+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёллар ўқитилмоқда

Семинар-тренинг

Андижон шаҳридаги "Ишга мархамат" мономарказида "Hamroh" ННТ ҳамда Минтақавий тадқиқот маркази ҳамкорлигида SEARCH FOR COMMON GROUND - (Умумий манфаатларни излаш) Халқаро ташкилотининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган "Аёллар муҳофазаси - оила хавфсизлиги!" лойиҳа доирасида "Тадбиркорлик асослари" мавзусида бизнес-тренинг ўтказилди.

 Бизнес-тренингда лойиҳа доирасида иштирок этаётган: уйда фарзандлари   тарбияси билан машғул бўлган уй бекалари таклиф этилди. Иштирокчиларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш, бизнес-лойиҳа тузиш, кичик ва оилавий тадбиркорликни юритиш,  эхтиёж ва харажатларни ўрганиш, даромадларни тақсимлаш каби тушунчалар бўйича билимлар берилди. Тренинг давомида иштирокчилар интерфаол усулда,  гуруҳларда ишлаш усули орқали кичик тадбиркорликнинг иш юритиш босқичларини жамоа билан бирга таҳлил қилиб, умумий хулоса бериш кўникмаларига эга бўлишди. Шу тариқа иштирокчиларнинг машғулотлар давомида олинган назарий билимлари амалий жараёнлар орқали мустаҳкамланди.

- Бу каби тренингларни ташкил этишдан мақсад, ҳар бир оила бекасида тежамкорлик ва тадбиркорлик қобилиятларини шакллантириш, оиланинг иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш, - дейди "Hamroh" ННТ раҳбари Гулнорахон Юлдашева. - Ушбу машғулотлар албатта, ўзининг ижобий самараларини беради.

 

Восит АҲМАТХОНОВ

Андижонда "Маънавият фестивали" юқори кўтаринкилик билан ўтди

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан Республика Маънавият ва маърифат маркази,"Маърифат"  тарғиботчилар жамияти томонидан вилоятимизда "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остида "Маънавият фестивали" ўтказилди.

Фестиваль доирасида зиёлилар, таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намоёндаларидан иборат тарғиботчилар иштирокида ҳудудлардаги маҳаллалар, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида "Маърифат соатлари", нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида "Уч авлод учрашуви", "Менинг илк китоб жавоним", халқимиз миллий мусиқа санъатининг кўп асрлик ижро услублари, ўзига хос анъаналарини кенг тарғиб қилиш мақсадида "Миллий қўшиқлар ва мақом", "Ватан мадҳи" сингари концерт дастурлари, "Миллий қадриятлар" каби қатор тадбир ва лойиҳалар ўтказилди.

-      Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, янгиланаётган Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш, халқимизга байрам кайфиятини улашиш, - дейди Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. - Қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларимиз қалбида она Ватнга муҳаббат, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Андижонда "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остида юқори кўтаринкилик билан бошланган "Маънавият фестивали" доирасида тарғибот гуруҳи аъзолари дастлаб Шаҳрихон туманидаги Андижонлик маҳалласида яшовчи дўппидўз, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Ёрқиной Тўйчиева хонадонида бўлиб, ёшларга дўппидўзлик ҳунарини ўргатиш борасидаги ишлар, шунингдек, ушбу хонадонда ташкил этилган мўъжазгина "Дўппи музейи" кўргазмалари билан танишдилар.

"Маърифат" тарғиботчилари кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тадбиркор ва ҳунармандларга яратиб берилаётган кенг шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида гапирди. Ҳунар ўрганаётган қизлар билан дўппидўзлик ҳунари, ўзбек миллий либослари, уларни тарғиб этиш ҳақида суҳбатлар ўтказилди.

Шундан сўнг туманнинг Шерқўрғон маҳалласида янги барпо этилган Маданият марказида "Миллий қадриятлар" лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳибаси, шоира Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандаси, "Ниҳол" мукофоти совриндори Адолат Исмоиловалар иштирок этдилар. Тинчлик, Ватан, дўстлик мадҳини тараннум этувчи шеърлар, куй ва қўшиқлар иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.

 "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остидаги "Маънавият фестивали" доирасида Андижон вилояти Бўстон тумани "Маънавият ва маърифат" масканида  бўлиб ўтган "Маърифат соати" лойиҳаси тадбирида Ўзбекистон халқ артисти Одина Нарзуллаева, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи, шоира Хулкар Ҳамраева ҳамда андижонлик "Маърифат" тарғиботчилар гуруҳи аъзолари  иштирок этишди.

Мазкур тадбирда сўз олганлар Ватанимиз тарихи, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

 "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остидаги "Маънавият фестивали" вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Иродахон МАХАТОВА.

Камтар, самимий ижодкор

Тўйхат ўрнида

Комил Машраб (Комилжон Чўтибоев) 1948 йилда Андижон тумани (ҳозирги Олтинкўл)нинг Чаққон қишлоғида туғилган. У тенгдошлари қатори қишлоқ мактабида ўқиди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтига ўқишга кирди. 1972 йилда институтнинг муҳандислик-иқтисод факультетини битириб, узоқ йиллар эгаллаган мутахассислиги бўйича сув хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилди. Меҳнатсевар, ҳалол-поклиги, ишга бўлган масъулияти билан нафақат ҳамкасблари, балки маҳалла-кўй, дўстлари ўртасида ҳам ҳурмат-эътибор топа олди.

Комилжон ҳожи ака ёшлигидан китоб ўқишга, адабиётга ўзгача меҳр қўйган эди. Шу боис ҳам ижод қилар, шеърлар қоралаб, кичик-кичик ҳикоялар ёзар эди. Лекин иш, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ижодий ишларини  рўёбга чиқариш билан  астойдил шуғуллана олмас, ёзганларини ҳам кимларгадир кўрсатмас эди. Лекин ижод қилиш иштиёқи, илҳом  Комилжон акани асло тинч қўймасди.

Узоқ йиллар ёзганларини жамлаб, 2006 йилда "Онамни ўйлайман" деб номланган илк китобини чоп эттирди. Айниқса, нафақага чиққанидан кейин ҳақиқий ижодкорлар даврасига қўшилди. Намангандаги "Шукрона" ижодий гуруҳи машғулотларига қатнашиб юрди. Кейинроқ, Андижондаги таниқли ижодкор     /ани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" адабий тўгараги аъзоси сифатида ижод борасидаги билим ва маҳоратини оширди, ижодий тажрибасини бойитди.

2014 йилда Комил Машрабнинг "Шаршара" номли иккинчи китоби нашрдан чиқди. Унинг оддий, соддагина сатрлардан иборат ижодида самимийлик уфуриб туради. Айниқса, она, Ватан, юксак инсоний фазилатлар ҳақидаги ашъорлари шеърият ихлосмандларига манзур бўлди.

Бугун ўзининг муборак 75  ёшини нишонлаётган устоз - Комил Машрабни қутлуғ айём билан газетамиз жамоаси, муштарийлари номидан муборакбод  этиб, у кишига тани сиҳатлик, узоқ умр тилаймиз. Устоз бундан буён ҳам ижод намуналари билан барчамизни хушнуд этади, деб умид қиламиз.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Қуйида эътиборингизга устоз, Комил Машраб ижодидан намуналар ҳавола этамиз

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Шу заҳоти олар жонни ҳам.

Бўрон қилиб, ўтларда ёқиб.

Тиғ, қиличсиз тўкар қонни ҳам.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Кундузни ҳам тундек қилади.

Ёзни қишга, қишни ёз айлаб,

Тошни эзиб, ундек қилади.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Парча-парча қилар осмонни.

Шоҳни айлаб хор, бир қулвачча,

Шоҳ қилади ғариб деҳқонни.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Бир йилликни берар бир ойда.

Шукр қилиб яшайлик доим,

Йўқса, бари-бари бефойда.

 

 

Сиз айтган аллалар

 

Сиз айтган аллалар ўзгача экан...

Уни эшитмадим такрор ҳеч ерда.

Сиз айтган эртаклар сеҳри бошқача...

Уни эшитмадим бир бор ҳеч ерда.

 

Пиширган нонингиз таъми ҳеч кетмас,

Ошлар таърифига эса сўз етмас.

Вужудим борлиғи -оқ сутингиздан,

Топмадим буюк куч- мадор ҳеч ерда.

 

Меҳрингиз туганмас қуёшдек гўё,

Кўзларингиз нури кўзга тўтиё.

Қалбингиз бир дарё, тубсиз бир булоқ,

Ичиб тўёлмадим минг бор ҳеч ерда.

