+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ХОНОБОДДА ЯНГИ ДЕҲҚОН БОЗОРИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳри юртимизнинг йилдан-йилга юксалиб бораётган обод масканларидан биридир. Кейинги йилларда шаҳарда қурилиш, ободонлаштириш борасида улкан ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Айниқса, шаҳар ва шаҳар атрофи янгича қиёфа касб этгани, кўчалар кенгайтирилиб, янги-янги савдо, хизмат кўрсатиш объектларининг ишга туширилганлиги аҳолининг турмуш фаровонлигининг юксалишига, қолаверса, сайёҳлар оқимининг янада ортишига хизмат қилмоқда.

Хонобод шаҳрида кўп йиллардан буён қаровсиз ҳолда ётган ер майдонида янги, замонавий, барча қулайликларга эга умумий қиймати 5 миллирад сўмга тенг лойиҳа доирасида марказий деҳқон бозорининг барпо этилгани ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

-      Янги деҳқон бозори қурилиб, ишга туширилганлигидан барча хонободликлар беҳад мамнун, - дейди меҳнат фахрийси Усмонжон Худойбердиев. - Ишонаманки, ушбу бозор нафақат хонободликлар, балки шаҳар меҳмонларига хизмат қиладиган гавжум масканлардан бирига айланади.

Бозорда гўшт, сут, тухум, умуман, барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда алоҳида хўжалик моллари сотишга мўлжалланган савдо расталари мавжуд. Шунингдек, бозор ҳудудига бир нечта банкоматлар ўрнатилганлиги, автомобиллар тураргоҳи ташкил этилганлиги ҳам аҳолига катта қулайлик яратади.

В.Аҳматхонов.

"ЯШИЛ МАКОН" УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИІАСИ ДОИРАСИДА 8,5 МИЛЛИОН ТУПДАН ЗИЁД КЎЧАТ ВА ҚАЛАМЧАЛАР ЭКИЛАДИ

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳа доирасида жорий йил куз мавсумида вилоятда 9 миллион 550 минг туп мевали, манзарали дарахт кўчатлари ҳамда қаламчалар экилиши режалаштирилган.

Жумладан, экиладиган кўчат ва қаламчаларнинг 48,2 минг тупи умумфойдаланадиган автомобиль йўллари ёқасига, 2 миллион 367,6 минг тупи қишлоқ хўжалиги ерларининг муҳофаза ҳудуди барпо этиладиган ерларга, 132,5 минг тупи ўрмон фонди ерларига, 129,8 минг тупи ижтимоий соҳа муассасалари - олий ўқув юртлари, мактабгача ва мактаб таълими,  шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳудудларига, 240,8 минг тупи корхона, ташкилотлар, хизмат кўрсатиш муассасалари ҳудудларига, 351,3 минг тупи туман ва шаҳарлар ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудларга ҳамда 2 миллион 135,4 минг тупи маҳаллалар ҳудудларига, 1 миллион 128 минг тупи боғ, ток ва тутзорлар барпо этиладиган ҳудудларга, 1 минг тупи вазирлик ва идора боғларига, 5,7 минг тупи вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлар боғлари ҳудудига ва 10,2 минг тупи атроф-муҳитга таъсир хавфи бўлган йирик саноат корхоналари ва уларга туташ "яшил белбоғ" ҳудудларига экилиши кўзда тутилган.

"Яшил макон" лойиҳаси доирасида кўчат экиш жараёнида ҳудудларга вилоятнинг иқлим шароитига мос келувчи арча, павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, япон сафораси, терак, узум, шумтол сингари 34 турдаги мевали ва манзарали кўчатлар экилиши белгиланган.

-      Халқимизда "Яхшидан боғ қолади, деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган, - дейди "Нуроний" уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов. - Қолаверса, кўчат экиш, ҳудудларни яшил маконга айлантиришдек хайрли иш халқимизга хос анъана, қадрият. Шу боис ҳам, ушбу жараёнда каттаю кичик фаол иштирок этмоқда.

