+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

15 Сен 2022

ИБРОҲИМЖОН ОТА ЖЎРАЕВ: МЕҲР ВА ЭЪТИБОРНИ ҲИС ЭТИБ ЯШАЙМАН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

эътибордан обод кЎнгиллар

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида"ги қарори, унда амалга оширилиши белгиланган вазифалар билан танишар эканмиз, қалбимиздан беихтиёр буюк неъмат - мустақиллигимизнинг қадрига етиш, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириш, обод ва кундан кунга юксалиб бораётган юртимиз равнақидан фахрланиш туйғулари жўш уради. Энг муҳими, мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти замирида халқимизни, шу юртда яшаётган ҳар бир инсонни қадрлашдек эзгу ғоялар мужассам эканлиги барчамизни қувонтиради.

Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар, энг аввало, инсонни, ҳар бир фуқарони қадрлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу боис ҳам, юртимиз мустақиллигининг 31 йиллик тўйи "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида ўтказилмоқда.

Инсон қадрини улуғлаш ҳақиқатдан ҳам давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланди. Буни биргина Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида олиб борилаётан ишлар, бу ерда яшаётган инсонларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик, уларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

 Айни кунда "Саховат" уйида 93 нафар кекса ва ногирон инсонлар алоҳида-алоҳида хоналарда истиқомат қилади. Уларнинг 39 нафари 1- ва 2- гуруҳ ногиронлари. Ҳатто, бир нечта кексалар бу ерда оила қуриб яшашади. Муассасада ана шу инсонларнинг яшаши, саломатлигини сақлаш учун зарур барча шароитлар яратилган.

 - Муассасада кекса отахон ва онахонларнинг бекаму кўст яшашлари учун барча шароитлар яратилган, - дейди "Саховат" уйи директори Отабек Исмоилов. - Айниқса, уларнинг саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 70 нафар шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари куну тун уларнинг хизматида.

Бундан ташқари, кексалар ва ногиронларнинг яшаши, саломатлигини тиклаши учун тринажер зали, физиотерапия, дам олиш, ювиниш хоналари, кутубхона ташкил этилиб, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

"Саховат" уйига вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларидан малакали шифокорлар таклиф этилиб, ногиронлиги бўлган, умуман, барча яшовчилар бир йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

- Бир неча йиллардан буён шу ерда яшайман, - дейди 2-гуруҳ ногирони Маъмиржон ота Юсупжонов. - Давлатимизга, бу ерда ишлаётган шифокорларга раҳмат. Биз учун яратиб берилган шароитлардан беҳад мамнунмиз. Айниқса, шифокорларнинг эътибори, ширин сўзлари ўксик кўнглимизни тоғдай кўтаради.

Муассасада турли байрамлар муносабати билан маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилиши анъанага айланган.

Вилоятдаги кўплаб ташкилот, корхона, таълим муассасалари, маданият уйлари жамоалари вакиллари ташриф буюриб, "Уч авлод учрашуви", "Кексалар маърифат соати" "Ҳаёт - ибрат мактаби" каби қатор мавзуларда суҳбатлар, қизиқарли, кўнгилочар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказади, концерт дастурларини намойиш этади. Бундан кекса отахон ва онахонларнинг кўнгли тоғдай кўтарилади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муассасада яшовчилар вилоятнинг диққатга сазовор жойларига, хусусан, "Боғи Бобур", "Қора дарё"  дам олиш масканларига, "Қаъла" ёдгорлиги мажмуаси, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига, "Мирпўстин ота", "Имом ота" зиёратгоҳларига саёҳатда бўлди. 

Кутубхона - отахон, онахонларнинг энг севимли масканига айланган. Уларнинг кўпчилиги кутубхонанинг доимий аъзоси ҳисобланади. Жорий йилда кутубхонага 15 жуфт стол-стул, 12 та китоб жовони, 16 миллион сўмлик янги китоблар сотиб олинди.

ҳафтанинг сешанбаси муассасада соғломлаштириш куни, деб белгиланган. Шу куни нафақат ходимлар, балки отахон-онахонлар ҳам спорт билан шуғулланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлайдилар. Айниқса, "Саломатлик учун 5 минг қадам" тадбирида фаол иштирок этадилар. Бундан ташқари, муассасада ёрдамчи хўжалик ташкил этилган бўлиб, қизиқадиган кексалар 14 бош қўй, 60 бош ўрдак ва товуқни парваришлашга кўмаклашади.

Умуман, муассасада яшаётган кексаларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, яратилган шароитлар, кўрсатилаётган эътибордан беҳад мамнун эканликларини изҳор этишди.

- Бу ерда бир неча йилдан буён яшайман, - дейди Мухтарамхон ая Раимова. - Ўтган йили Неъматжон ака Юсупов билан турмуш қурганмиз. Алоҳида хонада яшаймиз. Оилавий яшашимиз учун ҳамма шароитлар яратиб берилган. 

Иброҳимжон ота Жўраев асли Балиқчи туманидан. Турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, тақдир тақазоси билан шу ерда яшайди.  Бенков номидаги Тошкент рассомчилик билим юртини тамомлаган отахон узоқ йиллар З.М.Бобур номли вилоят театрида, вилоят қўғирчоқ театрида рассом, ўз вақтида Савдо рекламаси идорасида раҳбар бўлиб ишлаган.

Ҳозирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси бўлган Иброҳимжон отанинг  "Оила", "Регистон", "Озодлик", Қора Ботир" "Ҳовуз бўйида", "Муҳаммад Юсуф" деб номланган 20 дан ортиқ мусаввирлик асарлари жуда кўп танловлар ва кўргазмаларда юқори баҳоланган. Турли йилларда Андижон тарихи ва маданияти музейида унинг асарлари кўргазмалари ташкил этилган.

- Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганлигимдан Яратганга чексиз шукроналар келтираман, - дейди Иброҳимжон ота тўлқинланиб. - Қаранг, "Мурувват" уйида яшасамда, ижод қилишим учун барча шароитлар яратиб берилган. Турли кўргазма, танловларда қатнашаман.

Бошимдан ўтган воқеларни айтсам, катта китоб бўлади. Лекин на илож тақдиримдан бор экан, шу ерда яшаяпман. Очиғи, бу ерда яшаётганлигимдан асло афсусланмайман. Давлатимизга, раҳбарларга раҳмат, кўнглимизга қарашади. Нима ёрдам керак бўлса, беришади. Емоқ-ичмоғимиз бисёр, шифокорлар, ходимлар куну тун хизматимизда. Энг асосийси, бу ерда меҳрни, эътиборни ҳис этиб яшаймиз. Назаримда, инсонга бундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас. 

Иброҳимжон отанинг дил сўзлари юртимизда инсонни эъзозлаш, қадрини улуғлашнинг ёрқин эътирофидир.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони" лойиҳаси доирасида чоп этилди.

Прочитано 931 раз