+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Фев 2023

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ - ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

 

Ислоҳотлар жараёни

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, уларнинг пухта билим олиб, малакали мутахассис бўлиб етишишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларимизнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда.

Президентимиз 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон аҳолисига қилган Мурожаатномасида таълим сифатини ошириш, соҳага қўшимча инвестицияларни жалб этиш юрт тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланганлиги ҳам Ўзбекистонда инсон қадри ва унинг сифатли таълим олишига бўлган эътиборнинг яна бир намунаси эканлигини кўрсатади.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини яхши англаган, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган кўплаб ёшларимиз таълим, илм-фан, спорт, санъат, қўйингки, қатор соҳаларда юқори натижаларга эришиб, ўзбек ёшлари дунёдаги бирор бир мамлакат ёшларидан кам эмасликларини, ўзларининг юксак салоҳиятларини  намойиш этишмоқда.

Таълим соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, биргина 2022 йилнинг ўзида вилоятимизнинг 20 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлари "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан таклиф этилган имтиёзларни қўлга киритиб, хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Улар бугунги кунда Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Канада, Малайзия, Россия давлатларидаги дунёнинг энг нуфузли олий     таълим даргоҳларида таҳсил олмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябридаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва Ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони асосида ташкил этилган Жамғарма асосий таълим дастурлари мутахассисларини хорижда докторантура, магистратура ва бакалавр бўйича таълим олиши, амалиёт ўташи ва малакасини оширишини ташкил этади. Халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра, жаҳондаги энг яхши 300 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 100 талик рўйхатига кирган хорижий университетлар ва илмий марказларга мустақил равишда кириб, давлат ва жамият   бошқаруви, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳаси, таълим, соғлиқни сақлаш, ва ижтимоий соҳа тармоқлари ҳамда  иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари йўналишида ўқиётган талабалар учун стипендиялар ажратади.

Ушбу жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодлар танлови мунтазам равишда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун, уларнинг иш ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ тарзда ўтказиб борилмоқда. Очиқ стипендиялар танловини ўтказиш уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда қабул қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мослиги юзасидан саралаш ўтказилади. Иккинчи босқичда номзод дунёқараши, билимини аниқлашга қаратилган тест синовлари бўлиб ўтади. Учинчи босқичда эса, аввалги босқичлардан ўтган номзодлар билан оғзаки суҳбатлар ўтказилади.

Жамғарма томонидан стипендиатларга қуйидаги молиявий кўмаклар берилади:

1.    Хорижий давлатларда ўқиш учун (контракт) тўлов;

2.    Хориждаги таълим муассасасига бориш-келиш учун транспорт харажатларини қоплаш;

3.    Хорижда таълим олиш даврида яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатларини қоплаш;

4.    Виза ва стипендиатни тиббий суғурталаш тўловлари;

5.    Зарур адабиётлар ва дарсликларни харид қилиш, хорижий университет талабига биноан илмий мақолалар чоп эттириш;

6.    Таълим олиши билан боғлиқ    бошқа харажатлар.

Биз хорижий давлатларда таҳсил олаётган андижонлик ёшлар билан доимий алоқа қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Андижон вилояти филиали мутахассислари кўмагида   хориждаги нуфузли университетларда ўқиётган бир гуруҳ вилоятимиз ёшлари билан телефон орқали боғланиб, улар билан суҳбатда бўлдик.

 

-      Мен юртимизда биз ёшларга берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Аризона университетида Бизнес бошқаруви йўналиши бўйича таҳсил олиб келяпман, - дейди, Андижонлик Ситора ЛАТИПОВА. - Куни-кеча Американинг энг машхур брендларидан бири ҳисобланган "Nike" компаниясида иш фаолиятини яқиндан ўрганиш дастурида қатнашиш таклифини олдим. Бундан ташқари, АҚШнинг энг илғор 20 та компанияларига ташриф буюриб, уларнинг иш тажрибалари, бизнес юритишдаги ёндашувлари ҳамда ютуқлари сирларини ўрганишга имкон берувчи лойиҳа соҳибаси бўлдим. Жуда юқори рақобатга эга ушбу лойиҳа университет томонидан тўлиқ молиялаштирилади ва бир неча штатларга ташрифни ўз ичига олади.

 

Ушбу университет талабаси бўлган ёшлардан бири шаҳрихонлик Маликахон ТОЖИБОЕВАдир.

-      Мен ҳам ҳозирда Американинг Аризона университетида давлат сиёсати ва бошқаруви йўналишида таҳсил олмоқдаман. Ўз йўналишим бўйича биринчи семестрни аъло баҳоларга якунлаганимдан сўнг олийгоҳдаги юқори тажрибага эга бўлган профессорнинг ассистенти бўлиш таклифини олдим. Бундан ташқари, ҳозирда немис тилини ўрганяпман. Ёзги таътилда Германияда бўлиб ўтадиган "internship"(иш фаолиятини яқиндан ўрганиш) дастури бўйича Германия давлат бошқаруви ўқув курсида малака оширмоқчиман. Келажакда малакали мутахассис сифатида Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимига хорижий тажрибаларни жорий этиш, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан. Ўз соҳам бўйича дунёнинг  илғор мамлакатларидаги билим ва тажрибаларни эгаллаб, уларни юртимизда амалиётга татбиқ этиш ниятидаман.

 

Андижон вилоятининг Бўстон туманида таваллуд топган Акбаршоҳ ЎКТАМОВ Буюк Британиянинг Ридинг университетида ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича таълим олмоқда.

- Буюк Британия ҳам замонавий, ҳам тарихий мамлакат - дейди, Акбаршоҳ Ўктамов биз билан суҳбатда. - Бу каби ривожланган давлатлар иқтисодиёти, ҳуқуқ соҳасини ўрганиш имконига эга бўлганлигимдан фахрланаман. Ушбу давлатда таҳсил олаётган мен каби ёшлар ўз олдиларига қўйган улкан мақсадларга эришиш учун бор имкониятларини ишга солишади. Хорижда юртимиз нуфузини кўтариш, минг йиллик тарихга эга юрт фарзанди эканлигимиз бизга куч ва шижоат бағишлайди. Энг аввало, бизнинг мана шу даражага эришишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берган Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётган  "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятидан беҳад мамнунмиз.

 

-      Мен Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманиданман, - дейди Ҳумоюн ШУҲРАТОВ. - Ҳозирда Америка Қўшма Штатларидаги олийгоҳнинг Ахборот технологиялари йўналишида таълим оляпман. Мактабни аъло баҳоларга якунлаганимдан сўнг ҳозирнинг энг долзарб касбларидан бири - Ахборот технологиялари бўйича чет элда таълим олиш, соҳага доир илғор тажриба ва кўникмаларни эгаллашдаги орзуимга эришиш учун ҳаракат қилаётганимда "Эл-юрт умиди" жамғармаси танлови ҳақида ўқиб қолдим ва танлов талабларини ўрганиб чиқдим. Талаб этилган ҳужжатларни топширдим ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, Американинг нуфузли университети талабаси бўлдим.

Ушбу жамғарма менинг билим олишимдаги барча молиявий ёрдамни берди. Билим олиш истаги бўлган ҳар бир ёш учун имконият эшиги саналган ушбу  жамғарма ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва ватан равнақини юксалтиришга яқиндан ёрдам бермоқда. Мен ҳам олийгоҳни тамомлаб, юртбошимизнинг биз ёшларга бўлган ишончини оқлаш, етук кадр бўлиб, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

 

 Шукурилло АКРОМОВ Шаҳрихон туманидан. У ҳам Америка Қўшма Штатларидаги Аризона университетининг Бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олмоқда.

- Менга юртимизда ёшларга яратиб берилган, қолаверса, ўқишим, фаолиятим давомида юзага келадиган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламан, - дейди у. - Ҳозирда университетда "Маълумотлар тизими  бошқаруви" фани бўйича профессор ассистентиман. Бундан ташқари, "Goldman Sachs" молия институтида халқаро   инвестиция таҳлилчиси сифатида амалиёт ўтадим. Америкада талабалар учун биржага инвестициялар киритиш имконияти берилгани менга жуда ёқди. Мақсадим, Ўзбекистонда бизнесни янада ривожлантиришда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва "know-how" (соҳавий билим)ларни кириб келишига ўз ҳиссамни қўшишдир.

"Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиятлари хориждаги бакалавриятни тамомлаганларидан сўнг беш йилгача, магистратура ва доктарантура бўйича уч йилгача муддат давомида таълимни якунлаб келганлар олдиндан тузилган шартномага асосан,  давлат ташкилотларида фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Андижон вилояти филиали томонидан хорижда таълим олаётган андижонлик ёшлар билан узвий алоқа ўрнатилган бўлиб, улар ўртасида доимий фикр алмашиш тизими йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад, давлат бошқаруви учун иқтидорли ва лидерлик салоҳиятига эга, бошқарув ва бошқа йўналишларда илғор хорижий тажрибаларни эгаллаган, билимдон, замонавий мутахассис ва кадрларнинг янги авлодини шакллантириш, давлат ҳизматларини янада юқори босқичга кўтариш, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бир сўз билан айтганда,  самарали давлат бошқарув тизимини шакллантиришдир. Шу билан бирга, ана шу ёшларимиз қалбида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилишда фидойи бўлиш, юрт шаънини улуғлаш, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада  мустаҳкамлаш  кўзда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, таълим тизимига, нафақат бугунги кун, балки халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибор, албатта ўз самараларини беради. Яқин йиллар ичида дунё ёшлари билан тенглаша оладиган, юртимиз тараққиётини юксалтиришга хизмат қиладиган янги авлод шаклланади.

Оятилло Нуралиев,

 Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш

агентлигининг Андижон вилояти филиали кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори.

Прочитано 218 раз Последнее изменение 12 Апр 2023