Ўтган йилги тажрибалардан келиб чиқиб, вилоятда 8,5 миллион донадан зиёд мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари, қаламчалар захираси яратилмоқда. Уларнинг 2,5 миллион донаси Андижон давлат ўрмон хўжалиги ер майдонларида, 6 миллион донаси эса вилоятдаги кўчатчиликка ихтисослаш-тирилган фермер хўжаликлари, хусусий тадбиркорлар ҳамда аҳоли хонадонларида етиштирилмоқда.

Айни кунларда "Яшил макон"   лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида  юқори кўтаринкилик билан олиб борилмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ

ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Маълумки, 2011 йили 11 октябрда БМТ Бош ассамблеясининг тегишли резолюцияси билан халқаро қизлар кунига асос солинган. Шундан бери дунёнинг барча мамлакатларида ушбу сана куни кенг нишонланиб келинади.

Ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда жамиятда қизларнинг камситилиши, хўрланишига бархам берилиши, қизларнинг ижтимоий муаммолари хал этилиши, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказилади. 

Юртимизда миллат давомчилари бўлмиш - қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тарбияси, уларнинг турли тазйиқ ва камситишларга учрашларига йўл қўймаслик, муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро қизлар куни муносабати билан Андижон шаҳрида қатор тадбирлар ўтказилди. Шаҳардаги гавжум масканлардан бири - Эко паркда бошланган тадбирга маҳаллалардаги фаол қизлар, умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчи қизлари, шунингдек, тарбияси оғир қизлар жалб этилди.

Тадбир иштирокчилари     Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида бўлиб, мактаб ўқувчилари, ижодкор қизлар билан мулоқотда бўлишди, қизлар томонидан шеърлар ўқилди.

Шунингдек, тадбир қатнашчилари шаҳримиздаги "Ишга марҳамат" моно марказида бўлиб, марказдаги ўқувчи қизлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Динар" корхонасига борилди. Бу ердаги иш жараёнлари, замонавий   дастгоҳларни бошқараётган қиз-аёлларнинг фаолияти қизларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Якунда иштирокчилар 3- сонли мусиқа мактабида бўлишди. Бу ерда ёш санъаткорлар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

Наргиза УЛУҒБЕКОВА,

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.

"КИТОБ ҚАЛБ ГАВҲАРИ, КЎНГИЛ ЗИЙНАТИ"

Ана шу мавзуда ўтказилган маданий-маърифий тадбирда китобхонлар, талабалар институтимиз ахборот-ресурс марказига янги келтирилган адабиётлар билан танишдилар.

Профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирокидаги тадбир очилишида сўз олган институт роман-герман ва славян тиллари факультети Ўзбек тили ва шарқ тилшунослиги кафедра мудири Зебо Қобулова китобни севиш, уни улуғлаш кераклиги, китоб ўқиган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топиши хусусида гапирди, китоб билан боғлиқ қизиқарли ва ибратли ҳикоятларни сўзлаб берди. Хусусан, Конфуцийни китоб ҳақида айтган  афоризмлари, Беруний, Абу Наср   Форобий каби файласуфларнинг китоб ва китоб мутолааси ҳақидаги қарашлари ҳақида талаба ёшларга қизиқарли маълумотлар берди.

Инглиз филологияси, ўқитиш методикаси ва таржимашунослик факультети Гид ҳамроҳлиги кафедраси мудири Жасурбек Эгамбердиев ахборот-ресурс маркази имкониятлари, бу ерда китобхонларга яратилган шароитлар, шунингдек, тадбирнинг аҳамияти ҳақида  тўхталди.

Тадбир давомида китоб ўқишга тарғиб қилувчи видеолавҳа намойиш этилди, Айниқса, "Китоб қалб гавҳари, кўнгил зийнати" мавзусидаги китоблар ҳақида қизиқарли маълумотлар акс этган кўргазма барчада катта қизиқиш уйғотди.

 Ахборот-ресурс маркази янги, қизиқарли бадиий адабиётлар билан бойитилганлигидан барча мамнун бўлди.  Умуман, тадбир талаба ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини оширишга, китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилди.

Наргиза РУСТАМОВА,

Андижон давлат чет тиллари институти Ахборот-ресурс маркази  директори.

