+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

16 Нояб 2023

Ўзбекистон - инсон қадри ва манфаатлари улуғланаётган юрт

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Муносабат

 

Жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президентимиз дунёнинг энг юксак минбарида туриб қилган маърузасида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.

– Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.  

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

– Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда, – деди Президентимиз. 

Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир.

Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайганлигини таъкидлади.

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

– Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган натижаларга қаратилди.

Президентимиз инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан бири эканлигини ҳам алоҳида қайд этди.

Кейинги йилларда бу борада катта тажриба тўпланди – таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий боришини қайд этди. 

Юртимиз ва барча қўшниларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлди.

Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этишига ишонч билдирилди. Уни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади.

Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилиб, сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини қайд этиб, Президентимиз Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамиздаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиш тенденциялари тўғрисидаги маълумотлар келтирилди. 

Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.

 Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш стратегик вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбари экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштиришга тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймасликка чақирди.

Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

 Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз, – деди давлатимиз раҳбари. 

Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон Президенти БМТнинг юксак минбаридан туриб дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақирди. 

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр экани яна бир бор таъкидланди.

Мардонбек АБДУВАЛИЕВ,

Андижон вилояти Маъмурий судининг архив мудири.

Прочитано 265 раз