ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
"Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Тадбиркорлик: имтиёз ва имкониятлар янада кенгаяди
Қарор ва ижро
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада икки йилдан буён Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказаётган очиқ мулоқоти мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари натижасида тадбиркорлик соҳасидаги кўплаб муаммолар ҳал этилди, шу жумладан, бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлашбўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга, туман ва шаҳарларни 5 та тоифага ажратиш орқали тадбиркорликни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.
Президентимизнинг жорий йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти доирасида тадбиркорлардан келиб тушган қарийб 6 мингта мурожаатда кўтарилган муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамдамулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 4 сентябрда "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Мазкур қарор асосида ўн иккитайўналишни ўз ичига олган "йўл харитаси" тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг 1-йўналишида:
а) кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш;
б) ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш;
в) янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш;
г) юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш;
д) содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгиланган.
2- йўналишда эса "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки негизида "Бизнесни ривожлантириш банки" акциядорлик тижорат банкиниташкил этиш ва унинг фаолияти устувор равишда кичик бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш ва уларга комплекс хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши қайд этилган.
3- йўналишда Бизнесни ривожлантириш банки ҳузурида халқаро молия институтларининг маблағлари ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали истиқболли кичик бизнес лойиҳаларини амалга оширадиган "Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси" масъулияти чекланган жамияти, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кичик тадбиркорлик субъектларига бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва ишга туширишга кўмаклашиш, уларга консалтинг хизматларини кўрсатишга кичик бизнесга кўмаклашиш марказларини ташкил этиш вазифаси юкланган.
Кейинги йўналишларда эса, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини кенгайтириш ва янги кичик бизнес лойиҳаларини ишга тушириш, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг саноат соҳаларида "140 та илғор саноат корхонаси" дастурини амалга оширишжараёнларини рақамлаштиришни назарда тутувчи электрон платформани ишга тушириш,қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши (tax gap) коэффициентини қўллаш амалиётини тақиқлаш, камерал солиқ текширувини ўтказишда тадбиркорлик субъектлар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолиятини олиб бориш, амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатини ва бу борада тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи "Қорақалпоғистонда бизнес қилинг" дастурини амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.
Президентимизнинг ушбу қарори ва қарор асосида тасдиқланган Йўл харитасида тадбиркорларга бериладиган имтиёз, имконият ва афзалликлар юртимизда тадбиркорликнинг ривожланишига, мамлакатимиз иқтисодиётини ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади.
ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ - МУҲИМ МАСАЛА
Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" гиқарорига асосан, мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар пайшанбаси"Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" деб белгиланган.
Ушбу қарорда белгиланган вазифалар, қолаверса, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунини ўтказиш ҳамда "Армия - ватанпарварлик ва жасорат мактаби" шиори остидаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган идоралараро комиссия томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан, ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан жойлардаги ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича турли тадбирлар, семинар, мулоқот ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ҳарбий прокуратура масъулларининг мавзуларга оид кўргазмали қуроллар, қизиқарли видеороликлардан кенг фойдаланишлари ўтказилаётган ана шу тадбирлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Андижон шаҳридаги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда "Жиноятчиликнинг олдини олиш барчанинг иши" мавзусида ўтказилган тадбирда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада ҳарбий хизматчиларнинг бурч ва масъулияти, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслиги хусусида сўз юритилди.
Иштирокчилар томонидан ҳарбий хизматчилар орасида ҳарбий уставга зид муносабатлар шаклланишига йўл қўймаслик, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир сўнггида "Жиноятга жазо муқаррар " деб номланган видеоролик намойиш этилди.
Қизиқарли фикрлар, мунозаралар асосида ўтказилаётган бу каби тадбирлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг кескин камайишига, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий билимларини янада бойитишга ёрдам бермоқда.
Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан юқорида қайд этилган Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган тадбирлар вилоятдаги бошқа ҳарбий қисмларда ҳам режа асосида ташкил этилмоқда.
Искандарбек ЮНУСОВ,
Андижон ҳарбий прокурори катта ёрдамчиси, адлия катта лейтенанти.
ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ БОШ ҚОМУС: ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИ КАФОЛАТЛАНГАН
ҲуҚуҚий тарҒибот
Асосий мақсадга ўтишдан аввал, Конституция сўзининг луғавий маъносига тўхталиб ўтсак. Конституция сўзи - низом, қоидалар тўплами деган маъноларни англатади. Ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятига кўра, фуқаролар ва конституция амал қилаётган жамиятнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди.
Шу билан бирга, унда қонун барча учун баравар эканлиги устувор этиб белгиланган. Бу тенгликни қатор моддалар англатиб туради.
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ референдумида Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи Конституциявий қонун лойиҳаси маъқулланди.
Янги таҳрирдаги бош қонунимизга жуда кўп ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциямизда илгари амал қилиб келган "давлат - жамият - инсон тамойили""инсон - жамият - давлат" тарзида ўзгартирилди, яъни, инсон ҳуқуқ ва манфаати, шаъни ва қадр-қимматиҳар нарсадан устун эканлиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу билан инсон омили мамлакатимизда биринчи ўринга чиқарилди. Энди юртимиздаги ҳар қандай давлат ташкилоти энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфатларидан келиб чиқиб фаолият юритади.
Эндиликда ушбу ҳужжатни бемалол Халқ Конституцияси деб айтишимиз мумкин. Чунки унда аҳолиниг барча қатламлари, шу жумладан, аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳатто, маҳкумлар - барча-барчасининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинган. Буни янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг қуйидаги моддаларида яққол кўришимиз мумкин:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасида:
Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида эса:
Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари,почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айта оламизки, янги таҳрирдаги бош қомусимиз халқимиз, фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Таниш-билишчилик, бошқа ноқонуний йўллар билан иш битириш каби холатлар борлигини афсуски, ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Ана шундай ҳолатлар сабаб баъзи соҳалар ривожи қийин кечмоқда, оқсамоқда.
Дарҳақиқат, коррупция - жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётига жиддий даражада путур етказади. Ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради, давлатга ишончни йўқотади, жамиятдаги маънавий муҳитни бузади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, агар давлат органлари тизимида коррупцияга қарши ўз вақтида кескин чоралар кўрилмаса, ўша тизим аста-секин емирилиб, инқирозга юз тутади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда инсон қадри ва шаънини камситадиган, ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатадиган иллат - коррупцияга қарши курашиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимиздакоррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган. 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг махсус қисми нормаларини таҳлил қилиб, айтиш жоизки, мазкур қонунда коррупция билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун 20 га яқин моддада жавобгарлик белгиланган.
Жиноят кодексининг 210- моддаси, яъни "Пора олиш" жиноятига алоҳида тўхталиб ўтсак. Мазкур ҳолатда ҳар икки тараф, яъни пора олувчи ҳам, пора берувчи ҳам жиноятдан бирдек манфаатдор бўлгани учун ушбу турдаги жиноятларнинг яширинлик даражаси юқори ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, пора олиш билан боғлиқ холатларни, аввало фош этишда, қолаверса, айбдор шахсларнинг айбини исботлашда катта тўсиқ ҳисобланади.
Шуни инобатга олиб, порахўрлик жиноятини очиш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш, шунингдек, ушбу жиноятнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддалари 4-қисмларида пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганшахсни жавобгарликдан озод этиш шартлари белгиланган.
Ушбу нормага мувофиқ, пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс, агар жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилса ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, жавобгарликдан озод қилинади.
Мамлакатимизда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларниг Конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш жараёнини қатъий тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентиниг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси мурожаатларни кўриб чиқиш аҳоли билан тўғридан- тўғри мулоқот қилишнинг муҳим, ўзига хос тизимига айланди. Авваллари одамлар ўз муаммоси раҳбарларга етиб бормаслиги сабабли, уни кимлардир орқали ҳал этган бўлса, эндиликда тўғридан-тўғри раҳбарлар билан мулоқот қилмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан коррупциявий холатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда аҳолининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда барча ташкилотлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш чора-тадбирларини кўриши, айниқса, мансабдор ва масъул шахсларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини кучайтириш муҳимдир. Бундан ташқари, таълим муассасалари, маҳаллаларда ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини мунтазам ўтказиб борилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонун талаблари ва белгиланган тартибларни ҳар биримиз билишимиз, ана шу иллатнинг барҳам топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.
Хуршидбек ИСОМИДДИНОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг раиси.
Андижон шаҳар педагогика коллежида 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланиб "Устозим, ардоғимдасиз!" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Коллеж ўқувчилари ташаббуси билан ташкил этилган байрам тадбирида ўқувчилар, ўқитувчилар ва фахрий устозлар иштирок этди. Тадбирда сўз олган ўқувчилар билим олишлари, малакали мутахассис бўлиб етишишларида устозларининг хизматлари беқиёс эканлагини алоҳида таъкидладилар.
Иқтидорли ўқувчилар томонидан устозларни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланди. Тадбир устозлар қалбига хуш ва байрамона кайфият улашди.
Хўжаобод туманида ФИФАнинг "Football capaingn" дастури доирасида қизлар футбол фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томониданкейинги йилларда юртимизда миллионлар ўйини ҳисобланган футболга, хусусан, қизлар, аёллар футболи ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, аёллар футбол жамоаларининг тўлақонли фаолият юритишлари, ёш қизларнинг футбол билан шуғулланишлари, иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ҳамкорлигидаги амалга оширилаётган "Football capaingn" дастури ҳам ана шу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Фестивалда вилоятдаги футболга қизиқувчи, умумтаълим мактабларидаги футбол тўгаракларига ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига жалб этилган юз нафардан зиёд 8 - 12 ёшли қизлар иштирок этишди.
Фестиваль давомида вилоят футбол ассоциацияси мутахассислари, таниқли футболчилар томонидан машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказилди.
-Қизлар футбол фестивали жуда қизиқарли ўтди, - дейди Хўжаобод туманидаги 3- умумтаълим мактаби ўқувчиси Райёна Дилмуродова. - Ўтказилган машғулотлар, маҳорат дарсларида футбол назарияси, техникасига оид кўп нарсаларни ўргандик. Энг асосийси, фестиваль бизга катта мотивация берди, футболга бўлган қизиқишимизни янада оширди.
Юртимизнинг чекка ва олис ҳудудларида яшаётган қизларни футболга қизиқтириш ва жалб этиш, ёш иқтидорларни юзага чиқариш мақсадида ўтказилаётган ушбу фестиваль иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Педагогик фаолиятимни бошлаганимга 32 йил бўлди. Шунча йиллик фаолиятим, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, боланинг келажаги учун тамал тоши, муҳим пойдевор бўладиган таълим, бу -шубҳасиз, бошланғич таълимдир. Таълим пойдевори мустаҳкам бўлмаган ўқувчидан зиёли, маънавиятли инсон, малакали мутахассис, саводли ишчи-ходим чиқишини кутиш - худди арпа экиббуғдой унишини кутиш билан баробар.
Бошланғич синф ўқитувчиси ҳар томонлама билимли, изланувчан, энг муҳими, бағрикенг бўлмоғи лозим. Мен раҳбарлик қилаётган 2-А синфида 23 нафар ўқувчи бор. Ўқувчиларимнинг ҳар бири - бир олам. Ҳар бирининг ўзига хос табиати, феъл-атвори,инжиқликлари бор.
Уларнинг мактабга илк бор қадам қўйган пайтларини яхши эслайман. Кимдир дарсга чанқоқ, илм олишга қизиқувчан, мактабни яхши кўради. Кимдир эса ҳали болаликни тарк этмаган, боғчаси билан мактабни таққослайди, уйига кетиб қолгиси келади. қайсидир бола уятчан, фикрини очиқ ифодалашга қўрқади. Кимгадир партада ўтириш ноқулай, кимнидир тез қорни очади.
Ҳар бир боланинг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бор. Боланинг уқувсизи, қобилиятсизи бўлмайди. Фақат ношуд педагог, ёмон ўқитувчигина боладаги ўзига хослик, қобилиятни кўра олмайди.
Бошланғич синф ўқитувчиси сифатли таълимга, натижага - мурғак қалбларга оналик меҳрини бериб, мактабда оилавий муҳитни яратиб, бир сўз билан айтганда, бола қалбидан жой олибгина эришиши мумкин.
Мана, янги ўқув йилини ҳам бошлаб олдик. Ўтган ўқув йили давомида ўқувчиларим қалбидан жой ололдим, деб ўйлайман. Мактабимиз Шаҳрихон туманининг Бегбачча маҳалласида жойлашган. Мен эса таълим даргоҳидан анча олисда жойлашган Дўлан қишлоғидан қатнайман. Баъзан ўқувчиларим эртароқ келиб, мени мактаб остонасида кутиб олишади. Узоқдан кўринишим билан "Устозззз!" дея қучоғимга югуришади. Шундай пайтларда ўқитувчи бўлганимдан, устозлик мақомига эришганимдан фахрланиб кетаман.
Мактабимиз раҳбари Умиджон Абдураҳмонов ёш, изланувчан, ўз соҳасига фидойи, талабчан раҳбарлардан. Ҳар бир педагогдан ишга масъулият билан ёндашишни,машғулотларни янги услублар асосида ташкил этишни талаб қилади. Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2023 йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилгандарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши таъкидланган эди. Айни пайтда айрим мактабларда Финляндия усулида дарс бериш тажриба сифатида қўлланилаётгани ва унинг самараси бу ташаббуснинг нечоғли фойдали бўлишини кўрсатяпти. Финляндия тажрибаси усулидаги дарсликлар болани креактив фикрлашга, муаммоли вазиятлардан ўз ҳаракати билан чиқиб кетишга ўргатади. Ҳозирги методикада ўқитувчи дарсда кўпроқ ишласа, янги дарсликларда болалар кўпроқ ишлайди.
Ҳозир ҳар бир касбдошим янги тажрибани ўрганиш ва уни фаолиятига татбиқ этиш ҳаракатида иш олиб бормоқда.
Жадид боболаримизнинг: "Нажот - таълимда, нажот - тарбияда, нажот - билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади", деган сўзлари бугун биз учун дастуриламал бўлиши лозим.
Биз ана шундай илмли, зиёли ва комил инсонларнинг авлодларимиз. Келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш эса фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.
Таҳлилларга кўра, тиббий хизмат орқали киши ўз саломатлигининг атиги 8-10 фоизини таъминлар экан. Соғлигимизнинг 18 фоизи ирсий омилларга, 27 фоизи атроф-муҳитга ва 50 фоиздан кўпроғи турмуш тарзимизга, яъни бевосита ўзимизга боғлиқ. Демак, саломатликка таҳдид солувчи омилларнинг кўп қисмини инсоннинг ўзи юзага келтиради. Аксарият кишилар бу масалага умуман, эътибор қаратмайдилар. Аслида, жисмонан ҳамда руҳан соғлом бўлиш учун айнан нималарга эътибор бериш керак?
Қуйида саломатликни мустаҳкамловчи қоидаларни ва нималарга эътибор бериш кераклигини эслатиб ўтамиз:
1. Эрталаб бадантарбия билан шуғулланиш. Эрталаб бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиш танани чиниқтиради, қон айланишини яхшилайди, тоза ва тиниқ фикрлашга ёрдам беради.
2. Очиқ ҳавода сайр қилиш. Тонгда очиқ ҳавода сайр қилиш инсонга роҳат ва куч бағишлайди. Салқин ва тинч ҳавода эркин ҳаракат қилиш, табиат манзараларидан баҳра олиш бугунги ва эртанги кунимизнинг хотиржам ўтишини таъминлайди.
3. Тўғри овқатланиш. Айнан белгиланган вақтда эмас балки, ошқозон "мен очиқдим" дейиши билан егулик ҳаракатини қилинг, сабаби, очиққан ошқозон тез касалликка чалинади. Бундай пайтда овқат ёки бирон бир егуликни ҳаддан ортиқ ва шошма-шошарлик билан истеъмол қилиш тўғри эмас.
4. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш. Маълумотларга кўра, энг кўп микроб бор жой, бу - бирон бир жиҳоз ёки буюм эмас, балки, бу инсон қўллари экан. Шунинг учун ҳам ҳар қандай ишдан сўнг, қўлларни совунлаб, яхшилаб тозалаб ювишни одат қилган ва ҳар доим тоза сочиқдан фойдаланган маъқул.Шуни ҳам асло унутмаслик керакки, кечқурун ётишдан олдин тишларни тозалаб ювишни одат қилиш даркор.
5. Зарарли одатлардан воз кечиш. Зарарли одатларни асосан, нималар келтириб чиқаради? Албатта, бекорчилик ва эътиборсизлик натижасида киши онгида турли ножўя хатти-ҳаракатлар сигарет чекиш, спиртли ичимликлар ичишга интилиш фикри уйғонади. Бу билан инсон ўз саломатлигига зомин бўлади. Шу сабаб ҳар қандай ҳолатларда ҳам кучли бўлиш.
6. Асабларни асраш. Асаблар тинчлиги ҳаётимизнинг осойишталигидир. Ҳар нарсага серзарда бўлиш, кераксиз ва ўткинчи нарсалар учун қайғуришстресс ҳолатига сабаб бўлади.Барча ҳолатларни оддий ва тўғри қабул қилиш, икир-чикир муаммоларни ўйлайвериш асабларнинг "ўлиши"га олиб келади.
7. Доимий равишда спорт билан шуғулланиш. Спорт билан шуғулланган инсонни ақлан ва жисмонан соғлом деб, айта оламиз. Спорт - саломатликнинг гаровидир. Айниқса, ҳомиладор аёлларга спорт билан шуғулланиб туриш тавсия қилинади.
8. Ўз вақтида ухлаш ва уйқудан уйғониш. Аслида инсон организми қанча уйқуга эҳтиёж сезса, шунча ухлаш керак. Аммо бу қарор ҳамиша ҳам тўғри эмас.7-8 соат уйқу тўғри танланган вақт ҳисобланади. Бу вақт ичида тана бемалол ўзига керакли кучни тўплайди ва дам олади.
9. Ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш. Бир йилда камида 2 марта тиббий кўрикдан ўтиш мақсадга мувофиқдир. Шифокор кўрсатмаларига кўра кундалик ҳаёт шиорларига амал қилиш керак. Бу келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олади.
10. Барча нарсада меъёрни сақлаш. Инсон умри давомида меъёрга таяниб яшасагина,соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиради.
Соғлом ҳаёт учун ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ушбу қоидаларга амал қилиб саломатлигингиз мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилинг.
Темир йўл бўйларида ҳаракатланиш қоидаларига амал қилайлик
Огоҳлик!
Йилдан-йилга барча соҳалар қатори темир йўллар жабҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса, Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга тушрилганлиги натижасида мамлакатимиз шаҳарлари бўйлаб ҳарактланаётган йўловчи ва юк ташиш учун қулай ҳамда арзон транспорт воситаси бўлган поездлар хизмати барчага манзур бўлмоқда.
Баъзан темир йўл ҳаракати хавфсизлиги коидалари аҳоли, айниқса, ёшлар амал қилмаётганликлари ташвишлидир. Бунинг оқибатида жойларда турли кўнгилсиз темир йўл ҳодисалари, безориликларрўй бермоқда.
Андижон шаҳрида айрим вояга етмаган фарзандлар ота-оналарининг назоратисиз қолганлиги оқибатида 2012 йилда туғилган вояга етмаган шахс 2023 йил 15 май куниАндижон - 2 - Қорадарё темир йўл бекатлари оралиғидаги 181 км. 9-тўсиқда темир йўлининг белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, йўловчи поездига тош отганлиги ва давлат мулкига моддий жиҳатдан зарар етказганлиги бунга яққол мисолдир.
Бундан ташқари, болаларнинг вагонларга тош отишлари, ойналарни синдириб, йўловчилар саломатлигига хавф солаётганлиги, давлат мулкига зарар етказаётганлигини кўриб, бундай ҳолларга эътиборсиз қараётган фуқароларимиз ҳамйўқ эмас.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари маҳалла, таълим муассасалари билан ҳамкорликда жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришига қарамай,ҳали ҳануз ана шундай ҳуқуқбузарликлар учраб турибди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 121-моддасига кўра, локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари, шунингдек, ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш - энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан, ўн беш баробаригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади дейилган.
Ҳурматли устозлар, ота-оналар ва маҳалла фаоллари!
Фарзандларимизга, ёшларимизга бу борада етарлича тушунтириш ишлари олиб бориш бурчимиздир. Токи, уларнингмурғак қалби дарз кетмасин.
Санжарбек МЎЙДИНОВ,
Андижон вилояти Транспортда ХТБ Жқб катта тезкор вакили, майор.
Мирзоҳид ҲАКИМОВ,
Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ катта инспектори, капитан.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Андижон вилоятига ташрифи чоғида Марҳамат туманида ҳар икки йилда бир марта "Кўҳна Довон сирлари" археология туризм форумини ўтказиш бўйича топшириқ берган эди.
Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, маданият ва туризм бошқармаси, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Самарқанд археология институти ва "Мингтепа-маданий мерос" жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган "Кўҳна Довон сирлари" I археология туризм форумида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Хитой давлатларидан ташриф буюрган тарихчи олимлар, туристик ташкилотлар вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этишди.
Марҳамат тумани ҳудудида жойлашган "Мингтепа" археология ёдгорлиги тарихий манбалар ҳамда археолог олимларнинг маълумотларига кўра, қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда "Дай-юан" - Даван деб келтирилади) номи билан машхур давлатининг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари, деб таҳмин қилинади.
Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.
Архологларнинг эътироф этишича, "Мингтепа" ёдгорлиги иншоотига оид асори-атиқалар Фарғона водийсидаги бошқа бирор бир антик давр ёдгорлигида учрамайди.
Форумнинг асосий мақсади, Фарғона водийси шаҳарларининг тарихий тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳамда ушбу ҳудуднинг туризм ривожидаги аҳамияти, мавжуд имкониятларини, шунингдек, қадимий Довон давлатига оид энг сўнгги илмий-тадқиқот ишлари натижаларини муҳокама қилиш, илмий хулосаларни умумлаштириш, қолаверса, тумандаги мавжуд туризм масканларини кенг тарғиб этишдан иборат.
Дастлаб форум доирасида тумандаги "Келажак нури" кутубхонасида қадимги Довон (Фарғона) давлати тарихига бағишланган "Фарғона водийсининг қадим ва Ўрта асрлар археологияси, этнографияси, тарихи муаммолари ва уларнинг таҳлили" мавзусида илмий-амалий ҳамда "қадимий Довон давлати ҳудуди бўйлаб туризмни ривожлантириш масалалари" мавзусида анжуманлар ўтказилди.
Илмий анжуманда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти, Фарғона давлат университети, Андижон давлат университети, Андижон педагогика институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти тарихчи олимлари, шунингдек, Хитой ижтимоий фанлар академияси Археология институти, академик Бобожон Ғофуров номли Хўжанд давлат университети, Қирғизистоннинг Қирғиз-ўзбек халқаро университети, Ўш давлат университети тарихчи олимларининг маърузалари тингланди.
Айниқса, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти директори ўринбосари Азмиддин Холматов, Андижон педагогика институти ректори Бахтиёржон Расулов, Тожикистон Республикаси академик Бобожон Ғофуров номли Хўжанд давлат уинверситети профессори, тарих фанлари доктори Набижон Раҳимов, Хитой ижтимоий фанлар академияси Ареология институти фалсафа доктори Лиу Тао, Ботирали Сидиқов номли Кирғиз-ўзбек Халқаро университети доценти, тарих фанлари номзоди Мукаррам Ташалиеванинг маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
"Қадимий Довон давлати ҳудуди бўйлаб туризмни ривожлантириш масалалари" мавзусидаги анжуман доирасида Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш масалалари бўйича Фарғона давлат университети минтақавий малака ошириш маркази директори, география фанлари доктори, профессор Юсуфжон Аҳмадалиев, Мингтепа ёдгорлик мажмуасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борган ўзбек-хитой қўшма экспедициясининг Хитой археологлари раҳбари, Хитой ижтимоий фанлар академияси Археология институти профессори, тарих фанлари доктори Джу Янг Ши, Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича самарали иш олиб бораётган "Мингтепа-маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов, Андижон вилояти маданият ва туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бекзод Юсуповларнинг маърузалари тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, умуман, Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида тумандаги туризм объектлари бўлган тарихий ва замонавий масканларга инфо тур ташкил этилди.
Инфо тур иштирокчилари дастлаб Мингтепа археология ёдгорлигида бўлиб, қадимий Довон давлати харобаларини кўздан кечирдилар.
Бу ерда ўзбек-хитой қўшма экспедицияси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев, Фарғона давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Муҳаммаджон Исомиддинов, Хитой ижтимоий фанлар академияси Ареология институти фалсафа доктори Лиу Тао иштирокчиларга Мингтепада олиб борилган археологик тадқиқотларга оид сўнгги янгиликлар ҳақида маълумотлар беришди.
Шундан сўнг иштирокчилар "Мингтепа" музейида бўлиб, бир неча минг йиллик тарихга эга ёдгорликлар, асори-атиқалар, шунингдек, тумандаги энг гавжум туристик масканлардан бири - Бобохуросон маҳалласида жойлашган дорбоз Юнусали Ғозиев хонадонида турист ва сайёҳларнинг кўнгилли хордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар, ўзига хос табиат манзараси билан яқиндан танишдилар.
Шаҳло ҲУСАНОВА,
"Мингтепа-маданий мерос" жамоат фонди васийлик кенгаши раиси.