+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

09 Янв 2020

Маҳалламнинг ташвиши билан яшайман, - дейди Балиқчи туманидаги Фаровон маҳалласи мутахассиси Нурхон Болтабоева.

Мутахассислар фаолиятидан

Балиқчи тумани Фаровон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 678 та оилада 2 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ўз номи ўзи билан - фаровон. Бу ерда газ, электр энергияси, сув борасида муаммолар деярли йўқ. Маҳалла аҳолиси орасида деҳқончиликнинг ҳадисини олганлар жуда кўп Шундоққина Андижон - Наманган автомагистрали ёқасида жойлашган маҳалла иссиқхоналари билан танилган. Дўппидеккина жойда иссиқхона қуриб катта даромад топаётган оилалар талайгина. Иссиқхоналарда етиштирилган помидор, бодринг, лимон қишнинг аёзли кунларида ҳам бозорларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

- Маҳалла аҳли меҳнаткаш, бир-бири билан иноқ, ҳар бир ишни бамаслаҳат амалга оширади, - дейди Нурхон Болтабоева. - Айниқса, озодалик, ободончиликка катта эътибор қаратамиз. Шу боис ҳам маҳалламиз ҳамиша файзли.

Нурхон опа Болтабоева 2009 йилдан маҳалла ишида. У маҳаллада 5 йил раис бўлиб ишлади. Ибратли фаолияти билан маҳалладошларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Мана икки йилдирки, опа маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мус­таҳкамлаш бўйича мутахассиси лавозимида фаолият юритмоқда.

Бугун опа маҳалла раиси, фаоллари билан биргаликда маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини ошириш, муаммо ва ташвишларини ҳал этиш бўйича тизимли равишда иш олиб бормоқда. Хонадонма-хонадон юриб ҳар бир оиланинг яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди.  Кам таъминланган оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги оилаларга, хотин-қизларга  кредит олишлари, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишларида яқиндан ёрдамлашилмоқда. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шахсан Нурхон опанинг ташаббуси билан хорижга ишлагани кетган бир гуруҳ аёллар маҳаллага қайтарилиб, уларнинг ишга жойлашишларига ёрдам кўрсатилди.

- Бир неча йил аввал бошимга ташвиш тушиб, 25 ёшли ўғлимдан бевақт жудо бўлганман, - дейди Н. Болтабоева. - Ташвиш инсонни йиқитиб қўяр экан. Маҳалладошларимга раҳмат, ўшанда мени ёлғизлатиб қўйишмади. Шу боис ҳам маҳалладошларимга меҳрим бошқача. Ўшандан буён бор аламимни меҳнатдан оламан. ҳаётим фақат маҳалла билан. Одамлар билан гаплашсам, уларнинг дардини тингласам, ўз дардимни унутаман. Бу менга куч, ирода, таскин беради. Шунинг учун,  кўпроқ одамлар орасида бўлишга ҳаракат қиламан. Маҳалламнинг ташвиши, маҳалладошларимнинг дарди билан яшайман. Маҳалладаги ҳар бир йигит-қиз ўз ўғлим-қизимдай.

2019 йил Фаровон маҳалла аҳли учун ҳам яхши келди. Оилавий ажримлар камайди, вояга етмаганлар, хотин-қизлар ўртасида жиноят умуман, қайд этилмади, Маҳалла янада обод бўлди. Чеварлик цехи, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилди.

- Халқимизда "Маслаҳатли тўй тарқамас" деган нақл бор. Шу маънода тўйларни ўтказиш бўйича ҳам қатъий тартиблар белгиланди. Янги йилдан маҳалладаги биронта тўй, тантана, маърака ва маросим маслаҳатсиз ўтмайди. Бошланган Янги йилда ҳам фаолиятимиздаги хайрли ва ибратили ишларни изчил давом эттирамиз, - дейди мутахассис.

Н. Болтабоева сингари кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга мутахассисларимиз оилалар мустаҳкамлигини, одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш  борасидаги ишларда ҳамиша бош-қош бўлишига асло шубҳа йўқ.

Муаззам ИБРОҲИМОВА