+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

15 Сен 2022

ОИЛА - МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН

Маҳалла фидойилари

Булоқбоши туманидаги Баландчек маҳалласида 4 минг 150 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Айни дамда маҳалламиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, айниқса, ёшлар тарбияси масаласига барча масъуллар қатори отинойи сифатида мен ҳам алоҳида эътибор қаратаман.

Сир эмас, бир вақтлар маҳаллалардаги йиғин, эҳсон, тўйларда ортиқча харажатлар кўп бўлар, бу айрим хонадон эгаларининг қийин аҳволга солиб қўяр эди. Эндиликда туманимиздаги аксарият маҳаллаларда маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, отинойиларнинг аралашуви, маслаҳати билан тўй, маърака ва бошқа маросимлар ортиқча сарф-харажатларсиз, камчиқим ва ҳашамларсиз ўтказилмоқда.

Тўйлар - юртимизнинг фаровонлиги, тинчлиги, халқимизнинг меҳр-оқибатлилигидан далолат. Тўй - бир кунлик шодиёна, аммо турмуш, оила умрбод давом этадиган нозик жараён. Шунинг учун ҳам йиғинимиз қошида ташкил этилган "Оила университети" да турмуш қуриш арафасида турган йигит-қизлар билан суҳбатлар ўтказиш, уларга оила масъулиятини чуқур англатиш, умуман, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи алоҳида  эътиборга олинган. Ёшларга улар турмуш қургач, қандай бурчларни бажармоғи, турмуш машаққатларини зиммага олишда нималарга эътибор беришлари лозимлиги оддий, ҳаётий мисоллар билан ҳам диний, ҳам дунёвий томондан тушунтирилади.

Очиқ айтиш керак, бугун маҳаллада ажрим ёқасига келиб қолган оилалар бор. Ўша оилаларни ўрганиш асносида ёшларни ўз ҳолига қўймай, муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш муҳимдир. Чунки эртага кеч бўлиб қолмасин. Ота-оналар ёшлар, яъни келин-куёв ўртасидаги оилавий можаролар келиб чиқишига имкон қадар йўл қўймаслиги керак. Айниқса, қайноналар келиндан айб қидирмай, агар камчиликлари бўлса, босиқлик билан тушунтириб, уларни тўғри йЎлга солиши лозим. Уришиш, бақир-чақир билан ҳеч нарса яхшиланиб қолмайди. Ёшларни инсофга чақириш, муаммоларни мустақил ҳал этишларига  қўйиб бериш керак.

Шу маънода маҳалламизда "Қиз бола - оила ҳусни", "Кийиниш маданияти", "Оила - муқаддас қўрғон", "Муомала маданияти", "Одобинг - сенинг юзинг" мавзуларида ёшлар, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши анъанага айланган.

Маҳалладаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Болалар уйидан беш нафар болани ўз тарбиясига олган  Қорияхон Усмонова оиласини ўз оталиғимга олганман. Хотин-қизлар фаоли билан Лолахон Исмонова, Илтифот Хожибоева, Мамлакат Дадахонова сингари  биринчи, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган маҳалладошларимиз ҳолидан тез-тез хабар олиб турамиз.

Маҳаллада қандай издиҳом, бирор йиғин бўлса, хонадон эгаси, кексалар билан келишиб, унинг файзли, камчиқим, ортиқча хашамларсиз ўтказишга ҳаракат қиламиз. Йўлимизга юрмаганларни инсофга чақирамиз, тушунтирамиз.

Нотинч оилаларни ўрганиш, улар билан мулоқотлар жараёнида келишмовчиликлар, ажримларга кўп ҳолларда спиртли ичимлик ичиш, ўзга юртларга узоқ муддатга ишга кетиш, оиладаги бурч, вазифасини бажармаслик сабаб бўлаётганига гувоҳ бўлдим. 

 Унутмаслик керак, оилада кибр, манмансираш бор экан, аҳилликка ўрин қолмайди. Калтабинлик, ўзини баланд тутиш келишмовчиликларга сабаб бўлади. Қайноналар жанжаллашиб эмас, ҳушёрлик, ҳалимлик, орасталиги билан келинларга намуна бўлиши даркор. Ота-оналар, биз катталар вояга етаётган фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратмас эканмиз, муаммолар кўпаяверади, асаббузарликлар давом этаверади.

Фаолиятим давомида маҳалла раиси Муқимжон Жабборов, ҳоким ёрдамчиси Султонмурод Қосимов, хотин-қизлар фаоли Наргизахон Хошимова, ёшлар етакчиси Иззатулло Абдуқодиров, маҳалла фаоллари билан ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, маҳалладошларимизни эзгуликка, ахил-иноқ бўлиб яшашга чақирамиз, миллий урф-одат ва қадриятларимизни улуғлашга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз. Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, одамларни тинч-хотиржам ҳаёт кечиришларига эришиш, фарзандларимизни билимдон, меҳнаткаш, эл-юрт равнақига хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялашдир.

Мўътабархон ЮЛДАШЕВА,

   Булоқбоши туманидаги Баландчек маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони соҳибаси.