+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Сен 2020

Мен бу муқаддас гўша учун боримни беришга тайёрман, - дейди "Соғлом турмуш" медали соҳибаси Зарифахон Тўраева.

Маҳалла фидойилари

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида кўплаб юртдошларимиз қатори бир гуруҳ вилоятимиз вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Улар орасида Олтинкўл туманидаги "Гулбоғ - Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Зарифахон Тўраева ҳам бор.

Мактаб таълимидан сўнг, Асакадаги савдо техникумини тамомлаган Зарифахон Тўраева аввалига савдо соҳасида, сўнгра Андижон туманидаги ижтимоий таъминот бўлимида ишлади. Турмушга чиққач, ўзини оиласи, фарзандлари тарбиясига бағишлади. Умр йўлдоши Баҳодир ака билан бахтли ҳаёт кечирди. 3   фарзанднинг меҳрибон онаси бўлиб, уларнинг таълим-тарбиясига эътиборини қаратди. Аммо, афсуски, ҳаёт бир текис кетмас экан. Туйқус ўлим Зарифа опанинг турмуш ўртоғини ҳаётдан эрта олиб кетди.

Рўзғор юритиш, уч норасидани ёлғизқўллик билан оёққа қўйиш осон эмас. Шу боис, Зарифа опа Олтинкўлга, онасининг ёнига кўчиб ўтди. "Одамлар билан ишласам, овунаман, уларнинг дардини тинглаб, дардимни унутаман" дея, "Гулбоғ-Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғинига ишга кирди. Дастлаб масъул котиб, сўнг маслаҳатчи, кейинчалик мутахассис лавозимларида ишлади. Айни кунларда "Гулбоғ-Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосаридир.

Маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан деярли ярмини  хотин-қизлар ташкил этади.

Зарифа опа фаолияти давомида бор эътиборини оилаларни мустаҳкамлаш,  хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратади. Ундан ёрдам сўраб келган маҳалладошларга имкон қадар кўмак берди, ҳар бир оила, маҳалланинг тинч, обод бўлиши учун ҳаракат қилди.

  - Оила бу - сарой!, - деб таъриф беради Зарифа опа. - Бу саройнинг номи - бахт, пойдевори - ҳамжиҳатлик, ғиштлари сабр ва шукр, девори иймондир. Буни яхши англаган ва қадрига етган инсонларнинг оиласи бахтли ва мустаҳкам бўлади. Биз маҳалладаги ҳар бир оиланинг мустаҳкам, тинч-тотув бўлишига ҳаракат қиламиз. Маҳалламиз раиси Дилшодбек    Деҳқонов, масъул котиб Намунахон Абдуллаева, отинойиларимиз, тарғибот гуруҳи аъзолари, оқсоқоллар, кўчабошилар билан биргаликда асосий эътиборни нотинч, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қаратамиз. Шукр, маҳалламиз тинч, жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари йўқ. Одамларимиз ҳалол меҳнат қилиб, тирикчилик ўтказиб келмоқда. 

"Меҳнат қилган - элда азиз", деганларидек, Зарифа опанинг фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, истиқлол байрами арафасида "Соғлом турмуш" медали билан тақдирланди.

- Камтарона меҳнатларим эътиборга тушганидан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди Зарифахон Тўраева. - Қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман,  Маҳаллада ундим-ўсдим, маҳалла ишида қадр топдим. Мен мана шу муқаддас гўша учун боримни беришга тайёрман.

Дарҳақиқат, эътироф кишини руҳлантиради, куч-қувват бахш этиб, юксак мақсадлар сари ундайди. Меҳнатлари эътироф этилган Зарифахон Тўраева ҳам ана шу эътирофга муносиб бўлиш учун янада фидоийлик билан меҳнат қилишига асло, шубҳа йўқ.  

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА