+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Июнь 2018

Меҳр, сабрлилар яшар элимда

Орамиздаги аёллар

Меҳрнинг баҳоси ҳам, миқдори ҳам йўқ. Боиси, меҳр юракда бўлади. У ҳар бир инсоннинг қалбида, маънавиятида яшайди. Меҳрнинг ҳам фаслга ўхшаш баҳори, гуллаши, мева бериши бор. Бундай ҳолатлар меҳрли кишининг онгига буйруқ беради, юрагида яшайди. Кимнидир соғинса, кўргиси келса, суҳбатлашгиси, эҳсон бергиси, дийдорлашгиси келса, ўша томон талпинади, йўқлайди. Кўнглига хайрли ишлар келдими, бас, барча зарур юмушларини йиғиштиради. Яхшиликни кечиктирмай қилишга шошилади.

Мен таниган, билган аёлнинг исми Табассумхон. Исми жисмига монанд  Табассумхон ҳам яхши-ёмон кунларда иродаси, иймонига, ақли-ю сабрига бўйсунган аёл. У камолга етган маҳалласидаги ён қўшнисига келин бўлди. Бодомқовоқ, истарали, очиқкўнгил келин ҳаммага ёқди. Келинчак меҳнаткаш, эпчил, фаросатли, тиришқоқ, айниқса, савдо соҳасига уқуви баланд эди.

Кўп йиллар шу соҳанинг этагидан тутиб, ризқ топди. Савдода фақат ҳалоллик, меъёр, кимларгадир асқотиш, кўмаклашиш билан иш юритди. Бир сўз билан айтганда, Табассумхон оиланинг бахтли бекасига айланди. Уйи ўғил-қизлар билан тўлди. Уларга Жамилахон, Бахтигул, Шокиржон, Нодиржон деб исм қўйди. Болаларига яхши тарбия берди. Ўқитди, ҳунарли қилди. Энг муҳими, одамларга меҳр-муҳаббатли бўлиб яшашни, ота-она, туғилган жойини севишни, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлишни ўргатди.

Орадан йиллар ўтди. Табассумхоннинг фарзандлари уйли-жойли бўлди. Онанинг бағри невараларга тўлди. Энди у умр йўлдоши Абдураҳимжон билан келинлари Наргизахон, Муҳайёхонлар ардоғида яшаркан, маҳалласи, дўст-ёрони, қариндошлари учун меҳрини, саховатини аямади. Кимнидир кўз ёшини артгиси, кўнглини кўтаргиси, бошига мусибат тушса ёнида тургиси келади. Айниқса, яқинларидан айрилган қўшниларига меҳрибон, ҳамдард. Дарров иссиқ таом тайёрлайди. Ками-кўсти бўлса тўлдиради. Кўнгли шу қадар кенгки, қўшнисини ғами олдида ўз муаммосини унутади. "Мен бугун шу вақтда унинг олдида бўлишим, кўнглини кўтаришим керак", дейди.

Ҳаёт бир хил давом этмайди. Кун ва тун бўлгани каби Табассумхоннинг ҳам умр довонларида паст-баландликлар бўлди, бошига кўргиликлар тушди. Аммо бу кунларни кўрсатганига яратганга шукроналар айтиб, дардини ичига, юрагига ютди. Ичидан не ўтса ўзи билди. Синовли, бахтиёр кунларида ҳам бир қўлида эҳсони, тилида лутфи, юрагида бир дунё меҳри бисёр бўлди. Оғир кунларни     сабрга ошно бўлиб енгди.

Табассумхон китоб мутолаа қилишни яхши кўради. Фарзандларини ҳам шунга ундайди. Ҳамиша яхшиликка, кенг феълликка ўргатган. Умри давомида қилган эзгу амаллари рўёбини кўрди. Бир неча йил олдин умр йўлдоши билан Ҳаж сафарига бориб келди. Энди у дуогўй она. Ҳамон меҳнатдан, ҳаракатдан чекинмайди. Шунинг учун ҳам хонадонида файз, барака бор. Онасига меҳр берганди, болалари ҳам унга меҳрибон чиқди.

Дарҳақиқат, берганга худо беради, дейдилар. Табассумхоннинг ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ана шундай меҳри бир дунё, яхшиликлар учун жоннисор кишилардир. Кекса устозлари, қон-қариндошлари, қўшниларига меҳр-мурувват кўрсатиб кўнгилочар жойларга, зиёратгоҳларга олиб боради. Одамларга меҳру қувонч бахш этиб ўзи яйрайди. Яхшилик қилгани сари дардлари аригандай, ёшаргандай бўлади. Унинг қилаётган эзгу, хайрли, савобли ишлари кучига куч қўшади.

Шукрки, дунёда асакалик Табассумхон Ботировага ўхшаган меҳри бисёр, сабрга ошно, дийдорга ташна инсонлар кўп. Улар бор экан, юртимиз гўзал, янада файзли.

Кел мунисим, дардингга

ўзим дармон бўлайин,

Яхши-ёмон кунингда

ёнгинангда туройин.

Сенга меҳр-муҳаббат,

қадр-қиммат сўройин,

Уйнинг чироғи бўлиб, ёниб тургин

сен, аёл!

 

Мукаррама FАНИЖОН қизи,

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.