, уюшқоқликда ташкил этилди. Байрам тадбирига маҳалла ўрамида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 9 нафар фарзандларини "Хатна" тўйлари қўшиб ўтказилиши болажонларнинг ҳам, ота-оналарини ҳам хурсанд қилди.

- Меҳр-мурувват ва саховат рамзи бўлган Наврўзи олам шодиёналари юртимиз бўйлаб кезиб юрган шундай фарахбахш кунларда Андижон шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси ҳамда фуқароларнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган  байрам кунида ҳудудимизда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун "Хатна" тўйлари ҳам ўтказилди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Орзихон Эгамбердиева. - Бугунги шодиёна унинг иштирокчилари хотирасида шубҳасиз, бир умрга сақланиб қолади.

Тадбирда сўзга чиққанлар барчани муборакбод этдилар ва тўй болаларни келгусида юртимиз учун муносиб фарзандлар бўлиб камолга етишишларини тиладилар. Шўх қўшиқлар қалбларга кўтаринкилик бахш этди.

Фаридахон ИСМАТУЛЛАЕВА,

 

маҳалла фаоли.

ИНСТИТУТДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

(14-сон)

Наврўз байрами тадбирлари

Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари Наврўзи оламни катта шодиёна ва кўтаринкилик билан қарши олдилар. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда      институтнинг 900 нафарга яқин профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари иштирок этди.

- Наврўз байрами олдидан ўтказилган умумхалқ ҳашарида институтимиз ходимлари ва талабалар фаол иштирок этдилар, - дейди АДТИ ходимлар касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳобиддин Деҳқонов.- Улар институт тасарруфидаги ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш, дарахтларга шакл бериш, бўш ер майдонларига турли хил экинлар экиш ишларини бажариб, вилоятимизнинг гуллаб- яшнаши, обод бўлишига ўзларининг муносиб улушини қўшдилар.

Дарҳақиқат, ана шундай  хайрли тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган қатор ўқитувчи ва ходимлар байрам шодиёнасида институт раҳбариятининг Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар барчани халқимизнинг азалий ва абадий байрами билан муборакбод этар эканлар, юртимизга тинчлик-осо-йишталик, хонадонларга қут-барака тиладилар. Хонандалар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар тадбирга файз бағишлаб, ўйин-кулгуларга уланиб кетди.

Моҳигул ЖўРАЕВА,

 

АДТИ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ - МУҲИМ МАСАЛА

(14-сон)

Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежида ёшлар  тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш, қизларни турмушга тайёрлашга қаратилган кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, коллежда туман хотин-қизлар қўмитаси, тумандаги ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, огоҳликка даъват этиш, уларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Fофурова, коллеж директори Д. Абдусаматов ва бошқалар бугунги куннинг долзарб мавзулари хусусида сўз юритиб, ёшларга яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз келажаклари учун мустаҳкам пойдевор яратишлари, миллий қадриятларимиз, умрбоқий урф-одатларимизга содиқ қолган ҳолда буюк аждодларимизга муносиб авлодлар бўлишлари зарурлигини айтиб ўтдилар.

Йиғилиш давомида айрим ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолиш сабаблари ва оқибатлари ҳаётий мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди. Ҳар бир ишни ўйлаб, мушоҳада билан амалга ошириш, тушунмаганларини энг аввало, ота-она ёки устозлардан сўраб ўрганиш, хулоса чиқариш ва улар ўгитига амал қилиш кўнгилсизликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан ёшлар ҳам ўзларининг фикрларини билдириб, тенгдошларини билим олишга, юрт корига ярайдиган инсонлар  бўлишга ундадилар.

Шунингдек, коллежда ўқувчи қизлар, уларнинг оналари, педагог ходимлар, ишлаб чиқариш таълими усталари иштирокида ўтказилган йиғилиш эса "Эрта турмуш қуришнинг олдини олиш ва репродуктив саломатлик" мавзусига бағишланди. Йиғилишда туман марказий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори М. Норматова, коллеж ҳамшираси У. Қурбонова, коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г. Сайидова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси М. Эргашевалар сўзга чиқиб, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунчалар бердилар.

Тадбирда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, "Ораста қизлар" тўгараги машғулотларини мазмунан янада бойитиш хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёшларнинг билим ва тушунчаларини кенгайтириш билан бирга, уларнинг фаоллигини, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга хизмат қилади.

Марҳабо МУРОДОВА,

 

Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежи  АРМ ходими.

ТУFУРУҚДАН КЕЙИНГИ ДЕПРЕССИЯ: САБАБ ВА ОҚИБАТЛАРИ

(14-сон)

Шифокор минбари

Мутахассисларнинг фикрича, деярли ҳар бир она туғруқ жараёнида қайсидир даражада стресс ҳолатини бошидан кечиради. Бу эса, ўз ўрнида, турли оқибатлар, хусусан, туғруқдан кейинги депрессия (тушкунлик ҳолати)га олиб келиши мумкин. Унинг асосий сабаблари стрессга наслий мойиллик, хомиладорлик ва туғруқниннг оғир кечиши, туғруқдан кейин аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар, психологик жиҳатдан аёлнинг она бўлишга тайёр эмаслиги, боланинг нуқсон билан туғилиши, ижтимоий муҳит таъсири бўлиши мумкин.

Фарзанд кўрган ёш оналарнинг нафақат жисмоний ҳолати, балки кайфиятида ҳам салбий ўзгаришлар юз бериши, оддий тушкунлик бора-бора уни депрессия ҳолатига  олиб бориши ҳам мумкин.

Онанинг доимий ёлғизлик ва толиқишдан шикоят қилиши, йиғлоқилик, тез ҳафа бўлиш, кайфиятнинг тушкунлиги ва уйқусизлик, диққатни бир жойга тўплай олмаслик, жаҳлдорлик, жиззакилик, тез-тез низоли вазиятларни юзага келтириш, онанинг ўз соғлиги ва бола келажаги ҳақида ҳавотирли ўй-ҳаёлларга бориши, атрофда юз бераётган ҳодисаларга     бефарқлик, доимий бош оғриғи туғруқдан кейинги депрессиянинг белгилари ҳисобланади.

Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун тиббиёт ходимлари ва онанинг яқинлари назоратни кучайтиришлари, унга руҳий мадад беришлари муҳимдир. Патронаж ҳамшираси ёш онада депрессия ҳолатини пайқаса, дарҳол оила аъзоларини огоҳлантириши, ҳавфли асоратлари ҳақида тушунтириш  бериши лозим. Яқинларининг қўллаб-қувватлаши ёш онанинг иродасини мустаҳкамлайди,  депрессияни осон енгиб ўтишига кўмаклашади.

Айрим ҳолларда онадаги руҳий танглик ўта кучли бўлиб,  у мутахассис ёрдамисиз депрессия ҳолатидан чиқиб кета олмайди. Бундай вазиятда, албатта писихолог ёрдамидан фойдаланиш кераклигини тушунтириш зарур. Акс ҳолда, депрессия бошқа оғир оқибатларга, хусусан, психопатик ҳолатнинг юзага келиши, психик жараёнлар функциясининг бузилиши, аҳлоқий ўзгаришлар (суицид қилишга уриниш) кабиларни келтириб чиқиши мумкин. Психолог психотерапия ва аутоген машғулотлар қўллаш орқали депрессиядан чиқиб кетишга кўмак беради. Туғруқдан    кейинги депрессиянинг оғир кўринишларида психотерапия тиббий муолажалар билан бир вақтда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.

 

Соҳибахон Расулова,

 

Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали бўлим мудири.

ЖИНОЯТ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИ ОЛИНМОҚДА

(14-сон)

Пайшанба - профилактика куни

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатимизда профилактика куни, деб эълон қилинган. Шунга кўра, вилоятимиздаги меҳнат жамоалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари атрофлича муҳокама этилиб, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятдаги профилактика тадбирларида фуқароларнинг паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш, ёнғин, ҳаракат  хавфсизлиги тартиб-қоидаларига риоя этишлари назоратдан ўтказилди. Жумладан, вилоятдаги 28 минг 619 та хонадон ўрганилиб, 2 минг 400 нафардан ортиқ  ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турувчи, хорижга ишлагани чиқиб кетган ёки қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди.

Профилактика тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Хонобод шаҳрида профилактика тадбирларини ўтказиш бўйича тузилган 6 та жамоатчилик гуруҳи томонидан шаҳардаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида "Давомат" тадбири ўтказилди. Ўрганиш жараёнида шаҳардаги 4 та касб-ҳунар коллежида дарсларга келмаган 125 нафар ўқувчининг 50 нафари дарсларга қайтарилди. Дарсларга сабабсиз келмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан қонунлар доирасида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Тадбирлар доирасида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсларда қатнашиш, пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ҳуқуқий билимларини ошириш, қонунларни ҳурмат қилиш, турли иллатлар таъсирига тушиб қолмаслик сингари қатор мавзуларда суҳбатлар ўтказилди. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига 12 йиллик мажбурий таълим, бу борада уларнинг бурч ва вазифалари хусусида кенг тушунчалар берилди. Фарзандларини назорат қилиш, дарсларда иштирок этишларига масъулиятсизлик билан қараган ота-оналарга тегишли чоралар кўрилди. 

- Шу кунги ўрганишлар давомида шаҳар ҳудудида 18 та ҳуқуқбузарлик аниқланди, - дейди Хонобод шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник Захриддин Fофуров. - Ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли баённомалар расмийлаштирилди. Умуман, корхона, ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган 30 дан ортиқ учрашув ва тадбирлар ўтказилди.

Хонобод шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган Хонобод шаҳар судининг сайёр судида ўғирлик жинояти содир этган фуқаронинг иши кўриб чиқилди. Айбланувчи ва даъвогарнинг маҳалладошлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида томонларнинг ярашуви тартибида якунланланган мазкур суд жараёни фуқароларга таъсир кўрсатиш, маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг зиммаларидаги бурч ва масъулиятларни англаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.

Ўтказилаётган профилактика тадбирлари натижасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сони кескин камаймоқда. Қолаверса, ушбу тадбир ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқиши билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ички ишлар идоралари ходимлари, педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

САРДОРЛАР КЕНГАШЛАРИ ЎЗ ИМКОНИЯТЛАРИНИ СИНОВДА ЎТКАЗДИ

(14-сон)

Андижон давлат университетида "Энг намунали сардорлар кенгаши" танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги "Камалак" болалар ташкилоти  томонидан  ўтказилган мазкур танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

  Танлов умумтаълим мактабларидаги синф сардорлар кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўқувчи ёшлар фаоллиги ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, етакчилик ва ташаббускорлик қобилятларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, қолаверса, уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

- Танловда қатнашиб, кўплаб дўстлар орттирдик, илғор тажрибалар билан танишдик, - дейди Андижон вилояти жамоаси аъзоси Мумтоза Комилжонова. - Ана шу тажрибалар келгусида фаолиятимизни самарали олиб боришда албатта, ёрдам беради. 

Қатнашчилар танлов низомига кўра, "Бу бизнинг фаолият", "Бизнинг имкониятларимиз" ҳамда "Интеллектуал-ринг" деб номланган уч шарт асосида беллашдилар.

Якуний натижаларга кўра, Сурхандарё вилояти жамоаси биринчи, Фарғона вилояти жамоаси иккинчи ва Қорақалпоғис-тон Республикаси жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

Fолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Танлов иштирокчилари учун турли маданий-маърифий тадбирлар ҳамда вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди.

Гулноза САТИМОВА,

 

вилоят "Камалак" болалар ташкилоти раиси.

МУЛОҚОТ МАДАНИЯТИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

(14-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва  инсон манфаатлари йили

Андижон давлат университетида "Мулоқот маданияти - оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида" мавзусидаги ўқув семинари бўлиб ўтди.

Юртимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, фуқаролар ўзини ўзи бош-қариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда муҳим   дастуриламал бўлмоқда.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси,  "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да белгиланган вазифалар ҳамда юқоридаги фармон ижросини таъминлаш,  фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Семинарда "Халқ билан мулоқот", "Инсон манфаатлари" тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти", "Оилалар билан самарали иш олиб боришда фуқаролар йиғини маслаҳатчиси мулоқот маданиятининг аҳамияти", "Фуқаролар йиғини маслаҳатчисининг мулоқот маданияти кўникмаларини шакллантириш" мавзуларида маърузалар тингланди ҳамда оилалар билан иш олиб бориш бўйича тўпланган илғор иш тажрибалар Андижон шаҳридаги  "Fайрат"  маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мисолида оммалаштирилди.

Семинар ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этиб,  маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари олдида турган муҳим вазифалар хусусида  алоҳида тўхталиб ўтди.

Семинарда мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш, самарадорлигини ошириш, маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, отинойилар, ички ишлар бўлими профилактика инспекторларининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борадаги илғор иш тажрибаларини кенг оммалаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

- Семинарда фаолиятимизни самарали ташкил этиш, оилалар билан иш олиб бориш, мулоқот маданияти борасидаги билим ва тушунчаларимизни янада бойитдик, - дейди Андижон шаҳридаги Саноат маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Орзихон Эгамбердиева. - Айниқса, маслаҳатчиларнинг давлат,  жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича билдирилган таклифлар жуда ўринли бўлди. Ишонаманки, семинардан олган билимларимиз келгусида фаолиятимизни янада яхшилашга ёрдам беради.

