+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Июнь 2017

САОДАТХОН АЯНИНГ САОДАТИ

(20-сон)  Фахрийлар фахримиз

Булоқбоши туманидаги Хонтепа маҳалласида бир файзли хонадон бор. Ушбу хонадонга ташриф буюрган ҳар бир киши ҳовлидаги анвойи гулларни кўриб, баҳри дили очилади. Инсон қўли билан яратилган гўзалликдан, мўъжизадан баҳра олади.

Ушбу гулларни хонадон бекаси Саодатхон ая Сатимова кенжа келини Дилбархон билан парваришлайдилар. Шунинг учун ҳам маҳалладошлари аяни "гулчи Саодатхон ая" деб атайдилар.

Айни кунда ўзининг 76 ёшини қарши олган онахон ёшлигидан гулга меҳр қўйган, гул парваришининг ҳадисини олган. Аянинг  меҳнатсевар,  серҳаракат ва жонкуярлиги унинг ишга муносабатидан, юз-кўзидан шундоқ билиниб туради. Онахон узоқ йиллар тумандаги турли хўжаликларда самарали меҳнат қилди. Қаерда ишламасин фаол ва илғор теримчи, тажрибали пиллакор сифатида ўзини кўрсатди.

- Инсонни меҳнат улуғлайди, - дейди биз билан суҳбатда Саодатхон ая Сатимова. - Болалигим урушдан кейинги оғир даврларга тўғри келган. Олти-етти яшарлигимдан онамнинг ортидан юриб, унга кўмаклашардим. Эллигинчи йиллар ҳам анча оғир ўтган. Умуман, ҳаётимда нима оғир иш бўлса бажардим, меҳнатдан ўзимни олиб қочмадим. Шукрки, меҳнатларим ортидан ҳурмат-эътибор топдим, кам бўлмадим.

Саодатхон ая турмуш ўртоғи Ҳалимбек ота билан 8 нафар фарзанд - 5 ўғил, 3 қиз кўрдилар. Афсуски, бу кунларни кўриш Ҳалимбек отага насиб этмади. Ота қарийб йигирма йиллар аввал оламдан ўтгач, фарзандлар тарбияси, рўзғор ташвишлари Саодатхон аянинг зиммасига тушади. Қанчалик қийин бўлмасин, онахон рўзғор камини бут қиламан, деб тиним билмади, фарзандларининг ўқиши, бекам-у кўст яшашлари учун меҳнат қилди, фарзандларини ўқитди, уйли-жойли қилди. Ўғиллари Мирзажон, Муҳаммаджон, Маҳмуджон, Аҳмаджон, Акбаржон, қизлари Салимахон, Майрамхон, Марғубахонлар ҳозирда турли соҳаларда самарали фаолият юритадилар, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб камол топганлар.

Бугун фарзандлари меҳрибон оналарини кўкларга кўтаришади. Саодатхон ая   фарзандлари, 27 нафар невара, 25 нафар чевараси ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Онахон уларни жони дилидан суйиб, эркалайди, фарзандлари ҳаққига, юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз тўкинлигини сўраб, дуолар қилади.

Саодатхон ая меҳрибон она, севимли буви, шунингдек, ардоқли қайнона ҳамдир. Беш нафар келиннинг бирортасига қаттиқ гапирмаган, аксинча хато-камчиликлари бўлса яшириб, уларни ўз йўриғига сола олган ва ҳаётнинг паст-у   баландларини ўргатди. Шу боис ҳам келинлари Саодатхон аяни ўз оналаридек яхши кўришади, ҳурмат қилишади.

Онахон уй ишларида жонкуяр бўлибгина қолмай, маҳалланинг фаолларидан бири ҳамдир. У маҳалладошларининг аҳил-иноқ бўлиши, оилалар мустаҳкамлигини, кўча ва гузарларнинг обод, саранжом-саришталигини таъминлашга ҳам  муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу сабабли онахон маҳалла аҳли орасида катта ҳурмат-эътибор топган

Нияти пок, дуогўй Саодатхон ая сингари онахонларимиз бахтимизга соғ-омон бўлсин.

 

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 

Булоқбоши тумани Маънавият тарғибот маркази "Фахрий аёллар билан ишлаш" гуруҳи раиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси.