+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Дек 2019

БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС ИЖРОСИ БЎЙИЧА ҲАФТАЛИК

амалга оширилган ишлар, натижа ва самаралар сарҲисоб қилинди

Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернат ёпиқ манежида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида ҳафталик ўтказилди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган ҳафталикда барча туман ва шаҳарлар томонидан беш кун давомида ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар намойиш этилди. Бу борадаги ишлар тақдимотлари,  кўргазма ва чиқишлар вилоят ишчи комиссияси томонидан баҳолаб борилди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, яъни ташаббуснинг бешинчи йўналиши бўйича ўтказилган тадбирда опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг намунаси сифатида шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан хотин-қизлар учун яратилган иш ўринлари, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма - савдоси ташкил этилди.

Кўргазма-савдода 150 нафардан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд аёллар иштирок этиб, ишлаб чиқараётган ва тайёрлаётган маҳсулотларини намойиш этди.

 - Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда хотин-қизларни иқтисодий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, чекка, ишлаб чиқариш у қадар ривожланмаган маҳаллаларида янги иш ўринлари яратиш, "Ҳар бир оила тадбиркор" лойиҳаси асосида оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, "Уста-шогирд" анъанасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Тижорат банклари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан ажратилган кредит маблағлари, қолаверса, амалга оширилган кўплаб     лойиҳалар доирасида хотин-қизлар учун  30 минг 343 та янги иш ўрни яратилди. Бундан  ташқари, пиллачилик соҳасида, яъни ипак қурти боқишни ташкил этиш орқали 43 минг 606 нафар хотин-қизнинг  бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 майдаги "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти тизимидаги "Андижон минтақавий пахта терминали" масъулияти чекланган жамияти ҳамда хотин-қизлар қўмиталари томонидан Бўз, Улуғнор, Марҳамат, Шаҳрихон, Андижон туманларида енгил конструкцияли тикув-трикотаж йўналишида янги иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар Улуғнор, Бўз, Марҳамат туманларида ана шундай енгил конструкцияли тикувчилик мажмуалари фойдаланишга топширилди. Натижада 1 минг нафарга яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Биргина Хонобод шаҳрининг ўзида 20 га яқин трикотаж корхонасининг ишга туширилиши ва   бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида хотин-қизлар учун 514 та янги иш ўрни яратилди.

 - Шаҳримизда туризм соҳаси тобора ривожланиб бормоқда, - дейди хонободлик тадбиркор Эркиной Абдужамилова. - Ана шундан келиб чиқиб, шаҳарнинг хушхаво, адирлик ҳудудида "Қирғиз-ўзбек ўтови" дам олиш масканини ташкил этдим. Дам олиш масканида дам олувчилар учун зарур барча шароитлар яратилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш билан Хонободнинг туризм имкониятларини янада оширишга, қолаверса, 10 дан ортиқ янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшдим.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркор хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни зарур кредит маблағлари билан таъминланиши устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилган.  Жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 2 минг 646 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ва ривожлантирмоқчи бўлган аёлларга 179 миллиард 765 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 11 минг 175 нафар аёлга 129 миллиард 857 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

- Жорий йилда Халқ банкидан 25 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонимда тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман, - дейди Олтинкўл тумани "Гулбоғ Иттифоқ" маҳалласида яшовчи, ёш тадбиркор Мавлудахон Аъзамова.  - Беш нафар чевар қиз билан буюртма асосида аёллар ва болалар либосларини тикяпмиз. Тайёрлаётган маҳсулотларимиз мижозларга манзур бўлмоқда.

Избосканлик Шоҳидахон Қурбонова Халқ банкидан 40 миллион сўм кредит олиб, ўз хонадонида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Оилавий корхонада ишлаётган 5 нафар ногирон ва кам таъминланган оила вакили томонидан аёллар учун соч тақинчоқлари тайёрланмоқда. Ўзига хос, бежирим ушбу маҳсулотлар нафақат вилоятимиз, балки қўшни Наманган, Фарғона вилояти бозорларида ҳам сотилмоқда.

Тадбиркор Одинахон Қаҳҳорова раҳбарлигида Жалақудуқ тумани "Дўнгқишлоқ" маҳалласида иш олиб бораётган "Тех-Мирзиё" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги трикотаж корхонасида ишловчилар сони100 нафарга етди.

- Бундан 10 йил аввал 4 нафар ишчи билан ўз хонадонимизда иш бошлаганмиз, - дейди тадбиркор О. Қаҳҳорова. - Ўша пайтда асосан уч хил турдаги кийимини тайёрлар эдик. Кейинчалик қишлоғимизда алоҳида корхона ташкил этдик. "Ҳамкорбанк"дан 90 миллион сўм кредит олиб, ишлаб чиқаришни кенгайтирдик. Натижада корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури  30 тага етди. Маҳсулотларимиз Россия давлатига экспорт қилинади.

Келгусида қўшни маҳаллаларда корхонамиз филиалларини ташкил этиб, опа-сингилларимиз учун янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз.

Ҳафталик давомида ўтказилган тадбирларда турли кўнгилочар, бадиий дастурлар, спортчилар, ёш санъаткорлар, эстрада юлдузларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди. Айниқса, бешинчи ташаббус доирасида "Либос - маънавият кўзгуси" мавзусида вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ёш дизайнерлари томонидан қизлар ва аёлларга мўлжалланган замонавий либослар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.

Якунда беш муҳим ташаббуснинг барча йўналишлари бўйича туман ва шаҳарларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, вилоят ишчи гуруҳи хулосасига кўра, Избоскан тумани ғолиб деб топилди.   Марҳамат тумани иккинчи ўринга, Хонобод шаҳри эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ҳафталикнинг ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов  диплом ҳамда эсдалик совғалар  топширди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