+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Нояб 2018

Маҳалла - маънавият бешиги

Автор
Маколани бахоланг
(1 Овоз бериш)

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти, ҳуқуқий-демократик давлатга ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Хусусан, маҳалла одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини қўллаб-қувватлайдиган, барча эзгу ва хайрли ишларга тамал тоши қўйиладиган маскандир.

Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган. Катта ҳаётий тажрибага эга кексалар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарганлар. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-ахлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган, бошқарилган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган, ўзига хос тарбия ва маънавият бешиги ҳисобланади.    

Айни кунда маҳалланинг жамиятдаги, инсонлар ҳаётидаги  ўрни, роли ва нуфузи янада ортиб бормоқда. Буни Шаҳрихон тумани маҳаллаларида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

- Айни кунда туманимиздаги 76 маҳалла фуқаролар йиғинида 300 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигорахон Йўлдошева. - Маҳаллаларимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маънавий муҳит  барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда, айниқса, "Назармахрам", "Абдубий", "Бувайдо", "Қумқайроқ", "Қўрғонча" сингари маҳаллаларимизда ишлар намунали йўлга қўйилган.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият олиб бораётган яраштириш, хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши", "Ота-оналар университети", "Қизларжон" клуби  сингари қатор жамоат тузилмалари томонидан туман ҳокимлиги, ички ишлар, халқ таълими бўлимлари, хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, Ёшлар иттифоқи, Маънавият-маърифат маркази, ФҲДЁ бўлимлари мутахассислари, шунингдек, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган меҳнат фахрийлари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда.

-  Маҳалламизда ана шундай тадбирлар доимий  равишда ўтказилади, - дейди  "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жўрахон Исоқова.-  Жумладан, "Фахрийлар-фахримиз", "Энг китобхон оила", "Ўз уйингни ўзинг асра", "Огоҳлик - давр талаби", "Қайнонам - онам менинг", "Маҳалла маликаси", "Ораста келин" сингари тадбир ва танловлар маҳалламизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тумандаги барча маҳаллаларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар, қолаверса, олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик ҳолатлари кескин камаймоқда, фуқароларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси, бунёдкорлик борасидаги фаоллиги ортмоқда. Хусусан, ёшлар тарбияси, маънавиятини юксалтиришда "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" хамкорлиги қўл келмоқда. Ушбу ҳамкорлик асосида ўқувчи ёшларнинг фаоллигини ошириш, бўш вақтларини тўғри ташкил этиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда, қолаверса, уларнинг турли иллатлар, диний-экстремистик оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолишларининг олди олинмоқда. Маҳаллаларда фаолият олиб бораётган "Қизларжон" клуби машғулотлари эса қизларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги, шунингдек, маънавияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.

- Маҳалламизда ташкил этилган "Қизларжон" клуби   машғулотлари шифокорлар, ҳуқуқшунослар, меҳнат фахрийлари, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар иштирокида ўтказилмоқда, - дейди "Қўрғонча"  маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Мақсудахон Насриддинова. - Қизларимиз орасталик, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларимиз, оиладаги бурч ва вазифалар хусусида кенг билимлар олмоқда. 

Тумандаги маҳаллаларда оилавий спортни ривожлантириш, болалар, хотин-қизлар, айниқса, уй бекаларини спортга жалб этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда тумандаги маҳаллаларда 10 минг нафардан зиёд хотин-қиз, 20 минг нафарга яқин  болалар спорт билан мунтазам шуғулланаётган бўлса,  1 минг нафардан зиёд уй бекалари оммавий спорт турларига жалб этилган. Бундан ташқари, ўн бешдан зиёд маҳаллаларда болалар спорт майдонлари, сузиш бассейнлари барпо этилган. Аёллар ва болалар спортини ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор оилаларда соғлом турмуш тарзининг шаклланишига, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, маънан етук ва баркамол вояга етишларига хизмат қилаётир.

- Маҳалламиздаги стадионда каттаю-кичик спорт билан шуғулланиш имконига эга, - дейди "Бувайдо" маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Мақсудахон Раҳимова. - Маҳалламиздаги кўпчилик меҳнат фахрийлари, уй бекалари ҳам бўш вақтларида спорт билан шуғулланишади. Бу бизнинг соғлом бўлишимизга яқиндан ёрдам бермоқда. 

Туман маҳаллаларида оилавий тадбиркорлик кўлами, хусусан, тикувчилик, бешикчилик, пичоқчилик, зардўзлик сингари ҳунармандчилик турлари билан шуғулланадиган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилган. Айниқса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида олиб борилаётган ишлар натижасида маҳаллалардаги кўплаб ёшлар бўш вақтларида ҳунар ўрганмоқда.

- Хонадонимизда тикувчилик цехи ташкил этганмиз, - дейди Бешариқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ҳунарманд Нозимахон Хожиакбарова.  - Асосан, аёллар либосларини тикиб, маҳаллий бозорда сотамиз. Маҳсулотларимиз сифатига, бежиримлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Шу боис ҳам биз тайёрлаган либослар анча харидоргир.

Ўтган йили цехимизни кенгайтирдик, имкониятларимиз ҳам янада кенгайди. Айни     пайтда "устоз-шогирд" анъанаси асосида маҳалламиздаги 30 нафар ёш қизларга чеварлик ҳунарини ўргатяпмиз.

  Тумандаги жуда кўп оилалар томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олишган. Томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига улар нафақат ўз эҳтиёжлари учун маҳсулот етиштиришмоқда, балки яхшигина даромад олишиб, бозорлар тўкинлигини таъминламоқда.

Ибратли ва мазмунли ҳаёт йўллари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуроний отахон-онахонлар маҳаллалар кўрки, хонадонлар файзи ҳисобланади. Маҳаллалардаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда уларнинг роли ниҳоятда катта.

Маҳалла фаоллари, мутахассислар, отинойилар, маҳалла кексалари, шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида олиб борилаётган маънавий-маърифий, тарғибот ишлари самараси ўлароқ, тумандаги маҳаллаларда барча йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда. Айниқса, жиноятчилик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, ёшларнинг турли иллатлар ва ёт ғоялар таъсирига берилиши сингари салбий холатларнинг олди олинмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Прочитано 2176 раз Последнее изменение 30 Янв 2019