+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Июнь 2023

"Хурсандлигимда кўз ёшларимни тиёлмайман..."

Фаол аёлларимиз

Бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизлар ўрни ва роли катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ҳар жабҳада аёллар фаоллиги сезилмоқда. Бунинг сабаби албатта ҳукуматимиз ва юртбошимиз томонидан ҳар соҳада у хоҳ тадбиркорлик бўлсин, хоҳ бошқа,  аёлларга қулай шарт-шароитлар, имкониятлар  эшиги очиб берилаётганидир.

Фаол аёллар ҳақида гап кетганда, асакаликлар  Оминахон Иброҳимовани ҳам тилга оладилар. Болалигидан тиниб-тинчиб ўтириш унга бегоналигини , вақтни қадрлаши , давлат юмушларида узоқ йиллар фаолият олиб бориб, ҳозирда нафақада бўлса-да, тадбиркорликни йўлга қўйгани , кўпларни иш билан таъминлаганини кўпчилик эътироф этади.

Оминахон опа билан "Андижон-Асака" серқатнов трасса йўли ёқасига жойлашган , опанинг ўзи раҳбарлик қилаётган "Автомактаб" биносининг замонавий,  шинам хоналаридан бирида суҳбатлашдик.Оминахон опа табиатидаги соддалик, камтарлик, раҳбарларга хос билимдонлик ҳар қандай кишини лол қолдиради.

 - Асаканинг Дўрмон қишлоғида , ишчи оиласида туғилганман,-дея гап бошлади опа. - Отам Абдуқаҳҳор ака, узоқ вақтлар ҳайдовчилик қилган, Онам-Маҳфиратхон-уй бекаси эди. Оилада олти фарзанднинг учинчисиман. Қишлоғимиздаги 28-ўрта мактабни тамомлаб, Андижондаги тиллар педагогика олийгоҳининг рус тили йўналишида ўқидим. Институтни битиргач, ўзим таълим олган мактабда ўқитувчилик қилдим. Кўп ўтмай собиқ Карл Маркс номли жамоа хўжалиги маданий-оқартув ишлари бўйича раис ўринбосари вазифасига тайинландим. Бир оз муддатдан сўнг, собиқ туман партия қўмитасида икки йил давомида йўриқчи лавозимида ишимни давом эттирдим. Раҳбарлар тавсиясига кўра, Киев шаҳридаги Олий партия мактабида ўқидим. Бу орада турмушга чиққан, ўғилли бўлгандим.Ўтган асрнинг  90-йилларида ҳокимият идораларида "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш " бўлимлари ташкил қилиндию, шу бўлим ишини юргизиш менга юклатилди. Тўғри, бу борада ҳали тажрибам етарли эмас, ишни нолдан бошлаш, ташаббускорлик талаб этиларди. Саккиз йил давомида бўлимда барча ишлар йўлга қўйилди. Режалар тузилиб, аниқ мақсадлар асосида фаолият олиб борилди. Орада мутахассислар тайёрланди, қандай ишлаш зарурлиги , нималарга эътибор қаратилиши юзасидан йўл-йўриқлар яратилди. Кейинчалик, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ҳоким ўринбосари вазифасини топширишди. Фахрланиб айтишим мумкин, шу вақтларда вилоятда "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш" бўлими раҳбари Турсуной Содиқовадан кўп нарсани ўргандим. Устознинг маслаҳатларини амалда қўллаб, кам бўлмадим. 90-йилларнинг охирларида Асака шаҳар ФХДЁ бўлимига бош мутахассис, сўнг мудир вазифасида ишлай бошладим...

Суҳбат давомида Оминахон опага разм солиб,  катта ёшга етиб қолган бўлса-да, ҳамон уни шижоат тарк этмаганини пайқайман. Ундаги ташаббускорликни, ташкилотчилик қобилиятини сезган адлия мутасаддилари опани ҳуқуқшунослик бўйича ўқишга ва ишлашга тавсия қиладилар. Ўқиш, меҳнатдан асло эринмайдиган, фақат олға одимлашни ўзига доим мақсад қилган Омина опа йиллар ўтиб, ҳуқуқшунослик дипломини қўлга киритади. Энди у Марҳамат туманига, ФХДЁ бўлими мудирлиги вазифасига юборилади. Марҳаматликлар уни мамнун қабул қилишади. Бир неча йил давомида  ушбу вазифада ишлаб, кўпларнинг опаси, синглисига айланади. Нафақа ёшига етгач, Асакага қайтиб, "Ҳамдўстлик" маҳалла фуқаролари йиғини раиси вазифасида ишлайди. 2018 йилда Президент фармонига кўра, "Оила" марказлари ташкил қилинади. Айнан ана шу янги марказ ишини юргизиш ҳам Оминахон опа зиммасига юклатилади.

Одатда  янги ташкил қилинган марказларда иш жараёнининг бориши, тажрибаларни оммалаштириш мақсадида вилоят, республика семинарлари ташкил этилади. Худди шундай семинарлардан бири Асакада ҳам ташкил этилиб, марказда йўлга қўйилган ишлар мутахассислар томонидан ўрганилади ва марказ иши намунали , дея эътироф этилиб, тажрибалар вилоят, республика миқёсида оммалаштирилади. Хуллас, опанинг иш ўрни кўп алмашди, керакли жойларда намунали ишлар ташкил қилиш мумкинлигини у кўрсатиб бера олди.Йиллар давомида у бир неча бор Мустақиллик, "Мўътабар аёл" кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Турмуш ўртоғи Орифжон Иброҳимов автомобил заводида кўп йиллар ишлаб, айни кунларда нафақа ёшида зерикиб қолмаслик учун икки гектар ерда боғ яратди. Ўғли Зафарбек Иброҳимов Тошкентдаги нуфузли олийгоҳлардан бири-"Вестминистер"университетини  муваффақиятли тамомлаган. Айни вақтда Америка Қўшма Штатларидаги Чикаго шаҳрида ахборот технологиялари мутахассиси сифатида фаолият олиб бормоқда. Қизлари Гавҳарой, Муҳаббатхонларнинг бири ФХДЁ ходими, яна бири Тошкентдаги Текстил олийгоҳининг талабаси.

Оминахон опа "Автомактаб"да ўн саккиз нафар ишчи ўрни яратган, бевосита ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб ишларидан ташқари, туман "Нуронийлар кенгаши"да, ҳокимиятда хотин-қизлар масалалари бўйича тарғиботчилар гуруҳи таркибида иш олиб бормоқда.

-Биласизми,-дейди у ҳаяжонини яширолмай.-Ишларимдан кўнглим тўлганда, кўпларга ёрдамим тегиб, менга миннатдорчилик билдирганларида, ўғлим олий ўқув юртига кирганда, набиралик бўлганимда...хурсандчилик бўлган вақтларда кўз ёшларимни тиёлмай йиғлаганман, овоз чиқариб, ҳўнграб йиғлаганман.

Бу-табиий, негаки, инсон бир нимадан астойдил , юракдан шодланса, таъсирланса, беихтиёр кўзларига ёш келади.Оминахон опадек бошқаларни ҳам доим қувонч кўз ёшлари юзларини ювиб турсин.

 

Умида Эгамбердиева.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди  гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони" лойиҳаси доирасида чоп этилди.