+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

28 Янв 2023

Эл ҳурматига сазовор адвокат аёл

Адвокатлик - шарафли ва ўта машаққатли касб. У одил судлов жараёнида муҳим вазифани бажаради. Суднинг очиқ-ошкора, адолатли ўтиши, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, энг асосийси, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, адвокат ўз фаолияти билан хайрли ва эзгу ишларга бош-қош бўлади. Бугунги кунда ана шу соҳада самарали иш юритиб, одамларнинг дуосини олаётган малакали ва тажрибали адвокатларимиз талайгина. 

Андижон шаҳридаги "Нурзиё фемида" адвокатлар хайъатида иш олиб бораётган  Мавлудахон Аҳмедова ҳам вилоятимиздаги тажрибали адвокатлардан биридир. У малакали адвокат сифатида 2022 йил давомида барча мурожаатлар бўйича самарали натижаларга эришди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ҳар бир жараёнда ишга тааллуқли ҳолатлар, ҳужжатларни пухта ўрганиб, судга асосли маълумотлар тақдим этди, мижозларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлай олди.

-      Аслида фуқаролик ишлари кенг қамровли бўлади, - дейди адвокат Мавлудахон Аҳмедова. - Жамоамиз адвокатлари ўтган йили асосан, уй-жой, мерос, мол-мулк, оилавий низолар, турли шартномалар, алиментни ундиришга оид мурожаатлар билан ишлаш асосида ижобий натижаларга эришди. Ҳуқуқий ёрдамларимиздан фуқароларнинг миннатдор бўлишлари бизни беҳад қувонтиради.

Мавлудахон Аҳмедова фаолияти давомида хотин-қизларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид жуда кўп ишларни амалга оширди. Масалан, ўтган йили фуқаро Ферузахон Абдураҳимова бир неча йил "Асакабанк" Андижон филиалида нуқсонсиз ишлаб келаётган бўлса-да, банк филиали маъмурияти уни асоссиз равишда ишдан бўшатиб юборгани, ўз ишига тикланишига ёрдам кўрсатилишини сўраб, мурожаат қилган.

Ферузахон Абдураҳимованинг аризасига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида ушбу масала бўйича кўриб чиқилган иш адвокатнинг саъй-ҳаракати билан муваффақиятли якун топди. Суд томонидан Ф. Абдураҳимовани ўз ишига тиклаш бўйича қарор чиқарилди. Бироқ банк маъмурияти суднинг қароридан норози бўлиб, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритди. Ишни кўриб чиққан вилоят суди биринчи инстанция -  Андижон туманлараро судининг ҳал қилувчи қарорини ўз кучида қолдирди. Натижада, мурожаатчи Ф. Абдураҳимова даъвоси қаноатлантирилиб, иш ўрни ва эгаллаб турган лавозимига қайта тикланди.

Яна бир мисол. Қўрғонтепа туманидаги Бобур маҳалласида яшовчи аёл икки нафар вояга етмаган фарзанди билан турмушидан ажрашган.  Турмуш ўртоғи 2018 йилдан бери ўзининг қонуний бурчи - фарзандларининг моддий таъминотига ёрдам бермасдан келаётган эди. Адвокатнинг кўмаги билан , судда иш аризачининг фойдасига ҳал этилди, масъулиятсиз ота алиментни тўлайдиган бўлди.

 Тажрибали адвокат Мавлудахон Аҳмедова фаолияти билан боғлиқ бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Опа нафақат тажрибали адвокат, балки ўта маданиятли, дилбар ва назокатли аёл, ибратли оиланинг  бахтли бекаси.  У ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашади, ўз ишининг моҳир мутахассиси, айниқса, миллий қадриятларимизга, она тилимиз софлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Унинг адабий тилда сўзлашиши, нотиқлиги, жумладан рус тилини мукаммал билиши кўпчиликни лол қолдиради.

Энг муҳими, Мавлудахон Аҳмедова ҳар бир мурожаатчини инсон сифатида ниҳоятда қадрлайди ва унга ишонч билдиради. Ўй-фикрлари, дарду ҳасратларини эринмай эшитади. Муаммоларга қонуний ечимлар топа олади.

Қаҳрамонимиз М.Аҳмедова 1975 йилда ўрта мактабни олтин медалга тамомлаб, шу йилнинг ўзида Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетининг кундузги бўлимига ўқишга киради. Университетни муваффақиятли битиргач, меҳнат фаолиятини Андижон шаҳар ҳокимлиги уй-жой бошқармасида ҳуқуқшунос лавозимида бошлаган. Мазкур идорада ўн йил фаолият олиб борди. Ана шу вақт ичида чинакам ҳуқуқшунос, фуқаролик ишларига ихтисослашган малакали мутахассис сифатида шаклланди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришган дастлабки йилларда  Андижонда вилоят адвокатлар палатаси ташкил этилди. Кейинги фаолиятини адвокатлик касби билан боғлаган Мавлудахон Аҳмедова биринчилардан бўлиб янги очилган палатага аъзо бўлди.  

 - Устозларим  Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судьяси Козимжон Каримов, вилоят адвокатлар палатасининг биринчи раиси Ҳамиджон Жалоловлардан касбимизга оид жуда кўп нарсаларни ўрганганман, - дейди Мавлудахон Аҳмедова. -Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш, мижоз билан самимий бўлиш, ишончини қозона олиш сингари адвокатликнинг нозик сир-асрорларини ўрганишимда уларнинг хизматлари жуда катта бўлган. Фаолиятимни муваффақиятли олиб боришда ҳамиша кўмак берган ана шу ва бошқа қатор устозларимдан миннатдорман, улар билан    фахрланаман.

Бугун соҳанинг тажрибали устозларидан сабоқ олган Мавлудахон Аҳмедованинг ўзи кўплаб ёш мутахассисларнинг устози ҳисобланади. Уларга ўз тажрибаларини, соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиб келмоқда.

-      Устозимиз Мавлудахон Аҳмедова ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам бизга ибратдир, - дейди шогирдларидан бири, олий маълумотли ҳуқуқшунос Мадинахон Соқиева. - Опанинг иш услуби, мижозлар билан мулоқоти, инсоний фазилатларига ҳавас қиламан. Шу боис ҳам "Нурзиё фемида" адвокатлик хайъатида бирга ишлаш жараёнида опага ўхшашга, у каби малакали адвокат бўлишга ҳаракат қиламан.

Унинг шогирдлари салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этишини алоҳида эътироф этиш жоиз.  Чунки опадан ибрат олиб, унга ўхшаган тажрибали адвокат бўлиш мақсадида иш олиб бораётган ҳуқуқшунос опа-сингилларимиз сафининг ортиши шубҳасиз, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ортишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Мавлудахон Аҳмедова самарали адвокатлик фаолияти, қолаверса, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор қозона олган ҳуқуқшуносдир.

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.