+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

04 Янв 2018

Зера БЕКИРОВА: МЕН ЎЗБЕК ХАЛҚИДАН БИР УМР МИННАТДОРМАН

Суҳбатдошимиз Зера Бекирова асли Қўрғонтепа тумани Савай қишлоғида туғилиб ўсган. Ҳозирда Қрим Республикаси миллатлараро муносабатлар ва сургун қилинган халқлар масалалари бўйича давлат қўмитасининг "Янъы дюнья" ("Янги дунё") газетаси ҳамда "NENKECAN" хотин-қизлар журналининг бош редактори, "NENKECAN" хотин-қизлар клубининг таъсисчиси ва раиси сифатида Қрим Республикаси ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Янги йил байрами арафасида телефон орқали у билан суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ассалому алайкум! Сизга туғилиб ўсган юртингиздан салом йўллаймиз. Бугунги фаолиятингиз ҳа-қида қисқача тўхталсангиз?

- Ассалому алайкум! Газета орқали менинг саломимни бутун андижонликларга етказсангиз бошим кўкка етади. Айни кунда мен Қрим миллатлараро муносабатлар ва сургун қилинган халқлар масалалари бўйича давлат қўмитасининг "Янъы дюнья" ("Янги дунё") газетаси бош редактори вазифасида ишлаяпман. Тошкентда "Ленин байроғи" номи билан чиққан ушбу газетага 30 йил аввал мухбир бўлиб ишга кирганман. Ўзбекистонда яшайдиган  қримтатарлар ҳаёти, фаолияти ҳақида жуда кўп мақолалар ёзганман. 1991 йилдан бошлаб газетамиз Қримда чиқа бошлаган. Мен ҳам ўшанда Қримга кўчиб кетганман.

Ўтган йиллар давомида   дунёнинг турли давлатларида яшаган қримтатарлар, айниқса, дунёга машҳур шахсларни газета орқали танитишга ҳаракат қилдим. Айниқса, Руминия, Болгария, Туркия, Польша ва бошқа қатор давлатларда қримтатар муҳожирлари яшайдиган қишлоқларни кезиб чикқанман. Шунингдек, 2011 йилдан бошлаб "NENKECAN" хотин-қизлар журнали бош редактори ҳамда шу номдаги хотин-қизлар клубининг таъсисчиси ва раисиман. Клубимиз турли йўналишларда хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб боради, турли тадбирлар, анжуманлар ўтказамиз. Ўтказилган илмий конференцияларимизнинг бирида ўзбекистонлик олималар ҳам иштирок этган.

- Туғилиб ўсган қишлогингиз, ўқиган мактабингиз, устоз ва дўстларингизни эслайсизми?

- Қадрдон қишлоғим, болалигим, менга оқ йўл тилаган мактабим ҳаётимнинг унутулмас саҳифаларидир. Биз Қўрғонтепа туманининг "Савай" қишлоғи (совхоз дейилар эди)нинг 4- бўлимида яшаганмиз. Совхоз марказидаги 1-мактабнинг рус синфида ўқиганман. Синфимизда турли миллат вакиллари - ўзбек, рус, охиска турклари ва қримтатар болалари бирга ўқиганмиз. У пайтларда биз-болаларга кимнинг миллати қанақа эканлиги аҳамиятсиз бўлган, бир-биримиз билан аҳил-иноқ бўлганмиз.  Мактабни фақат аъло баҳолар билан тамомлаганман. Устозларимни ҳурмат билан эслайман. Немис тили фани ўқитувчим Рашида опа (нимагадир ҳамма уни Раиса Сергеевна, деб атарди) мен учун жуда қадрли эди. У мен олийгоҳнинг чет тили факультетида ўқишимни истарди,  ҳатто уйимизга келиб, ота-онамга ҳам шуни тавсия қилган. Мен эса адабиёт ўқитувчиси бўлишни хоҳлардим. Шу тариқа мактабни тамомлаб, ота-онам ва устозимнинг истаги билан Ўш педагогика институтининг чет тиллар факультетига кириш учун ҳужжат топширдим. Лекин ўша йили ўқишга кира олмадим.

Қишлоққа қайтдим, ўқишга кира олмаганимни билган мактабимиз кутубхоначиси олдимга келиб, "Мен декретга чиқяпман, ўрнимга кутубхонага ишга кир, ўқишга ҳам бемалол тайёрланасан, қолаверса, китобларни авайлайдиган, кутубхоначи бўлишга лойиқ сендан бошқа одам йўқ" деди. Чунки мен кутубхонанинг энг фаол ўқувчиси эдим. Кутубхонадаги рус тилидаги ҳамма китобларни ўқиб чиққандим. Шу тариқа илк меҳнат фаолиятимни кутубхоначиликдан бошлаганман. Ўшанда ҳамқишлоқларим, ўзбек йигит-қизларининг китоб ўқишга, адабиётга бўлган қизиқишларини кўриб, ҳайрон қолардим, ҳавас қилардим ва бунга ҳозиргача ҳавас қилиб келаман. Кутубхонага келувчи ўқувчиларим менда ўзбек адабиётига муҳаббат уйғотишди, ўзбекча ўқишни ўргатишди. Бир йил ўтиб, институтнинг рус филологияси факультетига ўқишга кирдим.

Турли мавзуларда асарлар ёзаман, 3 та китобим чоп этилган. Украина ёзувчилар уюшмаси, Евроосиё ёзувчилар бирлашмасининг аъзосиман. Турли тиллардаги ўттиздан ортиқ  китобларни  қримтатар тилига таржима қилганман.

- Оилангиз - ота-онангиз, фарзандларингиз ҳа-қида гапириб берсангиз?

- Ота-онам Қримнинг Керич бўлғусидаги Аджименди қишлоғида, онам эса қўшни Сидживут қишлоғида туғилган экан. 1945 йилда отамнинг оиласидаги 11 жон сургун қилинган, фақат опаси Насиба аммам билан икковлари тирик қолган, ота-онаси, ака-укалари очликдан вафот этган экан.

Отам мактабда ўқимаган. Умри бўйи совхозда тракторчи бўлиб ишлади,  чигит экди, культивация қилди, пахта терди. Жуда кўп мукофотлар олган. Онам Наджие ҳам мактаб кўрмаган, фақат ўз исм-фамилиясини ёзишни биларди, холос. Лекин далада тиним билмай меҳнат қиларди. Саводсиз ота-онам биз - олти нафар қизларининг ўқиб, олий маълумотли бўлишимизни орзу қилиб, барча имконларни яратиб беришди. 90-йилларнинг бошида оиламиз билан ота юртимиз Қримга қайтдик.

Турмуш ўртоғим Сейдамет Меметов вафот этган, икки нафар фарзандим бор.  Кизим Арзы (Орзу) "Qaradeniz продакшн" студиясининг мухбири, ўғлим Мемет телефонлар сотиладиган дўкон мудири бўлиб ишлаш билан бирга, Қрим инженерлик-педагогика университетининг Менеджмент шўъбасида таҳсил олади.

-  Бугунги Ўзбекистон ҳақида тасаввурларингиз қандай?

- Бугунги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларим асосан газета ва интернет мақолаларига асосланади. Ўзбекистонни жадал ривожланиб бораётган Марказий Осиёнинг етакчи, дунёда ўз нуфузига эга давлатлардан бири деб биламан.

Мана 26 йилдирки, туғилиб ўсган юртимга бора олмадим. Аммо жаннатмонанд Ўзбекистонга, она қишлоғимга боришни, болалигим ўтган кўчаларда юришни, зилол ариқлар бўйида ўтиришни жуда-жуда орзу қиламан. Юртимиздан келиб, Қримда ишлаётган ўзбек ўртоқларимиздан хабар олишга, қўлимдан келганича уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. 

- Ўзбекона урф-одат, қадриятларнинг ҳаётингиздаги ўрни, уларга муносабатингиз қандай?

- Бу ҳақда соатлаб гапирсам ҳам камлик қилади. Ўзбеклардан биз меҳмондўстликни, меҳрибонликни, меҳр-шавқат, оқибатни, қўшничилик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, устозни отадек улуғлаш сингари жуда кўп инсоний фазилатларни ўргандик. Онам сургуннинг биринчи кунлариданоқ ўзбек    халқи қримтатарларга улкан мурувват кўрсатганлигини жуда кўп эслайди.

