+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Дек 2019

Муносиб номзодларга овоз берайлик!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

БИЗ ИЖТИМОИЙ ДЕМОКРАТИЯ - ҲУҚУҚЛАР ТЕНГЛИГИ ТАРАФДОРИМИЗ

Маҳбубахон Темирова ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасида фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган, юртимизнинг фаол, олима аёлларидан биридир. У Жалақудуқ туманида таваллуд топган, ҳозирда Андижон шаҳрида истиқомат қилади. 1987 йилда Қирғизистон давлат университети филология факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган тумандаги 26- мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.

Бир муддат Андижон вилояти телерадиокомпаниясида радио бўлими муҳаррири бўлиб ишлади. 2003 йилдан буён эса Андижон давлат университетида самарали фаолият юритиб келади. Бугунги кунда у мазкур олий ўқув юртининг рус тили ва адабиёти кафедрасида меҳнат қилмоқда. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

Маҳбубахон Темирова нафақат тажрибали педагог, балки илмий ишлар, соҳага оид бир қатор китоблар, дарсликлар муаллифи, шунингдек, кўплаб      китобларни қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилган малакали таржимон ҳамдир. Бу фаолияти билан у икки қардош халқ ўртасидаги илмий, адабий алоқаларни мустаҳкамлашга яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

У жонкуяр, меҳнатсевар, фидойи устоз, тажрибали педагог, ижодкор, изланувчан ва ташаббускор олима, қолаверса, қатор инсоний фазилатлар соҳибаси сифатида жамоаси, маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат топа олган.  Айниқса, фаолиятида талаба ёшларга пухта билим бериш, ташаббускор, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш,  уларни миллий қадрият ва анъаналаримиз, миллатлараро дўстлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларда фаол қатнашиб келаётган Маҳбубахон Темировани 12- Марказ сайлов округидан Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатди.

- Партиямиз бўлажак сайловларда "Халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир" деган шиор, ғоя билан иштирок этади, - дейди Маҳбубахон Темирова. - Сайланадиган депутатлар ана шу шиорнинг муқаррарлигини амалда кўрсатади, давлат билан халқ ўртасидаги кўприк бўлади. Халқ дардини, муаммоларини тинглаб, уларни ҳал қилишни  ўзларининг асосий вазифаси деб билади. Партиянинг сайловолди дастурида ҳам айнан ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Биз ижтимоий демократия - ҳуқуқлар тенглиги ва уларни амалга оширишда имкониятлар тенглиги тарафдоримиз! Ана шундан келиб чиқиб, сайловолди дастуримда ишончли ижтимоий ҳимоя - барқарорлик, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш, ҳар бир инсон турмуш фаровонлигини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги, миллатлараро дўстлик ва ижтимоий  барқарорликни мустаҳкамлаш, уй-жой ва коммунал хизматларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, аҳолининг соғлигини сақлаш, таълим олишда тенг имкониятлар яратиш, контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга имтиёзларни кўпайтириш, ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилиши ҳамда муносиб иш ўрни ва иш ҳақига эга бўлиши, айниқса, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишни мақсад қилиб олганман.

Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат қуришда ижтимоий адолат, тенглик, бирдамлик тамойилларига таянган Халқ демократик партияси томонидан депутатликка  номзод Маҳбубахон Темирова ўз олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш учун етарли билим ва салоҳиятига эга, амалий ишлари билан албатта, одамлар ишончини қозона олади.  Шу боис ҳам сайловчиларни унинг номзодини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Сожидахон САИДОВА,

номзоднинг ишончли вакили.

 

БИРМИЗ! ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРАМИЗ!

Шоирахон Исроилова 1978 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган.  Маълумоти - олий, мутахассислиги - шарқшунос-иқтисодчи. Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат ва жамият академиясида таҳсил олган. Германия давлатида малака ошириб, бизнес-магистр дипломи соҳиби бўлган. Айни кунда у Андижон шаҳридаги "Боғишамол текстил люкс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида самарали фаолият юритмоқда.

Интилиш, изланиш бор жойда   шубҳасиз, юксалиш бўлади. Ана шу ғояга амал қилган ҳолда иш юритадиган Шоирахон доимо изланиб, ўзи раҳбарлик қилаётган корхонада қатъий тартиб асосида иш олиб боришга, тайёрланаётган маҳсулотлар сифатига, бежиримлигига алоҳида эътибор қаратади. Шу боис ҳам корхонада ишлаб чиқарилаётган 30 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари бугун нафақат ички бозорда, балки хорижий бозорларда ҳам  харидоргир маҳсулотлар қаторидан жой олган. Айни кунда корхона вилоятдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бирига айланди. 

Шоирахон Исроилова юртимизнинг фаол, фидойи аёллардан бири. Ана шу фаоллиги учун ҳам 2012 йилда давлатимиз томонидан "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Тадбиркор сифатида Президент соврини учун ўтказиб келинаётган "Ташаббус" кўрик-танловида кўп бора қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган.

Ўзбекистон Миллий тикланиш  демократик партияси Шоирахон Исроиловани 9- Андижон сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатди.

- Одамлар ишончини қозониш, қолаверса, эл-юрт, халқ хизматкори бўлмиш депутатлик мақоми  ҳар қандай киши зиммасига катта масъулият юклайди, - дейди Ш. Исроилова. - Бу мақомга эса  шубҳасиз, энг муносиблар сазовор бўлади. Депутатликка номзод сифатида ўз олдимга улкан мақсадларни қўйганман.

Дарҳақиқат, Ш. Исроилова "Миллий тикланиш" партияси дастуридан келиб чиқиб, ўз сайловолди дастурида инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш, парламентни халқ уйига, депутатларни эса халқ хизматчисига айлантириш, ўқитувчининг мақомини ошириш, қулай иш шароитларини ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, узлуксиз тарбия тизимини ва юксак маънавиятли, ватанпарвар авлодни шакллантириш, давлат тилининг мақомини ошириш, аёлларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш   орқали оила институти ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, миллий, маданий ва маънавий қадриятлар, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва туризмни ривожлантириш сингари илғор ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

- Аҳолининг «табиий газ йўқ қийналяпмиз», деган гапларини жуда кўп эшитамиз, - дейди Ш. Исроилова. - Юртимизда табиий газ қазиб олинади, лекин унинг асосий қисми четга экспорт қилинади. Чунки Ўзбекистон бу орқали мамлакатимизга валюта киритади. Бу албатта, иқтисодиётимиз ривожи учун жуда муҳим. Қачонки, тадбиркорлар турли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, экспорт қилишни йўлга қўйсагина, давлатимизнинг валютага бўлган эҳтиёжи қопланади. Ана шунда четга сотаётган газимизни ўзимиз бемалол ишлатишимиз мумкин. Бугун мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда тадбиркорлар локомотив вазифасини бажараётган экан, мен тадбиркорликни янада ривожлантириш,  ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун астойдил ҳаракат қиламан.

  Ёш, фидойи, қалбида шижоат, ташаббускорлик уфуриб турган Шоирахон каби юртдошларимиз ўз мақсадлари йўлида дадил одимлайди, эл-юртга, одамларга наф келтиришга интилади. Сайловчиларни ана шундай хайрли ва ибратли ишларни амалга оширишни мақсад қилган Шоирахон Исроилова учун овоз беришга чақираман.

 

Нигорахон Раззоқова

 

 

 

ОИЛА СОҒЛОМ БЎЛСА,

ЖАМИЯТ ГУЛЛАБ-ЯШНАЙДИ

 "Бетакрор юртимизга, олийжаноб халқимизга садоқат билан хизмат қилиш - ҳар биримиз учун юксак шараф ва муқаддас бурч" деган тамойилни ўзига ҳаётий шиор қилиб олган Раънохон Саттарова 1997 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлагач, турли йилларда Андижон шаҳридаги 3-туғруқ комплексида, вилоят перинатал марказида фаолият юритган. Айни вақтда вилоят "Она ва бола скрининг" маркази директори вазифасида иш олиб бормоқда. Мамлакатимизда хотин-қизлар мавқеини мустаҳкамлаш, репродуктив саломатликларини муҳофаза қилиш борасидаги хизматлари учун "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан "9-Суджаат" сайлов округидан Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Раънохон Саттарова сайловолди дастурида оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, "Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият гуллаб-яшнайди" шиори остида эзгу ташаббусларини амалиётга татбиқ этиш ғояларини илгари сурмоқда.

- Биз оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига, энг аввало, унинг иқтисодий асосларини яхшилаш - оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашамиз, - дейди номзод. - Хотин-қизлар тадбиркорлигини тараққий топтиришни қўллаб-қуватлаймиз. Мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган ишбилармон, фермер аёл-қизларимизни рағбатлантиришимиз зарур. Бу билан уларга илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга кўмаклашамиз.

Аҳолини, аввало, ёш оилаларни арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки, инсоннинг бошпанаси, оиласи тинч бўлса, шундагина у жамият ишида фаол бўла олади. Бундан ташқари, маҳаллаларда, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий, экологик маданияти ва саводхонлигини юксалтириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини жаҳон талаблари даражасида  шакллантиришни мақсад қилганмиз. Натижада касалланиш кўрсаткичлари ва турлари камаяди. Олдимизда турган долзарб вазифалардан яна бири шуки, ҳомиладорлик даври муаммоларини оила муҳитидан келиб чиқиб ҳал қилиш, бу вақт ичида бўлажак оналарни хасталикларга чалинишини пасайтириш, кейинги паллада она ва бола саломатлигига дахлдорликни ошириш масалаларига ечим топишдир. Соғлом онадан  соғлом фарзанд туғилади. Миллат соғлиги бугун вояга етаётган қизларимизнинг саломатлигига  бевосита боғлиқ. Шунинг учун чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни таълим муассасаларидан бошлаш жоиз. Касалликни даволагандан кўра, олдини олган муҳим.

Ёшлар - эртанги кун эгалари. Шундай экан, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашларида ҳар бир ҳудуднинг меҳнат бозори ва иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга йўналтиришга кўмаклашишимиз керак. Старт-ап лойиҳаларини амалга оширишга, ёшлар тадбиркорлиги кластерлари яратишга қаратилган чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқсак, ёшлар инновацион марказлари кўпайишига ва бу билан чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган иқтидорларнинг юзага чиқишига ҳам ёрдамлашамиз.

Юқоридаги эзгу ғоялар ва улкан мақсадларни ҳаёти ва фаолияти шиорига айлантириб улгурган номзод сайловчилар ишончини баландпарвоз гаплар билан қозонмоқчи эмас. Уддалай олишга кўзи етган ишлар учун фидойи бўлмоқчи холос. Бугунги мақсад эртанги улкан бунёдкорликлар пойдеворига айланишини қалбан ҳис қилувчиларгина буни теран англайдилар.

Умидахон ИСАЕВА,

ЎзЛиДеП вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари.

 

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ

 

Инсон меҳнати билан азиздир. Меҳнатсиз ҳаётда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, албатта. Жононхон Раҳимова ҳам ўзининг жонкуяр, меҳнатсеварлиги, ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашиши туфайли нафақат, ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ўз ўрнини топган фидойи, тиниб-тинчимас аёллардан биридир.

Жононхон Раҳимова 1975 йил Избоскан туманида таваллуд топган. Андижон давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини дастлаб мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик лицейда, коллежда ўқувчи ёшларга таълим-тарбия берди, Куйганёр академик лицейида директор ўринбосари, ҳозирда эса Андижон тумани Ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежида директор лавозимида иш олиб бормоқда. У "Адолат" социал-демократик партиясининг фаол аъзоларидан биридир.

Ҳам раҳбар, ҳам партиянинг фаоли сифатида жамиятимиз ижтимоий ҳаётидаги жараёнларда фаол иштирок этади. Айниқса, хотин-қизлар фаоллигини, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги ташкилотчилик ишлари эътиборга молик. Жумдадан, у жорий йилда партия томонидан анъанавий   тарзда ўтказиладиган "Партиянинг энг фаол  аёли" танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, танловнинг республика  босқичида фаол иштирок этди.

Ташаббускор, ташкилотчи, ўз ишининг тажрибали мутахассиси бўлган Ж. Раҳимова "Адолат" социал-демократик партияси томонидан Избоскан туманидаги 53- Жонобод сайлов округидан вилоят кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатилди.

- Партиямиз мени вилоят кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатганлиги зиммамга янада катта масъулият юклади, - дейди Жонон Раҳимова. - Тўғри, халқ, сайловчилар ишончини оқлаш осон эмас. Лекин мен депутат бўлиб сайлансам ҳам, сайланмасам ҳам юртим,  халқим учун хизмат қилишдан тўхтамайман. 

Фаолиятим давомида ҳам халқ билан кўп мулоқотда бўламан. Ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, ишчи ходимлар, ҳар бир жамоадошимнинг муаммоларини ўрганишга, имкон қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламан.

Ҳа, ўз олдига хайрли ва улкан мақсадларни қўйган Жонона Раҳимова ўзининг сайловолди дастурида ҳам мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ғояларини қарор топтиришга, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлами ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурган.

Шу билан бирга, оилани мустаҳкамлаш, қийин вазиятга тушиб қолган оилалар, хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, ёшлар тарбияси, ажримлар, ноқонуний ва эрта никоҳларга йўл қўймаслик, зиёлилар қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, барча соҳаларда, айниқса, таълим тизимида коррупцияни таг-томири билан йўқотиш масалаларига ҳам  алоҳида эътибор қаратилган.

- Биз бугун энг аввало ёшларимизнинг тарбияли, билимдон ва зукко, маънавиятли, касб-ҳунарли бўлишлари учун астойдил ҳаракат қилишимиз керак, - дейди Ж. Раҳимова. - Чунки, эртанги кунимиз, юртимизнинг порлоқ келажаги айнан ана шу ёшлар қўлида. Зиёли сифатида бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга астойдил ҳаракат қиламан, Қолаверса, бу масалалар партиямизнинг дастурий мақсадлари билан ҳам ҳамохангдир.

Мухтасар айтганда, юртимиздаги барча партиянинг мақсадлари муштарак. Юрт келажаги, фарзандлар камоли, халқ фаровонлиги, мустақил Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун ҳизмат қилишдир.

Юқоридаги каби фикрлари теран, фаол, ташаббускор, эл-юрт иши учун фидойи Жононхон Раҳимовани сайловчиларимиз албатта, қўллаб-қувватлашига ишонамиз. Қаҳрамонимиз эса сайловчиларнинг ишончига муносиб бўлишига асло шубҳа йўқ.

 

Одинахон ОТАБОЕВА,

 

Избоскан туманидаги  Жонобод МФЙ мутахассиси.

Прочитано 862 раз