+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 18 Март 2020
    Ҳисобот-сайлов йиғилишлари фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади
    Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Низомида тармоқ ташкилотларида ҳисобот-сайловлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилиши, касаба уюшма органлари 5 йил муддатга сайланиши…
  • 18 Март 2020
    «Билимдон» ғолиб бўлди
    Фан ойлиги Маълумки, февраль ойида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида математика-информатика фани ойлиги доирасида турли тадбирлар, очиқ дарслар ўтказилди. Марҳамат туманидаги 32-умумтаълим мактабида ҳам қатор тадбирлар ташкил…
  • 23 Март 2020
    Юксак мукофот муборак!
    Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти фармонига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Фев 2020

Муносиб номзодларга овоз берайлик!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ТИНЧЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ДЎСТЛИК -

БАРҚАРОР ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Елена Владимировна Бабенко 1968 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти - олий. Андижон давлат тиллар педагогика  институтининг (ҳозирги АДУ) рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Мутахассислиги - ўқитувчи.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институти рус тили кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган. Университетнинг Тил ва адабиёт ўқитиш методикаси ҳамда Рус тили ва адабиёти кафедралари катта ўқитувчиси сифатидаги фаолиятида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Кўплаб иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилмоқда.

Елена Бабенконинг Ўзбeкистон Рус маданият маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари вазифасида олиб бораётган ишлари алоҳида эътиборга молик. Унинг  саъйи-ҳаракати билан рус халқининг урф-одат, анъана ва қадриятлари, тили ва маданиятини тарғиб этиш бўйича ўтказилаётган тадбирлар, танловлар вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Елена Бабенко самарали меҳнати, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун  2019 йилда "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.

Вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларда фаол иштирок этаётган, ўз ишига масъулият билан ёндошадиган, жонкуяр, ташкилотчи ва ташаббускор бу аёлни Ўзбекистон халқ демократик партияси 21-Истиқлол сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатган.

- Хоҳлардимки, юртимизда инсонларнинг турмуш фаровонлиги янада юксалсин,  - дейди Елена Владимировна Бабенко. Шу боис ҳам мен фаолиятимда Юртбошимизнинг  "Инсонлар эртага эмас, келажакда ҳам эмас, бугуннинг ўзида яхши яшашлари зарур" деган сўзларини ўзимга шиор қилиб олганман.  Шундан келиб чиқиб, аҳоли, айниқса, вилоятимизда истиқомат қилаётган рус ва бошқа кам сонли миллат вакилларини қўллаб-қувватлаш, юртимиз равнақи йўлида уларнинг фаоллигини ошириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаман.

Дарҳақиқат, тажрибали педагог, фидойи олима ўзининг сайловолди дастурида ҳам ана шу йўналишда   илғор ғояларни илгари сурган. Жумладан, энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини ҳаёт кечириш имконияти билан мутаносиблигини таъминлаш, кундалик зарур маҳсулотлар, хизматлар, хусусан, уй-жой коммунал хизматлар учун тўловларни аҳолининг реал даромадлари асосида белгилаш, аҳолининг кам      таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш, ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамларни имтиёзли тақдим этиш тизимини шакллантириш, аҳолининг барча қатлами учун сифати кафолатланган таълим тизимини жорий этиш, давлат гранти асосидаги таълим ўринларини кенгайтириш, аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириб, уларнинг фаоллигини ошириш, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият борасида хорижий давлатлар, хусусан, Россия Федерацияси билан ҳамкорликни кучайтириш каби жамиятимиз учун долзарб масалалар бўйича ишлар амалга оширишни олдига асосий мақсад қилиб қўйган.

Олий Мажлис депутатлигига номзод Елена Бабенко юртимиздаги тинчлик, миллатлараро дўстлик - жамият ривожида, юрт тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар шу муқаддас юртда яшаётган ҳар бир киши унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозим, деб ҳисоблайди.   Шу маънода у ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш ва бу борада бўлажак депутатлар фаоллик кўрсатишлари кераклигини алоҳида таъкидлайди.

Азиз юртдошлар! Юртимиз равнақи йўлида хайрли ишларни амалга оширишга бел боғлаган Елена Бабенкога овоз беринг.

 

Нилуфар МУЛЛАОХУНОВА,

номзоднинг ишончли вакили.

 

 

ХОТИН-ҚИЗЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ИШ ШАРОИТЛАРИ ЯРАТИШ - МУҲИМ МАСАЛА

Наргиза Улуғбекова Андижон шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Андижон муҳандислик-иқтисодиёт (ҳозирги Андижон машинасозлик) институтида таҳсил олган.  Ҳозирда у вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташкилий ишлар бўлими мудири сифатида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ишларга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда собиқ "Бобур" номли Андижон ип-газлама ишлаб чиқариш акционерлик жамияти ходимлар билан ишлаш маркази девонхона мудири лавозимида бошлаган. 2015-2018 йилларда Андижон шаҳар ҳокимлиги референти, девонхона етакчи мутахассиси, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича  1-тоифали мутахассис, бош мутахассис лавозимларида ишлаган.

Наргиза Улуғбекова Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитасида олиб борган фаолияти давомида оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда астойдил меҳнат қилди, ташаббускор, ташкилотчилиги, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиши билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топди.

Қолаверса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги нуфузини ошириш, оилаларни  мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий кўмак бериш борасидаги ишларда фаол иштирок этди.

Ўз ишининг етук мутахассиси, эл-юрт ишига камарбаста бўлган Наргиза Улуғбекова Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси томонидан Андижон шаҳар 26-Чоргузар сайлов округидан Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатилган.

Н.Улуғбекованинг сайловолди дастурида оила, мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимида жиддий ислоҳотлар ўтказиш, оилада, жамиятда аёлнинг нуфузини ошириш, хотин-қизлар учун қулай иш шароитлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 18 ёшгача фарзанди бўлган аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, уларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, боғча ва мактабда тарбиянинг устуворлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизга асосланган узлуксиз тарбия тизимини шакллантириш, малакали педагоглар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. 

Маҳалла жамиятимизнинг ўзига хос бўғини, тарбия маскани ҳисобланади. Шу маънода унинг сайловолди дастурида маҳалла нуфузини ошириш, маҳалла раиси (оқсоқоли) ва фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган шахсларга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, уларнинг маҳаллий ҳокимиятдан мустақиллигини таъминлаш каби вазифалар ҳам алоҳида ўрин олган. 

Н.Улуғбекованинг янгиликка интилувчан, меҳнатсевар, одамлар билан мулоқотда самимий, талабчан ва жонкуяр, юқори билим ва тажриба соҳибаси сифатида ҳар қандай масаланинг ечимини топа оладиган маънавий-сиёсий етук инсон эканлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Ана шу каби фазилатлари, қолаверса, самарали меҳнатлари, жамоат ишларидаги фаоллиги учун "Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган.

Давлат ва жамоат ишларида фидойи қаҳрамонимиз кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Тўрт нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, ота-онаси, қайнота-қайнонасининг дуоси уни ҳамиша қўллаб-қувватлаб туради.

Қадрли ҳамшаҳарлар! Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод Наргиза Улуғбековага овоз беринг!

 

Оминахон ИБРАГИМОВА,

Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси.

 

ЖАМИЯТДА ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ ВА ТЕНГЛИК БЎЛСИН

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлигига 59-Ёрбоши сайлов округидан кўрсатилган номзод Умидахон Аҳмедова Андижон давлат университети ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси, умумтехника фанлари ва меҳнат таълими кафедраси катта ўқитувчиси, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раисидир.

У 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод"   жамғармаси гранти ғолиби сифатида Россия федерациясида, 2011 йилда Истанбул университетида малака оширган. Сўнгги уч йилда республика ва хорижий илмий журналлар ва илмий-амалий конференция тўпламларида 10 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган.

Умумтехника фанлари ва меҳнат кафедраси катта ўқитувчиси сифатида "Меҳнат ва уни ўқитиш методикаси", "Меҳнат таълимини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар" фанларини ўқитишда янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда  дарсларни қизиқарли, амалий тажриба ва тадқиқотлар асосида ўтказишга, машғулотларда кейс-стади, тадқиқотчилик ўқув лойиҳа методларини қўллашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Университет маъмурияти ва жамоаси ундаги ташкилотчилик, ташаббускорлик, юксак интеллектуал салоҳиятни, ҳисобга олиб, уни жамоатчилик асосида университет бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси вазифасига тайинлаган.

Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида Умидахон хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, айниқса, талаба қизларни, хусусан, иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, маънавиятини юксалтириш борасида эътиборга молик ишларни олиб бормоқда. Айниқса, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш, репродуктив саломатлик ҳақидаги   тарғибот тадбирлари, оила муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб тадбирларни ўтказишда бош-қош бўлмоқда.

Умидахон Аҳмедова ибратли оиланинг бекасидир. У турмуш ўртоғи билан 3 нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказмоқда. Унинг сайловолди  дастурида ижтимоий адолат, тенглик тамойиллари асос қилиб олинган.

- Хотин-қизларнинг оилалари тўкис, бахтиёр, мустаҳкам бўлишини хоҳлайман, - дейди Умидахон Аҳмедова. - Бунинг учун энг аввало, оиланинг моддий имкониятлари кенг бўлиши керак. Шу боис, сайловолди дастуримда асосан ҳар бир шахс муносиб иш ўрнига эга бўлиши,  энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини ҳаёт кечириш имконияти билан мутаносиблигини таъминлаш, кундалик зарур маҳсулотлар, хизматлар, жумладан, уй-жой коммунал хизматлари учун тўловларни аҳолининг реал даромадлари асосида белгилаш масалаларига алоҳида  эътибор қаратганман.

Барча учун сифати кафолатланган таълим тизимини жорий этиш, давлат гранти асосидаги таълим ўринларини кенгайтириш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари тақдим этиш тизимини янада соддалаштириш, фуқароларни ҳаётий эҳтиёжлари учун муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш асосий вазифаларимиздан бирига айланмоғи лозим. Шунингдек, дастуримда хотин-қизларнинг бандлиги масаласи алоҳида ўрин эгаллайди. Улар учун қўшимча имтиёзлар шакллантириш, иш соатларини қисқартириш, опа-сингилларимизнинг оила, фарзанд тарбияси билан боғлиқ фаолиятини рағбатлантириш бўйича тартиблар жорий этилишига эришишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Умидахон ана шундай эзгу ишларни амалга ошириш орзуси ила ёниб яшамоқда.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

ДЕПУТАТ - МИЛЛАТНИНГ ИШОНЧИ

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 18-Избоскан сайлов округидан кўрсатилган номзод Хуршидахон Қўчқарова самарали меҳнат қилиб келаётган, яратган асарлари билан халқимиз эътирофига сазовор бўлган ижодкор, кўплаб истеъдодли ёшларнинг устози, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбаридир.

У бой маънавий меросимиз, миллий адабиётимиз тарғиботчиси сифатида буюк аждодларимизнинг дурдона асарларини кенг оммага етказиш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш билан бирга, "Миллий тикланиш" партияси ғояларини тарғиб этиш йўлида фидокорона хизмат қилиб келмоқда.

Турли жанрдаги асарлари жамланган ўнга яқин китоблари, қатор жамоа тўпламларига киритилган асарлари билан адабиёт ихлосмандлари ҳурматини қозонган ижодкор  1998 йилдан  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир. 2006 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2012 йилда "Шуҳрат" медали билан мукофотланган.

Хуршида Қўчқарова вилоятда олиб борилаётган ижтимоий, адабий, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, китобхонлик  тарғиботи, ёшлар тарбияси, уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги ишларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари билан вилоятда атоқли адибларнинг хотира анжуманлари, таниқли андижонлик шоир ва ёзувчиларнинг ижодий кечалари, китобхонлик тадбирлари мунтазам ўтказиб келинади. У турли нашриётларда чоп этилган 50 дан ортиқ адабий-бадиий нашрларга муҳаррирлик қилди. Шоиранинг саъй-ҳаракати билан уюшма аъзолари, истеъдодли ёш ижодкорларнинг қатор китоблари чоп этилди. Кўплаб ижодкор ёшларга устозлик қилиб, ижод бўстонида ўз йўлини топишларига яқиндан ёрдам берди.

Шоира таниқли ўзбек шоир ва адиблари Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Тўлан Низом, Қамчибек Кенжа, Муҳаммад Юсуф, Турсуной Содиқова каби устозларининг ҳам ишончини қозонган.

Айни вақтда Х. Қўчқарова Муҳаммад Юсуф ижод мактабида ўқитувчи вазифасида фаолият юритиш билан бирга, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Бобур издошлари" тўгарагига раҳбарлик қилиб келади. Шунингдек, у вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Ижодкор аёл" уюшмаси раисидир.

- Депутатликка номзод бўлишнинг ўзиёқ менга юксак масъулият юклайди, куч ва шижоат бахш этади, - дейди Хуршида Қўчқарова. - Чунки, депутат - миллатнинг ишончи, суянган вакили! У юксак интеллектуал салоҳиятга эга, чуқур илмли, халқ дардини юраги билан ҳис эта оладиган инсон бўлиши лозим. Халқимиз депутатлардан амалий натижалар кутмоқда, ўзгаришларга умид қилмоқда. Уларнинг ишончини оқлашга, фаровонлиги ва бахт-саодати йўлида курашишга астойдил бел боғлайман.

Хуршида Қўчқарованинг сайловолди дастурида узлуксиз тарбия тизимини яратиш ва юксак маънавиятли ватанпарвар авлодни тарбиялаш, ўқитувчиларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, давлат тили мақомини ошириш,  аёллар иш вақтини қисқартириш ва уларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришдек эзгу мақсад ва вазифалар мужассам. Барча даврларда ҳам ижод аҳли эл-юрт дарди билан яшаган. Халқнинг қувонч ва ташвишларини тараннум этиш орқали юрт равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган. Истеъдодли ижодкор Хуршидахон Қўчқарова ҳам  депутатликка номзод сифатида эл-юрт равнақига хизмат қиладиган эзгу ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Агар сайловчилар унинг номзодини ёқлаб овоз берса, у албатта ана шу ишончни оқлай олади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

"Иқбол" газетаси муҳаррири.

 

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ - УЛКАН БОЙЛИК

 

Шифокорлар оиласида тарбия топган Мавлудахон Адҳамжонова болалигиданоқ халқ саломатлигини сақлашдек шарафли ва масъулиятли касбга меҳр қўйди. Мактабни тамомлаб Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди.

Мавлудахон талабалар орасида аълочи, фаол, тиришқоқ, интилувчан ва  ташаббускорлиги билан ажралиб турарди. Институтни муваффақиятли тамомлаб, меҳнат фаолиятини Андижон шаҳридаги 3-сонли туғруқ уйидан бошлади. Аввалига врач интерна бўлиб, сўнгра акушер-гинеколог вазифасида ишлади. Андижон тиббиёт коллежида дарс берди, ўқитувчиликдан бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилди.

2010 йилда Мавлудахон Адҳамжонова Андижон туманидаги Кўп тармоқли марказий поликлиникага акушер-гинеколог врач бўлиб ишга ўтди. Ҳозирда поликлиника мудири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Мавлудахон шифокор-ходимларига ҳамиша ҳар бир келган беморнинг кўнглини олиш, ҳомиладорларга эътиборли бўлиш, болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, ногиронлар ва кексаларга чин дилдан ёрдам кўрсатиш, оқ халатга муносиб бўлишларини уқтириб келади. У жамиятдаги фаоллиги, касбига фидойилиги сабаб Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси томонидан 19-Хартум сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилди.

- Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш -осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат - фикри-зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс, - дейди Мавлудахон. - Бугун замоннинг ўзи барчамиздан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда. Маълумки, "Адолат" социал-демократик партияси ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради. Менинг асосий мақсадим ҳам ижтимоий адолат тамойилларига қатъий амал қилиб, аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатламлари учун зарур ижтимоий муҳофазани таьминлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

Аҳоли саломатлиги - улкан бойлик. Уни сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш ҳар қандай давлатнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантиришга ҳаракат қилаётган мамлакатимизнинг бу борада тутаётган йўли бугун кундек равшан. У ҳам бўлса,  халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, самарадорлиги ва қулайлигини оширишдир. Бунинг учун тиббиётнинг муҳим йўналиши - аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари асосий эътиборда.

Мавлудахон Адҳамжонованинг дастурида айниқса, хотин-қизларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш, уларнинг долзарб муаммоларини ечишга кўмаклашиш, кам таъминланган аҳоли қатламларига кафолатли тиббий хизматлар кўрсатиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамларни имтиёзли тақдим этишни ривожлантириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини  кенг жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Нилуфар ҚОСИМОВА,

поликлиника ҳамшираси.

 

АДОЛАТ ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИГА АЙЛАНИШИ ДАРКОР

Шохидахон Валиева "Адолат" социал-демократик партияси аъзоси. У 1973 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти - олий. Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги АДУ) тамомлаган. Иш фаолиятини Андижон шаҳар Уй-жой коммунал хўжалик трестида котибаликдан бошлаган мутахассис 1997 йилда Андижон шаҳар 9-сон маҳалла фуқаролар йиғинига ишга ўтди. Масъул котиб вазифасида Шохидахон 10 йилдан зиёд ишлади. Маҳалла ишида у тобланди, кишилар билан муомала, муроса қилишни, дардини тинглашни, одамларнинг дарди билан яшашни ўрганди, тажрибаси ошди.

 

Шохидахон "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайлангач, энг биринчи навбатда, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш, турли дабдабабозликларга чек қўйиш, бир сўз билан айтганда,  аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қатъий бел боғлади.

- Жамиятдаги қатор кўнгилсизликларнинг олдини олишда иш билан таъминланганлик жуда муҳим ҳисобланади, - дейди Шохидахон. - Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда бу масала жуда муҳим. Бандлик қатор ҳаётий муаммоларнинг ечими ҳисобланади, жиноятлар, оиладаги ажримларнинг олдини олади, аёлнинг иш излаб узоқларга кетишига тўсиқ бўлади. Энг муҳими, у болалари олдида бўлиб, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлишини таъминлайди. Лекин бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун ана шу дард билан яшаш керак, ҳаракат қилиш керак. Аёлларни, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш механизмларини ривожлантиришимиз зарур.

Ҳаракатчанлиги, қатор ижобий фазилатлари, барча билан тил топиша олиш қобилияти сабаб Шохидахон Валиева "Адолат" социал-демократик партияси томонидан Андижон шаҳридаги 5-Шифокор сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатилди.  

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг асосий мақсадлари  республикада кечаётган ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришга, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтиришга, аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатламлари учун зарур ижтимоий муҳофазани таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

- Аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўпроқ эътибор беришимиз, қийин вазиятга тушиб қолган оилаларга инқирозли вазиятдан чиқиш йўлларини яратишимиз, ҳар бир фуқаронинг жинси, ирқи, тили, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенглигини таъминлашимиз, шунингдек, ёшлар тарбиясига эътиборни, коррупцияга қарши курашни кучайтиришимиз, қонун устуворлигини таъминлашга эришишимиз керак. Шунингдек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ва юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, энг муҳими, оилаларни бахтли, маҳаллаларни обод ва фаровон кўриш олий мақсадларимдир, - дейди номзод.

Шохидахон депутатлик курашида  соғлом рақобат ва адолат тантана қилишига ишонади ва барча номзодларга омад тилайди:

- Қайси партияга мансуб бўлишимиздан қатъи назар, шу юрт фарзанди, шу юрт фуқароси сифатида Ватан тараққиёти, мамлакатимиз тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида бирлашиб, сидқидилдан хизмат қилишда барчага сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, муваффақиятлар тилайман.

Ҳа, Шоҳидахон каби эл-юрт иши учун фидойи номзодларни сайловчилар албатта, қўллаб-қувватлашига ишонамиз.

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Прочитано 28 раз