+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БУ БОҒЛАРГА КЕЛГИН, ДИЛНАВОЗ!

Шивирлайди сокин дарахтлар,

Ошиқ қалбин айлаб сарафроз.

Майсалар ҳам тилайди бахтлар,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Куз ҳам ўтди, етиб келди қиш,

Ҳаволар ҳам совуди бироз.

Лек чекмасдан совуқдан ташвиш,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Ихтиёрим қўлингга бериб,

Жоним билан қиларман эъзоз.

Ташна жонга оролар кириб -

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Бераҳмлик ярашмас сенга,

Кўп бағритош бўлма, илтимос!

Қалб кўрингни атаб бир менга,

Бу боғларга келгин Дилнавоз!

 

Бу боғлар ҳам сенга интизор,

Бўлсам дейди, ғунчалар ҳамроз.

Қишда бирдан бошлансин баҳор,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Янги йилни бирга кутайлик,

Дил амрига қилма эътироз.

Ишқ мулкини ишғол этайлик,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!            

 Икромжон АСЛИЙ-АНДИЖОНИЙ,

Ўзбекистон "Юрт келажаги" танлови ғолиби.

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ

"Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия қуроли ҳамдир.

Андижон педагогика институти ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан ўтказилган "Қизлар тарбиясида китобнинг ўрни" мавзусидаги давра суҳбатида устозлар ва талаба қизлар иштирок этишди. Ахборот-ресурс маркази директори С. Муродова бўлғуси муаллималар ва олималарнинг ўқишида, ҳаёт йўлларида китобнинг аҳамияти, қолаверса, келгусида она бўладиган қизларга оила сирлари ҳамда бола тарбияси борасидаги билимларини оширишда беминнат  дўстнинг улуғ закоси ҳақида сўзлади. Бу борада зарур маълумотлар олишлари мумкин бўлган бир қатор китобларни ўқишларини тавсия этди.

Давра суҳбатида фаол иштирок этган талаба қизлар ўзлари мутолаа қилаётган қизиқарли китоблари ҳақида сўзлаб бердилар.

 

Дилбарой ТИЛЛАБОЕВА,

 институт ахборот-ресурс маркази библиографи.

 

ЙИЛ САРҲИСОБИ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимида жорий йил сарҳисобига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятдаги ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, маънавият фидойилари иштирок этдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи 2023 йилда амалга оширилган ишлар, вилоят ижод аҳлининг ютуқлари, янги чоп китоблар хусусида сўз юритди.  Шунингдек, янги йилда амалга ошириладиган ишлар, ижодий кечалар, хотира тадбирлари муҳокамасига доир таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган 50 номдаги 200 дан ортиқ китоб тадбир иштирокчиларига совға сифатида тақдим этилди. Бир гуруҳ ёзувчиларнинг 350 нусхадан ортиқ китоблар Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига топширилди.

Тадбирда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий адабиётимиз тарғиботи ва бадиий етук асарлар яратишдаги фаоллиги учун бир гуруҳ устоз ҳамда ёш ижодкорлар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Восит АҲМАТХОНОВ

Янги йил эртаги болажонларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан янги йил байрами олдидан болажонлар учун "Ёвузлик маликаси ёхуд Янги йил эртаги" деб номланган театрлаштирилган байрам томошаси намойиш этилмоқда.

Қиш беғубор ва орзу-умидлар фаслидир. Ана шундай пок ҳис-туйғулар ҳар бир қалбни шубҳасиз, ширин ва тотли лаҳзаларга ошно этади. Ушбу фаслнинг кўркли байрами - Янги йил эса болаларга олам-олам қувонч, катталарга ёшлик сурурини бағишлайди.

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси янги йил байрамида болажонларга кўтаринкилик бахш этиш, уларнинг қувончига қувонч улашиш мақсадида ўзига хос байрам туҳфасини тайёрлади.

- Ижодий жамоамиз Янги йил байрами олдидан болажонларимиз учун  жамоамиз раҳбари Ҳилолахон Зияева сценарийси асосида саҳналаштирилган "Ёвузлик маликаси ёхуд Янги йил эртаги" байрам томошасини намойиш этмоқда, - дейди театрнинг ёш актёри Дадажон Отажонов. - Мақсадимиз, томошалар орқали болажонларга қувонч, байрамона кайфият, уларнинг қалбига эзгулик улашишдир.

Янги йил байрами томошалари болажонларни сеҳрли ва  мўъжизавий эртаклар оламига олиб киради. Турли эртаклар қаҳрамонлари тимсолида яхшилик ва эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғолиб бўлиши қизиқарли воқеалар орқали намойиш этилади. Бундан ташқари, қувноқ масхарабозларнинг чиқишлари, қаҳрамонларнинг жозибали қўшиқ ва рақслари болажонларга олам-олам қувонч бағишламоқда.

Болажонларнинг юз-қўзларидаги қувонч, байрамона кайфиятни кўриб, беихтиёр уларга ҳавасингиз, қувончларига шерик бўлгингиз келади. 

-      Янги йил байрами томошаси жуда қизиқарли экан, дугоналарим билан мазза қилиб кўрдик, - дейди 2-синф ўқувчиси Ифора Тўлқинжонова. - Ўзимни худди томоша қаҳрамони Ёвуз Малика билан бирга саргузаштлар оламида юргандай ҳис этдим. Байрам томошалари мен қатори барча ўртоқларимда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоасининг Янги йил байрами томошаларида турли эртак қаҳрамонлар орқали она табиатни асраб-авайлаш, сувни исроф қилмаслик, ростгўйлик, ҳалоллик ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшашдек инсоний фазилатлар улуғланади.

 

Мансурбек РЎЗИЕВ,

театр ижодий ходими.

Пиротехника - ўйинчоқ эмас

Огоҳлик

Дунё бўйлаб кўнгилочар ва маиший мақсадларда ишлатиладиган пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, янги йил кириб келиши олдидан пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари янада кўпаяди. Бу эса пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ хуқуқбузарликлар сонининг ортишига, ёш авлоднинг саломатлигига жиддий хавф туғилишига олиб келиши мумкин.

Республикамиз ҳудудига пиротехника воситаларининг ноқонуний кириб келиши ва айланишининг олдини олиш, шунингдек, оммавий маданий тадбирлар ўтказилишида    хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилиб, мақсадли тадбирлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 77 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Натижада 416 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларини  ноқонуний равишда  олиб ўтилишининг олди олинди.

Янги йил байрами тадбирлари яқинлашаётган шу кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пиротехника воситаларини юртимизга ноқонуний кириб келиши, савдосига қарши курашиш юзасидан зарур профилактик тадбирларни олиб бормоқдалар. Бундан мақсад, турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш, байрам тадбирларини чиройли ўтказишга эришишдир.

 

Шаҳноза МИРЗАЕВА,

 Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, майор.

Элёрбек КОМИЛОВ,

Андижон вилояти Транспортда ХТБ тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан.

ЭЗГУ АМАЛЛАР ҲАМРОҲИМИЗ БЎЛСИН

Ҳар бир банда қилган хайрли ва яхши ишлари учун савобларга мушарраф бўлади. Кишига савоб келтирадиган эзгу ишлар гўзал амаллар ҳисобланади.

Дунёга келган ҳар бир киши яхши ва ёмон амалларни ўзи билиб ёки билмай бажаради. Орамизда ҳаттоки, қилган яхшилигининг савоби қай даражада эканлигини билмаса-да, ундан бир манфаатни кўзламаса-да, қўлдан келганча муҳтож кимсаларга ёрдам қўлларини узатувчи инсонлар жуда кўп.

Кўплаб ҳадисларда Аллоҳ таоло ҳақи йўлида ота-онага ҳурмат кўрсатиш, уларнинг ҳақларини адо этишлик, айниқса, ўзгалар ҳақига хиёнат қилмаслик сингари эзгу амалларни бажаришлик буюрилади. Эҳтимол, ана шу фазилатли амалларни ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда ҳар куни бажариб юргандирмиз, ёхуд нафсга, шайтонга алданиб     ғафлат уйқусида қолиб уларга эътибор бермаётгандирмиз. Лекин унутмайлик, ҳаётимизда эзгу амалларни бажаришга интилишимиз лозим. Шунда энг аввало, Яратганнинг савобига эга бўламиз, қолаверса, бандалар ўртасида меҳр-оқибат, мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик сингари инсоний фазилатларнинг янада зиёда бўлишлигига ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ибн Умар (р. а.) айтадилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар: "Сиздан олдин яшаганлардан уч киши йўлга чиқишди. Кун ботгач, тунаш учун бир ғорга кирганларида, тоғ тепасидан бир харсанг думалаб тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Шунда улар ўзаро маслаҳатлашиб: Бизлар бу жойдан фақат эзгу, яхши амалларимизни шафоатчи этиб, Аллоҳ таолога қиладиган дуоларимиз туфайлигина қутулиб чиқишимиз мумкин дейишди. Улардан бири Аллоҳ учун қилган холис амалини эслаб деди: - Менинг кекса ота-онам бор эди. Мен уларга жуда ғамхўрлик қилар эдим, кеч тушганида доимо олдин уларни таомлантириб, сўнг болаларим ва ҳайвонларимни едириб-ичирардим. Бир куни ўтин қидириб узоқларга кетиб қолдим. Бир қанча вақтдан сўнг уйга қайтиб келсам, ота-онам ухлаб қолишган экан. Улар учун сут соғдим, ҳамон ухлаётган эдилар. Ота-онамдан аввал болаларим ва ҳайвонларимни таомлантиришни маъқул кўрмадим, ота-онамни эса безовта қилиб уйғотишга кўзим қиймади. Ҳатто шундай ҳолатда тонг отди. Парвардигоро, бу ишни Сенинг розилигинг учун қилганман, йўлимизни тўсган бу тошдан бизни қутқар, деди ва шунда тош озгина сурилди, бироқ улар чиқиб кетадиган даражада эмас эди.

Иккинчи киши ҳам қилган яхши амалини эслаб деди: - Менинг амакимнинг қизи бор эди, уни ҳаммадан кўп севардим. Унинг васлидан баҳраманд бўлишни хоҳладим, аммо у бунга кўнмади. Кунларнинг бирида у йўқсилликка учради, мендан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Истагимга кўниши шарти билан унга бир юз йигирма динор бердим, у қабул килди. Энди мақсадимга эришаман, деб турган пайтимда у: - Аллоҳ таолонинг муҳрини ноҳақ бузишинг ҳалол эмас деди. Мен унга тегинишдан тийилдим ва уни ўз ҳолига қўйдим, пулларни ҳам қайтариб олмадим. Ё Аллоҳ, бу амалимни Сенинг ризолигинг учун қилган эдим, бизни бу қийинчиликдан    қутқар, деб айтди. Тош яна бироз сурилди.

Шундан сўнг учинчи киши қилган фазилатли амалини эслаб сўз бошлади: - Мен бир қанча одамларни ишлатар эдим. Ҳақларини ҳам ўз вақтида берар эдим. Аммо улардан бири ўз ҳақини олмасдан кетиб қолди. Мен унинг пулларини ишга солиб, кўпайтирдим, ҳатто тийинига ҳам тегмасдан мол, қўй, туя ва эчки олиб қўйдим, улар йил сайин кўпайди. Орадан бир неча йиллар ўтиб, у келди ва - Эй, Аллоҳнинг бандаси, менинг ҳақимни бер, деди. Мен эса: - Мана шу кўриб турганинг мол, эчки, туя, қўй ва қулларнинг ҳаммаси сеники, уларни олиб кетавер дедим. Шунда у: - Эй, Аллоҳнинг бандаси менинг устимдан кулма, деди. Мен ҳам: - Устингдан кулаётганим йўқ, ростдан ҳам улар сеники, олиб кетавер, дедим. У ҳамма нарсани олиб кетди. Парвардигоро, буларни Сенинг розилигинг учун қилган эдим, бизга бу ҳолатдан қутулишни насиб эт. Харсанг яна бир оз силжиди ва улар ғордан чиқиб, йўлларида давом этдилир. (Имом Буҳорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизга эзгу ва хайрли амалларни бажарадиган бандалари қаторидан жой олишлигимизни, Ўзининг шафоатига мушарраф бўлишлигимизни насиб этсин.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Эски Гумбаз" жоме масжиди имоми.

БАШАРИЯТ АЛЛОМАСИ

Мозийдан садо

Жалолиддин Румий (1207 йил Балхда - 1273, Кўня) - шоир ва мутафаккир. Тасаввуфдаги мавлавия тариқатининг асосчиси. Араб, форс ва туркий тилларида ижод қилган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) саройга таклиф этган. Лекин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ҳамда илмий-ижодий иш билан машғул бўлган.

Румий шахсияти камолотида шоир ва шайх Шамси Табризийнинг ўрни катта. У уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Шоирнинг ўзи ҳам бир байтида "Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди", деган. 1244 йилдан Румий устозини ниҳоятда ҳурмат қилгани учун ўз ғазалларида "Шамси Табризий", "Шамси" тахаллусларини қўллай бошлаган.

Жалолиддин Румий ўзидан улкан шеърий мерос қолдирган шоирдир. Унинг жаҳонга машҳур "Маснавий"си ўттиз бир мингдан зиёдроқ мисрани ўз ичига олади. "Девони кабир"и (Улуғ девони) қарийб қирқ тўрт минг мисрадан иборат бўлиб, унда икки минг етти юз уч ғазал жамланган. Румийнинг фалсафий ва лирик тўртликлари, рубоийлари тўрт минг мисрадан ошади. Лекин шоир қўлига қалам олиб ёзгани атиги ўн саккиз мисра холос. +олган етмиш тўққиз минг мисра, бари бадиҳа бўлиб, "котибул асрор" деб аталмиш шогирдлар томонидан қаламга олинган. Мана бир неча асрким, мазкур бадиҳалар ўқувчи ва   тингловчиларга завқ-шавқ бағишлайди, теран фикри, ажиб ҳассослиги, фавқулодда оҳангдорлиги ва шеърий шаклларнинг мукаммаллиги билан китобхонларни ҳайратга солади. Шоирнинг шеърий асарларидан ташқари, бизгача унинг ваъзлар китоби, мулоқотлар мажмуаси "Фихи-ма-фихи" ва турли кишиларга ёзган бир юз қирқта мактуби етиб келган.

Шоир ва мутафаккир умр бўйи диний ақидалар истибдодига қарши, инсон руҳи эркинлигини ҳимоя қилди. Салбчилар юриши ва фанатизм ҳукм сурган бир даврда у ирқи, тили ва диний мазҳабидан қатъи назар, инсонлар тенглигини ташвиқ этди.

Шоирнинг шеърлари, ваъзлари ва фаолиятида шаҳар аҳолиси қуйи табақаларнинг феодал тузумга, давлат хизматидаги диний мафкура намояндаларига қарши норозилиги акс этиб туради.Бироқ ўқувчилар хукмига ҳавола этилаётган бу китоб шоирнинг фалсафаси ҳақидаги монография ёхуд унинг шеърий бисотига бағишланган тадқиқот эмас, балки биографик романдир.

Шоир ҳали тирик экан, таъқиб ва ҳужумларга учраган, уламолар унинг асарларини дин ва шариатга зид, деб эълон қилишган. Эл орасида машҳурлиги унинг ўзини жисмоний жазодан сақлаб қолса-да, лекин фикрларини ҳам шундай бир жазодан сақлаб қололмаган. Мутаассиб руҳонийлар шоир қарашларининг диний либосидан фойдаланиб, унинг шеъриятидаги гуманистик маъноларни ортодоксал - диний руҳда талқин қилишга уринганлар.

Румий шеърияти, асосан, илоҳий ишқ билан боғланган. У ўзининг барча асарларида еру - кўкнинг соҳиби бўлмиш Аллоҳ ва унинг заминдаги халифаси ҳазрати инсонни улуғлайди. Румийнинг машҳур асари "Маснавий маънавий"дир. Асарда +уръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган.

Ҳозирги кунда Жалолиддин Румийнинг ўзбек тилига таржима қилинган "Муҳаббат маъвоси", "Ҳикматлар", "Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил," ҳикматлари, "Етти мажлис" каби асарлари китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинган.

Румий ижоди юксак бадиияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиат ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиш, ўзгаришда экани, эскининг йўқолиб, янгининг пайдо бўлиши - "дунёнинг зиддиятлар бирлигидаги зиддиятлар жанги"дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, немис файласуфи Гегелнинг эътирофича, унинг диалектик усулни яратишига ёрдам берган.

 

Муборакхон ИСАҚОВА,

Булоқбоши тумани ахборот кутубхона маркази директори.

СЎЗНИНГ ҚУДРАТИ

Мулоҳаза

Ривоят қилишларича, бир куни Луқмони Ҳаким йўлда кетаётган экан. Рўпарасидан  бир қиз келаётганини кўриб қолибди. қиз тинмай қон туфлармиш. Луқмони ҳаким  қизнинг орқасидан  кетаверибди. +он туфлаб кетаётган қиз бир хонадонга кириб кетибди.

Луқмони Ҳаким қиз кириб кетган уйнинг дарвозасини тақиллатибди. Уйдан бир киши чиқибди. - Ассалому алайкум, бир маслаҳат билан сизнинг хонадонингизга келдим.

- Келинг, нима хизмат, - дебди хонадон соҳиби алик олгач.

- Ҳозир уйга кирган қиз сизнинг фарзандингизми?- деб сўрабди Луқмони ҳаким.

- Ҳа, менинг фарзандим, - дебди ота.

- +изингизнинг қон туфлаб келаётганини кўрдим. У оғир бетоб,- дебди Луқмони Ҳаким.

-  Наҳотки, - дебди ота безовталаниб. - Сиз кимсиз? +изимга нима бўлган?

- Мен ҳакимман, беморларни даволайман, - дебди.

- +изим соғаядими? - деб сўрабди ота.

Луқмони Ҳаким: - Аллоҳнинг иродаси, - дебди. Шундай қилиб орадан бор неча ўтиб, Луқмони Ҳаким бемор қизнинг ҳолидан хабар олай деб борибди. Ота чиқиб қизининг вафот этганини айтибди. Батафсил сўрагач, ўша куни иккови суҳбатлашаётганда қизи эшикни орқасида бўлгани, мудҳиш хабарни эшитиб қўрқиб кетиб, йиқилиб тушганини, қайта кўзини очмаганини, оғзидан эса, икки дона қора тут чиққанини айтиб берибди. Луқмони Ҳаким қизнинг қўрқувдан қазо қилганини, қора тут билан қон ранги бир хиллиги учун қон деб билганидан, хато қилганидан қаттиқ пушаймон бўлибди.

Ҳа, сўз шундай буюк қудратга эгаки, қалбларга малҳам, дармон бўла олади. Сўз билан асир олса бўлади, сўз билан пичоқласа бўлади, сўз билан қучоқласа, сўз билан жазоласа, сўз билан даволаса, сўз билан инсон ҳаётига нуқта қўйса бўлади. Айниқса, кўплаб шифокорларимиз нафақат дори-дармони билан шунингдек, ширин сўзларию, хуш каломлари билан ҳам даволайдилар.

Баъзи кимсалар бироз камчилиги бўлган таниш-билишларини қўполдан-қўпол бўлган чўлоқ, кўр, арвоқ, семиз, пакана каби сўзлар билан атаб, озор берадилар. Бунинг ўрнига кўзи ожиз, оқсаброқ юрадиган, озғинроқ, тўлишганроқ, паст бўйли каби нисбатан ноҳуш эшитилмайдиган сўзлар ҳам бор-ку. Бунинг учун кишида бироз андиша, бироз сўз бойлиги, бироз одоб бўлса бас.                

Шу ўринда қадимдан қолган бир ҳикоятни келтириб ўтай. Бир подшонинг тушида ҳамма тишлари тўкилиб кетганмиш. Эртасига вазирларидан тушининг таъбирини сўрабди. Бир нодонроқ вазири "Ҳамма қариндошларингиз сиздан олдин ўлиб кетар экан", дебди. Иккинчиси "Сиз ҳамма яқинларингиздан кўпроқ яшар экансиз", дебди. Подшо биринчисига юз дарра урдириб, иккинчисига юз тилло танга ҳадя қилибди. Аслида ҳар икки жавоб бир хил, лекин айтилишида озор бермайдигани рағбатлантирилмоқда.

Сўзларимиз қалбларга озор бермаслиги учун эътиборли бўлайлик. Инсон зийнати ва қуввати унинг сўзидир.

 

Хуршида РЕЖАПБОЕВА,

АДТИ магистратура бўлими тьютори.

Конституция юртимиз тараққиётининг асоси

Андижон давлат университетида "Конституция  янги Ўзбекистон тараққиётининг  асоси" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан юртимизда ўтказилган "Конституция ҳафталиги" доирасида университет Ахборот-ресурс маркази ходимлари, география, филология факультетлари талабалари, ўқитувчи ва тьюторлари иштирокида ўтказилган тадбирда сўз олган университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хушнудбек Хўжамбердиев сўз олиб, Бош қомусимиз миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган ютуқларимиз, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг ҳуқуқий пойдевори эканлигини таъкидлади.

Тадбирда янги таҳрирдаги конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги қатъий белгилаб қўйилганлиги айтиб ўтилди. Янги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, унга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида маълумотлар берилди. 

Тадбир давомида янгиланган конституциямиз моддалари бўйича савол-жавобларда талабалар конституцияга оид билимларини синовдан ўтказдилар. Шунингдек, бош қомусимиз ҳақида билдирилган фикр ва мулоҳазалар, мулоқотлар, уни мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Маънавий-маърифий тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ талабаларга университет ахборот-ресурс маркази директори Зуҳриддин Эгамбердиев ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширди.

Мамлакатимиз бош қомусини тарғиб этиш, шарафлаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этаётган талаба ёшларнинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир иштирокчиларнинг конституцияга оид билимларини оширишга, унга бўлган ҳурмат-эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

Муфаззалхон ХОДЖАЕВА,

АДУ ахборот-ресурс маркази илмий-услубий бўлим кутубхоначиси.

КИТОБХОН ТАЛАБАЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Китоб тарҒиботи

Андижон давлат педагогика институти ахборот-ресурс марказида "Ёшлар тарбиясида китобнинг ўрни" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Институт Педагогика факультети мактабгача таълим йўналиши ҳамда ахборот-ресурс маркази доимий фойдаланувчилари бўлган талабалар, тьюторлар иштирок этган тадбирда китобнинг инсон камолотидаги ўрни ва роли, айниқса, ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. 

Тадбирда ахборот-ресурс маркази ходимларининг "Китоб ва ёшлар тарбияси", "Талабалар ўртасида китобхонликни ошириш - муҳим вазифа" сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда талабаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, китобнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Институт ахборот-ресурс маркази томонидан ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар китобхон талабалар сафининг кенгайишига, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Муножотхон НИЗОМОВА,

АДПИ ахборот-ресурс маркази  илмий-услубий бўлими бошлиғи.