+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Апр 2025

КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Қонун ва ижро

Ҳар бир фуқаронинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак

Маълумки, бугунги кунда коррупция дунё миқёсида кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий зарар етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Шу боис, унга қарши курашиш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, бу борада республикамизда ҳам зарур чоралар кўрилиб, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндашган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.

Коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” - лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.

Мамлакатимизда  коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган.

Хусусан, 2017 йилнинг 3 январида ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ҳамда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Бинобарин, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Бу борада, давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг бош мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтган.

Ҳозирда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш Агентлик билан бир қаторда барча ташкилотларнинг, шу жумладан, банкларнинг ҳам устувор вазифаларидан биридир.

Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш доирасида “ўзмиллийбанк” АЖ тизимида банк ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада жонлантириш ҳамда самарадорликка эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш масалаларида тааллуқли ишларни олиб бормоқдалар. 

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки департамент, тузилма саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. қачонки, барча ходимларимиз, жамоа бўлиб унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаб бориш учун банкнинг коррупцияга қарши курашиш комиссияси фаолиятини кучайтириш муҳимдир. Ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, банкда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатга эришиш, ушбу йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ваҳоланки, бугун ҳар бир банк ходимининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини  сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши, бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши муросасиз бўлиши лозим.

 

Озодбек ТЎХТАСИНОВ,

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Андижон вилояти Бош бошқармаси бошлиғи в.б.

 

Зафаржон ТЎЙЧИЕВ,

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Андижон вилояти Бош бошқармаси коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат бош мутахассиси.

 

Прочитано 167 раз