 

Юзингиз ажини -бир дунё маъно.

Мен учун минг дуру гавҳардан аъло.

Чеҳрангиз гулу лабингиз ғунча,

     Кўрмадим бундайин баҳор ҳеч ерда...

 

     Айтиб туради

 

Армон тўла юрагингизни,

Сир, деб юрган тилагингизни,

Ҳаёт дарсин олганингизни,

Кўзларингиз айтиб туради.

 

Дилингизда нима борлигин,

Ва кимларга унинг зорлигин,

Қалбингизнинг кенг ё торлигин,

Сўзларингиз айтиб туради.

 

Умрингизни қандай ўтганин

Ибратли ё зое кетганин,

Умид, ниятларга етганин,

Юзларингиз айтиб туради.

 

 

     Ажабланма ҳеч

 

Кўнгил ғашу дил бўлса ғубор,

Юрак қурғур этса кўп хумор,

Ишинг юрмай қолса бир бор,

Аллоҳдандир, ажабланма ҳеч.

 

Келса агар ғойибдан бойлик,

Турмушинг хўп бўлса чиройлик,

Ховлиқма, бу балким бир ойлик,

Аллоҳ билар, ажабланма ҳеч.

 

 

Комил МАШРАБ

 

ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИ ТАЛАБАГА НИМА БЕРАДИ?

Талаба мулоҳазаси

Мамлакатимиз Мустақилликка эришганидан сўнг, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби илм-фан соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда, соҳада эришилаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда.

Нафақат таълим соҳасида фаолият юритувчи педагогларнинг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда, балки талабалар, салоҳиятли ёшларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада талабаларнинг илмий иш олиб боришга бўлган қизиқишлари ҳам ортиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан ёшларни илм-фан соҳасига қизиқтириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида"ги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида таҳсил олаётган талабалари учун Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Президент ва шу каби қатор номли стипендияларнинг жорий этилиши  бунга яққол намуна бўлади.

Хўш, ана шу стипендиялар талабаларга қандай наф келтирмоқда? Юртимиз талабаларининг янги-янги марралар, ютуқлар сари интилиши, фаол ва ташаббускор бўлишида мазкур стипендияларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Қолаверса, талаба ва ёш олимларга тақдим этилаётган номдор стипендиялар уларга нафақат маънавий, балки каттагина моддий манфаатдорлик ҳам келтирмоқда.

Номдор стипендияга эга бўлган стипендиатлар берилган имтиёз орқали кейинги таълим йўналишида, яъни магистратура босқичида грант асосида ўқишни давом эттириш  имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, давлат стипендияларига эришган талабалар бакалавриат босқичини тамомлагач, бир йил давомида магистратурада ўқишни давом эттириш мақсадида хорижга юборилаётган талабалар гуруҳлари таркибига киритилиш имкониятига ҳам эга бўлишади. Номдор стипендия соҳиби, юқорида қайд этилган имкониятларга эга бўлиш албатта, талабадан кўп ўқиш, изланиш, доимий ўз устида ишлашни, ҳамиша фаол бўлишни талаб этади. Ушбу ютуқларга эришиш учун талабгорлар тенгдошларидан кўра аъло баҳоларга ўқиши, тиришқоқлиги,  илмга бўлган интилувчанлиги, илмий ва ижодий ишларда фаол бўлиши ҳамда илмий раҳбарлар томонидан илм-фанни ўзлаштириш бўйича берилган топшириқларни талаб даражасида бажариб боришлари лозим.    

Номдор стипендияга эришишнинг илк босқичида талабалар ўзи танлаган соҳаси бўйича илмий раҳбари кўмагида илмий изланишлар олиб боради. Илмий изланишлари давомида илмий мақолалар, тезислар, илмга оид ихтиролар ва ўқув қўлланмалар ёзиб турли анжуманларда қатнашиб келадилар. Талабгор ўзи таҳсил олаётган ОТМда номдор стипендиялар танловларида иштирок этади ҳамда талабгорлар ўртасида бўлиб ўтадиган танловнинг илк босқичида ўзининг илмий изланишлари билан сараланади. Шундан сўнг талабгорлар ўртасида Низомга асосланган ҳолда имтиҳон бўлиб ўтади. Имтиҳонда иштирок этган талабаларнинг ҳужжатлар жамланмаси текшириб, баҳоланади. Ана шу    босқичлардан муваффаққиятли ўтган талабалар номли стипендияни қўлга киритиш имкониятига эга бўладилар. Бундай  стипендия соҳиби бўлиш учун интилиш шубҳасиз, ҳар бир талабанинг ўзига бўлган ишончни оширади ва эзгу мақсад сари руҳлантириб, янги интеллектуал илмлар сари  одим ташлашга куч беради.

Очиғи, дунёдаги барча мамлакатлар талабалари ҳам бундай имкониятга эга эмас. Шукрки, Ўзбекистонимиз, юртбошимиз ташаббуси билан биз - ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар бизни юксак марраларга эришишимиз учун мустаҳкам замин яратмоқда.  

Биби Мухлиса ҒУЛОМОВА,

Андижон давлат чет тиллари институти талабаси.

ШОГИРДПАРВАР УСТОЗНИ ЭСЛАБ

Хотира

Юртимизда илм-фан ва бир қатор ижтимоий соҳаларнинг ривожланишида устоз олимларнинг сермазмун ва ибратли ҳаёт йўллари муҳим албатта. Самарали фаолият кўрсатган ва кўплаб шогирдлари билан бугун ҳам фанимизга наф келтираётган олимлардан бири, профессор Иброҳимжон ака Алимовдир.

Бу йил таниқли тарихчи ва архившунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, профессор, устозимиз Иброҳимжон Алимов ҳаёт бўлганларида 88 ёшга тўлар эди.

Иброҳимжон Алимов 1935 йили 5 апрелда Андижон шаҳрида туғилган. Устоз 1953 - 1958 йилларда Москва давлат тарих-архив институтида таълим олгач, шу йили республикамиз Марказий давлат архивида катта илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. 1965-1973 йилларда Марказий давлат архиви директори вазифасида фаолият юритган даврда вилоятлар  архивларида кенг кўламда ташкилий ишларни амалга оширганлиги хусусида архив манбалари далолат беради. Устоз 1989-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида бўлим мудири, 1996 йилдан умрининг охиригача Андижон давлат университети профессори вазифаларида фаолият олиб борди.

Устоз бир вақтнинг ўзида илмий-ижодий ишлар билан ҳам шуғулланиб, тарих фанлари   бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлади, профессор унвонига сазовор бўлди. Архившуносликда, айниқса Ватанимиз тарихини ёритишда архив ҳужжатларидан манба сифатида фойдаланиб яратилган бир неча юзлаб монографик асарлар ва илмий мақолаларнинг муаллифидир.

Иброҳимжон Алимов нафақат тарихчи олим, балки таниқли жамоат арбоби, архив ишлари билимдони ва моҳир ташкилотчи раҳбар, шогирдларига бағри кенг устоз сифатида Ўзбекистон ва ундан олис юртларга ҳам танилди.

Устоз тарбиялаб, таълим берган шогирдларининг орасида Давлат стипендиялари совриндорлари, тарих фанининг турли йўналишлари бўйича фаолият кўрсатаётган фан докторлари ва фан номзодларини республикамизнинг кўплаб вилоятларида учратишимиз мумкин.

Устоз Иброҳимжон Алимовнинг иштироки ва раҳбарликларида амалга оширилган ўнлаб илмий ишлар Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган ёки умуман тадқиқ қилинмаган мавзуларига бағишланган.

Тарих фани соҳасида ўз касбига чуқур меҳр қўйган фидойи архившунос олим сифатида танилган устозимизнинг аввало камтарлиги, ҳалоллиги, бошқаларга намуна бўладиган даражада одамлар билан муомаласи, ҳеч бир инсондан  ўзининг маслаҳати ва ёрдамини аямаслиги, ўрнак бўларли одоби сингари инсоний фазилатлари биз шогирдларида ибрат вазифасини ўтамоқда.

Биз шогирдлари, устозимизга кўпинча оддийгина, домла деб мурожаат қилганмиз. Устознинг ажойиб фазилатларидан яна бири шу эдики, шогирдларига ўта ғамхўр бўлган. Шогирдлари талаба, магистр ёки тадқиқотчи бўлишидан қатъи назар устознинг ҳимояси ва эътиборини доим ҳис қилишган. Устоз барча шогирдларига, аввало, илмий адабиётлар ва архив манбалари билан ишлаш сирларини ўргатган.

Мен ҳам домлага ўзига шогирдликка олишини, соҳаси  бўйича мавзу беришини илтимос қилганим ҳамон хотирамда. Иброҳимжон домла бир неча ой вақт ўтгач, менга тақдим этилаётган "Колониал даврда Фарғона водийси пахтачилиги тарихига оид архив ҳужжатларининг манбашунослик таҳлили" мавзусини тарихчи олим Ҳамиджон Зиёев билан  муҳокама қилганини айтиб, "лекин умрингиз архивда ўтади" деб ҳазиллашиб қўйган эди.

Устознинг олим сифатида бошқаларда кам учрайдигин айрим ноёб жиҳатларига назар соладиган бўлсак, олимнинг зиёлилиги, ўта маданиятли, камтарлиги ва хушмуомалали, юксак салоҳиятли, маънавий уйғоқ,  собитқадам, савоб ишларни кўп қиладиган, меҳр-оқибатли, шогирдпарвар, доимо чеҳрасида  табассум билан инсон меҳрини эгаллайдиган сифатлари билан кўз олдимизда гавдаланади.

Устознинг камтар инсон бўлганлигига бир мисол. Тарихчи олим Сотимжон Холбоевнинг 2015 йилда чоп этилган "Миллий мустақиллик ва тараққиётнинг ўзбек модели" номли монографиясида, 1990 йилнинг июль ойида Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикасининг ташкил топган санасини аниқлаш масаласида, мамлакатимиздаги етук тарихчи олимлардан олти нафарини қабул қилган.Ташриф буюрганлар орасида профессор Иброҳимжон Алимов ҳам бўлгани ҳамда мазкур санани аниқлаш бўйича тузилган комиссия таркибида фаолият юритгани, 1925 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси ташкил этилгани архив ҳужжатлари асосида исботланганини баён этган. Камтар устозимиз эса, Биринчи Президентимиз билан учрашгани ва суҳбатлашгани ҳақида ҳеч қачон гапирмаган ва матбуотда ҳам ёзмаган эди.

Устознинг фаолияти тўғрисида 12 жилдли Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 1-жилдида ҳам маълумотлар берилган.

Юксак маънавиятли, олижаноб фазилатлар эгаси бўлган раҳматли устозимиз Иброҳимжон Алимовнинг илмий ҳамда педагогик фаолияти, сермазмун ҳаёти шогирдларига ҳамиша ибрат бўлиб қолади.

Авазбек МИРЗАЕВ,

Андижон давлат университети

"Жаҳон тарихи" кафедраси катта ўқитувчиси,

тарих фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори.

ТАНГАНИНГ ЎНГ ВА СЎЛ ТОМОНИ

Талаба мулоҳазаси

Бугунги кунни ривожланган техника ва технологияларсиз тасаввур этиш қийин, албатта. Ҳаётимизда бирор соҳа йўқки, унда техника ва технологиялар қатнашмаган бўлса. Илм-фан, саноат ёки қишлоқ хўжалиги деймизми, қурилиш-у, озиқ-овқат жабҳаси - барчаси техника ва технологияларсиз бугунги кун даражасида ривожлана олмас эди.

Айниқса, технологик кашфиётлар жараёнлари ва инсонларнинг уларга, хусусан гажетларга қандай ўрганиб қолгани ёки ҳаттоки, тобе бўлиб қолганлиги бунга яққол мисолдир. Хоҳлаймизми, йўқми ҳаётимизда техника, технология ҳамда гажетлар муҳим аҳамияти эга. Шу ўринда мени қатор саволлар ўйлантиради. Техника ва технологиялар бўлмаганда, ҳаётимиз қай тарзда кечган бўларди? Умуман, техника ва технологияларнинг қандай фойда ва зарарли жиҳатлари бор? Уларсиз яшаш осон бўлармиди ёки қийин?

Бу саволга албатта, катта эҳтимол билан кўпчилик "Ҳаёт қийин кечарди" дейиши мумкин. Лекин барибир, техникалар бу даражада ривожланмаганида турли зарару, балолардан холи бўлардик, эҳтимол?! Келинг, яхшиси, тараққиёт маҳсулларининг фойдаси, зарар ва ташвишларини бир тарозига солиб кўрайлик. Бунда айрим соҳаларга эътибор қаратайлик.

Аввало, иқтисод деганларидек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда технологияларнинг ўрнини олиб кўрайлик. Дарвоқе, озиқ-овқат саноатида хом ашёни тайёрлаш, ундан егуликлар ишлаб чиқариш, етказиб беришдаги жараёнлар техника ва технологияларсиз бугунги кун даражасида ривожланмаган бўлар эди, албатта. Бусиз инсониятни нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки    бошқа истеъмол эҳтиёжларига бўлган талабини қондира олмасди. Балки, техника ва технологиялар у қадар ривожланмаганда, эҳтимол дунё аҳолиси сони ҳам бугунгичалик ўсмаган, бу деярли эҳтиёжларни қондиришда муаммолар пайдо қилмаган бўлиши мумкин эди.

Лекин бугунги аҳоли жуда кўпайган пайтда уларнинг озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда, озиқ-овқат танқислигининг олдини олишда техника ва технологиялар шубҳасиз, муҳим роль ўйнайди.

Яна бир эътиборга молик соҳа - тиббиётни олиб кўрайлик. Технологияларсиз замонавий тиббиёт ривожлана олармиди? Йўқ, албатта. Аҳоли сони жуда кўпайган, хасталиклар ҳам ортган айни пайтда шифо масканларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, дори саноатини ривожлантириш, қийин жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, лабораторияларда мураккаб синов ва таҳлилларни амалга ошириш каби кўплаб жараёнларни бажаришга техника ва технологияларсиз қандай эришиш мумкин эди?! Буни тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас.

Кейингиси нима? Албатта, суҳбатлашиш, ахборот олиш ва тарқатиш тезлиги. Ҳозирги кунда барчанинг қўлида турли-туман гажетлар, мессенжерлар бор. Улар бир инсон бошқасига юборган хабарни бир неча сониялар орасида етказиб бериши мумкин. Бугун одамлар дунёнинг икки бурчагида туриб, бир-бири билан ахборот алмашиши,  суҳбатлашиши, бир-бирини кўриб туриши оддий ҳол. Одамлар телефон, ноутбук ёки телевизор орқали дунёда содир бўлаётган жараёнларни ўша куннинг ўзидаёқ билиб олишлари мумкин. Хушхабару ташвишли маълумотлар, умуман, ахборот тарқалишидаги тезкорликни айтмаса ҳам бўлади. Бу албатта, техника ва технологиянинг оламшумул ижобий жиҳатлари самарасидир. Шу ўринда улар келтираётган зарарлар, ташвишлардан ҳам кўз юмиб кета олмаймиз.

Биринчидан, улар бўлмаса фирибгарликлар камроқ бўлармиди. Ҳозирги кунда, технологиялар, онлайн бизнес ва интернет ривожлангани сари онлайн ишлайдиган фирибгарлар ёки ҳакерлар сафи ортиб бормоқда. Онлайн амалиётлар ва интернет ривожлангани сари  шахсини сир тутган ҳолда фирибгарлик, одамларни алдаш орқали пул ишлаш, буни ўзига касб қилиб олаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда.

Инсонлар орасидаги ришталар ва мулоқотлар масаласи бу борадаги энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Гажет ва мессенжерлар тез ахборот алмашишга ёрдам берса-да, улар инсонларни бир-бирларидан узоқлаштириши ҳам мумкин. Одамлар яқин қариндошлари билан онлайн гаплашишлари мумкин, аммо ойлаб, баъзида йиллаб бир-бири билан кўришишмайди. Аммо нима бўлса ҳам меҳр кўзда дейишади. Кўришиб, бир  дастурхон атрофида, чой ичиб гаплашишга нима етсин. Таъкидлаш жоизки, техника, технологиялар одамлар учун қанчалар қулайликлар яратса-да, улар маънавий  жиҳатдан кишиларни бир-биридан узоқлаштиради, миллий, тарихий қадриятлар бардавомлигига соя солади. Бу яхши эмас. Шунингдек, узоғимизни яқин қилаётган уяли телефоннинг зарур эканлиги билан бирга, баъзида бало бўлаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мобил телефон, интернет орқали тарқалаётган ёлғон ахборотлар, маълумотлар... Кишиларнинг бир-бирини ҳақоратлаши, беҳаёликлар ортидан оилаларнинг бузилиб кетиши ва шу каби катта-катта муаммолар юзага келмоқда.

Мухтасар айтганда, техника ва технологиялар жадал ривожланмоқда, уларсиз ҳаётни тасаввур қилиш мушкул. Биз уларга жуда ҳам ўрганиб қолдик, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Катта эҳтимол билан келажакда бу жараён янада юксалади. Бу борада бизнинг асосий вазифамиз улардан унумли ва тўғри фойдаланишни ўрганишимиз, айниқса, уларнинг соғлигимизга, маънавиятимизга келтираётган зарарлари кўламини камайтиришдир. Агар ана шу масалага жиддий эътибор қаратмас эканмиз, вақтлар ўтиб, тузатиб бўлмас муаммолар гирдобига тушиб қолишимиз мумкин.

 

Бахтигул АБДУЛАТИПОВА,

Webster университети Тошкент филиали талабаси.

Аёлларнинг ҳуқуқий билимлари юксалди

Семинар-тренинг

 

Андижон шаҳрининг "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Минтақавий тадқиқот маркази ҳамда "Hamroh" нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган "Аёллар муҳофазаси - оила   хавфсизлиги!" лойиҳаси доирасида ўтказилган тренингда маҳалланинг мақсадли гуруҳларига киритилган хотин-қизлар Ўзбекистон Республика қонунчилигида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва камситилишларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий асослар билан танишдилар.

Маҳоратли тренерлар Марат Раҳимов, Моҳигул Ҳалимова томонидан ўтказилган тренинг  машғулотларида аёлларнинг жамиятда, оиладаги мавқеи, ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, хусусан,  бугунги кунда ҳудудлардаги оилаларда хотин-қизларнинг хавфсизлигига рахна солувчи камситилиш,  зўравонлик, куч ишлатиш каби салбий ҳолатлар, оила аъзоларига, айниқса, ўсиб келаётган фарзандларнинг жисмоний ва руҳий соғлигига оғир таъсир кўрсатиши, нотинч оилалар ҳамда ажримларнинг кўпайишига олиб келиши масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мутахассислар томонидан  иштирокчиларга Ўзбекистонда гендер тенглиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, қатнашчилар Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясига киритилган хотин-қизлар масалаларига оид янги қўшимчалар билан атрофлича танишдилар.  

Хотин-қизларимизнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билишлари жамиятдаги, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг, оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди.

   Тренинг давомида иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, "Оилада аёл ва эркакнинг роли", "Ҳуқуқлар ва мажбуриятлар" каби мавзулар бўйича жамоавий фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Турли интерфаол ўйинлар опа-сингилларимизнинг фаол бўлишларига имкон яратди.

Гулнорахон ЮЛДАШЕВА,

"Hamroh" нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари.                                

ШУКР ВА САБР, МЕҲР-МУРУВВАТНИ УЛАРДАН ЎРГАНАЙЛИК

Андижон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар томонидан тайёрланган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмарка очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган савдо кўргазмаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги таъкидланди.

   "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиори остида Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган савдо ярмаркасида вилоятдаги ҳунармандлик, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, шунингдек, "Саховат" уйида яшаётган, "Мурувват" уйларида тарбияланаётган ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзлари тайёрлаган, ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмалари билан иштирок этишди.

 Савдо кўргазмасида ногирон бўлса-да, болалар ва аёллар либосларини, кўрпа-тўшак тикиш, сувенир гуллар, миллий қўғирчоқлар ясаш, қўйингки, ҳунармандчиликнинг жуда кўп йўналишларида иш олиб бораётган инсонлар томонидан тайёрланган ранг-баранг маҳсулотлар очиғи, барча тадбир қатнашчиларини тўлқинлантириб юборди.

Кўргазмада қатнашаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг меҳнати, зеҳни, иқтидори, интилишларини оддий сўзлар билан таърифлаш жуда қийин.  Уларнинг меҳнати, сабр-бардошини кўриб қойил қолмаслик мумкин эмас. Ана шу инсонларга озгина бўлса-да кўмак бериш мақсадида ўзим, оилам учун совғалар харид қилдим.

Бу инсонлардан тўрт мучаси соғ кишилар шукр ва сабрли, меҳр-мурувватли бўлишни ўрганишлари лозим. 

Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, ўзига, эртасига ишонч борлигини, улкан мақсадлар билан яшаётганлигини  кўрасиз, уларга тасанно айтасиз, ҳаёт бир мўъжиза эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз, шукроналар келтирасиз.