Онамнинг айтишича, ўша йиллари ўзбек қўшнилари ўзлари оч-наҳор бўлсалар-да, бир пиёла қатиқ, бир коса жўхори шўрва ёки яримта нон олиб киришар, шу туфайли отам-онам каби минглаб миллатдошларим омон қолган экан. Бунинг учун  мен ўзбек халқига бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

Биз ҳам қўшниларимиз билан жуда иноқ эдик. Бир уйнинг ярмида ўзбек оиласи, иккинчи ярмида биз яшардик, ўртада пастаккина девор ва эшик бўларди. Ўртамиздаги эшик ёпилганини эслай олмайман, уйимизда калит, қулф бўлмаган. Шу қадар бир-биримизга ишонганмиз, таянганмиз.

Яна уйимиз ўртасида тандир бўларди. Бугун қўшнимиз Хулпархон ая нон ёпса, эртасига онам ёпарди. Иссиқ ноннинг бошини, албатта, бир-бирларига илинардилар. Рўза, хайит байрамларида биз чебурек пишириб, 7-8 қўшнига улашардик, улар чиқарган ош билан қозонимиз тўларди. Бундай меҳр-оқибатни дунёнинг бирор ўлкасидан топиш қийин.

  Болаликдан қўй-сигир боқиб ўсганман. Ўртоқларим Толиб, Хамровой билан бирга боқардик. Институтга кирганимдан кейин бир сафар ўртоқларим билан учрашганимда, доимо мени сенлайдиган дўстларим бирданига "сиз" дейишганида хафа бўлгандим. "Нимага сизлаяпсанлар" деганимда, улар: энди олий маълумотли бўласиз, сизлаб ҳамманинг олдида сизнинг ҳурматингизни оширишимиз керак, деганларида очиғи, мана шундай дўстларим борлигидан ич-ичимдан қувонганман. Мен дўстларим билан муносабатларни, уларнинг суҳбатларини жуда-жуда соғинаман. 

Менга билим, тарбия берган, чин маънода инсон бўлишни ўргатган ўзбек халқидан бир умр миннатдорман.

- Замонавий аёл қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

- Менинг кузатишларимча, аёллар Қримда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, умуман, дунёнинг аксарият мамлакатларида ўз фаолликларини намоён этиб келмоқда. Менинг назаримда замонавий аёл албатта, ўқимишли, маданиятли, оқила, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлиши керак. Бундан ташқари, у оиласининг мустаҳкам ва барқарор бўлишини таъминлашни ҳам унутмаслиги керак. Фарзандларига яхши тарбия бериш билан бирга, эрини  ҳурмат қиладиган, унга дўст, сирдош ва таянч бўладиган садоқатли рафиқа бўлиши шарт. Яна у ўзини чиройли олиб юришни, дид билан        кийинишни ҳам унутмаслиги лозим.

Замонавий аёл ўз касбини мукаммал билиш билан бирга, тикиш-бичиши, ширин таомлар пишириши, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этиши, сиёсат, адабиёт ва санъатдан ҳам хабардор бўлиши керак.

- Оилавий муносабатларда, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни ва роли қандай бўлиши зарур, деб биласиз?

- Юқорида таъкидлаганимдек, оила мустаҳкамлиги, айниқса, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни ва роли ниҳоятда муҳим. Асосий масъулият, албатта, аёлнинг зиммасига юкланади. Қиз бола тарбияси эса янада нозик.

Тақдир экан, турмуш ўртоғим эрта вафот этди.  Мана ўн йилдирки, болаларимни ёлғиз ўзим тарбиялаб келаман. Ўғлим 15 ёшга тўлганида ёнимга ўтиргизиб олиб, сен энди шу уйнинг хўжайини, каттасисан. Сен қайси масалада қандай қарор чиқарсанг, шунга амал қиламиз, дер эдим. Кўп масалаларда у билан маслаҳатлашардим. Шу тариқа оиладаги муҳим масалаларда унинг қарор чиқаришига имкон бердим. Чунки у эртага оила қуради, оилабоши бўлади, оилани бошқаришни ёшлигидан ўрганиши керак. Қолаверса, ўзим ўсган оилада ҳам отамнинг айтгани биз учун қонун эди. 

