+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Нояб 2017

МАЪНАВИЯТ - МИЛЛАТ ТАЯНЧИ

(48-сон)

Бугуннинг гапи

Маънавият-инсонни Ҳазрати инсон қилиб тарбиялайдиган энг биринчи омил. Бошқача айтганда, маънавиятли инсоннинг қалб кўзи ҳамиша очиқ, маърифатга тўлиқ бўлади, аҳлоқ-одоби, она Ватанига бўлган муҳаббати, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик туйғуси, олдига қўйган эзгу мақсадлари билан ҳам бошқалардан ажралиб туради. Бироқ бугунги глобаллашув даврида маънавиятимиз билан фахрлана оламизми? Юртдошларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавияти, одоб-аҳлоқи, муомала маданияти ўзимиз истаган даражадами?

Ана шу каби саволлар назаримизда ҳар бир кишини ўйлантириши табиий. Айниқса, мафкуравий ҳуружлар, турли маънавий таҳдидлар, "оммавий маданият" кўринишлари  авж олган бугунги кунда бу масала янада муҳим аҳамият касб этади. Маънавият - миллат таянчи. Шу боис ушбу масалага асло эътиборсиз қараб бўлмайди. 

Қуйида маънавиятимиз билан боғлиқ кўринишлар, унга раҳна солиши мумкин бўлган иллатлар, улардан ёшларимизни асраш лозимлиги хусусида айрим юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашамиз.

 

Ўзганинг қалбига озор етказманг

Фаридахон Тошмирзаева, фахрий ўқитувчи:

- Умримнинг салмоқли қисмини ўқитувчилик касбига      бағишладим. Касбим билан фахрланаман.

Маънавият ҳақида гапирадиган бўлсак, уни маърифат ва маданият тушунчаларидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ўқитувчи эса маънавиятли, ўз навбатида маърифатли ва маданиятли бўлиши лозим.

Орамизда фидойилар, ўз касбига муносиблар жуда кўп. Бироқ баъзан кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Фикримни ўқув даргоҳларидан бирида ўзим гувоҳ бўлган воқеа билан изоҳлай. Ўша куни бир ўқитувчи аёл   дарсга кеч қолган ўқувчи қизни шунақа сўкдики… Ҳатто қиз боланинг шаъни, ғурурига тегадиган ёмон сўзларни ҳам оғзига олди.

Қиз бечора ўртоқларининг олдида бошини эгганча дув-дув кўз ёши тўкди… Ўша ўқитувчининг маънавияти яхши бўлганда эди бу қадар хунук ҳолатга йўл қўймас, ўқувчи қизнинг қалбига озор етказмаган бўлар эди.

Яна бир ҳолат. Бир куни "Дамас"га чиқдим. Унинг шофёри ва йўловчи ўспирин ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

- Тоға, илтимос, бироз тезроқ юринг. Дарсдан кеч қоляпман, - деди йигитча.

- Кеч қоладиган бўлсанг,  "Нексия"га чиқмайсанми?

Йигитча мулзам бўлганча бошқа гапирмади.

Бу каби ҳолатлар маънавиятсизлигимизнинг турли кўринишлари. Биз, айниқса, зиёлилар ҳар қадамда мана шундай ҳолатларга барҳам беришга, амалда ўзимиз бошқаларга ибрат бўлишимиз керак.

 

 

фарзанд тақдиридан устунми?

Айни пайтда нафақат ёшлар, ҳатто катталар ҳам телеэкранларда намойиш этилаётган бўлар-бўлмас сериаллар мухлисига айлангани сир эмас.

- Сериалнинг битта қисмини ўтказиб юборсам, худди бир нарсамни йўқотгандай ҳис қиламан ўзимни, - дейди уй бекаси бўлган аёллардан бири. Энг ёмони, у агар фарзанди битта дарсдан ёмон баҳо олиб келса ҳам ўзини бу қадар ёмон ҳис этмасмиш!

