+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

28 Янв 2023

Камтар, сахий ва бағрикенг устоз

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Тўйхат ўрнида

Назиржон ака билан бундан қарийб ўттиз йил аввал илк бор танишган эдим. Нуфузли даргоҳда, нуфузли инсонлар даврасига тушиб қолганимдан бироз хижолатда қолгандим.

Устоз дўстона суҳбат асносида белгиланган вазифаларни ишчанлик руҳида изоҳлар экан, бошқалар қатори менга ҳам исми шарифим билан мурожаат қилиб, ўз тавсияларини берди, айрим масалалар юзасидан фикримни сўраган бўлди.  Шундай раҳбар, ажойиб журналист билан ҳамкасб бўлганимдан ғурур туйдим ўшанда. Узоқ йиллик устоз-шогирд муносабатларимиз давомида серқирра фазилатларини янада чуқур идрок этиш учун ҳаётий мисоллар кўп бўлган.

Тақдир томонидан баланд толе, баракали ризқ ато этилган Назиржон Саидов Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида деҳқон оиласида туғилди. Мусаффо қишлоқ тафти билан йўғрилган орзу-умидларга тўла беғубор қалб соҳибини олдинда катта ҳаёт йўли кутиб турар эди. Ярим асрдан зиёд ҳалол меҳнат эвазига маҳалладошлари, ҳамкасблари, жамоатчилик эътиборини қозониш, билдирилган ишончни оқлаш, инсонлар корига яраш, қисқаси, эл оғзига тушиш замирида катта масъулият ётади, албатта.

Назиржон Саидов ижод  завқини 1970 йилда туманнинг "Коммунизм тонги" газетасида юқтирган куйи журналистика дунёсига кириб келди. Қўли тўрт, оёғи олти бўлиб туман ҳаётини ёритишга бел боғлади. Гоҳ пиёда, гоҳо велосипедда қайноқ нуқталарда пайдо бўлар, замон руҳини акс эттиришга интилар эди. Ҳаш-паш дегунча анча сувлар оқиб кетди, битган сатрлари равонлашди. Тошкент давлат университетини сиртдан тамомлади. Амалий тажриба назарий билимлар билан уйғунлашди.

Хуллас, газетачиликнинг барча поғоналаридан юқорилаб бораётган ёш мутахассисни Олтинкўл тумани ижрокўмига муовин этиб тайинлашди. Бу орада улкан мамлакатда қайта қуриш сиёсати авж олиб,   бошқарув издан чиқа бошлаганди. Тумандаги энг илғор "Олтинкўл" жамоа хўжалиги ҳам бошбошдоқлик касалига чалинди, кўрсаткичлар орқага кетди. Вазиятни ўнглаш учун ижроқўм раиси муовини сафарбар қилинди. Қисқа муддатда хўжалик оёққа турди, аввалги нуфузи тикланди.

Эркни қайтарган Истиқлолни ҳар ким ҳар мақомда кутиб олган. Назиржон ака чекига эса ўша кезларда туманни бошқариш вазифаси тушганди. Партия қўмитасининг биринчи котиби, айни дамда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўз ҳудудида ўз ваколати доирасида эски тузумдан янгисига беталафот ўтишни, нафақат иқтисодий, балки руҳий барқарорликни таъминлашда жонбозлик кўрсатди. 1992 йили мустақил республикамизда маъмурий-сиёсий бошқарув соҳасида ҳокимлик тизими жорий қилинди. Олтинкўл тумани биринчи раҳбари лавозимига номзод илк бор бевосита халқ томонидан муқобиллик асосида тайинланадиган бўлди. Якунда кўпчилик ёқлаб чиққан Назиржон Саидов ҳоким сифатида эътироф этилди. Ҳа, ишониш қийин, аммо шу   даврда мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилмасдан Олтинкўл тумани режани республикада илғорлар қатори уддалаган. Бундай дадил қарор раҳбарнинг қатъиятлилигидан, қишлоқ аҳли оғир-енгилини яхши англашидан далолат эди.   

1993-1999 йилларда эса устоз Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари вазифасида ҳудудни ижтимоий ривожлантиришга масъул бўлди. Унинг маҳаллий давлат бошқаруви соҳасига шу тариқа ихтисослашуви ижодкорлар учун беиз кетмади. Журналист эканлиги бошқа тармоқлардан етишиб чиққан раҳбарларни ҳам оммавий ахборот воситаларига эътибор билан қарашга ундар эди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт каби ўнлаб соҳалар қатори қалам аҳлини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, турли кўрик-танловлар ўтказиш, ёш иқтидорларни кашф этиш ишлари тизимли равишда олиб борилди.

Олий Мажлис иккинчи чақириғи депутати, қатор чақириқлар вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳисса қўшди, ҳудудлар ривожи, сайловчилар манфаати йўлида самарали иш олиб борди.

Чўққини забт этган чемпионга ҳавас билан боқамиз, ҳолбуки бунинг учун спортчи кўп тер тўккани парда ортида қолади. Худди шу каби устознинг ҳаёт йўлини сарҳисоб қилар эканмиз, одатда ютуқлар ёдга олинади. Аслида эса тақдир сўқмоқлари ҳеч қачон равон бўлмаган. Масъулиятли, ҳатто қалтис дамларни бошдан кечиришга, омма орасига дадил кириб боришга тўғри келган. Бундай ҳолларда устоз ҳамиша қалбига қулоқ тутганлиги бор гап.

 Инсонийликни, меҳр-оқибатни унутмаслик фалсафаси Назиржон акада эл ардоқлаган улуғ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш асносида янада сайқалланди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, Қирғизистон ва Қозоғистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов сингари қатор дарғалар билан бўлган дилкаш мулоқотлар бир умрга ёдда қоладиган воқеаларга бой.

Қалам билан оила тебратиш нималигини жуда яхши тушунган журналист вилоят "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталарига бош муҳаррирлик қилган йилларда жамоа учун барча шароитларни яратишга, ижодий муҳитни янги даражага кўтаришга алоҳида эътибор қаратди. Инсон қадрини улуғлаш тамойилини маҳкам тутган Н. Саидов ҳамкасблари, соҳа фахрийларини йўқлаб туришни шогирдларига ҳам ўргатди. Айниқса, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида раис ўринбосари бўлиб ишлаган, кейинчалик Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимини   бошқарган даврда устознинг ана шу фазилати янада намоён бўлди. 

- Назиржон Саидовни соҳа фидойиси сифатида яхши биламан, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳузуридаги фахрий журналистлар кенгаши раиси Шерзод Ғуломов. - Уюшмамизнинг Андижон вилояти бўлимини бошқарган даврда у киши билан яқиндан ҳамкорлик қилганмиз. Ҳалол ва бағрикенг инсон нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам обрў-эътибор қозонган. У киши бош қўшган ҳар қандай тадбир ўзгача файз билан самарали ўтар эди.

- Ҳалоллик, фидойилик, инсонпарварлик, ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш... Назиржон Саидовнинг ҳаёти ва фаолиятининг асоси бўлиб келмоқда, - дейди таниқли ижодкор, "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат. - Бу инсон қайси мансаб-мартабада бўлмасин, оёғи ердан узилгани йўқ. Яхшилик, эзгу ном кишидан қоладиган энг катта хазина эканини чуқур англайди. Шу маънода унинг йўл-йўриғи, кўмаги билан қанчадан-қанча ёшлар ҳаёт сўқмоқларида адашмай, ўз йўлини, ўрнини топди. Бугун ҳам навқирон авлоддан ўз ёрдамини аямай, бор билим-салоҳиятини, тажрибасини баҳам кўриб келмоқда.

Назиржон Саидовни устозлик мақомининг энг баланд даражасига кўтарила олган инсон, десак асло муболаға бўлмайди. Нафақат журналистика, балки вилоятдаги катта-кичик раҳбарларнинг жуда кўпчилиги у кишини устоз сифатида эътироф этади.

Бутун фаолияти давомида самарали ижод қилган ва қилаётган ҳамкасбларимиз Нажмиддин Эргашев, Шукурилло Неъматов, Иброҳимжон Зуфаров, Матлуба Юсупова, Зумрадхон Абдуллаева, Маҳфуза Норбоева, Муҳаббат Отамирзаева, Махпурахон Артиқова, Фахриддин Ибайдуллаев, Аббосбек Исроилов, Саминжон Ҳусанов, Хурсандбек Араббоев, Акбаржон Назаров, Толибжон Шерматов, Марибжон Ғозиев, Шаҳзодахон Каримова, Муроджон Тўхтаназаров, қўйингки, вилоятимиздаги жуда кўп  журналистлар устознинг панд-насиҳат, маслаҳат ва дуолари билан соҳанинг етук мутахассиси даражасига эриша олдилар.  

Устознинг ҳалол меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда "Эл-юрт ҳурмати" ордени, қатор эсдалик ва кўкрак нишонлари дарак бериб турибди. Шу кунларда кексалик гаштини сураётган, ўзининг муборак 75 ёшини қарши олаётган Назиржон ака Саидов нафақат Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғи аҳлининг, балки кўпдан-кўп шогирдларининг маслаҳатгўйи, дуогўйидир.

Ўзининг муборак ёшини нишонлаётган устозга энг аввало, тани сиҳатлик тилаймиз, эл-юрт ардоғида яна узоқ йиллар умргузаронлик қилиш насиб этсин.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Прочитано 209 раз Последнее изменение 31 Март 2023