+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Янв 2018

ВАТАН ҲИМОЯСИ ШАРАФЛИ БУРЧ,

- дейди кичик сержант Нилуфар Нурмаматова.

Нилуфарда ҳарбийликка қизиқиш болалик чоғларидаёқ уйғонган. Мактабга илк қадам қўйганида ҳам, мактабни битириш чоғида ҳам ҳарбий хизматчи бўлиш ҳақидаги орзуси уни тарк этмади. Каттақўрғон тиббиёт коллежини битиргач, Самарқанд ҳарбий госпиталида иш бошлади. Ўз касбига бўлган меҳри, ишга масъулият билан ёндошиши раҳбарларининг эътиборига тушди. Шундан буён у республикамизнинг турли вилоятларидаги ҳарбий қисмларда санитар-йўриқчи сифатида ишлаб келади.

- Ҳарбийлик соҳасида фаолият юритаётганимга 16 йил бўлди, - дейди Нилуфар Нурмаматова. - Бу соҳани танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Негаки, Ўзбекистон қуролли кучларига, Ватанимга хизмат қилишдан фахр ҳиссини туяман,

Баъзан кўча-кўйда, жамоат транспортига чиққанимда қиз-жувонларнинг ҳарбий либосимга ҳавас билан қараётганини сезаман. Айримлари "Вой опа, менам ҳарбий бўлишга жуда қизиқардим, ҳарбий бўлиш учун нима қилиш керак?" қабилидаги саволлар билан мурожаат қилишади. Шунда мен: "Аввало, ўз олдингизга аниқ мақсад қўйинг. Унга етишиш учун астойдил интилинг,  интилсангиз, албатта мақсадга эришасиз" дейман. Биласизми, халқимизда қиз боланинг   ҳарбий бўлишини кўпчилик истамайди. Менда эса худога шукр, бунақа бўлмаган. Оила аъзоларимнинг ярми шифокор бўлса, ярми ҳарбий эди. Шу сабаб ҳарбийликни танлашимда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган.

Айни дамда Нилуфар Нурмаматова Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда санитар-йўриқчи вазифасида фаолият олиб бормоқда. Андижонга келганида унинг 2 нафар фарзанди бор эди. Бу ерда яна бир ўғилли бўлиш бахти насиб этди. Яқиндагина туғруқ таътилидан қайтган Нилуфарга касбдошлари ҳам иш, ҳам оилани баравар олиб кетишида кўмакдош бўлишмоқда.

- Эр-хотин бир соҳада меҳнат қилса, улар бир-бирларини яхши тушунади, - дейди Нилуфар. - Баъзан ишдан чарчаб келаман, кайфиятим бузилган вазиятлар ҳам бўлади. Шундай пайтда турмуш ўртоғим мени тушунади, нохуш вазиятдан чиқишимга ёрдам беради, унинг кўмагини дилдан ҳис этаман. У киши ҳам ҳарбий хизматчи бўлган, ҳозир истеъфода. Касбимизнинг ўзига хос жиҳатлари барибир ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида акс этади. Бизнинг қарашларимиз, тарбиямиз, ҳатто оиламизда шаклланган муҳит ҳам ҳарбийча.

Нилуфар Нурмаматованинг Андижонда хизмат қилаётганига ҳам 5 йил бўлди. У шу вақт мобайнида касбдошлари ҳурматини, командирлар ишончини қозониб улгурди. Нилуфар ўзига топширилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан адо этади, турли тадбирлар, жамоат ишларида фаоллик кўрсатади. Ўтган йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида бўлиб ўтган "Ҳарбий спортчи оила" эстафетасида оила аъзолари билан қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

- Ватан ҳимояси мен учун шарафли бурч, умуман, Ватан ҳимоячиси бўлиш нафақат эркаклар балки аёллар учун ҳам муқаддас бурч бўлмоғи керак, - дейди ҳарбий аёл. - Чунки опа-сингилларимиз ўзларининг оқила ва донолиги, фидойилиги билан армиямиз салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўша олади. Умуман олганда, аёл киши бор жойда барибир файз-барака, саранжом-саришталик, гўзаллик бўлади.

Ватан ҳимояси - муқаддас бурч. Бу бурч йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган мард, жасур юртдошларимиз билан ҳамиша фахрланамиз. Улар сафида Нилуфар каби шижоатли, мард аёлларнинг борлиги эса янада фахрлидир.

Юртимиз сарҳадлари, тинчлиги ҳимоячилари Ўзбекистон Қуролли Кучлари аскар ва зобитларини, уларнинг сафида фидоийлик намуналарини кўрсатиб хизмат қилаётган ҳарбий опа-сингилларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз. Уларга тинчлик-хотиржамлик, соғлиқ-саломатлик, оилавий бахт тилаб қоламиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА