+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

18 Фев 2021

ЧОЙХОНАДАГИ АЁЛЛАР ЁХУД ЭРКИНЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДА?

Мулоҳаза

Яхши эслайман, маҳалламиз ўртасида масжид, чойхона, новвойхона бўлиб, маҳалла аҳли шу ерда йиғилиб, вақтини хуш ўтказарди. Айниқса, маҳалла чойхонаси қарияларнинг йиғиладиган жойи бўлиб, улар масжиддан чиқиб, шу ерда ўтиришар, суҳбатлашар, газета ўқишар, шахмат ўйнашарди. Катта самоварда доимо сув қайнаб, чой дамлашга тайёр турарди. Кечки овқат маҳали бобом бир зумда йўқ бўлиб қолар, шундай пайтлар албатта, чойхонадан топардик.

Ҳозир чойхона деганда буткул бошқача манзара тасаввур қилинади: алоҳида хоналарда бир гуруҳ йигитлар хандон отиб карта ўйнайдиган, сўнггида ошпаз пишириб берган паловхонтўра, силтама ёки қозон кабобними паққос тушириб, кекириб ўтирадиган жой.

Аёлларнинг "гап" ейиши, кўчалардаги турли ошхоналарда зиёфат бериши албатта, янгилик эмас. Бу ҳолатнинг урфга кириб шов-шув, баҳс-мунозарага сабаб бўлгани-ю, урфдан қолиб оддий ҳолга айланганига ҳам анча бўлган. Аммо, шунча ёшга кириб аёлларнинг чойхонада ош берганини ҳеч эшитмаган эканман. Ахир, чойхона менинг болалик тасаввуримда фақат эркаклар ташриф буюрадиган маскан эди-да.

Бугун биргина Андижон шаҳрининг ўзида 50 га яқин чойхона фаолият кўрсатади. "Чойхона № 1", "Беҳизор", "Қадр", "Барака", "Андижон", "Оталар чойхонаси", "Карвонсарой", "Олмазор", "Дўстлар", "Мажнунтол", "Мовароуннаҳр", "Ҳасан-Ҳусан", "Регистон", "Оқшом", "Диёр", "Бургут" каби маълум ва   машҳур чойхоналар бор. Ҳозирда чойхоналар ҳам замонавий аёлларнинг ўтиришлари ўтадиган масканлардан бирига айланиб боряпти. Бир пайтлар эри чойхонадан бери келмайдиган айрим аёллар "Хап сеними, шошмай тур, ҳали" деб қўйишган шекилли, имкон туғилиши биланоқ чойхонада ўтиришни одат қилишди.

- Пулини тўлаяптими, аёл мижоз бўладими, ё эркакми, бизга фарқи йўқ, - дейди чойхона эгаларидан бири. - Бизда алоҳида-алоҳида хоналар қилинган, бир-бирига қарама-қарши томонда, умумий кириш жойидан кирилмайди, эркагу аёл аралаш ўтирилмайди. Шундай экан, аёлларнинг чойхонада ўтиришларини ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Ахир, "чойхона фақат эркаклар учун", деб ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаган-ку, тўғрими?

Ҳа, дарҳақиқат, ҳеч қаерда бундай қонун йўқ. Қолаверса, Ўзбекистон дунёвий мамлакат. Айрим араб давлатларидан  фарқли ўлароқ, бизда аёлларга ҳеч нарса ман қилинмаган. Гендер тенглиги масаласи бот-бот кўтарилаётган паллада чойхонага ўтиришга келган аёлларни чиқариб юборишга кимнинг хадди сиғарди?!

- Аёлларнинг эркаклар билан тенгҳуқуқлилиги бошқа масала, чойхонада ўтириб "гап" ейиши умуман бошқа масала, - дейди ўқитувчи Салимахон Норматова. - Эркакдир-аёлдир жамиятда, оилада ўз ўрни бор. Аёлларнинг ўрни оилада, эри ва болаларининг ёнида. Чойхонада ўтириш аёллик шаънига хос одат эмас. Эркаклар билан ҳуқуқим баб-баравар дея, чойхонада ош ейиши умуман тасаввурга, қуюшқонга сиғмайдиган ҳолат. Шахсан мен буни қабул қила олмайман.

Қизиқ, ўша аёлларнинг эрлари "хотиним чойхонада "ошберяпти", деб бемалол айта оладими? Буниси ҳам майлику-я, чойхонадаги алоҳида хоналарда ўтирувчи "замонавий" аёлларнинг қиттак-қиттак отишларига нима дейсиз? Тасаввур қилинг-а, эркаклар чиққан чойхонадан аёлларимиз тиржайиб, боз устига қийшайиб чиқиб келса, қандай бўлади?

- Айрим оилаларда эркак ишламайди, аёли ишлаб оилани боқади. Эр уйда ўтиради. Аёлнинг аёллиги қоладими, кўчага чиқиб ишлаб, оила боқса, уйга келиб яна хотинлик вазифаларини бажарса?! Шундай экан, ишлаб чарчагандан кейин дам олиши ҳам керак-ку. Нима, эркаклар кайфу сафо қилиб юришаверсину, аёллар фақат ишласинми? Менимча, аёлларнинг чойхонада ўтиришини ғийбат қилгандан кўра, эркаклар қандай қилиб аёлларга  ўрнини бўшатиб бераётгани сабабини ўйлашсин. Эркакнинг ҳақиқий ўрни бўлган оилада аёл чойхонама-чойхона юрмайди, - дейди "гап" чи аёллардан бири.

Маҳалламизда эркакшода, ҳамиша қўлини пахса қилиб гапирувчи, ҳайбатидан ҳатто эркаклар ҳам чўчийдиган бир аёл бўларди. Асл исми Малика бўлса-да, ҳамма уни "Марка опа" деб атарди. Колхозда бригадир бўлган Марка опа этик кийиб, эркаклар билан баб-баравар кетмон чопсада, овқат маҳали аёллар даврасига келиб қўшилар, ҳатто комиссия келганида ҳам эркаклар дастурхонида ўтирмасди. Биз болалар Марка опадан қўрқардик, аммо унинг чойхона ёнидан ўтаётганида нариги кўчани айланиб ўтишини барчамиз билардик. Ҳатто, умри эркаклар орасида ўтган шу эркакшода аёл ҳам чойхона-эркаклар маскани эканини яхши билар, чойхонага қадам босмасди.

Дунё-дунё бўлиб яралибдики, аёлнинг ҳам эркакнинг ҳам ўз ўрни бор. Эркаклар бўлмайдиган давра, аёллар бормайдиган гўша. Тўғри, бу таъқиқни сизу бизга ҳеч қайси жамият, ҳеч қайси қонун қўймайди. Чунки, қонунда эркаклар билан аёллар тенг ҳуқуқли, деб белгиланган. Аммо, ҳар нарсада меъёр, чегара бўлганидек, эркинликда ҳам, тенглик борасида ҳам  чегара, меъёр бўлиши керак.

Чойхона бир сўз билан айтганда, эркакларнинг аёлларсиз эркин, мазза қилиб ўтирадиган маскани. Шундай экан, жилла қурса шу масканга дахл қилмаслик керакмикан? Ҳар ҳолда бу - кўпчилик эркакларнинг фикри.

Мавзу хусусида муштарийларимизнинг фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА