+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Дек 2019

ТУПРОҚ ДЕГРАДАЦИЯСИ ВА ЭРОЗИЯСИНИНГОЛДИНИ ОЛИШ, УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

5 декабрь - Бутунжаҳон тупроқ куни

қишлоқ хўжалиги, хусусан, иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири

5 декабрь куни жаҳон ҳамжамияти Бутунжаҳон тупроқ кунини кенг нишонлади. Ушбу сана нима сабабдан жаҳон миқёсида нишонланади, умуман, тупроқнинг ҳолати билан боғлиқ масалалар инсоният учун қай даражада аҳамиятли? Бу борада юртимизда ва дунёда қандай ютуқ ҳамда муаммолар мавжуд? Ана шу саволлар доирасида "Норин-Қорадарё" ирригация тизмлари хавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шуҳратжон ЭРГАШЕВ билан суҳбатда бўлдик.

- Айтингчи, Бутунжаҳон тупроқ куни қандай сана? Ушбу кун нима учун ва қачондан буён нишонланади?

- Халқаро Тупроқшунослар уюшмасининг 2002 йил 5 декабрдаги резолюциясига асосан, ер юзи экосистемасидаги тупроқнинг муҳим ролини, унинг биосферадаги функциясини, инсониятнинг барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат ҳавфсизлиги борасидаги аҳамиятини инобатга олиб, ушбу кун Бутунжаҳон тупроқ куни сифатида йил тақвимидан ўрин олган. Ушбу кунда дунёнинг кўплаб давлатларида тупроқ ресурслари, унинг муаммолари, ана шу муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни тарғиб этишга бағишланган конференциялар, турли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.

- Тупроқ деградацияси ўзи нима, унинг қандай турлари мавжуд? Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз?

       - Тупроқ деградацияси - бу жараёнлар йиғиндиси бўлиб, тупроқ функциясининг ўзгаришига, хоссаларининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари ёмонлашишга ва унумдорликнинг пасайишига олиб келадиган жараёндир. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, табиий ва антропоген омиллар таъсирида тупроқ элементларининг экологик ҳамда  турғун хоссалари бузилиши, хўжалик нуқтаи назардан эса тупроқ баҳосининг ҳамда самарадорликнинг пасайиши, деб тушуниш мумкин.

Тупроқ деградацияси    21-асрнинг экологик муаммоларидан бири ҳисобланади. Тупроқ ва сув манбаининг ифлосланиши айнан тупроқ деградацияси билан боғлиқ. Қолаверса, ушбу жараён иқлим ўзгаришига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Тупроқ қопламининг ёмонлашиши кўп жиҳатдан инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсири натижаси эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Бугунги кунда    деградациянинг бир нечта турлари мавжуд:

* Чўлланиш;

* Шўрланиш;

* Эрозия;

* Тупроқнинг ифлосланиши;

* Ботқоқланиш;

* Узоқ муддатли фойдаланиш натижасида ернинг чарчаши.

- Айни кунда юртимизда, хусусан, вилоятимизда тупроқни ҳимоя қилиш, мелиоратив холатини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда? 

- Вилоятимизда 260 минг гектар суғориладиган ер майдони бўлиб, шундан  202 минг гектари ҳайдаладиган ерлар ҳисобланади. Биргина жорий йилда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сақлаб туриш учун 881 километр зовурлар тозаланди, 39 та мелиоратив объект реконструкция қилинди, ер ости сизот сувлари сатҳини пасайтиришга хизмат қилувчи 8 та зах ювиш қудуғи таъмирланди. Биргина жорий йил куз-қиш мавсумда 6 минг 804 гектар, шундан 3 минг 496 гектар кам шўрланган, 3 минг 308 гектар ўрта шўрланган ерларнинг шўрини ювиш ишлари олиб борилмоқда. 

Тўғри, мамлакатимизда тупроқ деградациясининг олдини олиш, унумдорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тегишли қонуности ҳужжатлари ҳам ишлаб чиқилган. Шундай бўлса-да, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарур. Ўзбекистон Экологик партияси айнан тупроқ деградацияси ва эрозиясининг олдини олиш, унумдорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив холатини яхшилашга қаратилган вазифаларни амалга оширишни ўз олдига асосий мақсадлардан бири сифатида қўйган.

- Тупроқ деградацияси қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин?

- Жаҳон миқёсида тупроқ деградацияси натижасида ҳар йили ўртача 8-10 миллион гектар ер ўз унумдорлигини йўқотмоқда. Ҳатто 15-20 миллион гектар маҳсулдор ерлар чўлга айланмоқда. Умуман олганда тупроқ унумдорлигининг пасайиши ҳозирда бутун ер юзасининг 30-50 фоизида кузатилмоқда. Олимларнинг фикрига кўра, бундай деградация туфайли сайёрамизнинг тупроқ қоплами 100-200 йилдан сўнг бутунлай яроқсиз ҳолга келиш эҳтимоли бор. Натижада қишлоқ хўжалиги экинларидан олинаётган ҳосилдорлик пасайиб, аҳолиси кундан кунга кўпайиб бораётган заминимизда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келади. 

- Сув хўжалиги соҳасидаги тажрибангиздан келиб чиқиб, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва унумдорлигини ошириш бўйича қандай тавсиялар берасиз?

- Минтақамизда тупроқ эрозиясининг асосий сабаби қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда намликнинг эгат узунлиги бўйича бир хил тақсимланмаслигидир. Деҳқонлар даланинг боши ва охирида        намликни бир хил таъминлаш мақсадида сувни бир неча суткалаб оқизиб, пайноб орқали зовурларга туширишга одатланган. Улар билмайдики, бунда тупроқнинг бир неча минг йиллар давомида шаклланган унумдор қатлами сув билан ювилиб, зовурларга оқиб кетади. Бу каби салбий ҳолатга йўл қўймаслик учун авваламбор, эгатлар узунлигини 50-60 метрдан оширмаслик, тунги суғоришга ва далада сувнинг назоратига эътиборни кучайтириш, сувчилар сонини кўпайтириб, уларга етарли шароитлар яратиб бериш зарур.

Афсуски, биз ханузгача экинларни эгат усулида, кетмон ёрдамида суғормоқдамиз. Сув тежовчи технологиялар, хусусан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга етарли эътибор қаратмаяпмиз. Ушбу усулни қўллаш орқали нафақат сув ва бошқа ресурсларни иқтисод қилишимиз, балки тупроқ эрозиясининг ҳам олдини олиш ва ҳосилдорликни оширишимиз мумкин.

- Мелиорация соҳасининг асосий вазифалари нималардан иборат?

- Мелиорациянинг вазифаси тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида, ўсимликлар учун қулай сув тартибини ва у билан боғлиқ бўлган ҳаво, туз ҳамда озуқа тартибларини вужудга келтиришдан иборат. Тупроқдаги ортиқча намни қочириш фақат иссиқлик ва микробиологик тартибларнигина яхшилаб қолмасдан, балки захи қочирилаётган майдондаги ер усти ҳаво қатламининг намлик ва ҳарорат шароитларини ҳам ўзгартиради. Зах қочириш, ортиқча намиққан ердаги сувни кетказиш тупроқ таркибидаги ҳаво миқдорини оширади. Бу эса органик моддаларининг чириши ва тупроқ унумдорлигининг ошишига имкон беради.

- Экологик партия томонидан келажакда бу йўналишда қандай ишларни амалга ошириш кўзда тутилган?

- Тупроқ-инсоният учун энг     қадрли неъматлардан бири. Инсоният ўз эҳтиёжларини қондириш, ҳар қандай ҳудудни ўзлаштириш ва тупроқдан фойдаланишда  фақат бугунни ўйламаслик, балки келажакни ҳам ҳисобга олиш зарур. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси

- қишлоқ хўжалигида тупроқ сифатини сақлайдиган усулларни, тупроқни эрозия ва  ифлосланишдан ҳимоялайдиган тадбирларни қўллаш, шўрланишнинг олдини олиш;

- чўлланиш, қурғоқчилик ҳамда тупроқ зичланишига қарши тадбирларни амалга ошириш, тупроқни муҳофаза қилиш, самарали фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотларни кенгайтириш;

- Она табиат ва тупроқни асраб-авайлашга жамоатчилик эътиборини қаратиш, тарғибот ишлари самарадолигини ошириш, бу борада таълимнинг барча босқичларида ёш авлодга етарли билим ва тушунча бериш тизимини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишни мақсад қилган.

Ишонаманки, партиямиз ўз олдига қўйган ана шу вазифаларни тўлақонли амалга ошира олади. Тупроқ деградацияси, эрозиясининг олдини олиш, унумдорлигини ошириш орқали мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан, иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.

 - Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Суҳбатдош

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 911 раз