+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

28 Сен 2017

ЮРТ ИШИГА КАМАРБАСТА АЁЛ

(40-сон) Маслаҳатчилар фаолиятидан

Гулнора Ботирова Асака туманидаги "Шодлик" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида иш бошлаганига 10 йилдан ошди. Ўтган ана шу давр мобайнида у ўзининг меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, ишига бўлган масъулияти билан маҳалла аҳли орасида ҳурмат эътибор топди.

Гулнорахон асли Шаҳрихондан. Ота-оналари содда ва меҳнаткаш кишилар бўлиб, отаси Маҳмудисом ака ҳайдовчилик касбида, онаси Ўлмасхон ая эса туғруқхонада узоқ йиллар меҳнат қилганлар. Бугунга келиб улар нафақада, фарзанд ва  набиралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқдалар. Гулнора Шаҳрихондаги 31-умумтаълим мактабини "олтин медалга" тамомлаб, Фарғона политехника институтининг иқтисод бўлимига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаган йили меҳнат фаолиятини бошлаган.

"Шодлик" маҳалласидаги 414 хонадон, 627 оилада 3775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Гулнорахон фаолиятида маҳаллада миллий анъана ҳамда урф-одатларни сақлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, 1887 нафар аёл, 975 нафар вояга етмаганлар билан тегишли тартибда иш олиб боради. Хотин-қизларнинг ижтимоий   фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-тиббий билимларини юксалтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, вояга етмаганлар билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида маҳалла раиси Ёқутхон Мадраҳимова, котиба Маҳфузахон Жумабоева, профилактика инспектори  Абдулазиз Маражабов ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда мунтазам турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлиги ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.  

Гулнорахон маҳалладаги ҳар бир хонадонга имкон қадар тез-тез киради, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишади, керакли маслаҳатлар беради, зарур бўлганда амалий ёрдам кўрсатади. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатларини, оилавий низоларни бартараф этишда у доимо маҳалла кексалари ҳамда фаоллари кўмагига суянади. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалладаги 10 нафар нотинч оиладаги вазият яхшиланди. Яраштириш комиссияси ва маслаҳатчининг саъйи ҳаракати билан ажрашиш арафасида турган 8 оила яраштирилди.

Маҳаллада кўплаб   ҳунармандлар, косиблар, касаначилар фаолият юритади. Ҳатто имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳунармандлик қилаётган Гулнорахон Юсупова, чевар Анзиратхон Тожибоевалар тиккан миллий либос, дўппи, кўрпа-тўшак жилдлари кўпчиликка манзур бўлмоқда. Уларнинг  кўмаги, яъни "Устоз-шогирд" анъанаси асосида хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда.

Ёшлар ҳам ўз ютуқлари билан маҳалла шуҳратини оширмоқда. Етти ёшли Заҳро Зуҳриддинованинг каратэ бўйича республика чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаганлиги фикримизга бир мисолдир.   

Гулнорахон нафақат ишда, балки оилада ҳам ҳурмат топган аёллардан. Турмуш ўртоғи Рашидбек олий маълумотли мутахассис, ҳозирда "GM Uzbekistan" қўшма корхонасида хизмат қилади. Ахил-иноқ бу оилада икки ўғил, бир қиз вояга етди. Катта ўғиллари Исломбек Тошкент Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтини тамомлаб, автомобиль мактабида ўқитувчилик қилмоқда. Қизлари Камола Андижон давлат университетининг 2-босқич талабаси. Кенжа фарзандлари Шохбоз олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда.

- Маҳалламиздаги хайрли ишларга ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан, меҳнатларим маҳалладошларим томонидан эътироф этилаётганлигидан беҳад хурсандман, - дейди маслаҳатчи Гулнора Ботирова. - Ана шу эътироф ҳамиша менга куч ва шижоат беради, мени янада фаол ишлашга ундайди.

Дарҳақиқат, Гулнорахон фаолияти давомида "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи, республика босқичида иккинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, у "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан ҳам тақдирланган. Бу Гулнорахоннинг меҳнатлари эътирофи, фаолиятига берилган муносиб баҳодир. Маҳалла аҳли бугун ўз маслаҳатчисига ишонади, суянади ва ҳурмат қилади. Гулнорахон каби эл-юрт ишига камарбаста, фидойи опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.

 

Рўзихон ИМИНОВА,

Асака тумани.