+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

23 Март 2020

Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор!

Юз билан юзлашганлар

Шаҳрихон туманининг Яккатут маҳалласида ўзининг 103 баҳорини қарши олаётган пиру бадавлат онахон Садбархон Ҳайдарова яшайди. Маҳалла аҳли онахонни йўқлаб, дуоларини олишга интилади. Айниқса, Наврўз арафасида баҳорий таом - сумалак илиниб, унга насиба олиб келишади. Онахон уни йўқлаб келганларни алқайди, дуо қилади. Умрининг гўзал онлари, ҳаётидаги унутилмас хотиралар ҳақида гапириб          беради.

Садбархон момо болалик, ёшлик даврларини хотирлар экан, асли қўқонлик бўлгани, иккинчи жаҳон уруши йиллари оиласи билан Шаҳрихонга кўчиб келгани, қаҳатчилик йилларидан қандай ўтиб олганларини гапириб беради. Шундай фаровон кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар келтиради.

- Ёшлик чоғларим далада меҳнат билан ўтди, - сўзлай бошлайди момо. - Одамлар бир бурда нон учун уйидаги бор-будини сотганини, қаро кечгача меҳнат қилиб ичганимиз ёвғону, еганимиз зоғора нон бўлганини яхши эслайман. Қандай шукр келтирмаслик мумкин? Дастурхонимиз тўкин, еганимиз палов, юртимизда тинчлик ҳукмрон бўлса. Бундай кунлар шукронаси учун ҳар қанча ишласанг, борингни берсанг арзийди. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

1947 йилда Садбархон онаси билан тўқайзордан деҳқончилик қилиш мақсадида ер олади. Ерни тозалаб, пахта экишади. Момонинг хотирлашича, ўша йиллар бу жойларда ёлғиз юриш мумкин эмас эди. Нега деганда ёввойи ҳайвонлар жуда кўп бўлиб, одамларга ҳамла қиларди. Она-бола даланинг баландроқ жойига чайла қуриб, кечаси билан гулхан ёқиб чиқишар, шу билан ўзларини бўрилардан ҳимоя қилишарди. Улар астойдил меҳнат қилиб пахтадан мўл ҳосил яратишади.

Кейинчалик меҳнаткаш бу қиз ҳақида турли газета ва журналларда мақолалар, очерклар чоп этилади. Тиниб-тинчимаган қиз ишлаш жараёнида ўқиш пайида ҳам бўлади. 1962 йили у Наманган пахтачилик техникумини битириб, жамоа хўжалиги идорасига ишга киради.    Дастлаб котиб, кадрлар бўлими бошлиғи, касаба уюшма қўмитаси раиси вазифаларида фаолият кўрсатади. Ўша йилларда хотин-қизларнинг техника бошқариши урфга айланади. Садбархон ҳам машинада пахта териб, довруғ қозонади.

Садбархон Ҳайдарова доимо халқ ғами билан яшади. Туманнинг фаол аёлларидан бири сифатида ўз қишлоғидаги кўплаб муаммоларни ечишга интилди. Унинг саъй-ҳаракати билан маҳаллага тоза ичимлик суви олиб келинди, 600 ўринли мактаб қурилди, кўчалар ободонлаштирилди, автобус қатнови йўлга қўйилди.Унинг бошчилигида ташкил этилган фольклор ансамбли ўз вақтида нафақат туман, балки, вилоят, мамлакат миқёсидаги кўплаб тадбирларда иштирок этди.

Ҳаётга чанқоқ, санъатга ошуфта, меҳнаткаш онахон - Садбархон Ҳайдарова бугун ҳам тетик ва бардам. Турмуш ўртоғи Эргашбой ота билан 2 қизни тарбиялаб вояга етказган эди. Бугун онахоннинг атрофида 6 набира, ўндан ортиқ  чевара - эваралар, маҳалла кўйи парвона. Момо эса ёшларга бугунги дориломон, фаровон кунлар қадрига етиш лозимлигини уқтиради.

- Уч йил бўлди, - дейди момо. - Янги тишларим ўсиб чиқа бошлаганини сездим. Айтишларича, одамда бир аср яшагандан сўнг янги тишлар чиқа бошларкан. Мана кўринг болам, рост экан, ҳақиқий мўъжизада бу!

Бахтимизга Садбархон момодай дилкаш, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган онахонларимиз соғ ва омон бўлсин.

 

Озодбек

 

ШАРОБИДДИНОВ