+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

28 Сен 2017

ЎҚИТУВЧИЛАР СУЛОЛАСИ

(40-сон)

Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг хизмати  беқиёс.  

Андижон туманидаги Оқёр қишлоғида ўқитувчилик касбини ардоқлаб, сулола мақомига эришган бир оила бор. Содда ва меҳнаткаш инсонлар - Комилахон ая ва Мухторжон ака Мирзаевлар хонадонида 7 фарзанд улғайиб, камол топди. Хонадон соҳиблари ўзларининг ушалмаган орзуларини фарзандлари камолида кўрдилар. Болаларнинг барчаси ўқиди, олий маълумотли бўлди. Етти нафар фарзанднинг бештаси ўқитувчилик касбини танлади. Муҳаббатхон бошланғич таълим, Муҳиддин       география, Машрабжон математика, Манзурахон биология, Одилжон рус тили фанлари бўйича мутахассисликни эгаллади. Шунингдек, оиланинг келинлари ҳам ўқитувчилардир.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимда ҳали билим юрти талабаси эдим, - дейди кенжа ўғил Одилжоннинг турмуш ўртоғи Барчиной Мирзаева. - Раҳматли қайнона-қайнотам жуда орзу-ҳавасли эди. "Болам, биз кўрмаганларни сизлар кўринглар, ўқисангиз яхши-да, нонингиз бутун бўлади!" дея ўғилларига қўшиб мени ҳам институтда ўқитишди.  Институтни тамомлаб, Андижон туманидаги 36-ўрта мактабга ишга кирдим. Мана 26 йилдан буён мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ота-онамиз ўшанда "нонингиз бутун бўлади!" деб нимани назарда тутганини ҳаётим давомида тушуниб етдим. Улар биз-эр-хотин бир соҳада бир-биримизни тушуниб, елкадош бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирадиган оила бўлиб яшашимизни истаган эканлар.

Мирзаевлар оиласида энг узоқ ишлаган ўқитувчи - оиланинг тўнғич фарзанди Муҳаббатхон опадир. У 35 йил давомида бошланғич синф ўқувчиларига муаллимлик қилган. Муҳаббат опа ҳозирда нафақада бўлса ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган қизи Малоҳатга болалар билан ишлашда ёрдам беради, ҳали ёш мутахассис келини Зул-ҳуморга дарс самарадорлигини ошириш бўйича маслаҳатлар беради.

- Институтни янги тамомлаган ёш мутахассиснинг болалар билан ишлаши барибир қийин кечади, - дейди Муҳаббат Мирзаева. - Чунки унда тажриба, амалий кўникма хали шаклланмаган бўлади. Шу маънода ёш мутахассис нечоғлик билимли бўлмасин, тажрибали педагог маслаҳатига муҳтожлик сезади. Мамлакатимиз таълим тизимида йиллар давомида шаклланган "Устоз-шогирд" анъанасининг афзаллиги шу ўринда бўй кўрсатади.

Машрабжон Мирзаев узоқ йиллар Андижон туманидаги 36-ўрта мактабда ёшларга  математика фанидан сабоқ бериб келди. Ўз фанининг малакали мутахассиси, талабчан ва изланувчан педагог бўлгани боис, у мактаб директори ўринбосари, директор? туман халқ таълими бўлими мудири вазифаларида фаолият олиб борди. Самарали меҳнатлари учун Машрабжон Мирзаев "Халқ таълими аълочиси" унвони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг   25 йиллиги" нишони билан тақдирланган.

- Ўқитувчилик касбини эгаллаб, асло кам бўлмадим, - дейди М. Мирзаев. - Айниқса, истиқлол биз - таълим тизими ходимларига  кенг имкониятлар  эшигини очиб берди, меҳнатимиз қадр топди. Мус-тақил давлатимиз равнақи, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшадиган авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этаётганимиздан бахтиёрмиз. Турмуш ўртоғим Шуҳратой менга ҳамиша кўмакдош, маслаҳатчи. У ҳам ўқитувчи, биология фанидан дарс беради. Бу йил соғ-лигимдаги муаммолар сабаб нафақага чиқдим. Аммо юзим ёруғ, кўнглим тўқ. Сабаби, ортимда издошларим - фарзанд ва шогирдларим бор.

Мирзаевлар оиласини билганлар бу оилани ўқитувчилар сулоласи дея эътироф этишади. Чунки  бугун сулоланинг 16 нафар вакили турли фанлар бўйича ўқувчи ёшларга сабоқ бериб, муаллимлик касбини улуғлаб келмоқда. Оилада муаллима қизларни келин қилиш анъанаси бор. Тўнғич ўғил Муҳиддин Мирзаев яқинда келин туширмоқчи, насиб қилса, бўлажак келин, албатта ўқитувчи бўлади. Демак, сулоладаги ўқитувчилар сони яна биттага кўпаяди. 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Суратда: Ўқитувчилар сулоласи - Мирзаевлар оиласи вакиллари.