Сериаллар хотин-қизларимизни ойнаи жаҳонга ипсиз боғлаб қўймоқда. Тан олиш керак, айрим аёллар ва қизлар кўр-кўрона бош қаҳрамонларга тақлид ҳам қила бошладилар. Улар нимаси билан ўзбек аёлларини ром этяпти? Инсофли, сабр-тоқатли, топармон-тутармон, уни севадиган, оилани  қадрлайдиган эридан ажралиш, эмин-эркин яшаш, оилали бўлиб кетган собиқ севгилисини яна ўзига чорлаш, хуллас, аёл маънавиятига зид мақсадларига етиш учун ҳар қандай макр-ҳийладан қайтмайдиган аёлларга ҳавас қилиш мумкинми?

Албатта, йўқ. Бу жараёнлар, атамалар замирида маънавиятимизга етаётган улкан маънавий зарарни минг афсуски, кўра олмаяпмиз. Ёш қизларимизда оилали бўлгач ҳам сериалларда тарғиб этилаётган севги учун курашиш мумкин экан, деган хатарли тушунча шаклланиб қолмаслиги керак. Ўзбек аёли эри бўла туриб, хаёлида бировни тутиши… ҳеч бир ақлга сиғмайди. Бундан ортиқ маънавиятсизлик бўлмаса керак!

Шу ўринда ҳар бир оила катталари, қолаверса, кенг жамоатчилик сериалларни кўриш борасида жиддий мулоҳаза қилишлари керак. Акс ҳолда юқорида айтилганидек, бу нарса халқимиз маънавиятига тузатиб бўлмас даражада зиён етказиши мумкин.

 

Ўзбекча кийинган Алёна

Шаҳар мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган дугонам ҳикоя қилади:

- Ўшанда қайсидир байрам муносабати билан мактабда тадбир ўтказдик. Ўқувчиларимни мактаб формасисиз, байрамона кийиниб келишларини айтдим. Синфимизда таълим рус тилида олиб борилгани учунми, аксарият ўзбек қизлари бўлган ўқувчиларим тор шим ва кофтада, айримлари калта кўйлакларда келишди. Аммо миллати рус бўлган Алёна     исмли ўқувчимнинг атлас кўйлак ва лозимда, бошида дўппи билан келиши мени ҳайратлантирди. Либос унга шу қадар ярашгандики, ҳамманинг кўзи унда бўлди.

- Алёна, шундай кийиниш сенга ёқадими? - деб сўрадим тадбир ниҳоясида. У: "Жудаям ёқади, қаранг қандай чиройли! Мен очиқ ва тор тикилган кўйлакларни кийишга уяламан", деди.

Менимча, шундай қизлар қалбида маънавиятнинг минг бир жилолари  яшайди. Нима дедингиз?

 

Раҳбар аёл маънавияти

Бу воқеани журналист ҳамкасбларимиздан бири сўзлаб берди:

- Хизмат тақозоси туфайли бир раҳбар аёлни излаб бордим. Ичкарида мажлис ўтказаётган экан, қабулхонада кутиб туришимга тўғри келди. Бу ерда мендан ташқари ёши улуғроқ бир отахон ҳам бор эди.

Орадан 20 дақиқалар ўтгач, мажлис тугади. Котиба қизга келганлигимни айтдим. У ичкари кириб чиқди-да, бошлиғи мени қабул қилолмаслигини айтди.

- Нега? - дедим мен.

- Кайфиятлари йўқ экан, - деди котиба бепарволик билан.

- Олис йўлдан яна келаманми, у кишининг кайфиятлари яхши бўлганида?

- Билмасам…

Котиба сўзини тугатолмади, эшик очилиб, раҳбарнинг юзи кўринди.

- Ассалому алай…

- Бу ерда турманглар, менинг вақтим йўқ! Ўзи проблемалар бошимдан ошиб ётибди!

Раҳбар аёл отахоннинг саломига ҳам алик олишни ўзига эп кўрмай, ташқарига чиқиб кетди. Отахон ҳам, мен ҳам ҳайрон бўлиб қолдик.

Мен-ку, майли аммо ёши улуғ отахонга беҳурматликни асло оқлаб бўлмайди. Бу унинг қабулига нечанчи бор келиши экан?

Қадимда бир донишманд фарзандига: "Бир йил ҳосил олмоқчи бўлсанг, экин эк, ўн йил ҳосил олмоқчи бўлсанг, дарахт эк, бир умр ҳосил термоқчи бўлсанг фарзанд тарбияла" деб насиҳат қилган экан. Демак, инсон ҳаётининг қандай ўтиши кўп жиҳатдан унинг тарбиясига боғлиқ экан. Тарбия ҳар қандай давлат ва жамият учун ҳам ҳамма замонларда ҳам долзарб масала бўлиб келган. Аслида оила, тарбия ва маънавият тушунчаларини бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Оила тарбиянинг асосий ўчоғи ҳисобланади. Ота-она маънавий бой бўлсагина фарзандлар ҳам ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топади.

 

Бўлар бола бошидан...

Ўттиз йилдан ортиқ болалар боғчасида тарбиячилик қилдим, - дейди меҳнат фахрийси Азиза Норалиева. - Ўтган йиллар давомида қанча-қанча болаларга тарбия берган бўлсам, уларнинг орасида феъ-атвори, қизиқиши бир хилда бўлган болани учратмаганман. Ҳар бири бир олам эди.

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бунга анча йиллар бўлди. Ўшанда гуруҳимдаги бир бола ўйинчоқ машинани пачоқ қилибди. Буни кўрган ёрдамчи тарбиячи болани жазолабди. Мен уни койидим ва бола билан гаплашдим. Тўрт яшар бола: "Мен уни бузмоқчимасдим, уни қандай ясалганини билмоқчийдим", деганида ёрдамчимнинг қандай катта хатога йўл қўйганини англаганман. Эртаси куни болага уйдаги болаларим ўйнамай қўйган машиналарни олиб келиб бердим. Бола ҳаммасини бузиб кўрди…

Ишонасизми, мана шу бола ҳозир конструктор, машина заводида ишлайди. Бўладиган бола бошидан маълум, деб шунга айтадилар-да. Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир ота-она фарзанди қизиқишига жиддий муносабатда бўлиши керак. Унинг болалигидаги қизиқиши келгуси ҳаётида катта роль ўйнайди.

 

Вақт қадрини биладиган бола

- Бир куни таҳририятга нуфузли танловда ғолиб бўлган чамаси ўн тўрт ёшлардаги болани устози олиб келди, - дея ҳикоя қилади ҳамкасбларимиздан бири. - Суҳбат асносида боладан бўш вақтларида нималар билан машғул бўлиши ҳақида сўрадим. Бундан аввалги саволларимга бийрон-бийрон жавоб бераётган бола бироз ўйланиб қолди.

- Бўш вақтимда… Бўш вақтимда мен… Тўғриси, бўш вақтнинг ўзи йўқ менда. Мактабдаги дарслардан сўнг икки соат спорт тўгарагига қатнашаман. Кейин яна қўшимча фан тўгарагига бораман. Кечки овқатдан сўнг ярим соат ота-онам, укаларим билан суҳбатлашаман, кейин инглиз тилини мустақил равишда ўрганаётганим учун луғат ёдлашга киришаман. Кейин бир соат бадиий китоб ўқийман… Қанийди, кун янаям узунроқ бўлса. Шунда балки бўш вақтим бўлармиди?

Боланинг жавобидан яйраб кетдим. Ҳозирданоқ кундалик ҳаётини аниқ режа асосида, фақат фойдали ишларга сарф этаётган, вақтнинг қадрини англаётган болага ҳавасим келди.

