+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Сен 2018

Юртим равнақига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман

"2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион Fоялар ва  технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"

Ёшим ўттиз бирда. Юртимизнинг фаол ёшларидан бири сифатида шахсий ҳаётимда ҳам, иш фаолиятим давомида ҳам кўп ютуқларга эришдим. Ўрта мактабни, касб-ҳунар коллежини, сўнг Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаганман. Эришаётган ютуқларимда менга таълим-тарбия берган инсонлар - ҳам отам, ҳам онам Тўпахон ая, устозларим, қайнона ва қайнотамнинг ҳиссалари беқиёс.

Уларнинг қўллаб-қувватлаши, мадади туфайли оилада, жамиятда ўз ўрнимни топдим, ҳаётга, меҳнатга бўлган иштиёқим ошди. Қолаверса, тақдир мени тушунадиган, меҳнатсевар, бир сўз билан айтганда, ўзим орзу қилган умр йўлдошга рўбарў қилди. Ҳозирда турмуш ўртоғим Нуриддин Камолиддинов билан бирга тадбиркорлик фаолиятини олиб боряпмиз. 2 нафар фарзандимиз бор.

Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари билан рақобат қила олиши, гуллаб-яшнаши халқимизнинг билим салоҳияти ва касб-малакаси билан чамбарчас боғлиқ масала. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу юртимиз эртасининг янада нурафшон бўлиши учун катта имкониятдир. Шу маънода ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпман.

Болаларни жуда яхши кўраман. Уларнинг ҳар бир ютуғидан хоҳ у кичик, ё катта бўлсин, қувонаман. Шунинг учун  2015 йилда "Вilli" болалар марказини ташкил этганман. Ўшанда 2 ўқитувчи ва 40 нафар ўқувчи билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирга келиб 30 нафардан ортиқ ходим, 1000 га яқин ўғил-қизлардан иборат жамоа шаклланган. Марказимизда ўқувчиларга ментал арифметика, инглиз, рус тиллари ўргатилади. Спортнинг каратэ, таэквандо, қизлар учун бадиий гимнастика йўналишлари бўйича тўгараклар фаолият олиб боради.   Машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Ўқувчиларимиз билимлар беллашуви, вилоят ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.

Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан бугун юртимизда хусусий таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қарор ва фармонлар хусусий таълим муассасаларига кенг имтиёз ва имкониятлар эшигини очиб берди, десам муболаға бўлмайди. Биз ҳам ана шу имкониятлардан руҳланган ҳолда келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни комил инсон  қилиб тарбиялаш орқали юртимиз равнақига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш ниятида турмуш ўртоғим билан биргаликда "Инновацион таълим мажмуаси"ни ташкил қилиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, мажмуа хусусий мактабгача таълим муассасаси, ўрта таълим мактаби ҳамда "Она ва бола" марказини ўз ичига олади.  Марказда оналар учун ҳам махсус ўқув курслари ва соғломлаштириш тўгараклари,    шунингдек, касб-ҳунар коллежи ва бошқа ўқув муассасаларини битирган, лекин етарли малака кўникмасига эга бўлмаган ёшлар учун турли йўналишларда "Мутахассислар тайёрлаш" маркази ташкил этишни ҳам режалаштирганмиз.

Вилоят ҳокимининг кўмаги билан бизга Андижон иқтисодиёт коллежининг фойдаланилмай турган ётоқхонаси берилди. Бу ерда қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Куни кеча, бинонинг тайёр бўлган қисмида  "Она ва бола", "Мутахассислар тайёрлаш" марказлари очилиб, фаолият юрита бошлади. Марказларимиз зарур жиҳозлар билан таъминланди, малака ошириш истагидаги ёшлар, оналарнинг билим олиши, турли машғулотлар билан шуғулланишлари учун зарур барча шароитлар яратилди.  Галдаги вазифамиз 300 ўринли нодавлат мактаби ҳамда 200 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасамизни ишга туширишдир. Насиб этса, янги йилга қадар болалар боғчасини ишга туширамиз.

Мақсадимиз, ёшларни замонавий, ҳам юқори маош тўланадиган соҳалар бўйича ўқитиб, уларга ўзимиз иш топиб, келажак йўлини танлашларида кўмаклашишдир.

"Инновацион таълим мажмуаси" лойиҳасини амалга оширилиши натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Фарзандларимиз, ёшларимиз ва оналаримиз инновацион таълим олиш имкониятига эга бўладилар.

Бугун улкан мақсад ва режаларни амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қиляпман. Бу йўлда юртимизда мен каби тадбиркор ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шу имкониятлар, қолаверса, Президентимизнинг биз ёшларга бўлган ишончи менга куч ва шижоат бағишлайди. Энг асосийси, фаолиятим билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.

 

Хуршида КАМОЛИДДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Billi" болалар маркази ижрочи  директори.