«КИТОБДАН ЯҚИН ДЎСТ БЎЛМАС»

Мана бир неча йилдирки, юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус лойиҳаси доирасида ташкилот,корхона, муассасалар, ўқув юртлари ва ҳарбий қисмларда турли мавзуларда тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Айниқса, адабиёт, китобхонлик тарғиботи, мутолаа маданиятини юксалтиришга бағишланган тадбирлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Яқинда ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қўрғонтепа туманида жойлашган ҳарбий    қисмда ўтказилган "Китобдан яқин дўст бўлмас" деб номланган маънавий-маърифий тадбир, китоблар кўргазмаси ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Гулбаҳор Қосимова иштирокида ташкил этилган тадбирда ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар китобнинг инсон ҳаёти ва камолотидаги ўрни ва роли, буюк сиймоларнинг китоб ҳақидаги фикрлари, китоб мутолааси бўйича мулоҳазаларини айтиб ўтдилар.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ташкил этилган китоб ярмаркасидан ўзларини қизиқтирган миллий адабиётимиз вакиллари, жаҳон адибларининг китобларини, шунингдек, фарзандлари учун шеърий ва эртаклар тўпламларини сотиб олдилар.

Тадбир ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада оширди.

 

Шоҳрух ҲУСЕНОВ,

ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, капитан.    

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам кимларга тайинланади?

 

Буни билиб олинг

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олишни истовчи оилалар кўп. Аммо болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳаммасига ҳам ана шу ёрдам берилмайди. Хўш, нима учун? Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам ўзи кимларга берилади?

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш "Ягона реестр" АТда автоматик тарзда амалга оширилади.

Маълумот учун: "Ягона реестр" АТ, бу - идоралараро электрон маълумот алмашув асосида кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш амалга ошириладиган автоматлаштирилган ахборот тизими.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашда "Ягона реестр" АТда оиланинг расмий даромадлари, мавжуд кўчмас мол-мулклари ва автотранспорт воситалари ҳамда бошқа маълумотлари асосида мезонларга мос келиши ўрганилади. 

Бунда қуйидаги ҳолларда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад минимал истеъмол харажатлари миқдори (ҳозирги кунда 568 минг сўм)дан ошганда;

б) ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотураржой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:

ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

е) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

ё) оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этилган ҳолларда;

ж) расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда.

Бунда ариза берувчига "Ягона реестр" АТ орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки рад қилинганлиги тўғрисида электрон хабар (аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС - хабарлар хизмати орқали мобил телефон рақамига) юборилади.

 

Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси шўъба мудири.

 

Оила - муқаддас қўрғон

Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва  барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият

касб этади.

Вилоятимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан кейинги пайтларда вилоятда ажримлар сони ортиб бораётганлиги кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солмоқда.

Айни кунда 3,5 миллион нафарга яқин вилоят аҳолиси 791,5 мингдан ортиқ оила таркибида истиқомат қилади. Ушбу оилаларнинг қарийб 330  мингга яқинини ёш оилалар ташкил этади. Ҳар йили вилоятда 10 мингга яқин янги оила барпо бўлмоқда. Биргина 2023 йилнинг 8 ойи давомида 6,5 минг 534 та никоҳ рўйхатга олинди. Шу билан бирга, ана шу давр давомида 2 мингдан ортиқ ажрим қайд этилган.

Оилавий ажримлар Андижон шаҳри, Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа ва Избоскан туманларида юқори эканлигини таъкидлаш жоиз.

Таҳлилларга кўра, ажримларга асосан фарзандсизлик, оилавий келишмовчиликлар, оилага учинчи шахсларнинг аралашиши, узоқ вақт бирга яшамаслик, иқтисодий етишмовчиликлар, қонуний никоҳни бекор қилмасдан  бошқа оила қуриш ҳолатлари сабаб бўлмоқда.

Ажрашиб кетган оилаларнинг кўпчилигини ёш оилалар ташкил этади. Ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолатларда оилани мустақил бошқариш, даромад топиш салоҳиятига эга эмаслиги, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёрмаслиги кўриниб қолмоқда. Бундан ташқари, ёш оила ҳаётига қайнона, қайнота ва оиланинг бошқа аъзолари аралашиши ҳам кўплаб оилаларнинг ажрашишига сабаб бўлаётир.

Юқоридаги каби оила билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг, ажримларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Андижонда октябрь - "Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги" деб эълон қилинди. Ойлик доирасида "Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!" шиори остида қатор тарғибот, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш тадбирлари ўтказилмоқда.

