+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Дек 2017

КЕЛИНИНИ ОҚИЛА АЁЛГА АЙЛАНТИРИШ ҚАЙНОНАГА БОFЛИҚ,

дейди қорасув шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Холматова

Айни кунда Қорасув шаҳрида 17,5 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Улар давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Қорасув аёллари ҳақида гап кетганда, биз уларга бемалол, ҳунарманд, тадбиркор ва ишбилармонлик сифатини беришимиз мумкин.

Қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлгани, йиллар давомида бу ердан савдо-сотиқ карвони ўтгани боис, шаҳримиз хотин-қизлари тадбиркорлик билан иш юритишни, қандай қилиб даромад топишни, оиласига молиявий кўмак беришни яхши билишади.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш шаҳар хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш олдимизда турган долзарб вазифалардан саналади. Мазкур йўналишларда шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, қўмитамиз қошидаги "Ҳуқуқшунос аёл" уюшмаси, ФҳДЁ бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни", "Сиз ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Аёл ҳар ишда тадбиркор", "Оилада тиббий маданиятни шакллантириш", Соғ-лом она -соғлом бола, соғлом келажак", "Тиббий кўрикнинг    аҳамияти" каби мавзуларда учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Бу мулоқот ва учрашувларда 2,5 мингдан зиёд хотин-қизларимиз фаол иштирок этди.

Шаҳардаги мавжуд 10 маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, оилавий  тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу кунга қадар 132 оилага 500 млн. сўмдан зиёд миқдорида кредитлар ажратилиб, паррандачилик, лимонария, чорвачилик ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилди.

Битирувчи қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам қўмитамизнинг қатъий назоратига олинган. Жорий йилда Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини 170 нафар қиз тамомлаган бўлса, улар турли муассаса ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномага асосан ишга жойлаштирилмоқда. 12 нафар битирувчи қизнинг тадбиркорлик йўналишлари бўйича кредит олишларига ёрдам кўрсатилди.Умуман, жорий йилда шаҳримиздаги 189 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди.

Ажримлар, оилавий низолар таҳлил этилганда бу каби ҳолатларнинг юзага келишига кўпинча қайноналар сабабчи бўлаётганлиги кузатилмоқда. Тўғри, келинлар ҳам фаришта эмас. Аммо маъжозий маънода айтадиган бўлсак, келин -лой, қайнона-кулол. Шундай экан қайноналар озгина сабрли ва моҳир бўлишлари керак. Ҳали анча ғўр, ҳаётий тажрибаси йўқ қизни оқила келинга айлантириш қайноналарнинг ўзига боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Қайнонам - онам, келиним - болам" мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда. Айниқса, қайнона ва келинларга таъсир этишнинг "Жамоатчилик иззаси" усули йўлга қўйилганлиги яхши самаралар бермоқда. Биз барибир андишали халқмиз. "Маҳалла-кўй, одамлар нима дейди?" деган андиша, эл-юрт олдида изза бўлишдан истиҳола қилиш кўплаб оилаларни тикланишига, жанжаллар барҳам топишига сабаб бўляпти. Шаҳримизда ҳам 126 нафар ажрим ёқасидаги оила шу йўл билан яраштирилди.

Миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш ва мазмунан бо-йитиш борасидаги ишлар қўмитамиз аъзоларининг асосий юмушларидан бири десам адашмайман. Бу йўналишда ўтказилган кўплаб тадбирларни мисол қилиб келтиришим мумкин. "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила - остонасидан аён", "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон қайнона", "Сумалак сайли" ва бошқалар шулар жумласидандир.

Фарзанд-инсон умрининг гултожи, дейдилар.Ҳар бир турмуш қурган ёш оила тезроқ фарзандли бўлишни истайди. Аммо кейинги йилларда пайдо бўлган инфекция-лар, турли касалликлар ёшларда бу жараённи кечикишига ёки носоғлом, айрим ҳолларда нуқсонли болалар туғилишига сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг олдини олишга нафақат ўша оила, тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, умуман, кенг жамоатчилик бирдек масъул. Чунки қиз-аёлларга тааллуқли ҳар бир масала биз учун муҳимдир. Хусусан, опа-сингилларимиз, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар ўртасида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида назоратга олинган ҳомиладорлик 15, туғилиш кўрсаткичи 52 тага камайган, оналар ва болалар ўлими ҳолатлари қайд этилмади. 10 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга йўналтирилди.

Аёл - беназир хилқат. У оиласининг ибратли соҳибаси, эркакнинг таянчи бўлиши керак. Аёлларнинг жиноят кўчасига кириб қолиши, ҳуқуқбузарликлар содир этиши эса оғриқли нуқталаримиздан биридир. Қайдаки хотин-қизлар оила, иш, жамоатчилик юмушлари билан тўлиқ банд бўлар экан, ўша жойда аёллар билан боғлиқ бундай нохуш ҳолатлар юз бермайди. Бу борада биз олдимизга улкан мақсад ва режаларни қўйганмиз, шу асосда самарали ишлар олиб боряпмиз. Йил давомида турли тадбирлар, аёллар иштирокидаги спорт мусобақалари, спартакиадалар ўтказдик, фестиваль ва кўрик-танловлар ташкил этдик. Шаҳримизда аёллар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайган. Диний-экстремистик оқимга аъзо бўлган 34 нафар аёл соғлом ҳаётга қайтарилди, ҳозирда фарзандлари билан ўз оиласида яшамоқда.

Умуман, шаҳримизда яшовчи хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёлларимиз ҳар соҳада ўзларини эркин ва бахтли ҳис этишлари учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилмоқдамиз.

 

Наргиза ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.