+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Нояб 2017

ТЎЙЛАРИМИЗ, ТАНТАНА ВА МАРОСИМЛАРИМИЗ МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИГА АЙЛАНСИН!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(49-сон)

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши сессияси қатнашчиларининг давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари,

имом-хатиблар, отинойилар, дастурхончилар, жўрабошилар, қизлар сардорлари, қайнота-қайноналарга

М У Р О Ж А А Т И

Қадрли юртдошлар!

Бугун биз ажойиб ҳур ва эркин замонда яшаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида олиб бораётган туб ислоҳотлар самараси яққол сезилмоқда. Бугун барча эзгу орзу, пок ният ва улуғвор мақсадларимиз рўёбга чиқаётганини кўриб турибмиз. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, файз-барокат, тўкин-сочинлик учун ҳар қанча шукроналар келтирсак оз. Ақл-заковатли, билимли, теран тафаккурли кишилар бу фаровонлик замиридаги машаққатларни, садоқату жасорат талаб қиладиган курашларни, юксак ватанпарварлик ила йўғрилган фидойиликларни чуқур англайдилар. Англагани боис, диёримизда кун сайин рўй бераётган ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшиш учун бутун борлиғини, куч-ғайратини бахшида этмоқдалар.

Давлатимиз томонидан ҳар тарафлама ғамхўрлик, эркинлик, адолатпешалик, саховатпешалик ришталари билан қамраб олинган эканмиз, сизу биз ана шу одил сиёсат шукронасига қандай жавоб бераяпмиз?

Андижонимизни обод ва гўзал диёрга айлантириш,     бунёдкорлик ва ободончилик, саноат ва қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бироқ ижтимоий-маънавий турмуш, миллий қадриятларимизга садоқат, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказиш борасидаги камчиликларимиз яққол кўзга ташланиб қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, қайнона-келин муносабатларидаги келишмовчиликлар, ёш оилаларнинг барбод бўлиши, бунинг натижасида фарзандлар тарбиясига путур етаётганлиги виждонимизни қийноққа соладиган, ҳаммани бирдай ўйлантирадиган жиддий муаммо эмасми? Шу боис биз - сессия иштирокчилари сизларга юрагимизни тўкиб солишга, олдимизда кўндаланг бўлаётган иллатларни илдизи билан қуритишга ёрдам берадиган таклифларни ташлашга ва йўл-йўриқлар мағзини чақиб, уларга қатъий риоя этишга қаратилган мурожаат билан чиқишни лозим топдик.

 

Маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилари, профилактика нозирлари!

Ҳукуматимиз халқ ибораси билан ифодалаганда "Ой чиқса ҳам - маҳаллага, кун чиқса ҳам маҳаллага" тамойили асосида бу тизимнинг равнақи, истиқболи учун муҳим қарорлар, давлат дастурлари  қабул қилмоқда. Шундай экан, сизлар бугун "ер тагида илон қимирласа билишингиз керак", ҳар бир оиланинг "нафас олиши" маҳалла идорасида сезилмаса, одамларнинг ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ўрганилмаса, қайси хонадоннинг қозони қайнаб, қайси уйнинг мўрисидан тутун чиқмай қўйгани билинмаса - ундай маҳалла оқсоқолининг, маслаҳатчисининг боридан йўғи яхши эмасми?

Жойларда тўйлар дабдабали тус олиши, мазарли тоғоралар юбориш кимўзарга айланиб кетиши, никоҳ маросимларидаги қора «Каптива»-ю «Ласетти»лар одамлар оромини бузиши, сеп-сидирғалар "довруғи" етти иқлимга таралиб, алал-оқибат бойларга ибрат, йўқларга кулфат бўлаётганлиги аслида ўша маҳалланинг афт-ангоридан нишона, десак янглишмаймиз.

Демак, маҳалланинг юзи-кўзигина эмас, виждонини ҳам асраш энг аввало, сизларнинг оқилу дониш, сергагу ҳушёр, сўзга собит, амалда қатъиятли эканлигингизга боғлиқ.

Билинг, Сизни инкор этишгани, бу - жамоатни, эл-юртни, қолаверса, маҳаллий ҳукуматни назар-писанд этмасликдир. Айнан шундай ҳолатга тушгандан кўра, орият учун жиловни қўлдан бермаслик керак, ёхуд қўлни кўтариб, курсини бўшатган афзал.

Бугун Президентимиз шундай талабни қўмоқда.