-      Савдо ярмаркасида Избоскан тумани Чувама қишлоғидаги аёллар мурувват уйида яшаётган ўн нафардан ортиқ жисмоний имконияти чекланган аёллар ҳам ўз қўл меҳнати намуналари билан иштирок этишди, - дейди мазкур муассаса ходимаси Гулбаҳор Қосимова. - Бу уларга катта рағбат берди, ўзларига бўлган ишонч янада ортди.

 Мурувват уйида яшовчи Нигорахон Турғунова ногирон бўлишига қарамай, ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Бир неча йил аввал у тўқувчиликни, гул ясаш ҳунарини ўрганишга киришди. Устози кўмагида    касбнинг ўзига хос ва нозик жиҳатларини қунт билан ўрганди, қўлда гул, турли кўринишдаги сувенирбоп маҳсулотлар тайёрлашни пухта ўзлаштирди. Мана бир неча йилдирки, гул ясаш унинг асосий ва севимли машғулотига айланди.

Ярмаркада у ўзи тайёрлаган буюмлар, ранг-баранг гуллар билан иштирок этди. Унинг маҳсулотлари тездагина сотилиб кетди. Энг асосийси,  у ана шу иши ортидан даромад топмоқда.

-      Кўргазмада мен тайёрлаган маҳсулотлар бир дона ҳам қолмай сотилиб кетади, - дейди Нигорахон Турғунова. - Бу менга янада илҳом, куч ва шижоат беради. Халқимизнинг қўл меҳнатидан қанчалик баҳра олаётганини кўриб, янада кўпроқ ижод қилиб, чиройли гуллар тўқигим келаверади.

Ярмарка давомида деярли барча маҳсулотлар ярмаркага ташриф буюрган кишилар томонидан  сотиб олинди.

Мутасадди ва ташкилотчилар томонидан бу каби савдо ярмаркаларини тез-тез ташкил этишга келишиб олинди.

 

Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бўлим бошлиғи.

Қўрғонтепаликлар ғолиб бўлишди

Вилоят Ёшлар саройида "Зукко китобхон" танлови навбатдаги турининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Аҳоли, хусусан, ёшларининг маънавиятини, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини, китобхонлик ва мутолаа маданиятини ошириш орқали уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида энг юқори натижага эришган жамоалар иштирок этдилар.

Мазкур танловнинг қуйи босқичларида онлайн тарзда рўйхатдан ўтган 900 га яқин жамоа таркибида 4 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашиб, ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини намойиш қилишди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар, савол-жавоблар асосида ўтган вилоят босқичининг якуний натижаларига кўра, Қўрғонтепа туманидаги Эшонобод маҳалласи жамоаси 1- ўринни қўлга киритиб, олти миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.

Танловда иккинчи ўрин Марҳамат туманидаги Бозорбоши маҳалласи, учинчи ўрин эса Шаҳрихон туманидаги Абдуллабий маҳалласи жамоаларига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган жамоалар 4,2 миллион ва 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирландилар.

Восит АҲМАТХОНОВ

МИЛЛИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЛИБОСЛАР ТАҚДИМОТИ

Андижон шаҳридаги экопаркда "Ўзбегим аёлларининг миллий либослари" деб номланган миллий ва замонавий либослар кўргазмаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 32 йиллик байрами олдидан  "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!"  шиори остида Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилган либослар ва модалар кўргазмасида Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган ҳунарманд, модельер-дизайнер хотин-қизлар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар намойиши билан иштирок этдилар.

Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан  мамлакатимизда  опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўзбек аёл ва қизларининг кийиниш маданиятини юксалтириш, ўзбек миллий ва замонавий либосларини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

-      Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, хотин-қизлар ўртасида ўзбекона кийиниш маданиятини тарғиб қилиш, миллий кийиниш маданиятини юксалтириш, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргиза Деҳқонова. Қолаверса, ёшларимизни миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган.

Тадбирда намойиш этилган бир-биридан чиройли миллий ва замонавий либослар барчага манзур бўлди.

Мутахассислар томонидан кўргазмалари юқори баҳоланган ҳунарманд ва модельер-дизайнерлар тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди. Якунда намойиш этилган концерт дастури тадбир меҳмонларига хуш ва байрамона кайфият улашди.

Машҳура БОТИРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.