- Қайнона-келин муносабатлари қандай бўлиши керак? Бу борада, яъни келин ёки қайнона сифатида Сиз қандай йўл тутасиз?

- Қайнона-келин муносабатлари жуда нозик масала. Минг афсуски, мен қайнонамни кўрмаганман. У кишини Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин,  мен келин бўлиб тушмасимдан аввал вафот этган эканлар.   Журналистлик  фаолиятимда қайнона-келин можаролари билан жуда кўп тўқнаш келганман. 

Келин ва қайнона ўртасидаги англашилмовчиликлар туфайли кўп оилалар бузилиб кетганидан афсусланаман. Қарс икки қўлдан чиққанидек, ўртадаги муносабатнинг яхши бўлиши уларнинг иккаласига ҳам боғлиқ. Кайнона бўлган аёл кеча ўзи келин бўлганини, ўзга оилага энди ўрганаётган келинига она бўлишга ҳаракат қилиши зарур, келинлар эса қайнонасини бегона аёл деб эмас, ўз онаси ўрнида кўриши, шунга мос  ҳурмат кўрсатиши керак.

- Китоб ўқиб турасизми? Интернет юзага келгандан кейин китобнинг даври ўтди, деган фикрга муносабатингиз қандай?

- Бу дунёда энг севган машғулотим - китоб ўқиш. Интернет юзага келгандан кейин китобнинг даври ўтди, деган фикрга  қатъиян қаршиман. Интернет ҳеч қачон китоб ўқиш завқининг ўрнини боса олмайди. Интернетда  китоб ўқишни  қўлга ушлаб, мириқиб китоб ўқишга алмаштирмайман. Лекин ҳаёт ривожланиб бормоқда, афсуски, китоб, газеталар орқага чекинмоқда. Лекин инсоният китоб ўқишдан асло тўхтамаслиги керак.

Шу ўринда Ўзбекистонда китоб ўқиш, китоб мутолаасини қўллаб-қувватлаш, тарғиб этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинганлигини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Ўзлиги, қадриятлари бардавом бўлишини истаган халқ ана шу каби эзгу ишларга дадил қўл уради.

- Андижон ва андижонликлар ҳақидаги бугунги фикрларингиз. Туғилиб ўс-ган юртингизга келишни режалаштирмаяпсизми?

- Андижон ва андижонликлар ҳақидаги фикр ва қарашларим ҳамиша юқори бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон, Учқун Нуъмонов, Саида Зуннунова, Аббос Бакиров, Муҳаммад Юсуф каби ўз даврининг машҳур шахслари юрти бўлган Андижонда туғилганимдан фахрланаман. Айниқса, андижонлик спортчиларнинг олимпиада ўйинларида ғолиб бўлганлигини кўриб, жуда-жуда қувонганман.

Менинг шууримда андижонликлар ҳамиша олижаноб, ўқимишли, меҳмондўст, сўзининг устидан чиқадиган, бағрикенг ва ҳазилкаш одамлар бўлиб муҳрланиб қолган.  

Ўзбекистонга бориш режамда бор. Болалигим ўтган жойларни зиёрат қилиш, қўшниларим, дўстларим билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбатлашиш ниятидаман.   Худо насиб этса, албатта, бораман.

- Ўзбек халқига, андижонлик опа-сингилларимизга, газетамиз мухлисларига Янги йил тилакларингиз...

- Бутун ўзбек халқини, андижонлик опа-сингилларимни, уларнинг севимли нашри бўлган "Иқбол" газетаси мухлисларини Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман. Барчаларига соғлик, тинчлик, фаровонлик ва яхшилик тилайман. Юртидан узоқларда юрганлар эса эсон-омон оиласи,  яқинлари бағрига қайтишсин. Ҳамиша тинчлик-омонлик бўлсин!

-      Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

 

Суҳбатдош Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.