- Оила, оналар ва болалар давлатимиз ҳимоясида эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,  Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. - Шу маънода бугун юртимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам оила манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, "Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!" шиори остида ўтказилаётган яраштириш тадбирлари ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ойлик доирасида Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, "Оқила аёллар" ҳаракати, "Қайноналар мактаби" фаоллари, имом-хатиблар, отинойилардан тузилган Ишчи гуруҳ томонидан белгиланган график асосида барча туман ва шаҳарларда тарғибот ва яраштириш тадбирлари ўтказилмоқда. Айни кунга қадар ана шундай тадбирлар Андижон,    Хонобод шаҳарларида Андижон, Асака, Балиқчи ва Булоқбоши туманларида бўлиб ўтди.

Ана шу тадбирларда вилоят ишчи гуруҳи томонидан ажрим ёқасида турган 159 та оила вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди. Суҳбат ва тушунтириш ишлари натижасида 70 та оила яраштирилди. Бундан ташқари, ойлик доирасида оилаларни яраштириш бўйича туман ва шаҳарларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан ажрим ёқасидаги 371 та оила муҳокама қилиниб, уларнинг 220 таси яраштирилди. Яраштирилган оилаларнинг 96 таси 30 ёшгача бўлган ёш оилалардир.

Асака туманида яшовчи Қ.И. икки маротаба уйланган. Биринчи хотинидан 2 нафар, иккинчи оиласидан 1 нафар фарзанди бор. Минг афсуски, ҳозир унинг фарзандлари отасиз улғаймоқда. Бунга сабаб унинг онасидир. Она келинлари билан муроса қилмаган, қайноналик бурчи, масъулиятини ҳис этмайди. "Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!" шиори остида ўтказилаётган яраштириш тадбирларида оилалар бузилишига сабабчи бўлаётган бу каби учинчи шахсларга нисбатан жамоатчилик таъсир чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга онахонларнинг қайнона ва келинлар билан бевосита суҳбатларда ўрталаридаги зиддиятлар уларнинг ҳар иккисини руҳий стресс ҳолатига тушириб қўйиши, оиланинг муқаддаслиги, қайнона фарзандларининг бахтли бўлиши, келин эса оиласини асраб қолиши, фарзандининг тирик етим бўлиб қолмаслиги учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши муҳимлиги, бунинг учун улар, энг аввало, кечиримли бўлиши кераклиги тушунтирилмоқда.

Оилавий ажримдан, энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига, минг афсуски, эътибор қаратмаяпти. Янада ачинарлиси эса, у кўп вақт ўтмай, шаръий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.

Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оила фарзандлари. Қизнинг ажралиб, ота уйига келиб қолиши ўша оилалардаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда ёки енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортишига,  фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам бор гап.

- Бу каби ҳолатлар мазкур йўналишдаги тарғибот ишларини янада кучайтиришни тақозо этади, - дейди вилоят бош отинойиси Шоирахон Қосимова. - Жумладан, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан туриб шаръий никоҳ билан бошқа оила қуриб олаётган, ана шу ҳолатни билатуриб, унга шаръий никоҳ ўқиётган имомларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, таълим муассасаларида, маҳаллаларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, муаммоли оилалар билан ишлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришимиз лозим.

Бу борада туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссияси, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари раислари, хотин-қизлар фаоллари, имомлар, отинойилар, умуман, кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтириш, уларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишлар натижадорлигини оширади.

Мухтасар айтганда, вилоятда ўтказилаётган мазкур ойлик оилаларни  мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, ажрашиш остонасида турган кўплаб оилаларнинг тикланишига ёрдам бермоқда.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Пахтакорлар ҳолидан хабар олинди

Айни кунларда вилоятимизда пахта йиғим-терими қизғин паллага  кирган. Вилоят пахтакорлари белгиланган йиллик марра сари кундан-кунга яқинлашиб бормоқда. Пахта хирмонининг юксалишига кўнгилли ҳашарчилар ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Вилоят Оила ва хотин-қизлар  бошқармаси ташаббуси билан  маҳаллалардаги уюшмаган аҳоли вакиллари, уй бекалари, вақтинча ишсиз хотин-қизлардан иборат  кўнгилли ҳашарчилар ҳам пахтакорлар билан бир сафда йиғим-теримда фаол иштирок этмоқдалар. Мутасаддилар теримчилар ҳолидан тез-тез хабар олишмоқда, илғорлар рағбатлантирилмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева Избоскан тумани А.Тиллабоев массивидаги "Юксак замин пахтазори ривожи" фермер хўжалиги далаларида йиғим-теримда иштирок этаётган опа-сингилларимиз ҳолидан хабар олди, улар билан мулоқотда бўлди, илғорларга совға-саломлар  улашди.

