+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Янв 2018

СИХ ҲАМ КУЙМАСИН, КАБОБ ҲАМ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Қўшним билан гаплашиб ўтирсак, телевизорда янги йил куни эфирга узатилган бир кўрсатувнинг такрорий намойиши бошланиб қолди. Унда юртимиздаги бир гуруҳ таниқли санъат намоёндалари (хонанда ва қизиқчилар) ким энг зўр таом пишириш бўйича мусобақалашишганди. Байрам куни пишир-куйдир билан бўлиб, кўрсатувни яхшироқ кўролмагандим. "Зўр ТВ" телеканали орқали эфирга узатилган бу "Саҳоват шоу"ни қўшним билан муҳокама қилишга тушдик. Чунки бу кўрсатувни кўриб тўғриси, ҳам хайратдан ёқа ушладик, ҳам оғзимизнинг суви қочди, ҳам биз ҳеч қачон бунақа овқатлар пишириб еёлмаслигимиздан ўксиндик.       

Кейинги пайтларда телеэкранлар орқали кўзга кўринган санъаткорлар,  бошловчи-ю актёрларнинг овқат пишириш, яъни пазандалик сирларини ўргатаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Улар ошхонада ўзларини худди маҳоратли ошпаз каби тутадилар ва фақат йирик супермаркетлардагина бўладиган ноёб, қимматбаҳо масаллиқлардан антиқа овқатлар пиширадилар.  Масаллиқларга назар ташланг: Асосан гўшт маҳсулотлари - биқин гўшти, дандана, тил, думба-жигар, бўйин гўшти, товуқ, ўрдак, бедана, курка гўштлари, креветкалар, четдан келтирилган қимматбаҳо балиқ гўштлари, қора ва қизил икралар, шунингдек, сабзавотлардан булғор қалампири, бақлажон, кабачка, помидор-бодринг, қўзиқорин ва ҳоказо... Бу бир марталик овқат учун кетадиган ҳаражатлар холос.Таомни пишириб бўлгач, бошловчилар  ушбу овқатнинг нақадар лаззатли чиққанини намо-йиш этиш учун уни иштаҳа билан тотиб кўрадилар...

Тўғри, овқат пиширишни ёш келин-кертакларга ўргатиш ғоят савобли иш. Лекин, бу кўрсатувларда тақдим этилаётган таомларни тайёрлаш учун жуда кўп ҳаражат кетади. Оддий ойлик маошга кун кўрувчи оиланинг эса буни чўнтаги кўтармайди.

Бизнинг халқимиз болажон халқ, тежамкор халқ. Топган-тутган маҳсулотларини бир кунда еб-ютиб олишни эмас, тежаб-тергаб, болалари билан узоқроққа етказишни мўлжаллайди. Менимча ҳар бир болали оила ҳаражатларини шу тахлит иқтисод қилади. Еб-ичиш, рўзғордан ортганини эса жамғариб яхши кунига асраб қўяди. Агар "Лаззат","Ош бўлсин", "Ошхона қироллари", "Ошга мар-ҳамат", "Ёқимли иштаҳа", "Бош ошпаз", "Это вкусно!" каби кўрсатувларда  уй бекаларига ўргатилаётган таомларни хафталик таомномага киритилса, ойлик маош билан тўлган чўнтак хафталик харажатлар билан бўшаши тайин. Кейинчалик эса ошқозонни турли хил арзон ва ярим тайёр маҳсулот (Роллтон, Хот-ланч, перажки, хот-дог)лар билан алдашга тўғри келади.  Қизиғи, бу танқис таомларнинг аксарияти қимматбаҳо Fарб ресторанларнинг менюсини безаб турган таомлардир. Машҳур Фармонбиби айтганидек, бу - "хўроз-қанд чет элники деса, ётволиб ялаш" билан баробар. Ахир ҳамма нарсани Fарбдан ўрганавериш шарт эмас-ку, тўғрими? Неча-неча асрлардан буён миллий таомлари билан дунёга машҳур бўлиб келган халқ байрам дастурхони учун ўзи муносиб таом пиширишни билмайдими?

Кўрсатувни кўриб ўтириб корейс киноижодкорлари томонидан яратилган "Сарой жавоҳири" сериали ёдимизга тушди. Унда ҳам сарой бекалари 2 гуруҳга бўлиниб, лаззатли таом тайёрлаш бўйича беллашишарди. Аммо сериалда бир ибратли саҳна бор. Яъни, мамлакат қироличаси "авом халқ пишириб ейиши мумкин бўлган, энг арзон, топиш осон бўлган масаллиқлардан мазали таом тайёрлаган, янгича таъм яратган" жамоани ғолиб деб эълон қилади.

Ўзбек ошхонаси менюси фақат Ошдан иборат эмас. Телебошловчиларимиз ўз дастурлари орқали турли лаззатли таом тайёрлашни ўргатишни хоҳлар эканлар, мар-ҳамат, бозорларимизда сероб бўлган, қишда ҳам арзон бўлган сабзавотлар, маҳсулотлардан ҳаммабоп таом пиширишни ўргатишсин. Шунчалик маҳоратли эканлар, изланиб, йўқолиб кетган миллий таомларимиз, пишириқларимиз рецептини топиб, уни мухлисларга тақдим этсинлар. Энг муҳими оммабоп, ҳамёнбоп таомлар тайёрлашни ўргатсинлар. Ана шунда сиз ҳам куймайди, кабоб ҳам. Уларнинг кўрсатувларини томошабинлар орзиқиб кутиши, мириқиб томоша қилиши, уй бекалари эса ўз менюсини янада бойитиши мумкин бўлади.

 

 

Муқаддас ХЎЖАҚУЛОВА,  Олтинкўл тумани.

Прочитано 1633 раз