+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Нояб 2020

Қийинчиликлар сабаб ўқий олмаганман, аммо, хат-саводим бор, - дейди 85 ёшлик Мақсуда буви Отабоева

Фахрийлар-фахримиз

 

Пахтаобод туманининг Кўктўнлик маҳалласида истиқомат қилувчи бу нуроний онахон ҳамиша бирор юмуш билан банд. Ҳали қарасангиз, кўча бошидан челакда сув ташиган, ҳали қарасангиз томорқа ишлари билан тимирскиланаёган бўлади.

-Соғлом бўламан, узоқ умр кўраман деган одам доим ҳаракатда бўлиши керак, - дейди Мақсуда буви. - Мен бекор ўтирсам касал бўпқоламан. Шунинг учун доим ўзимни ўзим иш билан банд қиламан. Кеча томга поя босдик. Маккасини қайириб олдик. Кўрганлар "ҳеч ҳам тинмайсиз экан-да" деб кетишади. Нима қилай, керак бўлганидан кейин қиламан-да.  Ҳаракат қилсангиз, қонингиз юришади. Мен шу пайтгача ҳеч бир жиддий  касал бўлмаганман.

Мақсуда буви раҳматли умр йўлдоши Тожиқўзи бува билан салкам 40 йил бир ёстиққа бош қўйди. Турмушлари давомида 4 қиз ва 4 ўғилли бўлдилар. Тўнғич ўғли Парпибой ака ҳозир 66 ёшда. Онахоннинг барча фарзандлари ўзидан тиниб-тинчиб, ували-жували бўлиб кетишган. Онахон бор давлатини 18 невара, 23 чевара, ва бир эваранинг соғлиги ва тинчлик-хотиржамлигида деб билади.

-Умр бўйи далада ишладим, - дея сўзлай бошлайди онахон. - Fўза чопардим, пахта терардим. Болаларим бултурдан бери пахта теримига чиқармай қўйишди. Унгача ҳар йили пахта теримида жавлон урганман.100 килодан кам термасдим. "Тоғангиз" ҳам колхозчи эди. Кейин бригадир бўлди. 22 йил бўлди оламдан ўтганига. Лекин, яхши яшадик. Уйимиздан нон-ош узилгани йўқ. Бировдан битта нон сўрамаганмиз.

Ҳозирги ёшлар бироз беқаноат.   Сабрни билмайди. Набираларим, маҳалладаги ёш қизларга кўп насиҳат қиламан: Борига шукр, йўғига сабр қилган аёлнинг хонадони тинч, оиласи мустаҳкам бўлади.

Онахоннинг болалик йиллари уруш даврларига тўғри келган. Бу ҳақдаги хотиралари билан ўртоқлашишини сўраганимда, қалин қорларда анча олисдаги мактабга пиёда борганлари, онаси тикиб берган халтасидаги шиша сиёҳдон, тушлик учун солинган зоғора нони, синф хонасидаги голланд печка мурғак хотирасига муҳрланганини айтиб берди.

-Мен атиги бошланғич синфни тамомлаганман, - эслайди Мақсуда буви.  - Кейин қийинчиликлар сабаб ўқий олмадим. Аммо, хат-саводим бор, китоб, газета ўқишни яхши кўраман. Почтальон газета обкелиб берарди. Кўпроқ "Муштум" ўқирдим. Ҳозир газета келмай қўйган. Неварамнинг шеър китоби чиққан, шуни ўқиб ўтирибман.

Маҳаллада бувининг ўзига яраша ҳурмати бор. Унинг меҳнатсеварлиги, хуш муомаласи ва ҳазил-мутойибаси қишлоқ аёлларини шу уйга чорлайверади.

Кўктўнлик маҳалласида Мақсуда бувига ўхшаган пиру бадавлат онахонлар талайгина. Онахон ўртоқларини бирма-бир санар экан, ҳар ой йиғилишиб машварат ўтказиб туришларини,  келаётган ҳафтада "гап" беришини айтиб қолди.

- Мунисхон, Зарифахонлар бор, улар ҳам саксонга етди. Хамидахон, Қорияхонлар етмишдан ошган. Ён қўшним Манзурахон 60 ни қоралаяпти, синглимдай бўпқолган. Саломатхон ҳам аста-секин бизнинг даврага қўшиляпти. Бизнинг йиғинимиз жуда мароқли ўтади, - дейди Мақсуда буви.

Кексалар бор жойда ҳамиша ризқ мўл, файзу барака бўлади. Мақсуда бувининг хонадони ҳам файзли, тароватли, унинг хонадонидан ҳеч одам узилмайди. Маҳаллаларимиз кўрки бўлган серғайрат, одамшаванда Мақсуда бувидек табаррук онахонларимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА