+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

18 Май 2018

РАМАЗОН - НАЖОТ ОЙИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Бугун муборак рамазон ойининг илк кунида турибмиз. Ушбу қутлуғ кунда ҳар бир мўмин шубҳасиз, рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, хотиржамлик билан адо этмоқликни ният қилади.

Аллоҳнинг ваъдаси бор, бу ойда иймон-эьтиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади, Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади. Яна Рамазон ойи меҳр-шафқат, мурувват, эҳсон, барака ойидир. Яъни улуғ Рамазон кунларида қариндош-уруғларга силаи раҳм қилишлигимиз, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишлигимиз, Исломнинг беш рукнидан бири - закот амалини адо этиш билан Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишга интилмоғимиз керак.

Рамазон Роббимизнинг бизларга берган улуғ неъматларидан биридир. Зероки, бу ойда бизни икки дунёмиз саодати учун васила бўлган Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "Рамазон ойи бу одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир" (Бақара сураси): деб марҳамат қилган. Бундан    ташқари, рамазон имтиҳон ойи ҳамдир. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишимизда ёрдам беради.

Барча Пайғамбарлар нафс тарбиясида рамазон ибодати, шартларидан фойдаланганлар. Мисол учун: Юсуф (а.с) бутун Миср мулкига эга бўлган ҳолида доимо оч юрар эканлар. У зотдан: "бутун ер хазиналари сизда бўлсаю, нега оч юрасиз?" - деб сўралганларида, "Мен тўқ бўлсам, очларни эсдан чиқариб қўйишдан қўрқаман", - деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, рўза - ибрат, сабрни имтиҳон қилгувчи ой. Зеро, инсон рўза ибодати, шартлари машаққатига сабр қилса, охират азобидан қутилади.

Рамазон - раҳмат ва махфират ойи. Аллоҳ таоло фазилатли яхши амаллар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб берадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилайлик.

Қатор ҳадиси муборакларда Рамазон фазилатлари, ҳикматлари, одоблари ва бошқа ҳолатлари баён қилиб ўтилган. Жумладан: "Рамазон ойи келганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркилади" (Бухорий ривояти). Шунингдек, Қуръони каримда "... Эй мўминлар! Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир". "Кимки рамазон ойи кириб келишлиги билан хурсанд бўлса, Аллоҳ унинг жасадини жаҳаннам оташига ҳаром қилади".

... "Агар умматим рамазон ойида қандай хислатлар борлигини билганларида эди, йилнинг барча ойлари Рамазон бўлишлигини орзу қилардилар". "Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчига, тилини (ёмон сўз, ғийбатлардан) сақлагувчига, оч-яланғочларга овқат ва кийим бергувчиларга ҳамда Рамазон ойида рўза тутгувчиларга".

Рўза инсонни дўзахдан тўсиш билан бирга, уни жаннатга етаклайди. Абу Умома (р.а) келиб: Эй, Аллоҳнинг расули мени бир ишга буюрингки, у билан Аллоҳ таоло менга манфаат етказсин", дедилар. Шунда Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в) "Рўза тутгин. Чунки унинг ўхшаши йўқдир", деб жавоб бердилар. Бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи, унинг раҳматига эриштириб, азобидан узоқлаштирувчи ибодат ойи - Рамазоннинг ҳикмати, фазилатлари беқиёсдир. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло рўза тутувчилар кириши учун жаннатда алоҳида бир эшикни (яъни Райён) яратиб қўйган.

Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан сақланиш - рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солиҳлар булардан ташқари яна олти нарсани алоҳида таъкидлайдилар. Булар:

1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни гуноҳга олиб борувчи (номашруъ) нарсаларга қарашдан сақлаш.

2. Тилни асрашлик, яъни беҳуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик.

3. Қулоқни асрашлик, яъни беҳуда ва бемаъни сўзлардан қулоқни эҳтиёт қилишлик. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир.

4. Бошқа барча тана аъзоларини гуноҳдан асраш.

5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик.

6. Ифтордан кейин хавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир.

 Азиз юртдошлар! Юқорида таъкидланган жиҳатларга қатъий амал қилган ҳолда Рамазон ойини чиройли ўтказишлик ҳар биримизга насиб этсин. Аллоҳ муборак Рамазон ойини барчаларимиз учун хайрли ва барокатли қилиб, ибодату дуоларимизни қабул айласин.

 

Мифтохиддин Рожиддинов, Шаробиддин Мусабоев,

Андижон шаҳридаги

 

«Девонабой»  ва «Абу Хурайра»  жомеъ масжидлари имомлари.

Прочитано 2751 раз
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « КУЛИБ ТУРИБ, ЙИFЛАГУВЧИ ЗОТ ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТ »