+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Сен 2022

Ўқитувчилик - олий мақом

Ўқитувчи, устоз... Ўқувчига меҳр ила илм беради, зиё улашади. Муаллимдек улуғ  зот сабоғини олган бугунги ёшлар  билимдон, ҳар соҳада етук бўлиб камол топмоқда. Чунки улар мактаб сабоғини олган, муаллим таълим-тарбиясида вояга етган.

Ўқувчиларнинг миллий қадрият, қадим анъаналаримиз руҳида тарбия топишлари учун  ўқитувчи бор меҳри, маҳорати, билимини ишга солади. Қадриятлар инсоннинг шахс сифатида  шаклланишига, хулқига, маънавий оламига, тафаккурига катта таъсир кўрсатувчи кучдир. 

Қадриятларнинг ўқувчилар онгига сингдирилиши энг аввало, оиладан бошланса,  кейинчалик, мактабгача тарбия, мактаб, бошқа таълим масканларида давом этади. Миллий қадриятлар ўтмиш ва келажакни бирлаштирувчи, боғловчи кўприк эканлиги ҳаётда ўз тасдиғини топган. Ҳаётий қадриятлар ҳар қандай давр ва маконда ҳам  ўзгармайди. Гўзал одатларимиз, қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда   ўқитувчи ва  мураббийларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Болалик давридан илк сабоқ берган устоз сиймоси ўқувчи қалбида бир умр  сақланиб қолади. Ханифа ая деган бошланғич синф ўқитувчиси бўлар эди. Бир неча  йиллар 1- синфларга дарс берган аяни собиқ ўқувчилари ҳали-ҳануз миннатдор бўлиб  эслайдилар. "Онамиз каби жуда   қадрли эди", дейишади. Ханифа аянинг иш ҳужжатлари  ёнида ҳар куни нон, ширинликлар бўлар, ўқувчиларини танаффус пайтида егуликлар  билан сийлар, дарсда аълога ўқиган ўқувчиларга совға, туҳфалар улашар,  ўзлаштира олмаётган  ўқувчини   дарсдан  сўнг уйига  олиб  кетиб, унга  қўшимча  дарслар  ўтар, хуллас, синфда барча ўқувчиларнинг баб-баравар ўзлаштириб, кейинги синфга  "аълочилар синфи" номи билан ўтишларига эришмагунча қўймасди.

Бутун синф ўқувчиларининг ёзувлари бир хилда ҳуснихат билан ёзилар, ҳарфларнинг катта-кичиклиги, ёзув қоидаларига қатъий амал қилинишига алоҳида эътибор  қаратарди. Собиқ ўқувчиларнинг эслашича, "Ёзувингиз чиройли экан, мабодо Ханифа ая ўқитмаганми?" деб сўровчилар ҳам бўлиб турар экан.  Синфда дарс тайёрламаган ўқувчи ҳам дарсдан сўнг олиб  қолинар, мавзуни  ўзлаштирмагунича, унга  жавоб  берилмас  экан. Меҳнаткаш, талабчан, қаттиққўл  ўқитувчини собиқ ўқувчи олийгоҳ талабаси  бўлганда, эгаллаган  мутахассислиги бўйича яхши иш ўрнига эга бўлганда, ҳаётда ўрин  топиб, обрў қозонганда эслайди, миннатдорлик билан ёдга олади.

 Бошланғич синфдан  ўқувчиларини юқори синфга кузатган ўқитувчи ўз фарзандидек бўлиб қолган  ўқувчиларидан хабар олиб туришини кўп кузатаман. Болаларни севган,  ўқувчиларини фарзандларидек эъзозлаган ўқитувчи ҳеч қачон уларнинг тақдирига бефарқ  бўлмайди. Ўқувчисининг  ҳаётда  юксак  натижаларга эришганини кўриш унинг  учун  энг катта мукофотдир.

Ўқитувчи-хокисор, у ўқувчига билим бериш учун тинимсиз изланади,  муттасил ўқийди, умрининг асосий даврини ўқувчиларга таълим-тарбия беришга бағишлайди. Юксак ахлоқли, олижаноб фазилатли инсонларни тарбиялашда ўқитувчи, мураббийнинг хизматини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.  Ана шу улуғ касбга меҳр қўйган ҳар бир инсоннинг қалбида устозлик мақомини улуғлаш ҳис-туйғуси мужассамдир. 

Умида  ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон  Журналистлари уюшмаси аъзоси.