+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

13 Июнь 2019

ПЕДАГОГЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИ: ЮТУҚЛАР БОР, МУАММОЛАР ҲАМ ЙЎҚ ЭМАС

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мутахассис минбари

Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида энг аввало, фарзандларимиз тақдири ётади. Бугун фарзандларимиз нималарни орзу қилмоқда? Эртага улар ким бўлиб етишади? Ёш авлод камолоти учун ота-она нималар қилиши лозим, мактаб, маҳалла, жамоат ташкилотлари-чи? Бинобарин, ушбу саволлар бугун барчани бирдек қизиқтириши аниқ.

Дунё миқёсида ғоялар қарама-қаршилиги, манфаатлар тўқнашуви юзага келган бугунги кунда таълим соҳасидаги ислоҳотларга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараш ўринли. Зеро, эндиликда инсоният фақат илм, фан-техника ривожи билан тараққиётнинг энг баланд чўққиларини забт эта олади. Демак, бизнинг асосий мақсадимиз, ана шундай юксак салоҳиятга эга билимдон ёшларни тайёрлаш ва албатта уларни тарбиялаш. Шундай экан, мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Президентимиз таъбири билан  айтганда, "Ё бугун ё ҳеч қачон". 

Аслида, барча саъйи ҳаракатларимизнинг асосий мақсади, эртанги кунга мустаҳкам пойдевор яратиш, ҳаётимиз фаровонлигини таъминлаш, турмушимизни сифат ва мазмун жиҳатдан янада юқори босқичга кўтаришдан иборат. Шундай экан, ҳаётимизнинг муҳим ва таркибий қисми бўлган таълим, миллий тарбия соҳасидаги ислоҳотларсиз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш осон кечмайди. Буни яхши    билган Давлатимиз раҳбари айнан таълим тизимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, кейинги йилларда мактабгача таълим, умумтаълим, олий таълим, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар бунга ёрқин мисолдир.

Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус юртдошларимизни даврнинг шиддатли ривожланиш суръатлари билан ҳамқадам бўлиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, эстетик диди юксак, ахлоқий тарбияси мукаммал, эркин фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшларни тарбиялаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, камолга етказишдек эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу жараёнда, қолаверса, фарзандларимизнинг биз кутган даражада таълим-тарбия олишлари кўп жиҳатдан  тарбиячи, ўқитувчиларга, уларнинг маҳорат ва малакасига боғлиқ. Зеро, ёшликда шаклланган билим, тафаккур, ҳаёт образи тадрижий тарзда инсон қалбида, унинг хулқ-атворида муҳрланади. Шу боис, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг сифатли ижросини таъминлаш, ундан кўзланган мақсадларга эришиш юқори малакали педагог ходимларни тайёрлаш, малакасини ошириш, тўғри жойлаштириш ва уларни қайта тайёрлаш билан бевосита боғлиқдир.

Агар бугунги кунда мамлакатимиз халқ таълими тизимида 9691 та умумтаълим мактаби, 215 та "Баркамол авлод" болалар марказлари, уларда 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият олиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, масаланинг қанчалик долзарб эканлиги яққол намоён бўлади. Педагогнинг ўзи аввало, ислоҳотлар моҳиятини, уни амалга ошириш, ҳаётга татбиқ этиш йўлларини, зарурий воситалардан қай йўсинда фойдалана олишни билиши лозим. Қолаверса, ўз фаолиятига янгича ёндашиши, ўқитишнинг самарали усулларидан кенг фойдаланиши, илғор педагогик технологияларни қўллай билиши, яъни у давр  руҳини ҳис этган ҳолда иш олиб бориши муҳимдир.

Тан олишимиз керакки, кейинги йилларда педагог ходимларнинг малакасини ошириш тизими такомиллашди, сифат жиҳатдан юқори поғонага кўтарилди. Педагогларнинг малака ошириши курслари кенг қамровли, мукаммал, муҳими, тингловчини энг зарур янги педагогик, методик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий билимлар билан таъминлайдиган ўқув жараёнига айланди.

Эндиликда малака ошириш тизимига илмий-методик таъминот, инновацион илмий ютуқлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ўқув машғулотларининг мазмуни ва самарасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тингловчиларга берилаётган билим ва маълумотлар жаҳон педагогик тажрибаси асосида тайёрланган, кўникма ҳамда малакаларни ривожлантиришга йўналтирилган ўқув-услубий мажмуаларда акс эттирилган. Жараённинг яна муҳим жиҳати шундаки,  назарий маърузалар камайтирилиб, амалий ва кўчма машғулотларга, методика модулига эътиборнинг кучайтирилганлиги, аттестация жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш учун он-лайн тизимидан кенг фойдаланишнинг йўлга қўйилганлигидир.

Малака оширишга келган тингловчи ўзининг охирги беш йил давомидаги касбий фаолият кўрсаткичларини умумлаштириб келади. Ўқитувчи малака ошириш давомида фаолиятини таҳлил қилади, эришган натижаларини  умумлаштиради, белгиланган мезонлар асосида баҳолаб, якуний хулоса чиқаради. Марказлашган ҳолда олинадиган тест синовлари ўқитувчи фаолияти самараси, билим ва маҳоратининг даражасини яққол кўрсатиб беради.

Бундан уч-тўрт йил аввал марказда барча таълим йўналишлари бўйича малака ошириш жараёнида иштирок этган ўқитувчиларнинг билим ва маҳорати тест, битирув-малакавий иши ҳамда кўчма машғулотлар бўйича рейтинги умумий ҳолда ўрта баллни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич кўтарилди. Албатта, ушбу натижаларни соҳадаги ислоҳотларнинг самараси  дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган ишларни тизимли, самарали ташкил этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу эса педагог ходимларни малака ошириш курсларига режа асосида жалб этилишини таъминламоқда. Бундан ташқари, эҳтиёж ва буюртма асосида қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, афсуски, малака ошириш тизимида муаммолар ҳам йўқ эмас.

Биринчи навбатда, бугун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар    илмий-тадқиқот изланишларига етарли даражада эътибор қаратмаётганлиги, илм ва амалиёт узвийлигидаги узилиш юзага чиқмоқда. Малака ошириш тизимига илмий мазмун бағишлаш, илмий гипотезалар, янги усул ва ёндашувларни яратиш вақти келди. Иккинчидан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари ўзларининг кундалик фаолияти давомида фанларни ўқитиш методикаси, таълим ва тарбия назарияси янгиликларидан, илмий тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан, илғор хорижий тажрибалардан бехабар бўлиб қолганликлари бизни ташвишга солади. Айтмоқчи бўлганим, балким эндиликда мактабларда ҳам мунтазам фаолият кўрсатадиган ҳаракатдаги семинарлар ташкил қилиниши лозимдир. Чунки айрим тингловчиларнинг малака ошириш жараёнига келиб, унга юзаки ёндашиши, «билишим керак», деган эмас, балки «сертификат олишим керак, шунинг учун машғулотларга қатнаяпман», деган фикр қобиғидан чиқа олмаётганлиги  ишларимиз самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Асосий мақсадимиз, эртамиз эгалари бўлган ёш авлод камолоти йўлида фидойилик билан меҳнат қиладиган, ўз ишининг етук мутахассиси бўлган педагогларнинг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришдир.

Абдулло ТОҲИРИЁН,

 

Вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш  ҳудудий маркази директори.

Прочитано 1495 раз