Ўқув семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

(14-сон)

Хотин-қизлар қўмитаси бошланFич ташкилотлари фаолиятидан

Ҳаёт шиддат билан ўтаётган бугунги тезкор давр биз - бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Хусусан, фаолиятимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, улар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшлар таълим-тарбияси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мойгир қишлоқ фуқаролар йиғини ўрамидаги маҳаллаларда ҳам ана шу йўналишларда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Қишлоқдаги мавжуд 4 та маҳаллада 4 мингга яқин оила бўлиб, уларда 14,5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 7543 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

 "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган жорий йилда аҳоли вакиллари билан бевосита  мулоқотлар ўтказилмоқда, мавжуд муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида бир қатор масъул ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Шу кунга қадар фуқаролар томонидан турли масалаларга оид 24 та мурожаат бўлган бўлса, шундан 18 таси шу жойнинг ўзида хал этилди. Қолган 3 та масалани туман миқёсида ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Оилавий бизнесни йўлга қўйиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш  борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ фуқаролар йиғини ўрамида 1 та касб-ҳунар коллежи, 1 та давлат ихтисослашган мактаб-интернат, 3 та умумтаълим мактаби, 4 та мактабгача таълим муассасаси ва 2 та қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатади. Улар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни фойдали маш-ғулотларга жалб этиш мақсадида тўгараклар ташкил этилган, турли танловлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Таълим муассасаларидаги "Ораста қизлар", "Зумрадойлар давраси", маҳаллалардаги "Орасита қизлар давраси" тўгараклари машғулотларида қизларимиз миллий ҳунармандлик сир-асрорларини, шунингдек, оилавий ҳаёт, соғлом турмуш тарзи хусусидаги билим ва тушунчаларини бойитмоқдалар. Бу борадаги ишлар фаол ва ораста қизларимиз сафини кенгайтиришга яқиндан ёрдам бермоқда.

Бундан ташқари, бошланғич ташкилотимиз ташаббуси билан қишлоғимизда "Аёллар маслаҳатхонаси" ташкил этилган. Маслаҳатхона ишига жалб этилган турли соҳа мутахассислари томонидан мурожаат қилувчи опа-сингилларимизга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Шу билан бирга,  ҳуқуқшунослар, шифокорлар, отинойилар, канвойи онахонлар, ибратли оила вакиллари иштирокида мунтазам суҳбатлар ўтказилиши ҳам йўлга қўйилган.

Ишчи гуруҳ, маҳаллалар қошидаги Яраштириш   комиссиялари томонидан 2016 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида турли муаммолари бўлган, ажрашиш остонасига келиб қолган 9 оиладаги муаммолар бартараф этилди,  "қўйди-чиқди"ларнинг олди олинди.

Тўй-ҳашамларни дабдабасиз ўтказиш мақсадида ҳар бир маҳаллада тарғибот гуруҳи ташкил этилган. Улар тўй бошлаётган хонадонларда бўлишиб, тўйларни камчиқим, дабдабасиз, шунингдек, тўй, никоҳ, юз очди маросимларини бир кунда, ихчам тарзда ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бунинг натижасида мазкур йўналишда ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида ҳам  масъул ташкилотлар ҳамкорлигида зарур ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилда ўз уйла-рида лимонария ташкил этиш истагидаги 700 га яқин фуқарога зарур маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Натижада 34 та хонадонда лимонарийлар ташкил этилди. Бу ишларни самарали ташкил этилишида тадбиркор Узоқжон Мамадалиевнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим. У лимон кўчатларини етказиб бериш ва хонадонларда иссиқхона ташкил этиш борасида фуқароларимизга амалий ёрдам бермоқда.

Бу ишларни ташкил этилишида бошланғич ташкилотимиз фаоллари қатори  Барҳаёт маҳалласи маслаҳатчиси Ойшахон Ўрмонова, дастурхончиси Марвархон Эргашева, Солбоши маҳалласи раиси Майрамхон Бобоназарова, туман бош отинойиси Санобархон Ашурова, фаолларимиз Одинахон Асранова, Тожихон Эгамованинг ҳиссалари катта бўлмоқда.

Биз сўз билан айтганда, бошланғич ташкилотимиз томонидан опа-сингилларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Хадичахон ИСРОИЛОВА,

Избоскан тумани Мойгир қишлоқ фуқаролар йиғини

 

хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.