Бугун икки кемага оёқ қўйиб жон сақлайдиган вақт ўтди.

Бугун ҳаётга тик қараб яшайдиган давр келди.

Шунга эришиш керакки, маҳалладаги ҳамма издиҳом раис, маслаҳатчи, профилактика нозири, маҳалла фуқаролар йиғини белгилаб берган андоза билан ўтсин. Бунинг учун давлат сизларга етарли ваколат, ҳуқуқий кафолат яратиб берганлигини асло унутманг.

 

Қадрли "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси,

Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман бўлинмалари, бошланғич ташкилотлари етакчилари!

Сизлар жамиятда ҳал қилувчи куч эканлигингиз барчага маълум. Шундай ваколат, куч-қудратингиз бўла туриб жойлардаги исрофгарчиликлар, тўй ва юбилей маросимларидаги ҳаддан ошишлар, бемаза қовун уруғидай кўпайиб бораётган ғаройиб томошалар, даҳмазалар, хурмача қилиқлар, кибр-ҳаво, манманлик ортидаги бебошликлар сизларни заррача ташвишга солмаса? Ахир, ўзбекнинг тўйлари қадимдан миллий қадриятларимиз кўзгуси, маданиятимиз чиройи, маънавиятимиз рамзи сифатида тилларда достон эмасмиди?

Энди-чи? Биз юксак аҳлоқий салоҳиятимизни енгил-елпи орзу-ҳаволарга алиштирдикми? Бугун тўйхона эмас, томошахонага ўхшаш базму-жамшидлар тўрида бемалол бел ушлаб рақс тушаётган келин-куёвлардан Отабекнинг виқори-ю, Кумушбиби ҳаёсини излаб топа оляпмизми?

Наҳотки, бир ёқадан бош чиқариб, замонавий тўйлар қандай бўлиши лозимлиги ҳақида жўяли таклиф айтиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш шу қадар қийин кўчса.

Биз сизларни жамиятдаги ҳар бир ўзгариш, янгича анъана ва урф-одатларнинг кенг томир отишига масъулият билан ёндошадиган барчани шунга илҳомлантирувчи куч сифатида кўришни истаймиз.

 

Дину диёнатимизнинг мустаҳкам таянчи бўлган имом-хатиблар, отинойилар!

Бизни безовта қилган ушбу муаммо ечимини топишда Сизларга катта умид боғлаймиз. Жорий йилнинг олти ойида 351 оилани инсофга келтириб, яраштирганингизнинг ўзи катта натижа. Аммо, икки соҳилда туриб, гулдай ҳаётини барбод этаётганлар сони ҳануз кам эмаслиги сизларни ҳам изтиробга солаётганини тушуниб турибмиз. Зеро, мақсадимиз тўйларимизни тартибга солиш, никоҳлар барқарорлигини таъминлаш, ёшларга чинакам бахт-саодат, имону инсоф тилашдир.

Сизлардан илтимосимиз шуки, вилоятдаги норасмий имомларнинг хатти-ҳаракати доимий нигоҳингизда турсин. Никоҳ ўқиш учун фақат имоми Ҳай, яъни расмий имом ваколатли эканлиги, дуч келган сохта имом ўқиган никоҳ дуруст эмаслиги тўғрисида ота-оналар ва ёшларга кенг тушунтириш бериш йўлга қўйилса, одамлар тилида Аллоҳ деб, Расулуллоҳни неча бор ёд олиб, амалда Каломуллоҳда битилган,   Пайғамбаримиздан суннат бўлган амалларни унутмаслик мавзусидаги маърузалар яна ҳам кўпроқ ўқилса, нур устига нур бўлур эди.

Тўйларда еб-ичишдан ташқари, тугун-бўғин тугиб кетишга фақат имом билан отинойи чек қўя олиши мумкинлигини биламиз.

Маълумки, шу йилнинг 15 июнь куни Президентимиз "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби" мавзусида уламолар, дин пешволари билан учрашув ўтказиб, ўша маросимда ноқонуний никоҳ оқибатида келиб чиқадиган муаммоларга батафсил тўхталиб ўтди. Аслида ислом қўш хотинликни ман этмаса-да, шаърий адолатни устун қўяди. Эркаклар шаърий адолат ҳақида муфассал тушунчага эга бўлганларида эди, бу борада ўйлаб кўришга ҳам қўрқардилар. Хулоса шуки, имомларимиз ушбу масалада ҳам тарғибот-ташвиқотни кучайтирсалар, қўш  хотинлик туфайли қанчадан қанча болалар отасиз ёки онасиз тарбияланишининг олди олинар эди. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларингизга собитлик тилаб қоламиз.

 

Ҳурматли қайнота ва қайноналар!

Оилада тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик сизларнинг ақл-идрокингиз, оила илмидан хабардорлигингиз, келин-куёвларингиздан меҳрингизни дариғ тутмаслигингизга боғлиқ. Биласизки, бахт, мол-дунё, бойлик, дабдаба эмас, чинакам ҳаловат, оилавий тотувлик ва ҳалол меҳнатда. Матбуотда қайд этилишича, Осиё мамлакатларида унаштирилган қиз касалликка чалинса, ота-онаси "келинингизнинг сиҳат-саломатлиги ёмонлашди, тезроқ даволатиб олинглар" дея бўлажак қудаларига хабар беришар экан. Бизда-чи, куёвнинг зурриёдини давом эттириш жараёнида "сочи супурги, қўли косов" бўлиб, оёғидан ўт чақнаб 10-15 йил қайнона-қайнота хизматини бажарган келин хасталикка чалинса, фарзандлари билан бирга ота-онасиникига жўнатиб юборилади. Арзимаган сеп-сидирға, сийму зар, тоғора-ю, озиқ-овқат баҳона ҳали янги оилага кўникиб улгурмаган ёш келин бошида ёнғоқ чақилиши инсофданми? Ота-онасининг    камхаржлигини, келиннинг арзимаган камчиликларини рўкач қилиб, уйига қайтариб юборадиган қайноналар наҳот ўзларининг ўтмишини тез унутишган бўлса? Ёки бу ўша бир вақтлар ўзи тортган ранж-аламлар учун ўч олишми?

Азизлар, бир ҳақиқатни ёддан чиқаришга ҳаққингиз йўқ. Бобур Мирзонинг суюкли қизи Гулбаданбегим ёзганидек, "Аёли хорланган оилада мискин фарзандлар туғилади". Ана шу қўрқоқ, имони заиф, ҳар нарсага ҳадиксирайдиган бола - сизнинг авлодингиз бўлиши мумкин. Шундай экан, энди   мустақил ҳаётга қадам қўйган келинга ўз бағрингиздан жой беринг, қайноқ меҳрингизни дариғ тутманг, камчиликларини тўлдиринг, хатоларини ётиғи билан тушунтиринг. У сизнинг шажарангиз давомчиларининг ягона бунёдкори эканлигидан фахрланинг. Агар бундай жасорату ахлоққа қодир бўлмасангиз, лоақал ўзингиз ҳам қиз ўстираётганингизни, "бу қайтар дунё"лиги минг асрлардан  буён исботланиб келаётганлигини эслаб қўйинг. Қолаверса, сиз онасиз. Оналик мақомини улуғлаган ҳолда хонадонингиз чироғига айланиб, фарзандларингиз турмушини чароғон ва гулгун этишга бел боғланг.

Шу ўринда, қизларимизнинг оналарига ҳам айтар сўзимиз бор. Биз кўзимизнинг оқу қароси деб авайлаган фарзандимизнинг ҳаётини  изга солиш ниятида эканмиз, энг аввало, унга оила сирларини, хуш хулқлик ва хушодоблилик мезонларини, ҳар бир ишда сабр-бардошли бўлишликни қон-қонига сингдиришимиз керак. "Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга сиғмайдими?" деган ақидани бутунлай тафаккуримиздан ўчириб ташлашимиз лозим. Қизларни янги оилага ва ўша оиланинг ёзилган, ёзилмаган тартиб-қоидаларига мослаб  тарбиялаган ота-оналаргина кексайган чоғларида хотиржам, ҳаловатли, умргузаронликка мушарраф бўладилар. Унутманг, "Қарс икки қўлдан чиқади".

 

Азамат ва баҳодир, алп қомату чуқур идрок соҳиблари бўлмиш жўрабошилар!

Бугун сизлар жамият ҳаётида ўзига хос мавқе ва ўрин топиб бораётган жамоатчиликка айланиб улгурдингиз. Биз сизларнинг куч-қудратингиз, билим салоҳиятингиз, обрў-эътибору тоғдай ғурур-виқорингизга ишонамиз. Шундай фазилатлар эгаларидан фақат аҳиллик, меҳр-оқибат, зийраклик, гўзал ва хуш ахлоқ намуналарини кутиб қоламиз. Тўйларда ортиқча даҳмазалар, урф-одатларга чек қўйишда Сизларнинг имкониятингиз катта. Ўнлаб машиналарда никоҳга чиқиш, тоғора-тоғора маъзар-сомсалар, ўпка-ҳасиплар талаб қилиш, куёвнинг сарпосини кўпчиликка кўз-кўзлаш ташқаридан қаралса, жуда хунук манзара эканлигига амин бўласиз.

Йигитлар, ахир сизлар ер юзини ўзига бўйсундирган Амир Темур, ҳиндистонда улкан салтанат яратган Бобур Мирзо, кўзларида олов чақнаган Жалолиддин, Темур Малик, дунё тамаддунини илм-маърифат чироғи билан ёритган имом Бухорий, Алишер Навоий, ал Беруний, ал Хоразмий, ал Фарғоний каби буюк зотлар авлоди эканлигингизни билмайсизларми? Қачондан буён ўзбек ўғлонининг орзу-ҳаваслари кийим-кечак, мол-дунё билан баҳоланадиган аҳволга тушиб қолди? Йигитлик ор-номуси, шон-шавкати учун жонини тиккан ота-боболаримиз руҳидан уялмаймизми? Ўғил бола туғилса тоғу-тошлар суюнар экан, бугун ўчоқ бошини обод қиладиган "куёвчак"лар қўлтиғига сув пуркаб, нимага эришмоқчимиз? Бизнинг олдимиздаги буюк мақсадлар унутилиб кетдими? Ҳаммасини бир тоғора маъзарга қўшиб еб қўйдикми? Ахир еганимиз таом эмас, ўзимизнинг номусимиз, виқору оримиз эканлигини билмай қоляпмизми?

 

Гўзал ва оқила қизлар!

Минг йиллик ҳаёт тажрибаларидан маълумки, барибир оила тотувлиги, ҳаёт фаровонлиги, фарзандлар камоли - бу албатта, қизларнинг турмуш синовларига, ҳаёт қувонч ва ташвишларига қай даражада тайёргарлик кўрганлигига боғлиқ. Янги хонадонга келган кунингиздан бошлаб, ана шу макон Сиз учун умрингизнинг охирига қадар муқаддас жойга айланиб қолишлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Ўз онангиз 18-20 йил бағрида авайлаган бўлса, қайнонангиз нафақат Сизни, балки    фарзандларингизнинг ҳам катта муаллимаси, меҳрибони, тарбиячиси эканлигини юракка муҳрлаган ҳолда, ана шу жонсарак ва куюнчак она ҳурматини жойига қўйишга интилишингиз лозим.

Сеп-сидирға - бахт эмас. Асосий ва энг муҳим толеъ бу - Сизнинг ҳаётий сабоқларингиз, олган билимларингиз, гўзал аҳлоқингиздир. Сизни ўзингиз ўйлаган, энг буюк мақсадларга элтадиган олий хилқатлар ҳам ана шу гўзал фазилатлар эканлигини ёддан чиқарманг ва бир умр ҳаётдан, қайнонангиздан, оқил одамлардан одоб дарсини ўрганиб яшашга одатланинг. Сабр олтинга тенг эканлигини унутманг ҳамда шу хазинага эга бўлинг.

 

Азиз биродарлар, оқилу дониш фарзандлар!

Ҳаёт - эртак эмас. Осон эришиладиган бахт фақат афсоналарда бўлади. Ҳақиқат шуки, яшаяпмизми, бу дунёда фақат яхши ном қолдириб, тараққиёт биносига мустаҳкам ғишт қўйишга интилайлик. Ортиқча орзу-ҳаваслардан воз кечиб, камтарона, ҳаловатли умргузаронлик қилайлик. Ўзимиз соғинганимизни яқинларимизга, қуда-анда ва келин-куёвларимизга илинайлик.

Фарзандларимизни юртга нафи тегадиган аҳли олим, аҳли комил кишилар қилиб тарбиялайлик.

Эзгу ниятларимиз бобокалонларимиз яратган миллий, диний, фалсафий қарашларимизга мос бўлсин, тўйларимиз маънавиятимиз кўзгусига айлансин.

 

Мурожаат Халқ депутатлари вилоят

Кенгашининг 2017 йил  16 ноябрдаги XIII сессиясида

 

 маъқулланган.

Прочитано 1717 раз