+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Камтар, самимий ижодкор

Тўйхат ўрнида

Комил Машраб (Комилжон Чўтибоев) 1948 йилда Андижон тумани (ҳозирги Олтинкўл)нинг Чаққон қишлоғида туғилган. У тенгдошлари қатори қишлоқ мактабида ўқиди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтига ўқишга кирди. 1972 йилда институтнинг муҳандислик-иқтисод факультетини битириб, узоқ йиллар эгаллаган мутахассислиги бўйича сув хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилди. Меҳнатсевар, ҳалол-поклиги, ишга бўлган масъулияти билан нафақат ҳамкасблари, балки маҳалла-кўй, дўстлари ўртасида ҳам ҳурмат-эътибор топа олди.

Комилжон ҳожи ака ёшлигидан китоб ўқишга, адабиётга ўзгача меҳр қўйган эди. Шу боис ҳам ижод қилар, шеърлар қоралаб, кичик-кичик ҳикоялар ёзар эди. Лекин иш, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ижодий ишларини  рўёбга чиқариш билан  астойдил шуғуллана олмас, ёзганларини ҳам кимларгадир кўрсатмас эди. Лекин ижод қилиш иштиёқи, илҳом  Комилжон акани асло тинч қўймасди.

Узоқ йиллар ёзганларини жамлаб, 2006 йилда "Онамни ўйлайман" деб номланган илк китобини чоп эттирди. Айниқса, нафақага чиққанидан кейин ҳақиқий ижодкорлар даврасига қўшилди. Намангандаги "Шукрона" ижодий гуруҳи машғулотларига қатнашиб юрди. Кейинроқ, Андижондаги таниқли ижодкор     /ани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" адабий тўгараги аъзоси сифатида ижод борасидаги билим ва маҳоратини оширди, ижодий тажрибасини бойитди.

2014 йилда Комил Машрабнинг "Шаршара" номли иккинчи китоби нашрдан чиқди. Унинг оддий, соддагина сатрлардан иборат ижодида самимийлик уфуриб туради. Айниқса, она, Ватан, юксак инсоний фазилатлар ҳақидаги ашъорлари шеърият ихлосмандларига манзур бўлди.

Бугун ўзининг муборак 75  ёшини нишонлаётган устоз - Комил Машрабни қутлуғ айём билан газетамиз жамоаси, муштарийлари номидан муборакбод  этиб, у кишига тани сиҳатлик, узоқ умр тилаймиз. Устоз бундан буён ҳам ижод намуналари билан барчамизни хушнуд этади, деб умид қиламиз.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Қуйида эътиборингизга устоз, Комил Машраб ижодидан намуналар ҳавола этамиз

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Шу заҳоти олар жонни ҳам.

Бўрон қилиб, ўтларда ёқиб.

Тиғ, қиличсиз тўкар қонни ҳам.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Кундузни ҳам тундек қилади.

Ёзни қишга, қишни ёз айлаб,

Тошни эзиб, ундек қилади.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Парча-парча қилар осмонни.

Шоҳни айлаб хор, бир қулвачча,

Шоҳ қилади ғариб деҳқонни.

 

Агар Тангрим ўзи хоҳласа,

Бир йилликни берар бир ойда.

Шукр қилиб яшайлик доим,

Йўқса, бари-бари бефойда.

 

 

Сиз айтган аллалар

 

Сиз айтган аллалар ўзгача экан...

Уни эшитмадим такрор ҳеч ерда.

Сиз айтган эртаклар сеҳри бошқача...

Уни эшитмадим бир бор ҳеч ерда.

 

Пиширган нонингиз таъми ҳеч кетмас,

Ошлар таърифига эса сўз етмас.

Вужудим борлиғи -оқ сутингиздан,

Топмадим буюк куч- мадор ҳеч ерда.

 

Меҳрингиз туганмас қуёшдек гўё,

Кўзларингиз нури кўзга тўтиё.

Қалбингиз бир дарё, тубсиз бир булоқ,

Ичиб тўёлмадим минг бор ҳеч ерда.

 

Юзингиз ажини -бир дунё маъно.

Мен учун минг дуру гавҳардан аъло.

Чеҳрангиз гулу лабингиз ғунча,

     Кўрмадим бундайин баҳор ҳеч ерда...

 

     Айтиб туради

 

Армон тўла юрагингизни,

Сир, деб юрган тилагингизни,

Ҳаёт дарсин олганингизни,

Кўзларингиз айтиб туради.

 

Дилингизда нима борлигин,

Ва кимларга унинг зорлигин,

Қалбингизнинг кенг ё торлигин,

Сўзларингиз айтиб туради.

 

Умрингизни қандай ўтганин

Ибратли ё зое кетганин,

Умид, ниятларга етганин,

Юзларингиз айтиб туради.

 

 

     Ажабланма ҳеч

 

Кўнгил ғашу дил бўлса ғубор,

Юрак қурғур этса кўп хумор,

Ишинг юрмай қолса бир бор,

Аллоҳдандир, ажабланма ҳеч.

 

Келса агар ғойибдан бойлик,

Турмушинг хўп бўлса чиройлик,

Ховлиқма, бу балким бир ойлик,

Аллоҳ билар, ажабланма ҳеч.

 

 

Комил МАШРАБ