+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Окт 2017

АЁЛНИНГ ХАТОСИДА ЭРКАКНИНГ АЙБИ БОР!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

( 41-сон) бугуннинг гапи

... эркакларимиз, аёли нима деса, шу-да, демасдан фикрида қатъий турсин

Ҳамкасбим билан автомобиллар тўхташ жойидан ўтиб бораётгандик, бир аёлнинг сўкиниб гапираётгани диққатимизни тортди. Сочлари сариққа бўялган, тор кўйлакчаси баданини ситиб турган, оёқларига ёпишиб турган шим тўладан келган гавдасини қўпол кўрсатаётган аёлнинг оғзидан чиқаётган сўзларни илон эшитса, пўст ташлайди. Ҳамкасб аёллар ҳайрат ва хижолатлик билан бир-биримизга зимдан тикиламиз. Бақираётган, сўкинаётган аёл эса ўзини йиғиштирай демайди.

-Менга айтаяпсизми, қизим? - деди сал нарироқдан юриб келган сочларига оқ оралаган эркак.- Тинчликми?

-Сенга айтаяпман! - дея  шанғиллади аёл. - Нега машинангни менинг йўлимга қўясан? Кўрмисан, ўтиб-қайтишга жой қолдирмабсан. Буёғи ёзиш тугул, эшитишга ҳам одам уяладиган ҳақоратлар...

Эркак оғзи шалоқ аёлга бир оғиз эътироз билдирмай, автомобилини йўлдан олди. Манзара жуда хунук эди, бу воқеа ўзбек аёли билан юз берганини тасаввурга сиғдириш жуда қийин.

 

Бугунги ўзбек аёлининг сийрати гўзалми?

Аёл маънавияти, ўзбек аёлининг одоб-ахлоқи, ботиний дунёси ҳақида мулоҳаза билдирмаган, сўзлар шодасидан дуру марварид тизмаган ижодкор топилмаса керак. Қайси асарни олманг, унинг замирида аёлга бўлган чексиз ҳурмат, меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва садоқат ётади.  Аёл қиёфасида ОНА тимсолини кўрганлар аёлни иззат қиладилар, чексиз эҳтиром билан қадрлайдилар. Айниқса, ўзбек аёлининг шамолида ибо, ҳаё, андиша ва тавозе шакли акс этгани, ўзбек аёлининг латофати ва назокати    асрлар бўйи инсониятни ўзига ром этиб келаётгани-ю, бу ғолибалик нашидасини сўз билан таърифлаш ожизлиги ҳар доим тан олинган. Аммо бугун ўзбек аёлига хос сифатлар ҳақида гап кетганда, уни ҳаё ва ибоси ҳақида ижобий фикрларни баралла айта оламизми? Бугунги  ўзбек аёлининг сийратида дунёни лол қолдирган фазилатлар қай даражада? Афсус...

 

  Аёлнинг юзидан хаё пардаси кўтарилишига эркак сабабчи!

Устоз ижодкорлардан бири ўзбек аёли ҳақидаги мулоҳазаларида шундай ёзади: "Миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир." Бугун миллатимиз аёллари ибо-хаёси, ор-номуси хусусида сўз кетганда айрим опа-сингилларимизнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан хижолат тортамиз. Бунинг сабаби эса нимада деган савол барчамизни ўйлантириши табиий. Бу борада сизнинг мулоҳазангиз қандайлигини билмадим-ку, мен баъзи бир аёлларнинг юзидан ҳаё пардаси кўтарилишига улар билан яшаётган, уларнинг яқинлари бўлган эркакларининг бепарволиги, ор-номуси сустлигидан деб биламан. Аёлини қизғонмаган, аёлига ожизаликни раво кўрмаган, аёлига юриш-туриши, рисоладагидек кийинишига эътиборсиз қарайдиган, уни тергамайдиган эркакнинг аёлида устунлик, манманлик, жиззакилик пайдо бўлган. Унда нафосат, аёллик назокати йўқолиб бормоқда.

