+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Март 2023

ТОНГ МАЛИКАСИ

Орамиздаги аёллар

Ҳали бомдод намозига азон чақирилмаган. Ҳатто, хўрозлар ҳам уйқуда. Ташқарида қалин туман, совуқ этни жунжиктиради. Кўчалар бўм-бўш. Сукунатни супургининг товуши бузади.

Катта йўл бўйида жойлашган уйнинг 4- қаватда яшаганим, бу ерга яқиндагина кўчиб келганим боис, пастдаги супурги овози уйимга эшитилади. Уйқум ўчди, чироқни ёқдим. Соат тонгги 5.00. Тавба, шу вақтда ким кўча супуради? Беихтиёр балконга чиқиб пастга қарадим.

Сариқ камзулли аёл катта супурги билан йўл четларини супуриб юрибди. "Кундузи супурса бўлмасмикин?", дея ўйладим.

Ўша аёлни тушда, боламни мактабга кузатаётиб ҳам, кечки пайт чиқинди ташлагани чиққанимда ҳам кўрдим. У чиқинди қутилари атрофларини тозалаб юрарди...

Суриштириб, аёлнинг ўзи билан суҳбатлашдим. Унинг исми Марғуба бўлиб, шаҳар ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлар экан.

- Болаликдан ҳамшира бўлишни орзу қилардим, - деб гап бошлайди Марғуба Мадалиева. - Ҳаёт экан, турли синовлар сабаб ўқишга имконим бўлмади, кейин эса турмушга узатиб юборишди. Катта оила, бир ҳовлида тўрт овсинмиз. Турмуш ўртоғим ободонлаштириш бошқармасида дарахт кесувчи бўлиб ишларди. Хуллас, рўзғорга ёрдам бериш учун ёнига кириб ишлашни, рўзғорга ёрдам беришни истадим. Мана, ўн йилдан ошди, турмуш ўртоғим билан ишлаб, рўзғоримизни бутлаб келаяпмиз.

Кўчанинг тозалиги, саранжом-саришта ва ободлигига жавобгар биргина фаррошлар эмас. Гулчилар, дарахт кесувчилар, сувчилар ҳам бор. Аммо улар орасида энг кўп меҳнат албатта, фаррошларники. Андижон шаҳрининг биргина Бобур шоҳкўчасининг ўзига 21 нафар фаррош бириктирилган. Уларнинг барчаси ҳам Марғуба сингари тун пардасини кўтармай туриб иш жойларида бўлади.

Тан олайлик, ҳатто қуёш уйғонмасидан ўз вазифасини бажаришга киришадиган бу меҳнаткаш инсонларни баъзан пайқамаймиз, баъзан меҳнатини қадрламай, ранжитамиз. Аммо бир кун уларнинг ўрнида ишлаб кўрсангиз, бу меҳнатнинг машаққатлари, масъулиятини, об-ҳавонинг инжиқликларию кўчанинг залворли юкини ҳис этасиз. Ана шундагина бу касб эгалари ҳалол ризқ орқасидан бола-чақа боқаётганини тан оласиз!

-      Инсонлар орасида чиқиндини фақат ахлат қутисига ташлайдиган, кўчада, ҳатто тупуришга ҳам уяладиган маданиятли кишилар ва аксинча, эндигина супурилган йўлакка қанд қоғоз, сигарет қолдиғи ёки музқаймоқ қутисини ташлаб кетувчилар, писта чақиб, пўчоғини сочиб ўтувчилар ҳам бор. Начора, одамлар турлича. Бунга кўп ҳам парво қилавермайман. Лекин ҳаётда яхши инсонлар кўп. Айримлар жазирамада қўярда-қўймай  салқин ичимликлар, музқаймоқ  бериб  кетиишади. "Опалар, чарчамадингларми,  чанқамадингларми?", дея икки оғиз илиқ сўз айтиб, кўнглимизни кўтаради. Ана шундай инсонларнинг борлиги учун ҳам меҳнатимизнинг машаққатлари билинмайди,  - дейди Марғуба.

Тонг ёришмасидан иш бошлайдиган бу жувонга маҳалламиз болалари "Тонг маликаси" деб ном қўйиб ҳам қўйишибди.

Йўлни супуриш, чиқиндилардан тозалаш, умуман, вазифаси билан боғлиқ барча ишларни у масъулият билан бажаради. Меҳнатига яраша қанча маош олишини сўраганимда эса, камтарона жилмайиб: "Аллоҳ баракасини беряпти", деб қўйди.

Дарҳақиқат, ободонлаштириш   бошқармаси ишчиларига тўланаётган ҳақ улар қилаётган меҳнатларига яраша эмас. Фаррошлар 2 миллион сўмга етиб-етмай ойлик олишади. Аммо улар нолимайдилар.

- Аввалгига нисбатан шароитлар анча яхшиланган, - дейди Марғуба Мадалиева. - Ходимлар ҳар уч ойда рағбатлантириб турилади. Ҳайит-байрамларда совғалар, мукофотлар берилади. Вилоят ҳокими ҳар йили 8 март байрамида биз учун алоҳида байрам ташкиллаштиради. Яхши ишлаган ишчиларга саёҳатларга, дам олиш масканларига йўлланмалар берилади. Умуман, қаерда, қандай соҳада  ишлашингдан қатъи назар, меҳнатингдан рози бўлиб, вазифангни сидқидилдан, шукроналик билан бажарсанг, албатта кўзлаган мақсадингга эришасан, топган-тутганингга ҳам барака ёғилади.

Баъзи инсонлар фаррошларга паст назар билан қарашга ўрганиб қолган. Худди фаррош одам эмасдек. Баъзилар эса яқин кишисининг фаррош, кўча супурувчи бўлиб ишлаётганидан ор қилади. Аммо билмайдики, чор-атрофни тозалаб, ораста ҳолга келтираётганларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўчаларимиз, гузарларимиз файзлидир. Озодалик бор жойда хотиржамлик бўлади, бало-қазо нари кетади.

-      Фаррошлигимдан уялмайман, аксинча, фахрланаман, - дейди тонг маликаси Марғуба Мамадалиева. - Негаки, мен ҳалол меҳнат қиляпман, шу иш ортидан бола-чақа боқяпман. Ота-онам, болаларим бағримда, ҳамма нарсам етарли, шунинг ўзи мен учун энг катта бахт.

 

Муаззам ИБРАГИМОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.