+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Июль 2017

МАҲАЛЛА МУВАФФАҚИЯТИ АҲИЛЛИКДА

(27-сон) Маслаҳатчилар ҳаётидан

Гулхумор Ўрмонова бир ишга киришса астойдил ҳаракат қиладиган, ўша ишни битирмагунча тинчимайдиган аёллардан. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлагач, Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик факультетига сиртдан ўқишга кирди ва шу йили Хўжаобод тумани марказий кутубхонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Кутубхона мудири, хизмат кўрсатиш бўлими мудири вазифаларида ишлаган Гулхумор 2008 йилда тумандаги ўзи истиқомат қиладиган "Сарқамиш" маҳалла фуқаролар йиғинига диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи этиб сайланди. Қарийиб ўн йилдан буён маслаҳатчи вазифасида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўзининг тиришқоқлиги, ташаббускорлиги билан маҳалла аҳли орасида обрў-эътибор топа олди.

Маҳаллада истиқомат қилаётган 2742 нафар аҳолининг 1456 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шу боис ҳам, Г. Ўрмонова фаолияти давомида аёллар, айниқса, ёшлар билан иш олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик билан ҳамкорликда уларга имкон қадар кўмак беришга, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади.

Жонкуяр маслаҳатчининг ташаббуси билан маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларини миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, умуман, маҳалладаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, маҳалладаги кўплаб хотин-қизлар тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар. Шахнозахон Раҳмонова трикотаж, Нодирахон Мамасолиева савдо дўкони ва чеварлик цехлари, Донохон Усмонохунова ҳамда Гулнорахон Алимжонова сингари тадбиркор аёллар эса хонадонларида иссиқхона ташкил этиб, томорқаларидан унумли фойдаланмоқдалар, чорвачиликни ҳам ривожлантириб, оилаларининг моддий фаровонлигини таъминламоқдалар. Энг муҳими, маҳалладаги кўплаб қиз-аёлларни иш билан таъминланишига ўзларининг муносиб улушларини қўшмоқдалар.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли диний оқимлар, ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида "Таълим муассасаси, маҳалла, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Ҳудуддаги 11-умумтаълим мактаби ва оилавий поликлиника ўқитувчи ва шифокорлари билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

- Маҳалла фаоллари билан олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда,- дейди Гулхумор Ўрмонова. - Фаолларимиздан Хуморхон Fозиева, Раҳимахон Каримова, Муҳаббатхон Йўлдошева, Мамлакатхон Мусоқова, маҳалла отинойиси Ҳайринсахон Исроилова билан биргаликда олиб борилаётган ишларимиз куйди-чиқдилар, ажралишлар, оилавий муросасизликларнинг олдини олмоқда. Улар билан  тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча ҳашамларсиз, камчиқим ўтказиш борасида ҳам тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқдамиз.

Маҳаллада ўтказилаётган "Оила - жамият таянчи", "Қайнонам - онам менинг", "Келин одоби билан гўзал" сингари тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларида эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, бундай никоҳларнинг зарарлари оқибатлари ҳақида ёшларга тушунчалар берилмоқда.

"Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотлари иштирокчилари бўлган қизларнинг бугунги муваффақиятлари ҳам қувонарли. Маҳсумахон Абдурасулова дутор, Гулзиё Маннопова фортепиано, Дилафрўз Аҳмедова тўқимачилик, Эргашхон Абдураимова бадиий ижод йўналишларида турли танловларда фаол иштирок этиб, маҳалланинг нуфузини ошириб келмоқда. 

Гулхумор барча ишларда Мунаввархон Умаралиева, Махфиратхон Тўрабоева, Зуҳрахон Примова, Муқаддасхон Тошпўлатова, Муҳаббатхон Жўраева сингари фаол аёлларга суянади. Маҳалладаги иттифоқлик, аҳиллик муваффақиятларнинг калитидир. Жорий йилда ўтказилган "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" республика кўрик-танловининг туман ҳамда вилоят босқичида Гулхумор Ўрмонованинг биринчи ўринни қўлга киритиши ҳам ана шу бардамликнинг намунасидир.

Ўз оиласидан бахт топган аёлгина жамият ишида ҳам фаол қатнашади. Шу маънода Гулхумор ҳам ибратли оила бекасидир. У ҳамиша турмуш ўртоғи Мўминжон Аҳмедовнинг маслаҳати ва кўмагига суянади. Улар кўп йиллардан буён аҳил-иноқликда яшаб, фарзандларини камолга етказмоқдалар. Ўғиллари Аббосбек айни кунларда олий ўқув даргоҳига тайёргарлик кўрмоқда, қизи Гул-ҳаё эса умумтаълим мактабини тамомлаб, касб-ҳунар коллежида онасининг касбини давом эттириб, кутубхоначи бўлмоқчи.

Мана шундай фидоий, юрт равнақи, ёшлар келажаги учун меҳнат қиладиган ҳамюртларимиз бор экан маҳаллаларимиз янада обод, хонадонларимиз тинч, фарзандларимиз комил инсонлар бўлиб камол топишига асло шубҳа йўқ.

 

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