Бу ҳақда Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон ХОШИМОВА қуйидаги фикрни билдирди: - Ҳукмбардорлик аёл қўлига ўтган бўлса эркак аёлини қандай бошқарсин? Ўзи азалдан ўзбек аёли фармонбардорлигини ожизалик, ширин сўз, кўз ёш ва назокат ортига беркитиб оилага, жамиятга ўз таъсирини кўрсатиб келган. Ўзбекойимнинг Отабекни Зайнабга уйлантириш саҳнасини эсланг. Кимсан Юсуфбек Ҳожи аёлининг даъвосини рад қилолмайди. Бугун эса жуда кўп аёллар эркакларни бошқаришга ўтди. Уларга фикрларини сингдириб, хатто виждонига қарши боришга мажбур қиляптилар. Айрим аёллар ҳақиқатдан ҳам ҳаддидан ошиб кетяпти. Бундай ҳолатга тараққиёт, оммавий маданият кўринишлари, яна бошқа сабабларни рўкач қиляпмиз. Аслида-чи, бунинг барчасига эркаклармиз айбдор. Эркак аёл устидан раҳбарлик қилиши керак. Ўз оиласи, аёлига раҳбарлик қилолмаган эркак жамиятга қандай наф келтиради, қандай қилиб ҳурмат-эътибор топади?! Шу боис, ҳурматли эркакларимиз, аёли нима деса, шу-да, демасдан фикрида қатъий турсин, аёлини, қизларини юриш-туришини, кийинишини назорат қилсин, уларнинг енгил-елпи, миллатимизга хос бўлмаган кийинишидан уят, орият қилсин. Шунда аёлларимиз ибо-ҳаёси, оиласи, эркагининг ор-номуси эканлигини ҳис қилиб яшайди. Ножўя хатти-ҳаракатлар қилмайди, беўхшов кийинмайди.

Махфиратхон БОЗОРОВА, Марҳамат туманидаги 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси: - Аёл ўз хоҳиши билан ёмон йўлга кирмайди. Мен аёлларни айблашга қаршиман. Аёлни адаштиришади. Аёлни    қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлишади. Ҳеч бир аёл ўз хоҳиши билан назокатидан айрилиб, ҳимоясиз қолишни истамайди. Аёлнинг хатосида эркакнинг айби бор. Аёл табиатан курашувчан, мард бўлади. Фақат меҳр-муҳаббат, эътибор билан аёлнинг мардлигини тўғри йўналтириш мумкин.

"Аёлларнинг оғзи шалоқ", "Аёллар беҳаё" деганлардан хафа бўламан. Аёлини аёлдай олиб юрган қайси эркакнинг хотини ёки қизи оғзидан бепарда гап чиқади? Оила эркагига иснод келтирадиган йўл тутади? Аёлини асраб авайлаган, меҳр билан эъзозлаган қайси эркакнинг аёлидан ҳаё олислабди? Бундай бўлмаган, кейин ҳам бўлмайди. Чунки аёл меҳр, эътибор гадоси. Бошида устуни бўлишини истайди. Аёлни аламзадалик, эътиборга эҳтиёжмандлик дағаллаштиради. Рўзғор юкини елкасига ортмоқлаган, автомобиль рулини     бошқариб ўзининг, оиласи ва фарзандларининг муаммосига ечим ахтарган аёл охир-оқибатда эркакдан ҳам қўпол, қўрс ва қаттиқлашади. Бозордан халта-халта картошка-пиёз кўтариб келган, ошхонасидаги сув оқиб ётган жўмракни ўзи тузатган, боласининг контракт пулини тўлаш учун хорижга чиқиб ишлаб келган аёл ҳаётда эркакдай бўлишга мажбур. Ҳеч нарса сабабсиз бўлмайди. 

 

Аёл таҳқирланса, жиноятчига айланади

Ижтимоий тармоқларда қайнонасига жароҳат етказган бир аёл ҳақида ўқиб қолдим.  Унда ёзилишича, аёл тергов жараёнларида қайнонасининг "Сен ўғлимга муносиб эмассан, барибир сени ҳайдаттириб, ўғлимга бошқа хотин олиб бераман!" деган таҳқирли таъналаридан безор бўлиб, алам устида жиноятга қўл ургани айтилади. Аёлнинг жиноят қилгани, боз устига, дунё ва охирати учун ҳаддан ортиқ зиён бўлган гуноҳ қилгани таъкидланади. Лекин вазиятга теранроқ назар ташлаб, аёл ўз-ўзидан жиноятга қўл урмаслиги, тинимсиз таҳқирлар, кўнглига отилган тошлар уни ваҳшийга айлантиргани, алал оқибат аёл ўзига муносиб бўлмаган жиноятга қўл ургани ҳақиқат.

Шоира, "Дўстлик" ордени соҳибаси Фарида Афруз бир суҳбатимизда аёл қалби хусусида шундай дегандилар: Аёлни хиёнат ларзага солади! Руҳан ёлғизланиш, қадрининг топталиши аёл қалбини парчалайди. Қалби синган, тинимсиз руҳий ёлғизлик, қадрсизлик гирдобидан бўғилган аёл назокатидан айрилади...

 

Аёл - она!

Халқда "Онаси ёмоннинг бари ёмон" деган гап бор. Устоз Қозоқбой Йўлдошев бу    нақлни "Онаси ўқиганнинг бари ўқиган" дея талқин қиладилар. Бугунги кун аёлларининг назокатдан айро тушишида, сўзига, ҳаракатларига, либоси-ю пардозида нуқсон кўпайганига ўқиш ва уқишга бепарволик ҳам бир сабабдир. Ахир инсон маънавияти, ботини китоб орқали сайқал топади. Китоб ўқимаган, китобга муҳаббат билан зиё топмаган қалб кўзи хира тортиб бораверади ва оқибатда буткул ожиз бўлади.

Қалб кўзи ожизлар эса ўзларини тафтиш қилмайдилар. Ҳар бир амали, ҳаракатларини тафаккур мезонида ўлчаб кўрмайдилар. Ўзликдан, аслиятдан маҳрумликка бошлайди тафаккурнинг ўтмаслиги. Аёлни меҳр-сизлик, эътиборсизлик, дунё ташвишлари қаттиқлаштириши эҳтимол, ҳақ фикрлардир. Бироқ энг катта фожеа - бу аёлнинг илмсизлиги, маънавий дунёсининг қашшоқ ва заифлиги эмасмикан? Эри етарлича пул топмас, эплаб бир оғиз ширин сўзни гапирмас, бироқ аёлнинг беҳаё-лигига, Аллоҳдан қўрқмай гуноҳ ишларни қилишига булар рўкач бўлолмайди-ку! Ҳисоб куни аёл бу сабаблар билан ўзини оқлаёлмайди-ку?! Аёл - она. Она эса фарзандлари тақдирига масъулдир. Онанинг хатоси   фарзандлари тақдирига умрбод доғ бўлиб қолади ва уларни ҳаёт давомида таъқиб қилаверади. Шунинг учун онанинг адашишга, хато қилишга, ўзини бепарда кўрсатишга ҳаққи йўқ! Минг афсуски, орамизда оз бўлса-да, овози шанғиллаб ҳақорат сўзларни ишлатаётган, танасини номаҳрамларга кўз-кўз қилиб беўхшов кийимлар кийган, бегона эркакларга эҳтиросни қитиқлайдиган сўзлардан тизиб хат йўллаётган, телефонда эркаклар билан танишиб, ишқий суҳбатлар қураётган аёлларнинг қизлари ҳам бундай ишларни қилмаслигига ҳеч ким  кафолат бермайди! Бундай аёллар ўз қилмиши билан жамиятга доғ туширади, бахтсиз аёллар, етим болалар ва кемтик оилаларни кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам опа-сингилларимиз ўзлигини асло унутмасин.

 

Она - ибрат!

Қиз болага "Сен ОНА бўласан!", "Фарзанд дунёга келтириб тарбиялайсан!", "Севимли, қадрли рафиқа бўласан!" деган тутум билан тарбия бериш керак. Ва аввало она сўзи билан эмас, амали, қиёфаси, ҳаракатлари билан фарзандларига ибрат бўлиши лозим. Чунки, насиҳатнинг аввали ибрат. Сўз таъсири ожиз, амал таъсири эса мўлжалга аниқ тегади.

Юқоридаги мулоҳазаларимиз кимларгадир ёқмас. Лекин ўзбек аёлининг шаъни, қадр-қиммати масаласи миллат тақдирида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, муҳтарама аёлларимиз, ким бўлишидан қатъи назар бу масалада кўнгли тусаган ишни қилишга ҳақли эмас. Азиз муштарий, бу ҳақда балки сиз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашарсиз!?

 

 

Умида АДИЗОВА

Прочитано 2730 раз