+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Сен 2022

ИНСОН ҚАДРИ УЛУFЛАНАЁТГАН ЮРТ ФАРЗАНДИ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги  туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Жалақудуқ туманининг асосан, қирғизлар яшайдиган Абдуллабий қишлоғидаги 29-умумтаълим мактаби қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулбаҳор Маматхалилова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади.

Гулбаҳор Маматхалилованинг Қирғизистон давлат университети қирғиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, ўзи таҳсил олган мактабда иш бошлаганига ҳам қарийб қириқ йил бўлди.

 Ўз даврида ёш мутахассис устозлари, хусусан, таълим тизимида бир умр меҳнат қилган, география фани ўқитувчиси, падарибузруквори Садрбек Маматхалиловдан ўқитувчилик касбининг сир-асрорларини ўрганди, билимларини бойитди. Минглаб ёшларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари ниҳоятда катта.

Айни кунда дарслар ўзбек ва қирғиз тилида ўқитиладиган мазкур мактабда уч юз нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Мактабда ўқувчиларнинг ўзлари танлаган тил бўйича ўқиши, билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.

- Эътироф этиш керакки, Гулбаҳор Маматхалилова меҳнат фаолияти давомида доимий изланади, ўз устида тинимсиз ишлайди, ўқийди, ўрганади, - дейди мактаб директори Матлубахон Эрмакова. - Ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратади, услубий қўлланма ва тавсияномалар ишлаб чиққан. Унинг илғор иш услубларини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича турли йилларда туман, вилоят миқёсида семинарлар ўтказилган.

Бугун Гулбаҳор Маматхалилова ўз ишининг етук мутахассиси, моҳир ва тажрибали устоз сифатида эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган. Ташаббускорлиги, интилувчанлиги, камтар ва фидойилиги, қолаверса, касбига, шогирдларга бўлган меҳр-муҳаббати, ҳар қандай вазиятда ҳам ўқувчилар кўнглига йўл топа олиши унинг фаолияти самарали бўлишида, ёшларга пухта билим беришида муҳим омил бўлмоқда.

Тажрибали педагог дарсларни ноанъанавий усулларда ўтишга, қирғиз тили ва миллий анъаналарини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратди. Устознинг жуда кўп ўқувчилари турли йилларда фан олимпиадасининг туман, вилоят, республика босқичларида ғолибликни қўлга киритишган. У таълим берган ўқувчиларнинг кўпчилиги бугун олий ўқув  юртларида ўқишмоқда. 

- Айни кунда вилоятимиздаги бир нечта мактабда таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади, ўнлаб мактабларда қирғиз тилида ўқийдиган    синфлар бор, - дейди Гулбаҳор Маматхалилова. - Бундан ташқари, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олишмоқда. Умуман, юртимизда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўла таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли, оддий ўқитувчи Г. Маматхалилова ҳам бутун фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилди. Шу боис ҳам, эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланди.

-      Қирғиз миллати вакили, чекка қишлоқда яшаётган оддий ўқитувчи бўлсам-да, меҳнатларим эътироф этилиб, қадр топганимдан бошим кўкка етади, - дейди Г. Маматхалилова. - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, "Дўстлик" ордени билан тақдирланганлигим ана шу эътирофнинг намунасидир. Очиғи, инсон қадри улуғланадиган, миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

 Кўрсатилган эътибор, меҳнатларим эътирофи, берилган юксак мукофот менга куч, шижоат беради, янада фаол бўлишга, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди.

 

Фахриддин Ибайдуллаев