+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

18 Нояб 2017

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари доимий эътиборда

(47-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Туманимизда 34 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, бўзлик опа-сингилларимиз туман ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб, самарали меҳнатлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Жамият кўзгуси, соғлом келажак бунёдкорлари бўлган муҳтарама аёлларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатликларини сақлаш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Туманда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаол ва етакчи хотин-қизларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларни қўмита атрофига жипслаштириш мақсадида қўмитамиз қошидаги "Сиёсатчи аёл", "Раҳбар аёл", "Ҳуқуқшунос аёл", "Фермер аёл", "Ижодкор аёл", "Аёл ва спорт" сингари жамоатчилик уюшмаларига жалб этганмиз. Шунингдек, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда қўмитанинг бошланғич ташкилотлари фаолияти ҳам самарали йўлга қўйилган. Касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларида иш олиб бораётган  "Ораста қизлар" тўгараклари    машғулотлари эса қизлар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда.

Туман "Аёллар маслаҳат маркази"да ҳуқуқшунос Замирахон Абдураҳимова, руҳшунос    Машҳура Холмуҳаммедова томонидан олиб борилаётган ишлар, Холисхон Исақова раҳбарлик қилаётган "Қайноналар мактаби" жамоатчилик уюшмаси,  Иродахон Ҳасанова етакчилигидаги "Ёш лидер қизлар" тўгараги фаолияти ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Ана шу уюшмаларнинг масъул ходимлари томонидан ҳафтанинг белгиланган кунлари хотин-қизлар қабул қилиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилмоқда ва имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда.

"Аёллар маслаҳат маркази"да "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар  билан  мулоқотни тизимли ташкил этиш мақсади ҳафтанинг ҳар шанба куни туман хотин-қизлар қўмитасининг алоҳида қабули ўтказилиб келинмоқда. Бу  давлат идоралари билан халқ ўртасидаги тўсиқни бартараф этиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Оилавий ажримлар масаласи айни кунда қўмитамиз олдида турган энг долзарб ва оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада фаолларимиз,    бошланғич ташкилотларимиз етакчилари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган.

Ажримлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда энг аввало ёшларимизнинг оилавий ҳаётга руҳан тайёр эмаслиги,   бесабрлиги,  шошқалоқлиги, борига шукр қилмасликлари, оила аъзоларига, айниқса, қайнота-қайнонага бўладиган муомала-муносабат ҳақида етарли тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлаётганлиги аён бўлмоқда. Янада ачинарлиси, айрим қизларимиз ўта эрка, ҳатто, эрни, қайнона-қайнотани иззат-ҳурмат қилишни ҳам билмайди.

Оиланинг мустаҳкам оила бўлиб шаклланишига сабр-қаноат билан эришилади. Тилни тия олмаслик, қайнона қайнаганда бир гапдан қолмай гап қайтариш, эрни ўзига бўйсундиришга уриниш ҳолатлари учраётганлиги барчамизни бирдек ташвишга солади. Бу каби ҳолатлар бутун оилани парокандаликка юз тутишига, парчаланишига олиб келаётир. Ўртада норасида гўдаклар ота ёки она меҳридан бенасиб бўлиб қолмоқда. Бу бизни турмуш қуриш арафасидаги ёшлар, айниқса, қизлар билан янада жиддий иш олиб боришимизни тақозо этади. Энг аввало, қизларимиз тарбиясига, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. 

Туманимиздаги мавжуд 25 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолиятимизнинг барча йўналишлари бўйича жамоат ва давлат идоралари, айниқса, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги тизими яратилган бўлиб, самарали ишлар олиб борилмоқда.    Маҳаллаларда      "Орасталик - умр безаги", "Остонаси тиллодек бўлсин", "Балоғат ёшидаги қизларнинг репродуктив саломатлиги", "Қайнонам менинг - онам менинг"  мавзуларида йиғилиш, давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Уларда кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонларимиз томонидан  ёшларга панд-насиҳатлар, оиланинг муқаддаслиги, оилавий ҳаётнинг муҳим қоидалари ҳақида зарур тушунчалар  берилмоқда. Шифокорлар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда эса саломатликни асраш, балоғатга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи, ҳомиладорликка оид жараёнлар ҳақида кенг тушунчалар бериб борилмоқда.

Қўмитамиз томонидан маҳаллаларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида   тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи махсус жамоатчилик марказлари ҳамда "Саломатлик бурчаклари" ташкил этилиб, белгиланган ҳафта кунларида аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Ишчи гуруҳлари томонидан  ҳар бир хонадонда "Саломатлик дафтарлари" ташкил қилинди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси ҳамда "GM Uzbekistan" корхонаси хомийлиги билан туманимизда янги "Диагностика маркази" иш бошлади.   Ушбу марказда Корея, Германия, Россия, Хитой давлатларидан келтирилган замонавий аппаратлар ёрдамида аҳолига 9 нафар малакали мутахассис тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу касалликларга эрта ва аниқ ташҳис қўйиш имконини бериш билан бирга, қўшимча 20 та янги иш ўрнини яратди.

Оилалар фаровонлигини  таъминлаш, уларнинг иқтисодиётини кўтаришга кўмаклашиш, хотин-қизларни иш билан  бандлигини таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йил давомида ишсиз, бироқ ишлашни хоҳловчи 77 нафар хотин-қиз рўйхати шакл-лантирилиб, уларни иш билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.  

Туманимизда миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, мазмунан бойитиш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида "Ибратли келин", "Алла", "Ибратли оила" кўрик -танловлари, шунингдек, туманда хотин-қизларни спортга жалб этиш мақсадида "Тўмарис" аёллар спартакиадаси ўтказилди. Қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Қиз бола бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир" шиори остида "Қизлар фестивали " ташкил этилди. Фестивалда туманимиз қизлари ҳеч кимдан кам эмасликларини, ҳар соҳада илғор, фаол эканликларини турли кўргазмалар орқали намойиш этдилар.

Туманимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юлдузхон Гулматова, Гулнорахон Раҳимова сингари ўнлаб опа-сингилларимиз банкдан кредит олиб, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйди. 

Юқоридаги ишларни амалга оширишда албатта,     бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, фаолларимиз, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда отинойиларимизнинг кўмагини алоҳида эътироф этишим лозим. Улар билан ҳамжиҳатликда туманимиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.

Раънохон СОДИҚОВА,

 

Бўз тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.