+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Авг 2020

Aёлларга нима керак? Бугунги ўзбек аёли нега ўзгариб бормоқда?

Мулоҳаза

Аёл! Биз уни ардоқлаб муқаддас аёл, дунёдаги энг буюк зот - Она деб атаймиз. Зеро,  ҳадиси шарифларда ҳам "жаннат оналар оёғи остидадир" деб бежиз айтилмаган.

Чунки, аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади. Бунга шонли тарихимиздан ва бугунги кунларимиздан кўплаб мисолар келтиришимиз мумкин. Бироқ, бугун булар ҳақида эмас, балки ҳаммамизни ўйлантираётган, қалбимизни бир четида оғриқ бўлиб турган муаммолар ҳақида сўз юритмоқ жоиз. Боиси, кейинги пайтларда аёлларимизнинг дарду ҳасратлари кўпайиб, улар бироз аламзада бўлиб қолгандай, нозик юрагини нимадир кемираётгандай. Нега бундай? Ахир бизлар олам аҳлини ҳайратга солган Тўмарис, Зебуннисо, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Қурбонжон додҳо каби буюк аждодларимизнинг ворисларимиз-ку!

Хўш, бугунги ўзбек аёли нега ўзгариб қолди? Нега баъзи аёлларимизнинг кўзлари бахтдан чақнамайди? Нега аксарият опа-сингилларимиз олам ва одам ҳақида, глобал муаммолар ҳақида қайғуриш, сиёсат майдонида жавлон уриш ўрнига ўз қобиғига ўралиб олди? Нега айрим аёлларимиз шарқона урф-одатларимизга риоя қилиш ўрнига европалашиб бормоқда? Нега бугунги ўзбек аёллари ажойиб кўкрак туморлар, зебигардонлар, уч қаторли шокилалар, тўрт қатору беш нишонли маржонлар ўрнига алламбало хорижий тақинчоқларга интилишмоқда? Нега бошларида ҳарир рўмоллар ҳаволанмаяпти?

Бодомча, ироқи дўппилар, чоргул, бахмалтепа дўппилар қаёқда қолди?

Оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз эгнида нега атласу адраслар ял-ял товланмаяпти?

Нега гўзал бир хилқат бўлган аёл шаънига нолойиқ ишлар қилишни ўзи учун ор деб билмаяптилар?  Нега оталикни белгилашлару ажралишлар, ўз фарзандидан воз кечишлар йўқолмаяпти?

Бугуннинг аёлига нима керак?

Эр, мол-дунё, уй-жой, фарзандми? Ёки соя-салқин, гўзал манзараларга бой сиҳатгоҳлару, кафе-ресторанлардаги базму жамшидларми? Аёл учун оиласи азизми? Ёки ҳашаматга бурканган тўкис ҳаёт?

Айрим аёлларимизнинг тирикчилик баҳона хорижий давлатларга ишлаш учун кетаётганлиги сир эмас. Ўша аёл жонини жабборга бериб, ҳаттоким қулдай ишлаб, ёзни ёз, қишни қиш демай пул топиб ҳам келди дейлик. Лекин ойлаб, йиллаб уйида бўлмаган аёлнинг фарзандлари тарбияси ҳақида ким қайғуради? Уларни ким оқ ювиб, оқ тарайди? Ким болаларнинг ўқиши, юриш-туришини рисоладагидек бўлишини таъминлайди? Энг муҳими, ким уларга оналик меҳрини беради? Аёл хориждан бир амаллаб топиб келтирган пуллар мана шу маънавий кемтиклар ўрнини боса олармикин?

Хуллас, бугуннинг аёлига нима керак? Нега унинг халовати йўқ? Халқимизнинг достону эртакларида, қўшиқларида, шоиру ёзувчиларнинг асарларида осмон қадар улуғланган аёлларимизга нима бўлди? Уларнинг юксак тоғлар каби виқорлари қаерда қолди?

Биз севган, ардоқлаган Кумушбиби ва Раънолар борми?

Буюк хилқат бўлган аёллар ҳамма даврларда ҳам, ҳозир ҳам ҳамиша ардоқда бўлган. Уларнинг ҳусни малоҳати, латофати-ю назокатини, севгида садоқатини, оилада оқила ва тадбиркорлигини шарафловчи жуда кўп қўшиқ ва достонлар битилган. Наҳотки барча замонларда ҳам буюк ва суюк бўлган аёлларимиз ўзлигини унутиб бораётган бўлсалар?

Менимча, аёл бекордан-бекорга тубанлашмайди. Аёл беҳудага қўполлашмайди. Аёлнинг паймонаси тўлиши ва у ёвузга айланиши учун сабр косаси лиммо-лим тўлган бўлиши керак. Меҳрдан мосуво, ишончдан йироқ, эътибордан олис, ёлғиз бошига фоний дунё ташвишлари, рўзғор халтаси юкланган, кўнгли чок-чокидан сўкилиб тамом бўлган аёл ўзлигини унутади, назокатидан кечади, аламзадаликни шиор қилади, пул топади, мол-дунёга ҳирс қўяди. Ҳаммасига эришганида эса, ўткинчи дунё лаззатларидан юпанч топади.

Менимча, бугуннинг аёлига тоза муҳаббат, самимий меҳр, беғараз ёрдам, беминнат таъминот, беғубор садоқат, тоғдай суянч ва таскин-халоват керак. Ана шунда аёлдаги шукроналик,  фидойилик ва ишонч кўзимизни қамаштиради. Унинг чексиз меҳридан баҳраманд  яшаймиз.

Дилобархон МАДОЛИМОВА,

Булоқбоши тумани.