+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Авг 2018

БОЛАЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ...

Шифокорлик - машаққатли касб. Бироқ болалар шифокори, айниқса, болалар невропатологи бўлиш ундан-да мураккаб ва заҳматлидир. Катталар-ку, дардини баён эта олади. Лекин ҳали тили чиқмаган болалар бетоб бўлса, уларга тўғри ташҳис қўйиш ва даволаш доктордан кучли билим, катта тажриба талаб қилади.

Шукрки, орамизда ана шундай касб эгалари жуда кўп. Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасининг Чинобод ҳудудий бўлими болалар невропатологи Мушарраф Холмирзаева улардан бири.У Балиқчининг Олимбек қишлоғида туғилди. Ёшлигидан болалар шифокори бўлишни орзу қилган Мушаррафнинг эзгу истагини ота-онаси  ҳам хурсанд бўлиб қаршилашди ва қизларининг чуқур билим олишига кўмаклашишди.

Мушарраф опа тиббиёт институти талабаси бўлган кунни бир умр унутмайди. Мана, орадан 33 йилдан зиёд вақт ўтди. Институтни тугаллаб,  болалар шифохонасида интернатурани ўтаган кезларидаёқ, касбига қаттиқ меҳр қўйди. Ёш шифокор унга беғубор нигоҳларини  тиккан бемор болаларнинг шифо топиши йўлида бор куч-салоҳиятини сарф этишга ўз-ўзига сўз берди ва бунинг уддасидан чиқмоқда.

Чақирувларга, тиббий кўрикларга борган пайтида ҳар бир боланинг саломатлиги унга боғлиқ эканини янада теранроқ ҳис этиб, ўз ишига масъулият билан ёндошади. Тиббиётнинг илғор тажрибаларини даволаш услубларини, ўрганишга интилади. Қўли енгил шифокорни излаб қўшни туманлардан, вилоятлардан ҳам келишади.

Бир гал Фарғонадан бир ярим  ёшли бемор боласи билан келган эр-хотин шифокордан нажот кутиб, докторлар умид йўқ дейишганини айтишди. Бироқ Мушарраф опа ёзиб берган муолажалардан 1 ҳафта ўтиб, бола оёққа турди. Бир ой ичида аввалги ҳолига қайтди. Шундан буён бу оила шифокорни ўз яқинлари каби қадрлайди.

Мушарраф опанинг меҳнат дафтарчасида биргина ёзув бор. У ҳам бўлса, болалар поликлиникасига шифокор этиб тайинлангани ҳақидаги буйруқ. 27 йил бир даргоҳ, бир жамоада меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди.

- Жамоани оилангдек қадр-ласанг, касбингга меҳринг ошиб бораверса, бу сенга ёрдам беради, - дейди Мушаррафхон опа. - Болалар асаб тизимини тиклашдек хайрли ишнинг уддасидан чиқаётганимга шукр қиламан. Баъзида ойлаб шифо топмаётган бемор болалар учун кўз ёши тўккан кунларим ҳам бўлган. Гоҳида боласи соғлигига бепарво бўлган оналарга қаттиқ гапирганман ҳам. Асаб касалликларининг 90 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларда учрамоқда. Бунинг сабаблари эколо-гиянинг ёмонлашуви, она қорнидаги нохуш ҳолат, шунингдек, туғруқ жараёни билан боғлиқ муаммолардир. Бундан  ташқари, онадаги камқонлик, унинг ҳомиладорлик даврида юқумли касалликлар билан оғриши, ирсий касалликлар, отанинг зарарли одатларга ружу қўйиши оқибатида боланинг асаб тизими шикастланади. Ҳар бир ота-она буларни билиши, зурриёдларини      соғлом ва баркамоллиги учун масъулиятни ҳис этиши лозим.

Касбимда неки муваффақиятга эришган бўлсам, барчаси учун устозларимга, менинг шифокор бўлишимни орзиқиб кутган дадажоним ва онажонимга миннатдорчилик билдираман.

Шифокор икки ўғилни  камолга етказиб, қаторга қўшди. Ҳозир улар тадбиркорлик билан шуғулланиб, жамиятга наф келтиришмоқда. Мушарраф Холмирзаева умри давомида юзлаб болаларга саломатликдек бебаҳо неъматни ҳадя қилаётганидан, қанчадан-қанча оилаларнинг қувончу ташвишига шерик бўлаётганидан мамнун. Ота-онаси, қолаверса, эл ишончини оқлаётганига шукрона келтиради.    

 

Барно ҲАЙДАРОВА