- Пахта халқимизнинг миллий бойлиги, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. - Пахтакорларга мададкор бўлаётган кўнгилли ҳашарчи опа-сингилларимиз деҳқонларнинг машаққатли меҳнатлари билан етиштирилган ана шу бойликни тезроқ йиғиб-териб олишга аҳд қилган. Бугун мен ана шу фидойи опа-сингилларимиз билан бирга пахта тердим.

Теримда қатнашаётган ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилган, тушликка эса иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда.

Шу куни пахтакорлар билан бир сафда теримда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева тушлик пайтида илғор теримчиларга совға-саломлар улашди.

 

Восит АҲМАТХОНОВ

МЕН ҲАМ ҲАРБИЙ БЎЛАМАН

ДАВРА СУҲБАТИ

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда Сарвонтепа маҳалласидаги 31- умумтаълим мактабининг 10-11- синф ўқувчилари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Давра суҳбатида ҳарбийлар ўқувчи ёшларга юртимиз Қуролли Кучларининг жанговор салоҳияти, ҳарбийлик масъулияти, ҳарбий хизматнинг машаққатлари ҳақида гапириб берди, ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.

Тадбир доирасида  ҳарбий қурол-аслаҳалар намойиши ва улардан фойдаланиш бўйича машғулотлар ўқувчиларда катта таассуротлар қолдирди.

-      Чегарачи ҳарбийларнинг ҳикоялари, айниқса, қуроллардан фойдаланиш машғулотлари менда қатта таассурот қолдирди, - дейди мактабнинг 10- синф ўқувчиси Достонбек Тожибоев. - Миллий армиямиз куч-кудратига ишончим янада ортди, ҳарбий касбга қизиқишим мустаҳкамланди. Насиб этса, келажакда мен ҳарбий бўлишни дилимга тугиб қўйдим.

Бу каби тадбирлар ўқувчиларнинг миллий армиямиз ҳақидаги тушунчаларининг бойитишга, қалбларида она Ватанга муҳаббат туйғуларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

лейтенант.  

УСТОЗЛАР ҲАҚИГА ДУОДА БЎЛАЙЛИК

 

Муаллимлик касбларнинг энг машаққатлиси. Устозсиз, мураббийсиз ҳеч қайси соҳа вакили камолотга эриша олмайди. Халқимизда "Устоз отангдек улуғ" деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Ота-она фарзандни дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга маънавий-маърифий озуқа беради, касб-ҳунар ўргатади. Бу эса инсонни икки дунё саодатига, олий мақомларига кўтаради.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Қайси бир инсон бирор устоздан таълим олган ёки ҳунар ўрганган бўлса, ул зотнинг ҳурматини жойига қўйиши ва ҳаққига доимо дуода бўлишлиги муҳимдир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг     ҳақига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.

Инсонларга яхшиликни ўргатувчи, ёмонликдан қайтарувчи, илм-ҳикматдан таълим берувчи устоз ва мураббийларнинг борлиги Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозлар хизматини алоҳида эътироф этиш керак.

Юртимизда истиқлол шарофати билан устоз ва мураббийларни улуғлаб, 1 октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" деб эълон қилинган. Бугун дунё илмларини бойитиб ёшларимизга турли соҳаларда сабоқ бериб келаётган устозларимиз борлигидан фахрланамиз.

Азиз юртдошлар! Фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлманг. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) муборак ҳадисларининг бирида "Киши ўз фарзандига молу давлат қолдиришдан кўра чиройли тарбия қолдиргани яхшироқдир", деганлар. Шундай экан, азиз дилбандларимизга чиройли тарбия, билим бераётган муҳтарам устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

 

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.