 

Иллатнинг илдизи

"Аксарият жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларига чуқурроқ назар ташланса, улар бўш вақтнинг кўплиги, ишсизлик, кўчаларда бемақсад юриш оқибатида келиб чиққанини кўриш мумкин. Бу фикрни кўп йиллар ўқитувчилик қилган, болаларига тўғри тарбия бериб, бугун уларнинг роҳатини кўраётган Шоҳидахон ая Машрабова ўз мулоҳазалари билан шундай давом эттиради:

- Чиндан ҳам, ўғил-қизи бўйи етиб қолган бўлса ҳам, ҳамон бир ишнинг бошини тутмаган оталар, бир жойда муқим ишлашдан кўра енгил-елпи даромад топишни кўзлаган оналар орамизда қанча? Улар фарзандларига қандай қилиб ўрнак бўла олади, Эртага уларнинг болалари ҳам кўча безори бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди.

Ҳар куни тушдан сўнг кўчада юрган ўсмир болаларни учратаман. Бир куни уларнинг гап-сўзларига қулоқ солдим. "Бекзод, юр, менда зўр диск бор, бизникидаги компьютерда кўрамиз. Юравер, ҳозир уйда ҳеч ким йўқ. Аям ҳам, дадам ҳам ишда", деди бир йигитча. Унга биргина Бекзод эмас, яна учта бола ҳам қўшилди. Унинг қўлидаги қандай диск, уни қаердан олган, улар биргаликда нималарни кўришади, бу саволларга жавоб тополмадим…

 Ўсмир дискни қаердан олди? Унинг қўлидаги ота-онасидан яшириб кўришга чоғланган диск уларнинг маънавиятига етказадиган зарарини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Агар дискдаги тасвирлар жангариликни ёки аҳлоқсизликни тарғиб қилса, ўша ўсмирлар ундаги кўринишлардан "сабоқ" олмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. 

 

Тарбия беролмаган ким?

- Бир аёлни танийман, дейди ўқитувчи Дилоромхон Исмоилова. - Бозорма-бозор юриб, оёқ кийимларини сотади. Бир неча йиллар аввал мактабнинг юқори синфида ўқийдиган қизини ҳам ёнига олди, унга ҳам бозорда юришни ўргатди.     Кейин иккинчи қизини ҳам. Коллежда ўқийдиган бу қизининг муаллимлари уни дарсларга юбориши зарурлиги ҳақида гапиришса, уларни жеркиб, беҳурмат қилибди: "Сенлар менга битта нон бериб қўймайсанлар, бола меникими, унга  ўзим хўжайинман!". Фарзанди ўқиб, билим олиши керак. Бунинг учун унинг ўзи етарли шарт-шароит яратиб бериши лозим. Бу аёл жамиятдаги ўзининг бурч ва вазифаларини ангаб етганида эди у фарзанди келажаги, тақдиридан кўра тирикчиликни устун қўймасди!

... Орадан кўп вақт ўтмай катта қизи турмушидан ажрашиб келди. Ўзи турмушга чиққанига олти ой ҳам бўлмаганди. Кейин кичиги ҳақида ножўя гаплар тарқалди. Шундагина аёл коллежга арз-дод қилиб келди: "Қизимга тарбия беролмагансизлар" деб…

У каби оналар оғриқли нуқтамиз эмасми? Улар қачон оналик, фарзанд, айниқса, қиз бола тарбияси масъулиятини ҳис этишаркин?

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ўсиб келаётган ёш авлод Ўзбекистоннинг келажаги, эртасидир. Шунинг учун уларнинг тарбияси, маънавияти, одоб-аҳлоқи  масалалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак.  Бу борада эришган натижаларимиз салмоқли бўлса-да, олдимизда амалга оширадиган вазифалар ҳали жуда кўп. Мазкур жараёнда ота-она, оила, маҳалла, таълим муассасаси яқин ҳамкорликда иш олиб борсагина кутилган натижаларга эриша оламиз. Зотан, маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот... масаласидир. Бу ҳақиқатни шу жамиятда яшаётган ҳеч бир инсоннинг унутишга ҳаққи йўқ.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА