+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Фев 2023

Байроғимиздан, ўзбекистонлик эканлигимдан ҳамиша фахрланганман

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Давлат рамзлари - Ватан тимсоли

Ўзбекистон Мадҳияси, Герби, Байроғи ҳар бир юртдошимиз учун азиз ва қадрлидир. қаерда бўлмайлик, она юртимизнинг ана шу тимсоллари қалбимизга фахр-ифтихор туйғусини солади, бизга куч-шижоат беради.

Қўрғонтепа туманининг Суткон қишлоғида туғилиб ўсган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган, миллати қирғиз бўлган Абдумўмин ота Эргашев учун давлатимиз рамзларининг қадри ўзгача. Чунки у узоқ йиллар хорижда ишлаб, юртимиз байроғини ўзи билан ёнма-ён олиб юрган.

Ҳайдовчилик касбини эгаллаган Абдумўмин собиқ иттифоқ даврида Андижон шаҳридаги  халқаро юк ташиш ихтисослаштирилган автокорхонада ишлаган. Ўша йилларда собиқ иттифоқнинг кўплаб йирик шаҳарларини кезиб чиққан.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, у ишлаётган автокорхона фаолиятини тўхтатади. Абдумўмин Эргашев эса фаолиятини Россиянинг Нижний Навгород шаҳридаги автокорхонада давом эттирди.  У ана шу шаҳардаги автокорхонага ишга жойлашиб, 22 йил ҳайдовчилик қилади. Ана шу йиллар давомида Ўзбекистон байроқчасини ўзи ҳайдаб юрган автомашинага илиб юрди.

- Бундай иш кимларгадир эриш туйилар эҳтимол, - дейди Абдумўмин ота. - Лекин мен бундан, Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан ҳамиша қалбимда фахр-ифтихор ҳиссини туйганман, ўзбекистонлик эканлигимдан   фахрланиб юрганман. 

Абдумўмин Эргашев корхонада ишлаш билан бирга, шаҳардаги қирғиз миллий маданият марказида жамоатчилик асосида фаолият юритди. Марказдаги алоҳида хонада эса Ўзбекистон Республикаси Давлат  рамзлари - мадҳияси, герби, байроғини сақлаб, ҳар бир тадбирда давлатимиз рамзлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берар эди. Шу боис ҳам  ҳар йили у Нижний Новгороддаги шогирдларидан давлат рамзларимиз қабул қилинган кунларда табриклар қабул қилади. Ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ҳам ана шундай табрикномаларни олди. 

Абдумўмин ота ушбу саналарни юртимизда юқори кўтаринкилик билан нишонлашни анъанага айлантирган. Ўтган йилги байрам кунларига эса алоҳида тайёргарлик кўрди. Қариндош-уруғлари билан ҳамжиҳатликда қишлоқдаги 31- умумтаълим мактабининг спорт зали ва очиқ майдондаги ўйингоҳ электр тармоғини ўз ҳисобларидан   таъмирлашди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Давлатимиз байроғи, мадҳияси, герби қабул қилинган саналар муносабати билан ҳудуддаги мактаблар ўқувчилар ва уюшмаган маҳалла ёшлари ўртасида кураш, волейбол, баскетбол мусобақалари ўтказилди.

 Абдимўмин отанинг спортнинг кураш турига меҳри ўзгача. Шу боис ҳам у айни пайтда қишлоқда кураш мактаби очиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун кураш бўйича мутахассис-мураббий  жалб этилди. Жой масаласи ҳал этилди.

- Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини телевизор орқали диққат билан эшитдим, - дейди Абдумўмин ота. - Юртбошимиз мактабга  эътиборни кучайтириш, ўқув масканларига барча-барча ёрдам бериши лозимлигини таъкидлади. Айниқса, ўқитувчиларнинг нуфузини оширишга чақирганлиги мени беҳад хурсанд қилди. Чунки илмга эътибор қаратилган, устоз-мураббийлар улуғланган юрт, шубҳасиз, юксалади.

Мактаб ҳам улуғ даргоҳ, қолаверса, юртимиз равнақи, ёш авлод камолотида унинг ўрни ва ролини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Мактабдаги ислоҳотлар самарадорлигидан эса, нафақат ўқув даргоҳи жамоаси, балки ана шу масканда таълим олаётган дилбандларимиз ҳам катта манфаат кўради. Шу боис мен, бир гуруҳ нуроний тенгдошларим билан мактабимиздаги шароитларни яхшилашга, фарзандларимизнинг  ютуқлари кўпайишига яқиндан ёрдам бермоқчимиз. Спорт мусобақалари ташкил этиш орқали ёшларнинг мактабга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширмоқчимиз.

Абдумўмин отага нафақат Суткан, шунингдек, қўшни - Хонобод, Қорасув, Норбўта, Султонобод, Деҳқончек, Ойим, Дардоқ, Чимён, Қўштепа сингари кўплаб шаҳар ва қишлоқларда ҳам илтифот кўрсатишади. Чунки у Россияда ишлаган кезларда нафақат қўрғонтепалик, балки республикамизнинг кўплаб ҳудудларидан Россия давлатига ишлагани борган юртдошларимизга имкон қадар ёрдам бериб келган.

-      Россияга, шогирдларим олдига борган пайтимда коронавирус пандемияси бошланиб қолди, - дея суҳбатни давом эттиради Абдумўмин ота. - Миллий маданият марказимиз ташаббуси билан Нижний Новгородлик ёрдамга муҳтож кишиларга яқиндан ёрдам бердик. Дошқозонда палов дамлаб, рус ва   бошқа миллат вакилларига тарқатдик. Новвой йигитларимиз тандирда нон ёпиб беришди. Шу сабабли у ерда қўрғонтепаликларнинг ҳурмати жуда ҳам баланд эди. Мени қувонтирадиган энг асосий жиҳат, давлатимиз - Ўзбекистон байроғи атрофида бириккан ўзбек ва қирғиз юртдошларимиз бир оила фарзандларидек ўзаро аҳилликда яшаб, меҳнат қилишаётганидир.

Илоҳим, ёшларимизнинг она Ватанимизга, ўз халқига, давлат рамзларига бўлган ҳурмат ва  муҳаббати асло сўнмасин. Кундан-кунга юксалиб бораётган Ўзбекистонимизга кўз тегмасин.

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Прочитано 207 раз