+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Янв 2023

Андижоннинг қирғиз журналистлари: Дўстлик ва миллатлараро тотувлик тарғиботчилари

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Миллатлараро дўстлик

Андижонда вилоят қирғиз миллий маданий марказининг фаолият кўрсатаётганига йигирма беш йил бўлмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида марказ томонидан қирғиз тили, миллий қадрият ва анъаналарини ривожлантириш, юртимизда   миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, марказнинг биринчи раиси, "Дўстлик" ордени соҳиби Қодиржон Маматов, ундан кейин узоқ йиллар раис бўлиб иш олиб борган, у кишининг ўғли Ҳамиджон Маматов вилоятимиздаги қирғиз миллатига мансуб журналистлар билан жуда яхши ижодий хамкорлик ўрнатишган эди.

Миллатлараро дўстлик ҳамиша улуғланиб келган, одилона миллий сиёсат юритилган юртимизда барча миллат ва элат вакилларининг эмин-эркин яшаши, ишлаши, ўзларининг миллий анъаналарини ривожлантириш учун, айниқса, мустақиллик йилларида барча шароитлар яратиб берилди.

Марказимизнинг биринчи раҳбари Қодиржон Маматовнинг ташаббуси билан қирғизлар уюшган ҳолда яшайдиган Хўжаобод, Булоқбоши, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда турли маданий-маърифий, ижодий тадбирлар, дўстлик фестиваллари тез-тез ўтказилиши анъанага айланган эди.  Ана шу тадбирлар ҳақида юртдошларимиз, кенг жамоатчиликни хабардор этишда албатта, вилоятимизнинг қирғиз журналистлари фаоллик кўрсатишган. Уларнинг телевидение, радио ва матбуот нашрларидаги ижодий материаллари халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бу борада ҳамиша етакчилик қилган устозимиз Узоқбой Саксонбоевнинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринли. У ўша йиллари Жалақудуқ тумани ҳокимлиги   нашри "Жалақудуқ ҳаёти" газетасида муҳаррир ўринбосари, кейинчалик вилоят радиосида катта муҳаррир вазифасида хизмат қилди. Узоқбой ака Наманган давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тугаллаб, тўғри туман газетасига ишга келганди.

Узоқбой ака ҳам ўзбек, ҳам қирғиз, ҳам рус тилларида бирдай ёза олар эди. Кўплаб асарларни қирғиз, рус  тилларидан ўзбек тилига таржима қилиб, чоп эттирган. Ўзи ҳам яхшигина ғазаллар ёзарди. Унинг учта шеърий тўплами нашр этилган.

 Асли қўрғонтепалик устоз журналист Жонибек Мадумаровнинг ҳаёти, ижод йўли ва меҳнат фаолияти ҳар жиҳатдан бизга ибрат бўла олади. У кўп йиллар "Андижоннома" газетаси таҳририятида хизмат қилди, сўнг Балиқчи туман газетасига муҳаррирликка юборилган. Самарали фаолият олиб борган устозни ҳали ҳануз балиқчиликлар ҳурмат билан эслашади.

Яна бир устозимиз, мархум Абдураҳмон Тўланов касбининг ҳақиқий фидоийси эди. Жалақудуқ туманининг Қатортол қишлоғида туғилиб ўсган Абдураҳмон ака вилоят телерадиокомпаниясига тамал тоши қўйган ижодкорлардан бири, вилоят радиосининг биринчи муҳаррирларидан эди.  Вилоят  телерадиокомпанияси шаклланиши ва тараққий этишида у инсоннинг алоҳида хизматлари бор. Турмуш ўртоғи, истеъдодли радиобошловчи Турсуной Саидова билан кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Улар ижод, телерадио соҳасида ўзига хос тажриба мактабини ярата олганлар. Вилоят телерадиокомпаниясида фаолият юритган жуда кўп ижодкорлар уларни ўз устозлари, деб билишади.

Ўз даврида туман газетасининг оддий мухбирлигидан Жалақудуқ тумани Халқ назорати бўлими раҳбари лавозимигача кўтарилган устоз Усмонжон Каримов ўткир қалам соҳиби, фельетончи журналист эди. Нафақага чиққанидан кейин ҳам эл-юрт хизматида бўлди. Узоқ йиллар Жалақудуқ туманидаги Ҳамзаобод маҳалласи раиси сифатида самарали фаолият юритди, "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди.

Қўрғонтепа туман газетаси таҳририятида марҳум Собиржон Бурқашев мухбир, устозимиз Ҳурриятхон Жалилова эса муҳаррир ўринбосари лавозимида узоқ йиллар ишлашди. Ҳурриятхон опа самарали ва баракали ижод қилди. Унинг ҳикоялари, қизиқарли мақолалари нафақат туман,  вилоят, балки  республика газета ва журналларида тез-тез эълон қилинарди.

Ҳабибахон Абдураззоқова эса "Жалақудуқ ҳаёти" газетасида масъул котиб, "7х7", "Ёғду" газеталарида бош муҳаррир сифатида самарали фаолият юритди. Ижоди билан вилоятга, республикага танилди.

 "Умр оқар сув", "Ҳаёт бешафқат" деган гаплар халқимиз томонидан бежиз айтилмаган экан. Ҳаётнинг бешафқатлигини қарангки, мен билан вилоятнинг отахон газетаси "Андижоннома"да бирга ишлаган, кейинчалик вилоят радиосида, шоир Фарид Усмон муҳаррирлигидаги "Келажак тонгги" газетаси таҳририятида ишлаган укам Абдуқаҳҳор Абдураҳимов ҳаётдан эрта кетди. У фаолияти давомида журналист сифатида баракали ижод қилди.

Жалақудуқлик Раҳимахон Абдураҳмонова ҳам самарали ижод қилиб келаётган ҳамкасбларимиздан. Унинг танқидий, маънавий-тарбиявий мақолалари кўплаб республика нашрларида, хусусан, "Муштум" журналида кўп марта чоп этилган. У ҳозирда нафақада бўлса ҳам яхшигина қалам тебратиб турибди.

Андижон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Маҳбубахон Темирова ҳам ўзининг ижодий фаолиятини Жалақудуқ туман газетасида бошлаган. Кейин вилоят радиосининг қирғиз тилидаги эшиттиришларига муҳаррирлик қилди. Маҳбубахоннинг ширали овози, мазмунли, қизиқарли эшиттиришлари нафақат Қирғиз тингловчилари, балки кенг жамоатчиликнинг эътиборини қозонган.

Таъкидлаш керакки, мухбирликдан олималикка ўтган ҳамкасбимиз ижодни ташлагани йўқ. Ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга, у кейинги йилларда қатор асарларни қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Қирғиз тилида ўқитиладиган мактаблар учун нашр этилган дарсликларга муҳаррирлик қилди. Бугунги кунда унинг кўмагида ёш ижодкорлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетасининг муҳаррири Толибжон Шерматов юксак давлат мукофоти - "Дўстлик" ордени билан тақдирланган вилоятимиздаги ягона  қирғиз журналистидир. Бундан ташқари, у ўзбекистонлик қирғизлар вакили сифатида Иссиқкўл шаҳрида ўтказилган Туркий тилли давлатлар биринчи халқаро форумида қатнашган андижонлик журналист ҳисобланади.

  У форумда қирғиз тилида қилган ифодали, мазмунли нутқи билан  улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг эътиборини қозонган. Чингиз Айтматов Толибжонни ёнига чақириб, яқиндан суҳбатлашган. Янги чоп этилган китобига дастхат ёзиб берган. Ҳамкасбимизнинг буюк  ёзувчи билан бирга тушган сурати туркий тилли давлатлар "фотокўргазма"ларида намойиш этилди.

Муҳаррир дўстимизнинг жонажон Ўзбекистонимиз равнақи, она Ватанимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт, миллатлараро дўстлик, юксак инсоний фазилатлар ҳақидаги мақолалари, чоп этилган китоблари алоҳида эътирофга муносибдир.

Инсон қадри, миллатлараро  дўстлик улуғланаётган Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда яшашнинг ўзи бахт. Миллатидан қатъи назар шу юрт фарзанди сифатида ўзининг меҳнати, ижоди билан Ватан равнақига хизмат қилиш улуғ саодатдир. Озод, обод юртда эмин-эркин яшашлик бахти сизу бизни асло тарк этмасин, Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин. Ўз халқидан, юртидан куч олаётган журналистларимиз ижоди юксалаверсин. 

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист.

Прочитано 228 раз